Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (32-дарс). Сўнгги нозил бўлган оят

20:00 / 06.05.2019 7897 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти ҳақидаги ривоятлар анчагина бор. Лекин уларнинг ҳеч бирида охирги оят ҳақидаги сўз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб бормайди. Шунинг учун уламолар уларнинг барчасини ижтиҳод билан айтилган гаплар, дейишади.

Қуръони каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти ҳақидаги қавл ва ривоятлардан баъзиларини келтирамиз.

1. Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан, Байҳақий Умар розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Қуръони каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти Бақара сурасидаги қуйидаги оят экани айтилади:

ﮥﮦﮧﮨﮩﮪﮫﮬﮭﮮﮯﮰﮱﯓ

«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг» (278-оят).

Аммо муҳаққиқ уламолар бу оят Қуръони каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти эмаслигини, балки рибо ҳақида нозил бўлган оятларнинг охиргиси эканини таъкидлайдилар.

2. Саъид ибн Мусайяб ва Ибн Шиҳоб раҳматуллоҳи алайҳилардан келтирилган ривоятларда: «Қуръони каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти «дайн» оятидир», дейилган.

Бу оят Бақара сурасидаги оят бўлиб, у Қуръони каримдаги энг узун оят ҳамдир. Мазкур оят Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавли ила бошланади:

ﭑﭒﭓﭔﭕﭖﭗﭘﭙﭚ

«Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда уни ёзиб қўйинг» (282-оят).

Аммо уламоларнинг кўпчилиги бу қавлни ҳам қабул қилмаганлар.

3. Ибн Мардавайҳ Умму Салама розияллоҳу анҳодан келтирган ри-воятда айтилишича, Қуръони каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти Оли Имрон сурасидаги қуйидаги оятдир:

«Робблари уларга: «Мен сизлардан эркагу аёл амал қилувчининг амалини зое қилмасман. Баъзингиз баъзингиздансиз. Ҳижрат қилган, диёрларидан чиқарилган, Менинг йўлимда азият чеккан, жанг қилган ва қатл этилганларнинг ёмонликларини ўчиргайман ҳамда уларни албатта остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритгайман, Аллоҳ ҳузуридан савоб ўлароқ», дея ижобат қилди. Ва Аллоҳ ҳузурида гўзал савоб бўлган Зотдир» (195-оят).

Бу қавлнинг раддияси унинг ҳужжати ўлароқ келтирилган ривоятнинг ўзидадир. Унда айтилишича, ушбу оят Умму Салама розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берган «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг эркакларни зикр қилиб, аёлларни зикр қилмаганини кўрмоқдаман?» деган сўроқларига жавоб ўлароқ нозил бўлган уч оятнинг сўнггисидир. Қуръони каримнинг сўнгги нозил бўлган ояти эмас.

4. Имом Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда айтилишича, охирги нозил бўлган сура Наср сурасидир. 

Аммо уламолар: «Бу охирги нозил бўлган сурадир, охирги нозил бўлган оят эмас. Сура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларига ишора бўлиб тушган оятларнинг охиргиси, умумий Қуръони Карим оятларидан охирги нозил бўлгани эмас», дейдилар.

5. Ноилмий доираларда Қуръони каримнинг барча оятлари ичида энг сўнгги нозил бўлгани Моида сурасининг учинчи ояти бўлса керак, деган гумон бор. Улар оятнинг қуйидаги қисмидан шу хулосани чиқарганлар:

ﭻﭼﭽﭾﭿﮀﮁﮂﮃﮄﮅﮆ

«Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим». 

Бу оят Қуръони каримнинг охирги тушган оятларидан бири ҳисобланади. Ояти карима Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажларида нозил бўлган. Ушбу ояти карима нозил бўлганда, ҳамма саҳобалар: «Динимиз мукаммал бўлди, Аллоҳ бизга неъматини батамом қилиб берди, Исломни дин деб рози бўлди», деб чексиз қувондилар. Аммо ҳассос қалбли инсон, буюк идрок ва ақл соҳиби Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу йиғлай бошладилар. Бу ҳолни кўрган саҳобалар ташвишга тушдилар ва: «Сенга нима бўлди, эй Умар, нечун йиғламоқдасан?» деб сўрадилар. Шунда ҳазрати Умар: «Ҳар бир нарса мукаммал бўлганидан сўнг унга нуқсон етиш бошланади. Мен бу оятни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларининг яқинлашганига белги деб билмоқдаман», дедилар.

Ушбу зикр қилинган омилларга биноан, Улуми Қуръон илмидан бехабар бўлган кимсалар мазкур оятни Қуръони каримнинг охирги нозил бўлган оятидир, дея тахмин қилишади. Аммо бу гап тўғри эмас. Чунки ушбу оят нозил бўлганидан кейин яна бошқа оят нозил бўлганини илмли кишилар яхши биладилар.

«Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим» ояти нозил бўлганидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саксон бир кун яшаганликлари ҳам ишончли манбаларда қайд этилган. 

6. Қуръони каримнинг охирги нозил бўлган ояти Бақара сурасидаги қуйидаги оятдир:

ﯸﯹﯺﯻﯼﯽﯾﯿﰀﰁﰂﰃﰄﰅﰆﰇ ﰈ

«Ўзингиз Аллоҳга қайтариладиган Кундан қўрқинг. Сўнгра ҳар бир жон касб қилган нарсасини тўлиқ олур. Уларга зулм қилинмас» (281-оят).

Қуръон илмлари билан шуғулланган уламолар ушбу ояти карима Аллоҳ нозил қилган оятлар ичида энг охирги оят эканини баён қилганлар. Ибн Журайжнинг айтишларича, Набий алайҳиссалом ушбу ояти карима нозил бўлганидан сўнг тўққиз кун яшаганлар, холос.

 «Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, молу жонда синовга учрайсиз. Албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитасиз. Агар сабр қилсангиз ва тақво давоми...

5445 05:00 / 19.01.2017
78. Батаҳқиқ, Биз сизга ҳақни келтирдик. Лекин кўпларингиз ҳақни ёмон кўргувчисиз. Шунинг учун бугунги кунда ушбу аянчли ҳолга тушиб турибмиз.Сўнгра жаҳанам давоми...

4106 05:00 / 23.01.2017
Иорданиялик ҳамаср олимлардан Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи уч қисмдан иборат асарлар силсиласини режалаштирган. Бу силсила қуйидаги асарлардан иборат давоми...

2017 16:10 / 08.06.2021
Доктор Манноъ Қаттон ўзининг .Қуръон илмлари ҳақида тадқиқотлар, китобида жумладан шундай деган .Қуръонни мусҳафда маълум бўлган Усмоний расмга мувофиқ ёзиш давоми...

2817 13:00 / 19.11.2021