Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (34-дарс). Маккий ва маданий оятларни билишга элтувчи йўл

16:00 / 21.05.2019 6696 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони карим оятларининг маккий ва маданийсини билишга элтувчи бирдан-бир йўл саҳоба ва тобеъинлардан нақл қилинган ишончли ривоятлардир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу борада бирон нарса нақл қилинмаган. Зотан, у зотнинг даврларида мусулмонлар бу каби маълумотларга муҳтож бўлмаганлар. Улар ваҳий билан ҳамнафас яшаганлар. Қуръони карим оятларининг қачон, қаерда ва не сабабдан нозил бўлишини ўз кўзлари билан кўриб, қулоқлари билан эшитиб турганлар.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтди:

«Ўзидан ўзга илоҳ йўқ Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг Китобида бирор сура йўқки, мен унинг қаерда нозил бўлганини билмасам. Аллоҳнинг Китобида бирор оят нозил бўлмаганки, мен унинг нима ҳақида нозил бўлганини билмасам. Агар Аллоҳнинг Китобини мендан яхшироқ биладиган бировни билсам-у, у туя ета оладиган жойда бўлса, унинг олдига албатта бораман».

Бухорий ривоят қилган.

Қуръони каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилган кўплаб кишиларнинг вакили бўлмиш Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг гапларига эътибор берайлик.

«Ўзидан ўзга илоҳ йўқ Аллоҳга қасамки...»

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўз гапларининг аввалида Аллоҳ таолонинг сифати ила қасам ичмоқдалар. Бу эса кейин келадиган гапда заррача шак-шубҳа йўқлигини билдиради.

«Аллоҳнинг Китобида бирор сура йўқки, мен унинг қаерда нозил бўлганини билмасам».

Қуръони каримни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилиб олган зотлар фақат унинг сўзларини ёдлашгагина аҳамият бермаган эканлар. Улар ҳар бир суранинг нозил бўлган вақтини ҳам, жойини ҳам очиқ-ойдин ва аниқ билар эканлар. Бу эса улар томонидан Қуръони каримнинг ҳар бир сурасига нисбатан бўлган беназир эҳтимомнинг аломатидир.

«Аллоҳнинг Китобида бирор оят нозил бўлмаганки, мен унинг нима ҳақида нозил бўлганини билмасам».

Қуръони каримни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилиб олган зотлар ҳар бир суранинг нозил бўлган вақтини ҳам, жойк-ини ҳам очиқ-ойдин ва аниқ билиш билан кифояланиб қолмасдан, ҳар бир оятнинг нима ҳақида нозил бўлганини ҳам яхши билар эканлар. Бу ҳам улар томонидан Қуръони каримнинг ҳар бир оятига нисбатан бўлган беназир эҳтимомни кўрсатади.

«Агар Аллоҳнинг Китобини мендан яхшироқ биладиган бировни билсам-у, у туя ета оладиган жойда бўлса, унинг олдига албатта бораман».

Қуръони каримни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилиб олган зотлар ўзлари билган нарса билан кифояланиб қолмаган эканлар. Улар Қуръони каримдан ўзлари билмаган нарсанинг хабарини эшитишлари билан, ўша нарсани ўрганиш учун ҳамма имкониятларини ишга солганлар.

 

Маккий ва маданий оятларнинг аломатлари 

 

Юқорида саҳоба ва тобеъинлардан нақл қилинган ишончли ривоятлар оятларнинг маккий ёки маданийлигини билиш воситаси экани таъкидлаб ўтилди. Лекин шу билан бирга, уламоларимиз уларни бир-биридан ажратиб олишда ёрдамчи омиллар – бир қанча аломатлар борлигини ҳам таъкидлаганлар. 

Маккий сураларнинг аломатлари қуйидагилар:

1. Сажда ояти бор суралар маккийдир.

2. Ичида «Каллаа» лафзи бор суралар маккийдир. 

Бу лафз Қуръони каримнинг иккинчи ярмида ўн бешта сурада ўттиз уч марта келган.

