1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Канадалик доктор Кейс Мурнинг иқрори

18:00 / 05.07.2019 5264 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Инсон ўзининг нимадан яратилганига қарасин!» (Ториқ сураси, 5-оят).

Канадада чоп қилинадиган «Тhе Gazette» ва «Тhе Globe and Mail» номли кундалик нашрларнинг муштарийлари 1984 йилнинг 22 ва 23 ноябрь сонларида босилган хабарни ўқиб, ҳайратларини яшира олмадилар. Чунки бу хабарларда мусулмонларнинг муқаддас китоби бўлмиш Қуръони Карим ўзидан 14 аср кейин кашф этилажак илмий ихтироларни батафсил баён этгани таъкидланган эди.

Олимлар, хусусан, гинекологлар она бачадонида ҳомиланинг ривожланиши билан боғлиқ бу хабарларга дастлаб беписандлик билан қарашди ва ҳатто бундай қиёсларни ноўрин деб топишди. Гап ҳомиланинг она қорнида ривожланиши ҳақида бораётган эди. Аммо «Тhе Globe and Mail» газетасидаги мақоланинг муаллифи дуч келган одам эмас, балки Канаданинг энг таниқли гинекологларидан бири бўлган профессор Кейс Мур эди. Газетада доктор Мурнинг қоғозга ёзилган Қуръон оятларини ушлаб тушган сурати эса шубҳага ўрин қолдирмас эди. Гап шундаки, доктор Мур Торонто дорилфунунининг Анатомия бўлими бошлиғи бўлиб, унинг тадқиқотлари бу соҳадаги бошқа бир машҳур мутахассис Роберд Эдвардснинг шу газетада чоп қилинган илмий изланишларини тўлиқ тасдиқлар эди.

22 декабр куни «Тhе Globe and Mail» газетаси «Мусулмон олимлар ҳайратда! Ҳомила ривожи мутахассиси Қуръон сирларини изоҳлади» деган сарлавҳа остида янада батафсил мақола чоп қилиб, бу кашфиёт Ислом оламига қандай таассурот қолдирганини таъкидлади.

Бироқ ўзининг мақоласи билан мазкур шов-шувларга сабаб бўлган доктор Мур ҳам тиббиёт соҳасида 1940 йилдагина кашф қилинган бу илмий ҳақиқат, яъни инсон организмининг пайдо бўлиши ва ривожланиши ҳақидаги аниқ маълумотлар Қуръонда VII асрдаёқ баён қилганини кўриб, лолу ҳайрон қолганини яширмай, очиқ-ойдин эътироф этган эди.

Доктор Кейс Мур ўз тадқиқотларининг хулосасини «Қуръон ва Суннатда инсоннинг яралиш мўъжизаси» деб номланган китоб шаклида нашр қилди. Унда жумладан шундай дейилган:

«Маълумки, гинекология соҳасида дастлабки тадқиқот ва тажрибалар милоддан аввалги IV асрда ўтказилган: қадимги дунё олимлари жўжа эмбрионини ўрганиб, ундан баъзи хулосалар чиқаришга уринишган, бироқ аниқ натижаларга эриша олишмаган. Кейинги икки минг йил давомида гинекологияда диққатга сазовор ўзгариш кузатилмади. XVII асрга келибгина, заррабин (микроскоп) кашф этилгач, ҳомиланинг ривожланиш босқичларини ўрганишда бироз силжиш бўлди.

Мен бир неча йил давомида инсон ҳомиласининг она қорнидаги ривожланишини кузатиб, айни пайтда Қуръон ва ҳадисларни ҳам ўргандим ва VII асрдаёқ инсониятга нозил қилинган бу илоҳий Китобда бугунги илмий ҳақиқатларга тўлиқ мос келадиган илмий маълумотларни кўриб, лол қолдим. Бу кашфиёт мени ларзага солди.

Келинг, Қуръондан танлаб олган оятларимни ҳомилашунослик соҳасидаги охирги ютуқлар билан қиёслаб, изоҳлаб берай: ҳомиланинг она бачадонида даврий тарзда ривожланиши ҳақидаги фикр илк бор 1942 йили илгари сурилган бўлиб, 1974 йилга келибгина илмий қараш сифатида шаклланиб, кўпчилик томонидан эътироф қилинди. Қуръон ва ҳадисларда ҳомиланинг «уч зулмат» ичра ривожланиши очиқ баён қилинган. Бу эса ҳомилашунослик соҳасидаги сўнгги илмий маълумотларга тамоман мос келади, яъни ҳомила ҳақиқатдан ҳам учта парда ичида ривожланади. Уларнинг биринчиси – қорин бўшлиғи, иккинчиси бачадон девори, учинчи эса уруғланишдан кейин ҳосил бўладиган амниокорионик[1] мембранадир. Ушбу уч қоплама ҳомилани ташқи зарарли таъсирлардан сақлайди. Қуръон оятлари ҳомилнинг дастлабки ҳафталардаги ривожланиши ҳақида сўзлар экан, уни мукаммал баён этиб, уни «ёпишган зулук» ҳолатидан «бир тишлам гўшт» шаклида ўтишини таъкидлайди.

