1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Ота‑онанинг фарзанд олдидаги бурчлари (биринчи мақола)

20:05 / 08.10.2019 17667 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари қатъий риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг ота‑оналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилиш мажбурийдир.

Ота‑онанинг фарзандлар олдидаги бурчлари улар пайдо бўлмасдан олдинги, ҳомила ҳолларидаги ва туғилганларидан кейинги қисмларга тақсимланади:

Ота‑онанинг фарзанд пайдо бўлмасдан олдинги мажбуриятлари:

1. Фарзандга муносиб ота ва она танлаш мажбурияти.

Шариат таълимотлари бўйича, ота‑онанинг фарзанд олдидаги бурчлари оила қуришдан аввал – умр йўлдошини танлаш пайтида бошланади. Ҳар бир шахс ўзининг бўлажак фарзанди учун муносиб ота ва она танлаш мажбуриятидадир.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: تَخَيَّرُوا لِنُطَفِكُمْ، وَانْكِحُوا الْأَكْفَاءَ وَأَنْكِحُوا إِلَيْهِمْ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Уруғларингизга ихтиёрни яхши қилинг. Тенгни никоҳингизга олинг ва ўшаларга никоҳланг».

Ибн Можа ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлажак ота ва оналарга мурожаат қилиб, ўзларининг бўлажак фарзандларига муносиб ота ва муносиб она танлашга амр қилмоқдалар. Бундан, мусулмон инсон оила қураётганда фақат ўзининг фойдасини ўйламасдан, бўлажак фарзандини ҳам ўйлаб, унга муносиб ота ёки она танлаши кераклиги келиб чиқади. Ҳар бир инсон оила қуриш чоғида ўзидан ва жуфти ҳалолидан пайдо бўладиган фарзанднинг ғамини емоғи лозим бўлади. Чунки ота ва онанинг сифатлари ва хусусиятлари болага ирсият йўли билан ўтиши бор. Шунинг учун болага ҳам маънавий, ҳам жисмоний тарафдан етук ота ва она танлаш керак бўлади. Токи фарзанд эсини таниганда отаси ва онаси билан, уларнинг ҳар тарафлама етук сифатлари билан фахрланиб юрадиган бўлсин.

2. Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд тилаб, дуода бўлиш.

Бу ишни Аллоҳ таолонинг набийлари қилгандир.

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Шу чоғда Закариё Роббига дуо қилиб: «Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт бергин. Албатта, Сен дуони эшитувчисан», – деди» (38‑оят).

Шунинг учун келин-куёвлар доимо Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд сўраб, давомли равишда дуо қилиб туришлари керак. Бу жуда муҳимдир.

Фарзанднинг ҳомила ҳолидаги ҳақлари.

3. Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд тилаб, дуода бўлишни давом эттириш.

Аллоҳ таоло лутфи карам кўрсатиб, бола ҳомила шаклида пайдо бўлгандан кейин ҳам ота‑онаси унинг солиҳ фарзанд бўлиши ҳақидаги дуоларини давом эттиришлари зарур. Зотан, бу иш Одам ота ва момо Ҳавводан мерос бўлиб қолгандир.

Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида бундай деб марҳамат қилади:

«У сизларни бир жондан яратган ва сокинлик топсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир. Вақтики у (жуфтини) ўраганида енгил ҳомиладор бўлди. Бас, у билан юрди. У оғирлашганда эса, икковлон Роббилари Аллоҳга: «Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўлажакмиз», – деб дуо қилдилар» (189‑оят).

Вақт ўтган сари ҳомила катталашиб бориб, она оғирлашади, туғиш вақти яқинлашади. Ана шу пайтда отада ҳам, онада ҳам фитрий-табиий ҳис-туйғулар ошади, уларда орзу-умид пайдо бўлиб, фарзандларининг соғ-саломат, тўла-тўкис ва аҳли солиҳлардан бўлишини орзу қиладилар. Шунингдек, уларда онанинг эсон-омон қутулиб олиши ҳақида ҳадиклари ҳам бор. Ҳар қандай орзу-умид паллаларида инсон Аллоҳга илтижо қилади. Ота‑онада эса ҳам орзу-умид, ҳам ҳадик бор. Улар шунинг учун ҳам: «Агар бизга солиҳ фарзанд берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз», деб дуо қилишлари матлубдир.

Ҳомила муддати ва ундан аввалги даврдаги ота‑онанинг Аллоҳ таолога қиладиган бундай илтижолари ва дуоларининг фойдаси ниҳоятда кўп ва зарур эканини замонавий илм ҳам тасдиқлади.

Ирсиятни ўрганувчи олимлар, нима учун одамлар борган сари беоқибат, бераҳм бўлиб кетаётгани, оила аъзолари орасида ўзаро ҳурмат ва эъзоз йўқолиб бораётганинг сабабини топганларини эълон қилишди. Уларнинг айтишларича, мазкур нохушликларнинг асосий сабаби ота‑оналари томонидан исталмаган равишда туғилган фарзандлар экан.

Бу дегани, асосан, зинодан ва фарзанд кўришни истамаган ҳолда фарзанд кўришнинг натижасида беоқибат инсонлар дунёга келади, деганидир. Ота‑онанинг фарзанд кўришни истамай тургандаги руҳий ҳолати улардан пайдо бўлган ҳомилага ўтиши турган гап. Ота‑онаси истамаган фарзанд онасининг қорнида туриб, уларнинг салбий руҳиятидан салбий таъсир олиши ҳам муқаррар.

Шунинг учун ҳам динимиз таълимотларида келин-куёвлар доимо Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд сўраб, давомли равишда дуо қилиб туришлари таъкидланади.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Унаштирилган кишилар муносабатлари тўғрисидаги саволлар жуда кўп сўраладиган саволлардан. Масалан Унаштирилган йигит билан қиз телефонда гаплашиб юрса давоми...

5431 14:00 / 15 февраль
биринчи мақола Эркак ва аёлнинг фикрлашлари орасидаги фарқни аниқлаш бўйича янги илмий иш олиб борган, мия вазифаларини ўрганиш бўйича мутахассис жарроҳлар давоми...

3966 17:30 / 19.08.2019
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан бир аёлга уйланиб, унга маҳр тайин этмаган, у билан қовушмай туриб вафот этган киши ҳақида сўралди.Шунда у киши.У аёлга ўз аёллари давоми...

3382 13:10 / 15.01.2019
.Совчилик, дегани муайян бир аёл ёки қизга уйланиш истагини унинг ўзига ёки валийсига билдиришдир. Аслида, аёл кишининг ўзи ёки яқинлари томонидан куёвнинг ўзига давоми...

4699 12:00 / 12 декабрь