1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Зуҳруф сураси, 78-89

05:00 / 23.01.2017 3990 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

78. Батаҳқиқ, Биз сизга ҳақни келтирдик. Лекин кўпларингиз ҳақни ёмон кўргувчисиз. 

Шунинг учун бугунги кунда ушбу аянчли ҳолга тушиб турибмиз.

Сўнгра жаҳанам аҳлларининг ёруғ дунёда қилган тасарруфларидан ажабланиш билдирилади. Нима учун улар иймон келтирмай, куфрга кетдилар? Нима учун улар Аллоҳга ибодат этмай, осий бўлдилар? Нима учун улар Аллоҳнинг динига юрмай, бошқа томонга бурилдилар?


79. Ёки улар бирон ишга қарор қилдиларми? Бас, Биз, албатта, қарор қилгувчимиз.

Улар ҳақ динни инкор этишга қарор беришган бўлса, Биз ушбу ҳақ динни барқарор собит этишга қарор қилдик. 

Улар ҳақ Пайғамбарга ёмонлик қилишга қарор берган бўлса, Биз у Пайғамбарни қўллаб-қувватлашга ва уларнинг ёмонликларидан асрашга қарор қилдик.

Улар ҳақ китобнинг обрўини туширишга, уни бузишга қарор берган бўлса, Биз ушбу китобнинг шон-шарафини кўтаришга, уни қиёматгача муҳофаза этишга қарор қилдик.


80. Ёки улар Бизни уларнинг сирларини (билмас) ва пичирлашиб қилган маслаҳатларини эшитмас деб ҳисоблайдиларми? Йўқ! Ҳолбуки, элчиларимиз уларнинг олдиларида ёзмоқдалар.

Нима учун кофир, мушрик ва мунофиқлар ҳаққа, Исломга, Қуръонга ва Пайғамбарга қарши бўладилар? Нима учун турли гаплар тарқатадилар? Нима учун душманлик қиладилар?

«Ёки улар Бизни уларнинг сирларини (билмас) ва пичирлашиб қилган маслаҳатларини эшитмас деб ҳисоблайдиларми?»

Одамлар олдида динимиз ҳақида ёмон гап айтмасалар ҳам, динга қарши ошкора иш қилмасалар ҳам, одамлардан яширин суратда динга қарши ишлар қилишлари шу сабабданми? Ўзлари ёлғиз қолиб пичирлашиб, динга, диндорларга қарши режалар тузишлари шунданми?

«Йўқ!»

Уларнинг бу гумонлари мутлақо нотўғри. Биз уларнинг ҳамма ишларини ипидан-игнасигача яхши биламиз. Биз уларнинг пичирлашиб қилган маслаҳатларини ҳам эшитиб турамиз. 

«Ҳолбуки, элчиларимиз уларнинг олдиларида ёзмоқдалар».

Устига устак, уларга бириктирилган элчи фаришталаримиз уларнинг ҳар бир ишларини, гап-сўзларини уларнинг олдида туриб аниқ қилиб ёзмоқдалар. Вақти келганда, ўша элчиларимиз ёзган ҳужжатни уларга кўрсатамиз. Ҳужжатда, уларнинг Исломга, мусулмонларга қарши қилган ишлари, айтган гаплари вақти ва гувоҳи билан очиқ-ойдин ёзилган бўлади. Уларга ўша нома кўрсатилиб, гуноҳларига иқрор қилингач, сўнгра жазолари берилади.

Кейинги оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, қуйидагини айтишни амр қилади:


81. Сен: «Агар Роҳманнинг боласи бўлганида, мен унга ибодат қилгувчиларнинг биринчиси бўлар эдим», деб айт.

Агар ҳақиқатда Аллоҳнинг боласи бўлса, унга ҳам ибодат қилиш лозим бўлса, бу нарсани энг яхши билувчи зот Аллоҳнинг Пайғамбари бўлар эди. Чунки у зотга Аллоҳдан ваҳий келиб, ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлиб турибди. Ҳолбуки, Аллоҳ ҳеч қачон, болам бор, дегани йўқ. Ўша боламга ибодат қилинг, дегани йўқ. Балки, мендан бошқа ибодатга сазовор зот йўқ, демоқда.


82. Осмонлару ернинг Робби, Аршнинг Робби улар қилаётган васфдан покдир.

Яъни, осмонлару ерни яратиб, тадбирини қилиб турувчи зот, Аршни яратиб, тадбирини қилиб турувчи Аллоҳ мушриклар унга тақаётган (боласи бор, деган)  нуқсондан покдир.

Эй Муҳаммад!


83. Бас, уларни қўйиб бер, ўзларига ваъда қилинаётган кунга рўбарў бўлгунларича (ёмонликка) шўнғийверсинлар, ўйнайверсинлар.