Бу тавсифнинг тўғрилигига шубҳа қилмасак ҳам, йигирма тўрт кунлик ҳомилани зулук билан солиштириб кўрдик ва мислсиз ҳайратга тушдик. Суратда кўриниб тургандек, ҳомиланинг шакли бир нарсага ёпишиб олган зулукнинг ўзи эди. Бу давр тиббиётда ҳам ҳомиланинг бачадон деворига ёпишиш даври деб аталади («ёпишган зулук» ибораси ниҳоятда аниқ ўхшатмадир)».

Доктор Мурнинг ушбу мўъжиза ҳақидаги бошқа далиллари қуйидагича баён қилади: «Илмий маълумотларга кўра, уруғлангандан ўн кун ўтгач, ҳомила бачадонга тушади. Саккизинчи ҳафтада инсон шаклига кира бошлайди. Бачадонга тушганидан 50-55 кундан кейин тўлиқ инсон шаклу шамойилига эга бўлади. Таъкидлаш лозимки, унинг қулоғи ва кўзи эртароқ – тўртинчи ҳафтада, яъни нутфа тушганидан 42 кун ўтгач шаклланади. Биз – тадқиқотчилар гуруҳи – бу масалада  Пайғамбарнинг сўзларига (ҳадисларга) мурожаат қилиб, яна ҳайратга тушдик.

Мўминларнинг тақдир ҳақида баҳслашгани ҳақидаги   Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: «Уруғланишдан сўнг 42 кун ўтгач, Аллоҳ таоло бир фаришта жўнатиб, ҳомилага феъл-атвор, ҳис қилиш аъзолари (кўз, қулоқ каби) ато этади, этини, суягини яратади. Сўнг фаришта: «Аллоҳим, бу эркакми, аёлми?» деб сўрайди…» 1400 йил кейингина кашф қилинган бу ҳодисанинг бутун тафсилотлари билан, куни ва ҳатто соатигача зикр этилиши мўъжиза эмасми?

Бу ҳадисда жуда чуқур маъно, улкан ҳикмат бор. Нима учун фаришта Аллоҳ таолодан гўдакнинг жинсини сўрамоқда? Буни қарангки, жавоб саволнинг ўзида экан. Гап шундаки, ҳомила ривожланишининг бу босқичида гўдакнинг суяклари, мускули, асаб тизими ва сезги аъзолари шаклланади, аммо ҳадисда ажойиб тарзда айтилганидек, ҳали жинси номаълум бўлади.

Доктор Мур уни лол қолдирган бошқа жиҳатлар ҳақида шундай дейди: «Нима учун Қуръон оятларида тўрт ҳафталик ҳомила «тишланган гўшт»га ўхшатиляпти, бу ўхшатиш қаердан келяпти? Ушбу оятларнинг ҳикмати ҳомиланинг шу даврдаги ҳолатини ўрганганимизда маълум бўлди. Маълум бўлишича, ҳомила 28 кунлик бўлганда унинг устида ипга тизилган тасбеҳга ўхшаш из пайдо бўлди. Уларнинг шакли тишларнинг изига ўхшар эди. Биз буни амалда синаб кўриш учун юмшоқ моддадан ҳомиланинг шу давридаги шаклини ясаб, унинг четини секин тишлаб, суратдагидек тиш изларини қолдирдик. Уни тўрт ҳафталик ҳақиқий ҳомила билан солиштириб, бир-бирига ниҳоятда ўхшаш эканига ишонч ҳосил қилдик. Шунинг учун Қуръонда инсон ҳомиласи дастлаб «музға», яъни тишланган гўштга ўхшатилар экан. Нақадар ажойиб!

Мақолани Кейс морнинг қуйидаги фикрлари билан якунласак: «Билимимиз ортиб, илмий-техник тараққиёт ривожланиб борган сари оят ва ҳадисларни янада чуқурроқ ўрганиш ва уларнинг замиридаги илмий маълумотларни англаб етишимизни сезиб турибман. Ишонаманки, дин ва илм ўртасида йиллар давомида вужудга келган тўсиқ Қуръон ва ҳадислардаги ҳақиқатлар туфайли барҳам топишига ишонаман».

«Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» китобидан.




Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Суннат барча тарафдан Қуръони каримдан кейин, иккинчи ўринда туради. Балоғат ва фасоҳатда ҳам, шаръий ҳукмларда ҳам, жумладан, илмий мўъжизаларга далолат қилишда давоми...

4015 00:33 / 30.09.2018
Қуръони Каримнинг Ҳижр сурасида шундай марҳамат қилинади .Ҳеч бир нарса йўқки, унинг хазиналари ҳузуримизда бўлмаса. Уни фақат маълум ўлчовла туширурмиз, давоми...

3242 13:03 / 07.08.2019
Тафаккур борасида мақоланинг биринчи сонида тўхталиб ўтган эдик. Ушбу мақолада баъзи бир жонзотлар ҳақида сўз юритилади. Улар ҳақида тафаккур қилсак, Аллоҳ давоми...

2089 13:00 / 24.11.2021
Одамнинг қиёмат куни қайта тирилтирилиши ҳақидаги ҳадиси шарифларда келган баённи ҳозирги замон илми тасдиқлади.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

8313 11:10 / 09.02.2019
Аудиолар

135335 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55587 14:35 / 11.08.2021