1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Юнус сураси, 83-89

05:00 / 23.01.2017 4565 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

quran.uz

83. Мусога ўз қавмидан баъзи зурриётларгина Фиръавн ва амалдор-зодагонларининг фитна қилмоқларидан қўрққан ҳолларида иймон келтирдилар, холос. Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетган эди. Албатта, у исрофчилардан эди.

Мусо алайҳиссаломнинг шунчалик оят-мўъжизалар кўрсатишига, сеҳргарлар билан бўлган муборазада ютиб чиқишларига қарамай, кўпчилик иймон келтирмади. Фақат ўз қавмларидан баъзи «зурриётлар»гина иймон келтирдилар. Тафсирчиларимиз «зурриётлар»ни ёшлар деб талқин этганлар.
Бунинг сабаби нимада? Албатта, бу Аллоҳнинг иродасига боғлиқ иш. Лекин ҳаётда синалгани шуки, давлат бошлиғи ва унинг амалдорлари динга қарши бориб, душманлик қилиб турганларида, авом халқнинг динга берилиши қийин бўлади. Айниқса, катта ёшдагилар ўзлари ўрганиб қолган нарсани ташлаб динга ўтишга унча шошилмайдилар. Аммо ёшлар қалблари покроқ бўлганидан ҳақ динга юришлари мумкин. Гарчи ҳукумат ва амалдорлар уларга фитна юборишларидан қўрқсалар ҳам. Оятдан мана шу маънолар келиб чиқади. Ўша пайтдаги ёшлар-зурриётлар Фиръавн ва унинг амалдорларининг фитнасидан қўрқиб бўлса ҳам, Мусо алайҳиссаломга иймон келтирдилар. Бошқа сураларда келган хабарлардан Фиръавннинг Мусо алайҳиссаломга иймон келтирганларни оғир қийноқларга солишни айтиб, таҳдид қилгани маълум. Аслида, унинг ўзи Аллоҳнинг амрини қабул этмасдан катта хато қилган эди.
«Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетган эди».
У лаънати одамларни Аллоҳнинг айтганини қўйиб, ўзининг айтганига юришга мажбур қилган эди. Уларни Аллоҳнинг ибодатидан тўсган эди.
«Албатта у (туғёнда) исрофчилардан эди».
Ўз фойдаси учун ҳар қандай зулм ва ваҳшийликдан қайтмас эди. Бундай жаббор ҳукм қилаётган юртдаги мўминларга осон бўлмайди. Шунинг учун ҳам иймон келтирган кишиларга қарата

quran.uz

84. Мусо: «Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирган бўлсангиз, агар мусулмон бўлсангиз, фақат Унгагина таваккал қилинг», деди.

Мўмин-мусулмон одам фақат Аллоҳ таологагина суянади. Зотан, ҳақиқий иймон ва Исломнинг тақозоси шудир.
Пайғамбарларидан бу хитобни эшитган мўминлар –

quran.uz

85. Улар: «Аллоҳгагина таваккал қилдик. Роббимиз, бизни золим қавмларга фитна қилиб қўйма.

quran.uz

86. Ва Ўз раҳматинг ила бизга кофир қавмлардан нажот бергин», дедилар.

Мусо алайҳиссаломга иймон келтирган мўмин-мусулмонлар фақат Аллоҳгагина суянишларини очиқ-ойдин эълон қилдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳга илтижо этмоқдалар:
«Роббимиз, бизни золим қавмларга фитна қилиб қўйма».
Арабчада «фитна» сўзи синов маъносини англатади. Жумладан, темирни ўтга солиб синаб кўришни ҳам фитна дейишади. Шунингдек, фитна сўзи «алдов» ва «адашув» маъносини ҳам англатади. Ушбу оятда эса, мўминлар Аллоҳдан золим қавмларни улар устидан ғолиб қилиб қўймасликни сўрашмоқда. Чунки бу иш фитнага сабаб бўлиши мумкин. Мўминлар, уларнинг ишлари тўғри экан-да, бўлмаса нима учун бизга ғолиб келишади, деган хаёлга боришлари мумкин. Бу эса, катта фитнадир. Аслида, Аллоҳ кофирларни билдирмай олиш учун аввал уларга зоҳиран ғалаба бериб ҳам туриши мумкин. Аммо бу мўминлар гуруҳи шуни ҳам хоҳламаяптилар. Кейинги жумладан уларнинг ниятлари яна ҳам равшан билинади:
«ва Ўз раҳматинг ила бизга кофир қавмлардан нажот бергин».
Кейин Аллоҳ таоло уларга бундай шароитда нима қилиш лозимлигини ўргатганининг хабари берилади:

