1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Бақара, 183-187

05:00 / 23.01.2017 4327 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

183. Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсаларингиз.

Бу ояти каримани ҳам Аллоҳ таоло:
«Эй иймон келтирганлар!» деб мўминларга маҳбуб нидо билан бошламоқда. Муҳим ва машаққатли ишни таклиф қилишдан олдин ўзи яхши кўрган ва унинг учун ҳар қандай машаққатни ҳам бўйнига олишга тайёр турган сифатни эслаб қилинган нидо эшитувчида бўлажак ишга ғайрат билан киришиш руҳини уйғотади. Аллоҳ таоло ҳам мусулмонларга рўзанинг фарзлигини амр этишдан олдин уларга:
«Эй иймон келтирганлар!», деб нидо қилмоқда.
Оят маъносидан келиб чиқиб рўза янги ибодат эмаслигини, балки барча динларда қадимдан бор ибодат эканлигини тушунамиз. Чунки унда:
«Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди», дейилмоқда.
Динлар тарихини ўрганиб чиққан уламолар таъкидлашича, барча динларда, ҳатто илоҳий бўлмаган динларда ҳам рўза ибодати бор экан. Лекин уни адо этиш турлича бўлган. Баъзи динларда маълум овқатлардангина ўзини тийиб юришни рўза деб тушунилади. Мисол учун, насороларда ҳайвондан чиққан озуқа маҳсулотларидан ўзини тийиб юришни рўза дейилади. Уларнинг рўзасининг муддати қирқ кун бўлади. Насронийларнинг турли мазҳабларида, рўзалари ҳам турлича бўлади.
Исломда рўза-ҳақиқий илоҳий маънони касб этган ибодатдир. Рўза араб тилида «савм» дейилиб, луғатда, ўзини тийиш маъносини билдиради. Шариатда эса, Рамазон ойида тонг отгандан қуёш ботгунча ният билан, ейиш-ичишдан ва шаҳвоний амаллардан ўзини тийиб туришга айтилади. Ояти кариманинг сўнгида Аллоҳ таоло:
«Шоядки тақводор бўлсангиз», деб рўзадан кўзланган асосий мақсадни ҳам баён қилиб қўймоқда. Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан биттаси экан. Рўза тутган шахс қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Рўза ҳавою нафснинг ноўрин қўзғалишларини йўлга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади. Рўза нафс балосидан қутулиб, Аллоҳнинг тоатига холис ажраб чиқишга ёрдам беради. Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани тақво, деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.
Бу ояти каримада рўза фарз қилинганлигининг хабари келди. Аввалги умматларда йил бўйи, ярим йил, рўза тутишлар ҳам бўлгани учун эшитувчида, рўзанинг муддати қанча, деган савол туғилади. Келаси оят шу саволга жавоб беради:

184. Саноқли кунлар. Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутадир. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя бордир. Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир.

Яъни, рўза фарз қилинган кунлар «саноқли кунлар»дир. Рўза тутишнинг ўзига яраша машаққати бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло беморлик ва мусофирлик туфайли бир оз қийинчиликда турган бандаларига, машаққат устига машаққат бўлмасин, деб енгиллик берди:
«Сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутадир».
Яъни, бемор тузалгандан сўнг, мусофир сафардан қайтгандан сўнг, неча кунни тутмаган бўлса, ўшанча кун қазо рўза тутади. Уламоларимиз беморлар сафига ҳомиладор ва эмизадиган аёлларни ҳам қўшганлар. Ҳомиладор аёл неча кун рўза тутмаган бўлса, туққанидан кейин шунча кун қазо рўза тутади. Эмизадиган аёл ҳам боласини кўкракдан ажратгандан сўнг қазо рўза тутади.
«Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя бордир».
Яъни, ёшлари улуғ бўлиб, рўза тутишга ярамай қолган кишилар киради. Улар тутилмаган ҳар бир кунлик рўза ўрнига бир мискинни тўйғазадилар. Бу эса, ўзи яшаб турган диёрнинг ўртача таоми ҳисобида бўлади. Буни, фидя бериш, дейилади.
Уламоларимиз ушбу тоифага тузалмайдиган, сурункали касали бор кишиларни ҳам қўшганлар. Уларнинг касаллари рўза тутишга қўймайди. Қазосини тутади, дейилса, тузалишларидан умид йўқ.
«Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, ўзи учун яхшидир».
Ким, савобни кўпроқ оламан, деб бир кишигамас, икки, уч кишига ёки ўртача эмас, олий даражадаги таомларни берса, ўзи учун яхшидир.
«Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир».
Бошқа ибодатлар каби рўза ҳам, аввало, бу ибодатни адо этувчи шахсларга яхшилик келтиради. Жаннатга кириш, олий мақомларга эришиш, ироданинг кучли бўлиши, раҳм-шафқат сифатининг кучайиши, тақво ҳиссининг уйғониши, соғлиқ ва саломатлик ва бошқа кўплаб биз билган-билмаган яхшиликларга рўза тутиш орқали эришилади.
Келгуси оятда юқорида зикр қилинган «саноқли кунлар»нинг вақти таъйин қилинади ва ўша вақтнинг фазли ҳамда рўзанинг бошқа ҳукмлари баён қилинади.

185. Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутадир. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз.
Аввалги оятда рўза «саноқли кунлар» фарз қилингани айтилган эди, бу оят ўша «саноқли кунлар «Рамазон ойи» эканини баён қилиняпти. Айни чоқда, Рамазон ойининг фазлини ҳам зикр этиляпти.
«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир».
Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар, шеърлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожиси Роббил Оламийнинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу мадҳ турли оятларда келган. Ушбу оятдаги таъриф Рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидадир. Яъни:
«Унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир».
Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони Каримни тушириш вақти қилиб Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарган. Энди эса, нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида тутишни фарз қилмоқда.
«Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин».
Ким ушбу Рамазон ойига соғ-саломат етса, унинг янги ойининг шоҳиди бўлса ёки Рамазон ойи бошланганининг хабари унга етса, рўзасини тутсин. Бу фармон умумийдир, лекин одамларда, янги, умумий фармон бўлди, ким бўлишидан қатъий назар, ҳамма рўза тутиши фарз экан, деган фикр пайдо бўлмасин учун ушбу ҳукмдан истисно қилинганлар яна бир бор зикр этилмоқда:
«Ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғини бошқа кунлардан тутадир».
Сўнгра рўза тутиш фарзига муҳаббатни ошириш учун:
«Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламас», дейди.
Доимо бандаларга енгилликни хоҳлаш ва уларни оғир ва машаққатли таклиф остида қолдирмаслик–Ислом динининг асосий ва улкан қоидасидир. Ислом шариати осонликка бино қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалардан Муоз ибн Жабал ва Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳумоларни Яманга юбораётиб, башоратли сўзлар айтинглар, нафрат қўзғатадиганини айтманглар, енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар, деганлар.
Ушбу рўза тутиш ибодатида ҳам Аллоҳ таоло енгиллик йўлини тутганини эслатмоқда. Ҳаммага рўза тутиш фарз, деса, Аллоҳнинг ҳаққи бор, ҳеч ким эътироз билдира олмайди. Аммо у меҳрибон зот, бемор ва мусофирлар ўз вақтида тутмасалар майли, кейин тутиб берадилар, деди. Шунингдек, муддатни бир ой эмас, икки, уч, балки ундан ҳам кўпроқ ойларни фарз қилса бўларди. Бир ойнигина фарз қилиши ҳам енгилликдандир. Аллоҳ таоло амр қилган ибодатни сўзсиз бажариш ҳар бир банданинг бурчи. «Нима учун? Фойдаси борми, бўлса нимада?» каби саволларни беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Лекин шундай бўлса ҳам, баъзан иймон қувватланиши учун, илоҳий фармонларнинг мўжизакорлигини тасдиқлаш учун баъзи маълумотлар зикр қилинади. Қуръон, Ислом, рўза каби ҳақиқатлардан бехабар ёки хабардор бўлса ҳам, бу ҳақиқатларни қайсарлик ила тан олмай келаётган ҳатто ғайридин тиб олимлари ҳам узоқ илмий изланишлари, тажрибалари давомида динимиз буюрган амалларнинг инсон ҳаётига нақадар фойда эканини билвосита тасдиқламоқдалар. Жумладан, ҳар бир инсон соғ-саломат бўлиши учун, бир йилда ҳеч бўлмаса бир ой ихтиёрий оч қолиши керак, деган хулосага келдилар.
Узр сабабли рўза тута олмаганлар ажру сабабдан бебаҳра қолмасинлар, деб Аллоҳ таоло рўзанинг қазосини тутишни жорий қилди. Рўза тутиш ибодати Аллоҳни улуғлаш, унга шукр келтиришга арзийдиган ибодатдир.
«Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсангиз!».
Ҳа, Исломдаги ибодатларни фарз қилиб, бандалик бурчини адо этишга, гуноҳларни ювишга, ажр-савоб олишга шароит яратиб берган Аллоҳ таолони тинмай улуғлаб, унга доимо шукр қилиш керак. Ҳар бир фарз ибодат бандада Аллоҳ бошлаган ҳидоятнинг қадрига етиш ҳиссини кучайтириши керак.
Келаси оятда гап дуо ҳақида кетади. Кейин яна рўза ҳақида давом этади. Буни уламоларимиз, рўза ойида, унинг охирида кўплаб дуо билан машғул бўлишга ишора, деб тушунганлар:

186. Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда, ижобат қилурман. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар.
Ибн Аби Ҳотим ривоят қилишларича, бир аъробий (саҳролик араб) келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Роббимиз яқинми муножот қилсак ёки узоқми нидо қилсак?!» деганида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом сукут сақлаб туриб қолганлар. Шунда Аллоҳ таоло: «Агар бандаларим сендан мени сўрасалар», оятини нозил қилган экан.
Бу оятда Аллоҳ таоло Ўз бандаларига яқин эканлигини баён қилмоқда. Ҳадис имомлари Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам шу маъно бор. У киши айтадиларки, «Пайғамбар алайҳиссолату вассалом билан ғазотда эдик. Тепаликка чиқсак ҳам, пастликка тушсак ҳам, баланд овоз билан такбир айтиб борар эдик. У зот бизга яқинлашиб келдилар-да: «Эй одамлар, ўзингизга раҳм қилинг. Сиз карга ёки ғоибга дуо қилаётганингиз йўқ, балки эшитувчи, кўрувчи зотга дуо қиляпсиз. Сиз дуо қилаётган зот сизга минган уловингизнинг бўйнидан ҳам яқин», дедилар».
Мулоҳаза қилинса, оятда бандалар Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломдан келиб, Аллоҳ таоло ҳақида сўраяптилар.
«Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман».
Жавоб эса, бевосита Аллоҳдан бандаларига бўлмоқда. Одатдагидек, уларга айт, деб Пайғамбар алайҳиссаломни восита қилинмаяпти. Шу нозик нуқта ҳам Аллоҳнинг Ўз бандаларига яқин турганлигини кўрсатади. Худди шу маъно кейинги жумлада ҳам бор:
«Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қилурман».
Дуосини эшитаман, ҳисобга оламан, эмас, «ижобат қиламан». Бу ҳам бандаларни Аллоҳга кўпроқ дуо қилишга қизиқтиради. Аллоҳ таоло томонидан шундоқ яқинлик, ҳозиржавоблик бўлиб турганда, бандадан ҳам шунга яраша ҳаракат бўлиши керак. Улар ҳам Аллоҳнинг чақириғига «лаббай» деб жавоб бериб, унга иймон келтириб, итоат қилмоқликлари лозим:
«Бас, менга ҳам ижобат қилсинлар, иймон келтирсинлар».
Бандалар ижобат қилиб иймон келтирсалар, кимга фойда бўлади? Баъзи ҳолларда одамлар буни тўғри тушуна олмай қоладилар. Аллоҳ таоло ушбу оятда Аллоҳнинг даъватига истижобат қилиш, иймонга келиш банданинг ўзига фойда келтиришини таъкидлайди.
«Шоядки тўғри йўлни топсалар».
Ҳожатларнинг барчасини Аллоҳ таолодан сўраш, унга ҳамиша илтижода бўлиш мўмин банданинг доимий ишига айланиши керак. Дуо ибодатларнинг мияси ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан дуо ҳақида кўплаб ҳадислар келган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот: «Мусулмон одам гуноҳ ва қариндошларига ёмонлик қилмай туриб дуо қилса, унга Аллоҳ уч ҳислатдан бирини беради. Сўраган нарсасини тезда беради. Ёки охиратга сақлаб қўяди. Ёки ундан сўралган нарса миқдоридаги ёмонликни ундан қайтаради», деганлар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан имом Аҳмад ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алаҳиссалом: «Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди», дедилар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар банда шошилмаса, дуосига ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин», деганлар.
Дуонинг қабул бўлишига шартлар, одоблар, махсус вақтлар бор. Хусусан, рўза тутган кишининг дуоси мақбулдир. Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Рўза тутувчига ифтори пайтида ижобат бўладиган дуо бор», деганлар.
Яна рўза ҳукмларини баён қилувчи оятга қайтилади:

187. Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга ҳиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг. Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этадир. Шоядки тақво қилсалар.
Рўза тутиш янги фарз қилинган даврда ифтордан кейин рўза тутган одам ухлаб қолсаю, кейин уйғонса, унга емоқ, ичмоқ ва хотинига яқинлик қилмоқ мумкин бўлмай қолар эди. Ансорийлардан Қайс ибн Сарма исмли киши кундузи рўза тутиб, хурмо боғида ишлаб чарчаб, ифтор пайтида хотини ҳузурига келиб:
«Таоминг борми?» дебди. Хотини:
«Йўқ, ҳозир бориб бирон нарса топиб келаман», деб чиқиб кетибди. Кундузи ишлагани учун Қайс чарчаб ухлаб қолибди. Хотини келиб, эрининг ухлаб ётганини кўриб, шўринг қурисин, дебдию уйғотмабди. Эртасига куннинг ярмида Қайс розияллоҳу анҳу ҳушидан кетиб йиқилибди. Бу ҳодиса Пайғамбаримиз алайҳиссаломга етибди. Сўнгра Аллоҳ таоло:
«Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди», деб бошланувчи оятини нозил қилди. Шу билан рўза кечасида, яъни, кун ботгандан кейин то тонг отгунча муддат орасида таом ейиш ва аёлига яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Шу билан бирга, Исломда эркак киши билан унинг хотинининг алоқаси фақат жинс масаласи эмас, балки ундан анча катта масала эканини англатиш учун:
«Улар сизга либосдирлар, сиз уларга либосдирсиз», деди. Одатда либос тўсиш, сақлаш ва зийнат учун ишлатилади. Шунингдек, Исломда эру хотин бир-бирларининг айбларини тўсадилар, бир-бирларини ёмонликдан сақлайдилар ва бир-бирларини зийнатлайдилар.
Кейин эса, бандаларининг кўнглида нима кечаётганини ҳам билиб туришнинг хабарини беради.
«Аллоҳ сизнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди».
Ушбу жумлада зикр этилган хиёнат, кўнгилдан ўтган рўза кечасида аёлга яқинлик қилиш ҳақидаги истакдан иборат. Айрим ривоятларда келишича, баъзилар бу ишни қилган эканлар. Нима бўлса ҳам, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилиб, гуноҳларини афв этди. Шу билан бирга кўнгилларидан ўтган истакка йўл берди, рухсат қилди.
«Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг».
Яъни, энди рухсат бўлди. Сиз хотинларингизга яқинлик қилиб, Аллоҳ ёзган нарсани–фарзандни талаб қилинг. Рўза кечасида аёлларга яқинлик қилишга рухсат берилиши билан бирга, еб-ичишга ҳам рухсат берди:
«Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг».
Имом Бухорий Адий ибн Хотамдан ривоят қиладиларки, у киши: «Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг, деган оят нозил бўлганда, битта оқ, битта қора ипни олдим-да, ёстиғим остига қўйдим, уларга қараб-қараб туриб оқи қорасидан ажраганда оғзимни беркитдим. Тонг отиб кундузи бўлганда Расулуллоҳ ҳузурларига бориб, қилган ишимни айтиб бердим. У киши: «Ундоқ бўлса, ёстиғинг кенг экан-да, у гап кундузнинг оқи билан кечанинг қораси ҳақида эди», дедилар».
Бу пайтни фажри содиқ дейилади ва ёруғликнинг уфқда тарқалишини билдиради.
Келаси жумлада хотинига яқинлик истисно қилинган ҳолат зикр этилади:
«Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг».
«Эътикоф» сўзи бир нарсани лозим тутиш маъносини билдиради. Шариатда эса, масжидда, Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида, ибодатни лозим тутишга айтилади. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Эътикоф ўтирган одам иложи борича масжиддан чиқмай ибодат билан машғул бўлади. Унда банда, Аллоҳ учун ҳамма нарсадан ажраб чиқади. Шунинг учун аёлларга яқинлик қилишдан ҳам ўзини тияди.
«Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг».
Ушбу зикр қилинган нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолога боғлиқ нарсалар, унинг чегараларидир. Аллоҳ уларга яқинлашмасликка буюрмоқда, чунки чегарага қанча яқинлашилса, чегарани бузиш эҳтимоли шунча кўпаяди.
«Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этадир. Шоядки тақво қилсалар».
Эътибор берадиган бўлсак, рўза ҳақидаги оятлар тўпининг биринчисида ҳам тақвога урғу берилган эди. Энди ушбу тўпдаги охирги оятда ҳам тақвога урғу берилмоқда. Ҳа, рўзанинг сонсиз-саноқсиз фойдалари ичида унинг рўзадорда тақво ҳиссини мустаҳкамлаши биринчи ўринда туради.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Шунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз ҳам .Алҳакумут такасуру,ни ўқишга қодир эмасмисиз, деган эканлар...Маккада нозил бўлган. 8 оятдан давоми...

51415 05:00 / 23.01.2017
285. Пайғамбар унга ўз Роббисидан туширилган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Барча Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига иймон давоми...

45245 05:00 / 19.01.2017
14. Ва, .Биз насоролармиз,, деганларнинг ҳам аҳдномасини олдик. Бас, улар ўзларига эслатма бўлган нарсадан кўп насибани унутдилар. Биз улар орасида адоват ва ёмон давоми...

8504 05:00 / 23.01.2017
1. Агар Жаброил алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига олиб келсаю, мўъжизалиги бўлмаса, ҳадиси қудсий саналади. давоми...

7972 14:11 / 26.10.2018