Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 10 рабиъус сони | 2024 йил 13 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (27-дарс). Қуръони каримнинг тарқоқ нозил бўлиши ҳикматлари (давоми)

21:00 / 01.04.2019 5316 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларни қўллаш, қалбларини қувватлаш.

Маълумки, Набий алайҳиссалом ва мўминлар ўз душманларидан узлуксиз озор, жафо чекиб турар, қийинчилик, машаққатларга учрар эдилар. Тоқатлари тоқ бўлган пайтларида Қуръон оятлари нозил бўлиб, уларга тасалли берар, уларнинг қалбини тинчлантирар ва оғирларини енгил қилар эди.

Албатта, агар ваҳий ҳар бир ҳодисада янгиланиб турса, бу қалб учун қувват, рисолат юборилган зотга кучли иноят бўлади. Ваҳий фариштасининг у зот олдиларига кўпроқ келиши аҳднинг янгиланиб туришига, тушаётган рисолатнинг ҳар томонлама қувватли бўлишига сабаб бўлади. Ваҳий нозил бўлар экан, у зотда сўз билан ифода қилиб бўлмайдиган сурур пайдо бўлар эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом билан кўп учрашиб турганлари сабабли одатдагидан ҳам сахий бўлиб кетардилар. 

Қуръони карим арабларнинг фикру хаёлларини ҳам, вазият ва ҳолатларини ҳам риоя қилган. Шунинг учун ҳам ўтган пайғамбарларнинг қавмлари билан бўлган воқеаларни турли суратда ва услубда бир неча марта такрорлаб келтирган. Бу қиссалар қачон такрорланса, ҳаловати зиёда бўлади. Буларни кўп ўринларда зикр қилиб, такрорлашдан мақсад, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва мўминларнинг қалбларини қувватлантириш эди.

ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ

«Қалбингни саботли қилиш учун сенга расуллар хабарининг ҳаммасини қисса қилиб айтмоқдамиз. Бу(сура)да сенга ҳақ ва мўминларга мавъиза ҳамда эслатма келди» (Ҳуд сураси, 120-оят).

Бу қиссалардан хабардор бўлганингдан сўнг, динга даъват қилишда қалбингга сабот тўлади. Ўзингдан олдин ўтган пайғамбарлар ҳам қийинчиликларга дучор бўлганларини, аммо собит турганлари учун оқибатда нажот топганларини билиб, ҳимматингга ҳиммат, ғайратингга ғайрат қўшилади. Шу билан бирга, бу сурадаги ҳамма нарса ҳақ. Бу сура мўминлар учун мавъиза ҳамда эслатмадир. 

Пайғамбарлар қиссасини бўлиб-бўлиб, турли услубда зикр қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларини қувватлантириш, у зотга қавмларидан етаётган азият учун тасалли бериш бор. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари янгилик эмас эди. Олдин ҳам бир неча пайғамбарлар келишган ва уларнинг барчаси азобланган, ёлғончига чиқарилган ва зулм остида қолган эдилар.

Қуръони каримнинг нозил бўлиши янгиланиб, давом этар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатларидаги мушкулотлар енгиллашарди. Бир неча бор у зотга тасалли берувчи ва ўзларидан олдинги расуллардан ўрнак олишга ундовчи оятлар нозил бўлди.

Аллоҳ таоло у зотни сабр қилишга очиқ-ойдин буюриб, Муззаммил сурасида шундай дейди:

ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ

«Ва уларнинг гапларига сабр қил ва улардан чиройли четланиш-ла четланиб тур» (10-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига мушриклар билан қандай муомала қилиш кераклигини ўргатяпти. «Уларнинг турли иғво-бўҳтон ва ёлғондан иборат гапларига сабр қил, улар билан тортишиб, уришиб, жанжаллашиб ўтирмасдан, чиройли ҳолатда четланиб тур», демоқда.

«Чиройли четланиш»нинг маъноси уларга озор бермай, уришмай, сўкишмай, ўзини четга олишдир.

