1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони карим дарслари (130-дарс) Ат‑тафсир бил-маъсур

16:04 / 30.03.2021 3069 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом маданияти гуллаб-яшнаган пайтларда тафсирчилик ҳам гуллаб-яшнади. Мусулмонлар тушкунликка юз тутганларида эса ишлар орқага кетди.

Тафсир илми келиб чиқиши ва ривожланиши жараёнида бир неча қисмларга бўлиниб кетган. Биз бу қисмлардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз:

Биринчи қисм – «Аттафсир бил-маъсур».

Бу қисмдаги тафсирда муфассир Қуръон оятларини ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари билан тафсир қилади.

Бу услубда ёзилган тафсирларнинг машҳурлари қуйидагилар:

1. Имом Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг «Жамиъул‑баян фии тафсирил-Қуръан».

Табарий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 224 йилда туғилиб, 310 йилда вафот этган. Бу киши ўз асрининг энг кўзга кўринган алломаларидан бўлган. Барча илмларда пешқадам бўлган. 

Имом Табарийнинг тафсири «Ат‑тафсир бил-маъсур» услубидаги энг машҳур ва энг ишончли тафсирдир. Унда тафсир бўйича саҳоба ва тобеъинлардан қилинган ривоятларнинг энг кўпи жамланган ва ривоятларнинг йўналиши ҳамда қай бири кучли экани баён қилинган. Шунингдек, калималарнинг эъроби ва оятлардан қандай ҳукмлар олиниши айтиб ўтилган. Кўпчилик мутахассислар «Бу тафсир беназирдир», дейишган.

Уламолар «Жамиъул‑баян фи тафсирил-Қуръан» тафсири ҳақида ажойиб мақтов сўзларини айтганлар:

Имом Нававий: «Ибн Жарирнинг тафсирига ўхшаш китобни ҳеч ким тасниф қилмаган», деган.

Абу Ҳомид Исфиройини: «Агар бир киши Ибн Жарирнинг тафсирини олиш учун Чинга борса ҳам, кўп иш қилган бўлмайди», деган.

«Жамиъул‑баян фи тафсирил-Қуръан»да жуда кўп маълумотлар жамланган. Муаллиф ўзи келтирган ривоятларнинг санадини ҳам баён қилган. Баъзилар у кишининг кучли бўлмаган ривоятларни ҳам келтирганини танқид қиладилар. Аммо муҳаққиқ уламолар: «Муаллифнинг даврида илмли кишилар бу нарсалардан хабардор бўлгани учун Ибн Жарир мазкур ривоятларни келтириб, заифлигига ишора қилмаган», дейишади.

«Жамиъул‑баян фи тафсирил-Қуръан» ҳозирда ҳам қайта-қайта нашр қилинмоқда.

2. Имом Абу Муҳаммад Ҳусайн ибн Масъуд ибн Муҳаммад Бағавийнинг «Маъалимут-танзил» тафсири. 

Имом Бағавий ҳижрий 516 йилда вафот этган. У киши Шофеъий мазҳаби фақиҳларидан бўлган. Бағавий тафсир ва ҳадис илмларида ҳам имомлик даражасига етган. Бағавийнинг «Маъалимут-танзил» тафсири жуда фойдали тафсирлардан ҳисобланади. Аммо унда келтирилган ривоятларнинг санади зикр қилинмаган.

Баъзилар бу тафсирни муаллифининг номи билан «Тафсирул-Бағавий» деб ҳам атайдилар.

3. Имом Имодиддин Исмоил ибн Касирнинг «Тафсирул-Қуръанил-азим» тафсири.

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 701 йилда таваллуд топиб, 774 йилда вафот этган. У кишининг тафсирлари энг саҳиҳ тафсирлардан бири ҳисобланади. У киши Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва тобеъинлардан ривоят қилинган хабарлар ила тафсир қилган. 

«Тафсиру Ибн Касир» «ат‑тафсир бил-маъсур» услубида ёзилган тафсирлар ичида энг машҳурларидан бири бўлиб, имом Табарийнинг тафсиридан кейинги, иккинчи ўринда туради. 

Имом Ибн Касир ўзининг бу тафсирига узун муқаддима ёзиб, унда Қуръони Карим ва тафсирга оид жуда кўп маълумотларни келтирган. У киши оятни келтиргандан сўнг уни осон сўзлар билан тафсир қилади. Агар бир оятни бошқа бири билан равшанлаштириш имкони бўлса, шундай қилади. Кейин мазкур икки оятни солиштиради. Сўнгра тафсир қилинаётган оятга боғлиқ ҳадисларни келтира бошлайди. Уларнинг қай бирини ҳужжат қилиш мумкин, қай бирини ҳужжат қилиш мумкин эмаслигини ҳам баён қилади. Кейин саҳобалар, тобеъинлар ва ўтган уламоларнинг ўша оятга боғлиқ сўзларини келтиради. Мазкур қавллардан қай бири кучли ва қай бири кучсиз эканини ҳам баён қилади. 

