1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Судхўрлик

16:20 / 04.02.2019 6786 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб (олиш билан) судхўрлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! (Шунда) шояд нажот топгайсиз!» (Оли Имрон сураси, 130).

«Судхўр бўлган кимсалар (қиёмат кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: «Байъ (олди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку?!» деганларидир» (Бақара сураси, 275).

Яъни, улар Аллоҳ ҳаром қилган иш – судхўрликни ҳалол билдилар. Шу сабабли қиёмат қоим бўлиб, Аллоҳ одамларни қайта тирилтирган вақтда судхўрлардан ташқари барча одамлар қабрларидан тезда туриб кетадилар.

Судхўрлар худди тутқаноғи бор одамдек ўринларидан туришлари билан йиқиладилар. Уларнинг дунёда судхўрлик орқали еган ҳаром нарсаларини Аллоҳ қиёмат кунида қоринларида кўпайтириб қўяди ва бу уларга оғирлик қилади. Улар турмоқчи бўладилар-у, бироқ йиқилиб тушаверадилар.

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кечқурун (тушимда) икки кишини кўрдим. Улар келиб мени муқаддас ерга олиб чиқишди. Юриб-юриб қонли дарёга дуч келдик. Дарёда бир киши бор эди. Соҳилда бошқа киши ҳарсанг тош ушлаб турарди. Дарёдаги киши келиб чиқмоқчи бўлган эди, нариги киши тош билан оғзига уриб келган жойига қайтариб юборди. У қачон келиб чиқмоқчи бўлса, тош билан оғзига урар ва у яна олдинги жойига қайтиб кетар эди. «Дарёдаги киши ким?» деб сўраган эдим, «Судхўр», дея жавоб беришди» (Бухорий ривояти).

Судхўр ўлган вақтидан то қиёмат кунигача қонли дарёда сузиб, тош билан «сийланади». Бу азоб барзах-қабрда бўлади. Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам судхўрни (фоиз еювчини), олдирувчини, котибни ва гувоҳ бўлувчининг ҳамммаси (гуноҳда) баробар», деганлар (Муслим ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси қавм орасида зино ва судхўрлик авж олса, улар ўзларига Аллоҳнинг азобини ҳалол қилган бўладилар» (Абу Яъло ривояти).

Абдуллоҳ ибн Ҳанзала розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кишининг билатуриб судхўрликдан еган бир дирҳами ўттиз олти марта зино қилганидан оғирроқдир» (Имом Аҳмад, Табароний ривояти).

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Судхўрликнинг етмиш иккита тури бўлиб, уларнинг энг кичиги кишининг онасига яқинлик қилиши билан баробардир. Судхўрликнинг энг ярамаси эса, кишининг ўз биродари номусига тажовуз қилишидир» (Табароний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтган эканларки: «Судхўрликда етмиш иккита гуноҳ бўлиб, уларнинг энг кичиги мусулмоннинг ўз онасига яқинлик қилиши билан баробар. Судхўрликдан топилган бир дирҳам ўттиздан ортиқ зино қилишдан оғирроқдир».

Яна айтган эканлар: «Аллоҳ қиёмат кунида яхши-ю ёмонга туриш учун изн беради. Судхўрлар эса бундан мустасно. Чунки улар: «жин чалган – мажнун каби турадилар» (Ибн Абу Дунё, Бағавий ривояти).

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтганлар: «Фоиз олувчи (судхўр) ҳам, берувчи ҳам дўзахдадир».

Қатода розияллоҳу анҳу айтадилар: «Судхўрлар қиёмат кунида жинни ҳолида тириладилар. Бу уларнинг аломати бўлиб, маҳшаргоҳдагилар уларни шундан таниб оладилар».

Хабарларда ворид бўлишича, судхўрлар ўз қилмишларида ишлатган ҳийлалари сабабли «шанба соҳиблари» каби ит ва тўнғиз суратида қайта тириладилар. «Шанба соҳиблари» ҳаддан ошган яҳудий кимсалар бўлиб, аввалига Аллоҳ уларни шанба куни балиқ овлашдан қайтарган эди. Улар ҳовузлар қазиб, шанба куни балиқларни унга қамаб олар ва кейинги куни овлар эдилар. Шундай ҳийла ишлатиб ҳадларидан ошганлари сабабли Аллоҳ уларни маймун ва тўнғизларга айлантириб қўйган эди.

Судхўрлар ҳам ўзларича турли ҳийлаларни ишлатадилар. Аллоҳ таолога уларнинг ҳийлалари махфий эмас.

Айюб Сахтиёний айтган эканлар: «Улар худди ёш болани алдамоқчи бўлгандек, Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Агар ишга онгли равишда ёндошганларида эди, ўзларига осон бўларди».

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Сендан қарздор киши бирон нарса ҳадя қилса, олма. Чунки бу иш судхўрликдир».

Ҳасан розияллоҳу анҳу айтганларки: «Агар бир киши сендан қарздор бўлса, унинг хонадонидан еган нарсаларинг сенга ҳаром бўлади».

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу яна айтадилар: «Ким бир киши учун воситачалик қилса-ю унга (нариги киши) ҳадя берса, у (ҳадя) ҳаромдир. Қуйидаги ҳадис гапимни тасдиқлайди: «Ким бир киши учун воситачилик қилса, бунинг эвазига унга ҳадя беришса ва у ҳадяни қабул қилса, батаҳқиқ, у судхўрлик эшикларининг каттасига яқинлашган бўлади» (Абу Довуд ривояти).

Дин, дунё ва охират ишларида Аллоҳ таолодан афв ва офият тилаймиз.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Манманлик ижтимоий разолатлардан бири бўлиб, инсонлар орасига айрилиқ ва адоват солади. Уларнинг орасидан ҳамкорлик ва муҳаббатни кетказибгина қолмай, балки давоми...

2896 16:10 / 11.09.2018
Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш ҳам зинога олиб борувчи йўллардандир. Бундай инсонлар билан муносабат қуриш, улар билан дўст бўлиш гуноҳ ишларга давоми...

4234 18:24 / 11.07.2020
Аллоҳ таоло айтади.Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қўлларини кесинглар Токи бу уларнинг қилмишларига яраша жазо бўлсин, Аллоҳ томонидан берилган азоб бўлсин. давоми...

3488 16:40 / 23.05.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳга қасамки, мўмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўмин эмас,, дедилар. .Ким, ё Расулуллоҳ, деб давоми...

4325 18:10 / 18.02.2019