Аллоҳ таоло Аҳқоф сурасида марҳамат қилади:

ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ

«Бас, азиймат соҳиби бўлган расуллар сабр қилгандек, сабр қил...» (35-оят).

Аллоҳ таоло Ёсин сурасида марҳамат қилади:

ﭽ ﭾ ﭿﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ

«Уларнинг гапи сени маҳзун қилмасин. Албатта, Биз нимани сир тутсалар ва нимани ошкор қилсалар, билурмиз» (76-оят).

Баъзида Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таълим бериб, кофирлар фақат у кишининг шахсиятларига жароҳат етказмаётганлари, у зотнинг ўзларини ёлғончи деб, туҳмат қилмаётганлари, балки улар ҳаққа қайсарлик қилаётганларини эслатар ва ҳар асрда, ҳар авлодда улар каби ҳаққа қарши чиқувчилар бўлишини билдирар эди.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади:

ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ

«Уларнинг айтаётганлари, албатта, сени маҳзун қилишини яхши биламиз. Улар сени ёлғончига чиқараётганлари йўқ, балки золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қилмоқдалар» (33-оят).

Ҳақиқатан ҳам, Макка мушриклари ҳеч қачон «Муҳаммад ёлғончи», деган эмаслар. Улар бу зотнинг бир оғиз ҳам ёлғон сўзламаганларини эътироф этар, аммо иззат-обрўларидан айрилиб қолишдан қўрқиб, ҳасад қилиб, Исломга киришдан бўйин товлашар, Аллоҳнинг оятларини инкор этишар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу инкорлари сабабини уларнинг шахсларидаги нуқсондан деб ўйламасликлари керак.

«...балки золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қилмоқдалар».

Қуръони каримда анбиёларнинг хабарларини ва қиссаларини такрор-такрор келтиришдан кўзланган асосий мақсад, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериш, таъзия билдириш ва сабри жамилга, гўзал ўрнакка йўлловчи оятларни такрор-такрор нозил қилишдир. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мушрикларнинг зулми давомий бўлиб, у зотнинг қалбларини собит қилиш учун нозил бўлаётган ваҳий тўхтаб қолса ва тасалли оятлари янгиланиб турмаса, бундай ҳолатларда бошқа инсонларда бўлгани каби, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари ҳам маҳзунликка ва умидсизликка тушиши табиийдир. 

Аслида Аллоҳ таоло у зотни хафа бўлиш, ҳасратга тушиш, ўзлари эзилишлари ва қалблари сиқилишидан қайтармаган. У зот ҳам бошқа одамлар каби инсон эдилар. У кишининг табиатларида ҳам инсоннинг ички кечинмаларида содир бўладиган барча ҳолатлар мавжуд бўлган. Яъни Қуръони каримда келган «маҳзун бўлма», «сиқилма» деган иборалар гуноҳдан қайтариш мазмунидаги наҳйи сифатида эмас, тасалли бериш маъносида айтилган.

(давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
тўртинчи мақолаИбн Абу Довуд Ҳишом ибн Урвадан, у отасидан ривоят қилади.Абу Бакр Умар билан Зайдга .Икковингиз масжид эшигининг олдига ўтириб, ким Аллоҳнинг давоми...

4448 16:05 / 15.10.2019
Маълумки, Қуръонсиз Ислом ҳам йўқ, иймон ҳам йўқ. Ҳамма нарса Қуръонга боғлиқ. Нималарга ва қандоқ қилиб иймон келтириш ҳам, нималарга ва қандоқ қилиб амал қилиш давоми...

3663 05:00 / 19.01.2017
Имом Нофеъ алМаданий қироати1 Имом Нофеъ алМаданийдан Ийсо Қолун орқали келган санадУндан Ийсо Қолун қилган ривоят ҳақида бизга Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад давоми...

3492 13:30 / 19.01.2021
Қуръони Карим суралари тўрт қисмга бўлинади.1. Тивол Узун суралар.Бу қисмдаги суралар еттита Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анъом, Аъроф суралари, Анфол билан Тавба давоми...

14588 15:21 / 14.01.2020
Аудиолар

131684 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52151 14:35 / 11.08.2021