Уларга ваъда қилинган қиёмат куни қоим бўлгунча ҳар турли ёмонликларга шўнғийверсинлар, кўнгиллари тусаган ишни қилиб ўйнайверсинлар. Қиёмат куни улар қилмишларига яраша жазо олишади, албатта. Ўшанда Аллоҳ таоло улар билан Ўзи ҳисоб-китоб қилади.


84. У зот осмонда ҳам илоҳдир, ерда ҳам илоҳдир. У зот ўта ҳикматли, ўта илмлидир.

Бу дунёда фақат биттагина илоҳ-ибодатга сазовор зот бордир. Иккита ёки ундан кўп бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таолонинг Ўзи осмонда ҳам, ерда ҳам илоҳдир.

«У зот ўта ҳикматли, ўта илмлидир».

У зот ҳар бир ишни ҳикмат билан қилади. У зот ҳамма нарсани билиб туради.


85. Осмонлару ернинг ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг мулкига эга бўлган зот баракотли-буюкдир. Соат (қиёмат) илми Унинг ҳузуридадир. Унгагина қайтарилурсизлар.

Ўтган оятда бошланган Аллоҳ таолони баркамол сифатлар ила улуғлаб ёд этиш бу оятда ҳам давом этмоқда. Осмонлару ер ва уларнинг орасидаги барча нарсалар Аллоҳ таолонинг мулкидир. Аллоҳ таоло уларнинг моликидир. Бинобарин, Аллоҳ таоло баракотли ва буюк зотдир.

«Соат (қиёмат) илми Унинг ҳузуридадир».

У зотдан бошқа ҳеч ким қиёмат соати қачон бўлишини билмайди. Қиёмат қоим бўлганда эса:

«Унгагина қайтарилурсизлар».


86. Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсалари шафоатга эга бўлмаслар. Магар билган ҳолларида ҳақ шаҳодат берганларгина (эга бўлурлар).

Яъни, қиёмат куни мушрикларнинг сохта худолари уларга шафоат бериб, қутқариб қола олмайди. Чунки уларнинг шафоати қабул бўлмайди. Шафоати қабул бўладиган кимсалар эса, билиб, тушуниб, ишониб тавҳидга ҳақ шаҳодат берган кишилар бўлади. Улар эса, албатта, мушрикларни шафоат қилмаслар.

Эй Муҳаммад!


87. Агар сен улардан ўзларини ким яратганини сўрасанг, албатта, «Аллоҳ», дерлар Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!

Ушбу улкан ҳақиқат суранинг бошида ҳам эсга олиниб, мушрикларнинг қилмиши умуман ақлга ва мантиққа тўғри келмаслиги баён қилинган эди. Агар мушриклардан, сизни ким яратган, деб сўралса, жавоблари албатта: «Аллоҳ яратган», дейиш бўлади.

Ундай бўлса,

«Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдалар?»

Аллоҳга ибодат этмай, нима учун бошқага ибодат қилмоқдалар?

Ва Аллоҳ:


88. У(Муҳаммад)нинг: «Эй Роббим, албатта, анавилар иймон келтирмайдиган қавмлардир», деган гапини ҳам (билур).

Сура охирида Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога мушриклардан шикоят қилиб айтадиган сўзлар келтирилиб, унга қуйидаги жавоб берилмоқда:


89. Бас, сен улардан юз ўгир ва: «Сизларга салом бўлсин», дегин. Бас, улар тезда билурлар.

Яъни, сен уларга эътибор берма. Улардан юз ўгир. Тинчлик бўлсин, деб айт. Улар тезда биладилар. Ўшанда ҳамма нарса ўз ўрнига тушади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Машҳур олим ва фақиҳ, доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий ҳазратлари ўзининг биз ҳозир у ҳақда сўз юритмоқчи бўлган .АтТафсир алМунир, номли китобининг муқаддимасида давоми...

2176 19:41 / 15.06.2021
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Абу Толиб Шом томон чиқди. У билан қурайш шайхлари ичида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бор эдилар. Роҳибнинг давоми...

5915 17:00 / 18.02.2019
тўртинчи мақолаИбн Абу Довуд Ҳишом ибн Урвадан, у отасидан ривоят қилади.Абу Бакр Умар билан Зайдга .Икковингиз масжид эшигининг олдига ўтириб, ким Аллоҳнинг давоми...

4445 16:05 / 15.10.2019
96. Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй, Баккадаги уйдир.97.Унда очиқ аломатлар ва мақоми Иброҳим бор. Ким унга кирса, тинч бўладир. давоми...

9926 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

131589 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52066 14:35 / 11.08.2021