1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Наҳл сураси, 106

05:00 / 23.01.2017 3687 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

quran.uz

106. Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса,–қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно,–ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор.

Ислом дини янги келган даврда Макка кофирлари оз сонли мусулмонларни мисли кўрилмаган қийноқларга, азоб-уқубатларга солдилар. Кофирларнинг бу ишлардан кўзлаган бирдан-бир мақсадлари мўминларни иймондан қайтариб яна кофир қилиш эди. Аммо мусулмонлар бу азобларга сабр қилиш билан инсоният тарихи саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган намуналар кўрсатдилар. Мушриклар Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳуни турли йўллар билан азобладилар. Мисол учун у кишини шиддатли иссиқ пайтида чалқанча ётқизиб, кўксиларига кун иссиғида қизиб турган оғир харсанг тошлар қўйиб, ё диндан қайтишни, ёки шу ҳолатда ўлиб кетишни таклиф этдилар. Ҳазрати Билол эса: «Аҳад, Аҳад» деган сўзларни такрорладилар, холос.
Шунингдек, бошқа мусулмонлар ҳам қаттиқ қийноқларга чидадилар.
Мушриклар саҳобалардан Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва у кишининг оталари Ёсир розияллоҳу анҳу ҳамда оналари Сумаййа розияллоҳу анҳоларни ҳам тутиб келиб, диндан қайтариш учун қаттиқ азобладилар. Улар азобларга чидам билан сабр қилиб, иймонларидан қайтишга кўнмадилар. Сумаййа розияллоҳу анҳонинг икки оёқларини қозиққа боғлаб, аврат жойларига найза санчдилар. Сўнгра Амморнинг отаси Ёсир розияллоҳу анҳуни ҳам ўлдирдилар. Бу икки улуғ инсон–эру хотин Ислом йўлида, иймон учун биринчи шаҳидлар бўлиш шарафига эришдилар. Амморнинг кўз ўнгида ҳам онасини, ҳам отасини ўлдирган мушриклар уни ҳам ўлдиришга қасд қилганларида унинг оғзидан кофирларни рози этадиган гап чиқди. Шунда мушриклар уни ўлдирмадилар. Одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: 
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аммор муртад бўлди», дедилар. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Йўқ! Аммор бошидан товонигача иймонга тўлиқдир. Иймон унинг этига ҳам, қонига ҳам сингиб кетгандир», дедилар.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам йиғлаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бўлиб ўтган ишларни айтиб: 
«Энди нима бўлади?», деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: 
«Қалбингни қандоқ сезмоқдасан?», дедилар. Аммор розияллоҳу анҳу:
«Иймонга оромли», деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Агар улар такрорласалар, сен ҳам такрорлагин», дедилар.
Аллоҳ таоло ана шу ҳодисадан сўнг биз ўрганаётган мазкур ояти каримани нозил қилди. Ундан кўриниб турибдики, иймондан кейин куфрга қайтиб муртад бўлиш улкан гуноҳдир. Ким иймонга келганидан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, кўксини куфрга очса, у Аллоҳнинг ғазаби ва улкан азобига дучор бўлади. Фақат бир тоифа одамларгина бундан мустасно бўладилар.
«...қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно...»
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳуга ўхшаб, қалби иймонга тўлиқ бўлгани ҳолда, муҳаққақ ўлимдан қутулиш учунгина ўзини иймондан қайтган қилиб кўрсатишса, жоиз. 
Шунингдек, Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу мисол чидаб тураверса ҳам, жоиз.
Ислом тарихига назар соладиган бўлсак, ҳазрати Билол розияллоҳу анҳуга ўхшашга интилган кишиларни кўпроқ кўрамиз.
Машҳур тафсирчилардан Ибн Касир саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу ҳақида қуйидагиларни ривоят қилади. У киши румликларга асир тушибди. Уни подшоҳлари олдига олиб боришибди. Подшоҳ унга: 
«Насроний бўл, сени мулкимга шерик қиламан ва қизимга уйлаб қўяман», дебди. У киши эса: 