quran.uz

87. Биз Мусога ва унинг биродарига: «Икковингиз қавмингиз учун Мисрда уйлар тайёрланг, уйларингизни қибла қилиб, намозни тўкис адо этинглар ва мўминларга хушхабар бер», деб ваҳий юбордик.

Мўминлар оз сонли, кучсиз. Кофирлар эса, кўп, қувватли. Ҳукм, салтанат уларнинг қўлида. Кўп сонли аскарлари бор. Нима қилиш керак? Аллоҳ таоло мўминлар жамоаси раҳбарлари бўлмиш Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларга нима қилиш кераклигини ўргатиб, ваҳий йўллади:
«Икковингиз қавмингиз учун Мисрда уйлар тайёрланг», деб амр этди.
Демак, иймон келтирганлар кофир ва мунофиқларнинг фитнасидан қўрқсалар, ўзларини улардан узоқроқ тутишга ҳаракат қилишлари лозим.
Аллоҳ таоло кўрсатмалари давомида:
«Уйларингизни қибла қилиб, намозни тўкис адо этинглар», демоқда.
Уламоларимиз бу ояти каримадаги «қибла»ни «ибодат жойи» деб таъвил қилганлар. Демак, мўминлар учун тайёрланган ўша жойларда ибодат, намоз ўқиш ила кўпроқ машғул бўлиш керак. Бу нарса руҳий ва маънавий тайёргарликнинг олий босқичидир. Чунки олдинда кўп машаққатли ишлар турибди. Узоқ ва тўсиқларга тўла йўл турибди. Ҳозирдан руҳий ва маънавий тайёргарликни пухта қилиб бориш керак. Бусиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда: «Эй иймон келтирганлар, сабр ва намоз ила ёрдам талабида бўлинглар», деган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир ишдан ташвишга тушсалар, намоз ўқишга шошилганлар. Ана шу кўрсатмаларга амал қилиб бораверилса, иншааллоҳ, зафар ёр бўлади. Шу боис ҳам:
«Мўминларга хушхабар бер», деб ваҳий юбордик».
Шунда Мусо алайҳиссалом Аллоҳга қуйидаги илтижо билан мурожаат этди:

quran.uz

88. Мусо: «Эй Роббимиз, Сен Фиръавнга ва унинг амалдорларига зебу зийнат ва молу дунё бердинг. Роббимиз, бу Сенинг йўлингдан адаштиришлари учундир. Роббимиз, уларнинг молларини йўқ қилгин ва қалбларини қаттиқ қилгин, то аламли азобни кўрмагунларича иймонга келмасинлар», деди.

