1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Бақара сураси 208-209 (Тафсири Ҳилолдан)

05:00 / 19.01.2017 4924 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

208-209. Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир. Агар очиқ баёнотлар келгандан кейин ҳам тойилсангиз, билингки, албатта, Аллоҳ азиз ва ҳикматлидир.

208. Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир.
Маълумки, Ислом Аллоҳга бўйсуниш маъносини билдиради. Бу ҳолатда оятнинг умумий маъноси: «Аллоҳга бутун борлиғингиз ила бўйсунинг», дегани бўлади. Яъни, Аллоҳга бўйсуниш тўлалигича бўлсин. Тили билан бўйсуниб, дили билан бўйсунмасдан ёки бадани билан бўйсунмасдан қолиш керак эмас. Хулласи калом, бўйсуниш тўлалигича, ҳамма томондан бўлиши керак.
Исломнинг маъноларидан яна бири–тинчлик. У ҳолда оятнинг умумий маъноси, тинчликка тўлиғича киринг, деган бўлади. Тинчликка тўлиғича кириш эса, Исломни татбиқ қилиш билан бўлади. Исломда тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланади. Фақат банда ва Парвардигор, борлиқ ва охират ҳақидаги Ислом ақидаларигина ҳар бир инсон қалбига тинчликни солиши мумкин. Сўнгра қалбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Оилалардаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасига кўчади. Исломда қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар билан тинч яшаш йўл-йўриқлари батафсил кўрсатиб қўйилган. Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Ҳар бир жамият ўзаро тинчликда яшаш учун нималар қилиши лозимлиги ҳам Исломда белгилаб қўйилган. Давлат миқёсида тинч яшашга эса, қалби тинч, оиласи тинч, қўни-қўшни, қариндош-уруғи тинч, жамияти тинч бўлганда эришилади. Исломда давлат билан фуқаролар орасидаги тинч-тотувлик асослари ҳам, давлатлараро тинч-тотувлик йўл-йўриқлари ҳам мукаммал йўлга қўйилган. Охири келиб, Ислом кўзлаган тинчликда бутун дунё тинчлигига эришилади. Унда барча қалблар тинч, оилалар тинч, қўни-қўшнилар тинч, қариндош-уруғлар тинч, жамиятлар тинч, давлатлар тинч, ҳайвонот, наботот ва бутун борлиқ тинч бўлади. Иншааллоҳ.
Исломнинг машҳур маъноларидан бири Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ туширган диндир. Бу ҳолатда оятнинг умумий маъноси–«Ислом динига тўлиғича киринг «бўлади. Ислом инсоннинг ҳаётини тўлиғича қамраб олган диндир. Инсоннинг онадан туғилиб, қабрга киргунгача бўлган даврдаги ҳар бир нафаси ва ҳаракати Исломнинг ихотаси доирасидадир. Исломга тўлиғича кириш учун оралиқ даврда, яъни, ҳаёти давомида бутунисича мусулмонча яшаш демакдир. Инсоннинг туғилишидан тортиб то озуқаланиши, тарбияланиши, вояга етиши мусулмонча бўлиши керак. Балоғат ёшига етганда, дин таклиф қилган барча нарсаларга тўлиқ амал қилиши лозим. Инсон ўзининг шахсий, оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, сиёсий ва яна ҳаётининг бошқа соҳаларида Исломга амал қилгандагина, Ислом буюрган ҳамма нарсага юриб, у қайтарган ҳамма нарсадан қайтгандагина унга тўлиқ кирган бўлади. Шундагина бахт-саодатга эришади. Халқимиз орасида бугун кўпларимиз нима қиляпмиз? Номларимизга, насл-насабимизга қараса, ҳамма мусулмон. Кимлиги суриштирилса, мен мусулмонман, дейди. Аммо ўзи ғайри муслимларнинг ишини қилиб юради. Кейин: «Нимага мусулмон бўлсак ҳам, ишимиз юришмаяпти?» деб нолийди. Динга, Аллоҳга туҳмат қилади. Кўраётган кўргиликлари ўзи мусулмон бўла туриб Исломда яшамаётганининг оқибати эканини ўйлаб ҳам кўрмайди. Ҳолбуки, айб ўзида, омадсизликларини Исломдан кўришга ҳеч бир мусулмоннинг ҳаққи йўқ. Ислом бир-бирини тўлдириб келувчи турли тузум ва амалларнинг мажмуасидир. Намоз ўқиб туриб, закотни инкор қилса, бўлмайди. Ақидани мусулмонча қилиб туриб, оилада христианча яшаса бўлмайди. Ҳамма-ҳаммаси мусулмонча бўлиши керак.
Оятнинг охири Исломдан бошқа йўлга юришлик шайтоннинг изидан эргашишлик эканини ва у очиқ душман эканлигини таъкидлаяпти:
«Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир».
Демак, Исломга тўлалигича кирилмаганда шайтонинг изидан эргашилган бўлар экан. Ҳаётнинг қайси соҳасида Исломга амал қилинмаса, ўша ишда шайтоннинг изидан эргашилган бўлар экан.
Кейинги оятда ушбу баёнотдан сўнг ҳам бошқа йўлга мойил бўлишнинг оқибати тушунтирилади:

209. Агар очиқ баёнотлар келгандан кейин ҳам тойилсангиз, билингки, албатта, Аллоҳ азиз ва ҳикматлидир.
Шунчалик тушунтиришлар, ҳужжат, далиллар келгандан кейин ҳам Исломга тўлиғича кирмасдан, йўлдан тойиб, бошқа ёққа кириб кетсангиз, билиб қўйингки, Аллоҳ Ўзининг азиз (яъни, қувватли, қудратли ва ғолиб) сифати ила сизни азобига олса, ҳолингиз чатоқ бўлади. Ҳам, Аллоҳ ҳикматлидир. Борлиқни ҳикмат билан яратган. Ўзи яратган борликда Ўзи яратган инсон бахтли яшаши учун йўл кўрсатувчи таълимотларни ҳам ҳикмат билан Ўзи туширган. Бандаларини Исломга тўлиғича киришга амр қилиши ҳам айни ҳикмат.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Ибн Касир қироати1 Ундан Муҳаммад ибн Қунбул қилган ривоят ҳақида бизга Абу Муслим Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Алий алБағдодий хабар берган. У айтганки.Бизга Ибн давоми...

5010 13:30 / 26.01.2021
25. Куфр келтирганлар ва Аллоҳнинг йўлидан ҳамда ерли ва четдан келган одамлар учун баробар қилиб қўйганимиз Масжидул Ҳаромдан тўсганларга ва у ерда ким зулм ила давоми...

3568 05:00 / 23.01.2017
96. Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй, Баккадаги уйдир.97.Унда очиқ аломатлар ва мақоми Иброҳим бор. Ким унга кирса, тинч бўладир. давоми...

10156 05:00 / 23.01.2017
Ҳофиз Заҳабий .Маърифатулқурроилкибро аълаттабақоти валаъсор, ҳамда қорилар имоми, ҳофиз Ибн Жавзий .Ғоятунниҳоя фии табақотилқурро, китобларида 3951005 йили давоми...

5617 19:00 / 13.01.2022