«Агар ҳамма мулкингни ва арабларнинг ҳамма мулкини берсанг ҳам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динларини бир лаҳзага ҳам тарк қилмайман», деб жавоб берибди.
«Унда сени ўлдираман», дебди Рум подшоҳи.
«Билганингни қил», дебди Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу.
Шунда подшоҳнинг амри билан у киши осиб қўйилиб, камончилар унга тегар-тегмас ҳолда ўқ отиб туришибди. Подшоҳ яна саҳобийга насронийлик динини таклиф этибди. Қабул қилмаганларидан кейин осган жойидан қайтариб туширишибди. Подшоҳ катта қозонни қиздиришни амр қилибди. Қозон роса қизиганда бир мусулмон асирни олиб келиб унга ташлашган экан, асир бир зумда жизғанак бўлиб қолибди. Подшоҳ Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳуга яна насронийликни қабул этишни таклиф қилибди. У киши яна бош тортибдилар. 
Шунда подшоҳ уни қозонга ташлашга буюрибди. Жаллодлар уни қозонга яқинлаштирганда йиғлабди. Подшоҳ, энди қабул этса керак, деб умид қилиб, ҳузурига чақириб, нимага йиғлаётганини сўрабди. У киши розияллоҳу анҳу: 
«Аллоҳнинг йўлида қозонга ташланаётган жоним биттагина бўлганидан, танамдаги туким сонича бўлмаганидан йиғламоқдаман», деган эканлар.
Мусайламатул Каззоб ўз қўлига тушган Ҳабиб ибн Зайд розияллоҳу анҳуга:
«Муҳаммад Аллоҳнинг Расули, деб гувоҳлик берасанми?» деди.
«Гувоҳлик бераман», деди Ҳабиб ибн Зайд розияллоҳу анҳу.
«Менинг Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик берасанми?» деди Мусайламатул Каззоб.
«Эшитмаяпман», деди Ҳабиб ибн Зайд розияллоҳу анҳу.
Мусайламатул Каззоб унинг этидан бир парча кесиб туриб яна сўради. У яна:
«Эшитмаяпман», деди. 
Мусайламатул Каззоб унинг танасидан парча-парча қилиб кесаверди. Ҳабиб ибн Зайд розияллоҳу анҳу ўлгунича собит тураверди.
Уламоларимиз мусулмон одам учун дину диёнат, иймон йўлида кофирларнинг азобига чидаш азийматдир, асл ҳукмдир; жонни сақлаш учун қалби иймонга тўла туриб, тили билан гап айтиб қутилиш рухсатдир, дейишади.
Муҳаддис уламоларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ким динини алмаштирса, уни қатл этинглар», деган ҳадисни ривоят қилганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Бурда розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар: 
«Муоз ибн Жабал Яманга Абу Мусонинг олдига борса, унинг ёнида бир одам турган экан.
«Бу одам ким?», деб сўради Муоз.
«Асли яҳудий, кейин мусулмон бўлган эди. Энди яҳудийликка қайтди. Биз уни Исломда қолишини хоҳлаймиз. Икки ойдан бери шу ҳол», деди Абу Мусо. Шунда Муоз ибн Жабал:
«Аллоҳга қасамки, бўйнини чопмагунларингча ўтирмайман», деди.
Сўнгра Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ ва Унинг Расули, ким динидан қайтса, уни қатл қилинглар, деб ҳукм чиқарган», деди.
Чунки ақида масаласи улуғ масаладир. Бунда муросасозлик ва лоқайдлик бўлиши мумкин эмас. Бугун бир динни тутиб, эртага бошқа динга журъат қилган кимсанинг Исломга келтирадиган зарари чексиздир. Шунинг учун муртадга нисбатан Ислом шариатида шундай муросасиз ҳукм чиқарилган...

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу қисмда муфассир ўз фикри ва ижтиҳоди ила тафсир қилади ва мазкур қисм иккига ndash жоиз ва жоиз эмасга бўлинади.Жоиз бўлган раъй билан тафсир қилишда муфассир давоми...

2178 20:00 / 06.04.2021
55. Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози давоми...

4841 05:00 / 23.01.2017
...Шунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз ҳам .Алҳакумут такасуру,ни ўқишга қодир эмасмисиз, деган эканлар...Маккада нозил бўлган. 8 оятдан давоми...

51405 05:00 / 23.01.2017
учинчи мақола Қуръоннинг мутавотир суннат билан насх қилиниши.Насхнинг ушбу қисми ҳақида уламолар ўртасида очиқойдин ва катта хилоф мавжуд. Имом Шофеъий, у давоми...

4397 13:40 / 28.04.2020