Мусо алайҳиссалом Фиръавн, унинг амалдорлари ва қавмини тўғри йўлга чақириб қаттиқ уриндилар. Турли томондан ҳаракат қилиб кўрдилар. Аммо бирон фойда чиқмади. Улардан умидлари тамоман узилгандан кейин дуоибад қилишга мажбур бўлдилар. Дуо қилганларида ҳам улар кишиларни диндан қайтариш учун қурол қилиб олган энг кучли омилларининг зиддига дуо қилдилар.
«Эй Роббимиз, Сен Фиръавнга ва унинг амалдорларига зебу зийнат ва молу дунё бердинг. Роббимиз, бу Сенинг йўлингдан адаштиришлари учундир».
Кофир ва бузғунчилардаги зебу зийнат ва молу дунё доимо иймон ва Ислом учун кони зарар бўлади. Чунки уларнинг бу ҳолини кўрган баъзи мўминлар нафсига ғулғула тушиши, ҳатто йўлдан озишлари ҳам мумкин. Қолаверса, кофир ва бузғунчилар ўзларига берилган молу дунёдан кишиларни дин йўлидан тўсиш ёки уларни диндан чиқаришда фойдаланишлари турган гап. Шунинг учун ҳам Мусо алайҳиссалом Аллоҳга илтижо қилиб:
«Роббимиз, уларнинг молларини йўқ қилгин», демоқда. 
Токи улар ўзларининг бузғунчи ниятларини рўёбга чиқариш воситасидан маҳрум бўлсинлар.
Мусо алайҳиссаломнинг кофир ва бузғунчиларга қарши қилган дуоларининг энг шиддатли жойи қуйидаги жумлада аксини топган:
«ва қалбларини қаттиқ қилгин, то аламли азобни кўрмагунларича иймонга келмасинлар».
Мусо алайҳиссалом улардан бутунлай умидлари узилганидан кейингина шундай деганлар. Бундай одамлар гуноҳ, жабр ва зулм қилганлари сари яна ҳам ашаддийлашиб бораверадилар. Шу ҳолда умрлари ўтади, фақат аламли азобга рўбарў қилинганларида иймонга келадилар. Аммо кеч бўлади. У вақтда иймон ҳисобга ўтмайди.
Уламоларимиз шунга ўхшаш ҳолатларни тушунтириш учун баъзан латифалар ҳам келтирадилар:
Бир киши биродарига ўша замондаги подшоҳнинг ҳолидан ажабланиб: «Бу подшоҳ шунча зулм, жабр-ситам ва шаккоклик қилса ҳам, унга ҳеч нарса бўлмайди-я?» дебди. Шериги бунга жавобан: «Аллоҳ унга жаҳаннамда тайёрлаб қўйган азобларга лойиқ ҳолга етмаган бўлса керак-да», деган экан.
Лекин мўминлар тушкунликка тушмасинлар, умидсизланмасинлар. Ихлослари етарли бўлса, Аллоҳ уларни ҳеч ташлаб қўймайди. Мана, Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг дуоларини ҳам қабул қилганининг хабарини бермоқда:

quran.uz

89. У: «Батаҳқиқ, икковингизнинг дуоингиз қабул бўлди. Бас, собит туринглар ва билмайдиганларнинг йўлига эргашманглар», деди.

Яъни, Аллоҳ айтмоқдаки, эй Мусо ва Ҳорун, 
«Батаҳқиқ, икковингизнинг дуоингиз қабул бўлди».
Мен ирода этдим. Сизнинг сўраганингиз бўлади. Фиръавн ва унинг қавми ҳалок бўлади. Аммо бу юзага чиққунча, сизлар ўз йўлингизда:
«собит туринглар ва билмайдиганларнинг йўлига эргашманглар».
Одатда, қийин ҳолга тушиб қолган кишиларга ҳар ким ўзича йўл кўрсатаверади. Уларнинг ҳаммаси тахминни гапиради. Мўминлар эса, уларга эътибор бермасдан, Аллоҳнинг кўрсатганидан қолмасликлари керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Агар куфр келтирсангиз, албатта, Аллоҳ сиздан беҳожатдир. У Зот Ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас. Агар шукр келтирсангиз, сиздан рози бўлур. Ҳеч бир давоми...

5191 19:52 / 11.05.2018
Уламоларнинг аввал ўзимиз ўрганиб ўтган муташобиҳнинг таърифи ва унинг қисмлари ҳақидаги гапларидан бу масалада улар икки гуруҳга тақсимланишлари аён давоми...

3609 13:00 / 10.11.2020
Ҳалимий шундай дейди.Ҳар ўн ёки беш оятни ажратувчи белгилар, сураларнинг исмлари ва оятларнинг сонларини Қуръонга ёзиш .Қуръонни холи тутинглар, деган қавлга давоми...

5641 14:00 / 10.03.2020
35. Сен .Сизнинг шерик келтираётганларингиз орасида ҳаққа ҳидоят қиладигани борми, деб айт. Сен .Аллоҳ ҳаққа ҳидоят қиладир. Эргашишга ҳаққа ҳидоят қиладиган зот давоми...

3713 05:00 / 23.01.2017