Имом Ибн Касир ўз тафсирида Ибн Жарир Табарий, Ибн Абу Ҳотим ва Ибн Атийянинг тафсирларидан фойдаланган. 

«Тафсиру Ибн Касир»нинг энг кўзга кўринган тарафларидан бири исроилиёт қиссаларини танқид қилиши ва улардан одамларни огоҳлантиришидир.

«Тафсиру Ибн Касир»да фиқҳий муноқашалар ҳам мавжуд. Ҳукм оятларини тафсир қилиш жараёнида Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи фақиҳларнинг сўзлари ва тортишувларини ҳам келтиради. 

Бу тафсир жуда кўп марта нашр қилинди ва қилинмоқда. 

Шайх Муҳаммад Алий Собуний «Тафсиру Ибн Касир»ни мухтасар ҳам қилган. У ҳам бир неча бор нашр қилинди. 

4. Имом Жалолиддин Суютийнинг «Ад-Дурул-мансур фит‑тафсир бил-маъсур» китоби.

Имом Суютий ҳижрий 849 санада Ражаб ойида туғилган. У кишининг отаси ўлимидан олдин ўғли Жалолиддинни бир неча кишига, жумладан, машҳур ҳанафий олим Камол ибн Ҳумомга топширди. Жалолиддин Суютий саккиз ёшидан Қуръони Каримни тўлиқ ва пухта ёд олди. Шу билан бирга, кўпгина матнларни ҳам ёд олди. У киши ўз замонасининг кўзга кўринган алломаларидан эллик бир кишидан дарс олди. Имом Жалолиддин Суютий кўп илмларда пешқадам бўлган. У кишининг ёзган китоблари беш юздан ортган. 

Имом Жалолиддин Суютий ўта сермаҳсул муаллифлардан бўлган. У кишининг таълиф қилиш қобилияти ниҳоятда юқори даражада эди. Имом Жалолиддин Суютийнинг шогирдларидан бири Довудий: «Шайхнинг бир кунда уч дафтарни тўлдириб ёзиб, таҳрир қилганини ўз кўзим билан кўрганман», дейди.

Имом Жалолиддин Суютий ҳадис ва унга боғлиқ илмлар бўйича ўз замонасининг кўзга кўринган алломаси бўлган. У киши икки юз минг ҳадисни ёд билган ва: «Яна бўлса, ёдлар эдим», деган. 

Имом Жалолиддин Суютий қирқ ёшга кирганида ибодатга ажралди. Дунё ва унинг аҳлидан юз ўгирди. Фатво ва дарс беришни ҳам тўхтатди. Умрининг охиригача «Равзатул-Миқёс» деган жойдан чиқмай яшади. 

Имом Жалолиддин Суютий 911 ҳижрий санада жумодул аввал ойининг ўн тўққизинчиси, жума куни саҳарда вафот этди. Аллоҳ таоло у кишини раҳмат айласин.

Имом Жалолиддин Суютий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ўн мингдан зиёд ривоятни келтириб, тўрт жилдлик «Таржиманул-Қуръан» деб аталган тафсир ёзган эди. Кейинроқ, одамларнинг кўплаб ривоятларни санади билан ўқишга ҳимматлари етмаётганини кўрганидан сўнг мазкур китобни мухтасар қилиб, «Ад-Дуррул-мансур фит‑тафсир бил-маъсур» деб атади. Ушбу тафсир фақат ривоятларгагина суянган ягона тафсирдир. 

Уламолар «Ад-Дуррул-мансур фит‑тафсир бил-маъсур»да заиф ривоятлар ҳам борлигини алоҳида таъкидлайдилар. 

«Ад-Дуррул-мансур фит‑тафсир бил-маъсур» тафсири нашр қилинган ва ундан аҳли илмлар фойдаланадилар.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусо алайҳиссаломнинг даврларидан кейин бир неча асрлар, қанчаданқанча авлодлар ўтиб кетди. Бу орада Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари унутилди ёки бузилди. Сен давоми...

6613 15:15 / 28.01.2019
3. Кишиларнинг ҳолини эътиборга олиш, ҳаётдаги ҳодисаларга ҳамоҳанг равишда умматни тарбиялаб бориш, ҳукмларнинг ҳаётийлигини таъминлаш.Қуръони каримнинг тарқоқ давоми...

5039 20:10 / 15.04.2019
18. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ одам борми Ана ўшалар Роббиларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар .Анавилар Роббилари шаънига ёлғон давоми...

3302 05:00 / 23.01.2017
Салафлар ndash Исломнинг аввали, яъни биринчи асрларида ўтган саҳобалар, тобеъинлар, табаъа тобеъинлар.Халафлар ndash салафлардан кейин келган мусулмонлар давоми...

3899 13:06 / 01.09.2020