3. «Йаа айюҳаннасу» жумласи бор аксар суралар (ҳаммаси эмас) маккийдир. 

4. Анбиёлар ва ўтган умматларнинг қиссалари бор суралар маккийдир. Бақара сураси бундан мустасно.

5. Одам Ато ва шайтон қиссаси бор суралар маккийдир. Бақара сураси бундан мустасно.

6. «Алиф лаам мим»га ўхшаш муқаттаъот ҳарфлар билан бошланган суралар маккийдир. Бақара ва Оли Имрон бундан мустасно.

7. Маккий сураларнинг оятлари одатда қисқа бўлади.

8. Аллоҳнинг ягоналиги ва сифатлари, Қуръон ва пайғамбарнинг ҳақлиги, мушриклар танқиди, мусулмонларга хос одоб-ахлоқ, қиёмат куни, эътиқод масаласи каби мавзуларни баён қиладиган суралар маккийдир. 

Маданий сураларнинг аломатлари қуйидагилар:

1. Фарз ибодатлар ҳақидаги оятлари бор суралар маданийдир.

2. Мунофиқлар ҳақидаги оятлари бор суралар маданийдир.

3. Аҳли китоблар билан тортишувлар зикр этилган оятлари бор суралар маданийдир.

4. Насоро ва яҳудийларга хитоб оятлари бор суралар маданийдир.

5. Узун-узун оятлари бор суралар маданийдир.

6. Муомалот, оила масалалари, мерос, уруш ва тинчлик каби мавзулардаги оятлари бор суралар маданийдир.

Яна уламоларимиз Қуръони карим сураларини тўлиқ маккий, тўлиқ маданий ҳамда аралаш сураларга тақсимлаганлар. Мисол учун:

Муддассир сураси тўлиқ маккийдир.

Оли Имрон сураси тўлиқ маданийдир.

Аъроф сурасида бир қавлга қараганда, битта, бошқа қавлга қараганда, бир нечта маданий оят бор. Қолгани маккийдир.

Ҳаж сурасининг тўрт ояти маккий, қолганлари маданийдир.

Шунингдек, маккий ёки маданийлигида иттифоқ қилинган ва қилинмаган суралар ҳам бор.

Маданийлигига иттифоқ қилинган суралар йигирмата бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анфол, Тавба, Нур, Аҳзоб, Муҳаммад, Фатҳ, Ҳужурот, Ҳадид, Мужодала, Ҳашр, Мумтаҳана, Жума, Мунофиқун, Талоқ, Таҳрийм ва Наср.

Маккий ёки маданийлигида ихтилоф қилинган суралар ўн иккита бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

Фотиҳа, Раъд, Раҳмон, Саф, Тағобун, Мутоффифун, Қадр, Баййина, Залзала, Ихлос, Фалақ ва ан-Наас.

Қолган сураларнинг барчаси – саксон иккитаси маккийдир.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
123. Батаҳқиқ, Бадрда оз бўлсаларингизлар ҳам, Аллоҳ сизларга нусрат берди. Бас, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки шукр қилсангиз.Бадр урушида мушрикларнинг сони минг давоми...

4858 05:00 / 23.01.2017
Имом Али алКисоий қироати.1 Абу Амр адДурий ривояти.Бизга уни Муҳаммад Абу Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Умар ибн Муҳаммад алМуаддал хабар берган. У айтганки.Бизга давоми...

1753 13:30 / 02.03.2021
13. Луқмон ўғлига ваъзнасиҳат қилиб айтганларини эсла .Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир,.Боласига панднасиҳат қилиш отанинг давоми...

6690 05:00 / 23.01.2017
Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва солиҳ амалларни қилувчи мўминларга хушхабарини берурки, албатта, ўшаларга улуғ ажр бордир.Аллоҳ таоло Ўзининг давоми...

4092 17:48 / 22.02.2018
Аудиолар

135329 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55579 14:35 / 11.08.2021