1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Фуссилат сураси, 25-32

05:00 / 23.01.2017 4089 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

25. Биз уларга «дўстлар» тайёрладик. Бас, ўшалар уларга олдиларидаги ва ортларидаги нарсаларни зийнатлаб кўрсатдилар ва уларга ҳам ўзларидан олдин ўтган жин ва инсдан бўлган умматлар қатори (азоб) сўзи ҳақ бўлди. Албатта, улар зиёнкор бўлдилар. 

Ушбу оятда Аллоҳнинг душманлари, кофир ва мушриклар бу дунёда яшаб юрган чоқларида Аллоҳга иймон келтиришдан кибру ҳаво ила бош тортганларидан кейин нима содир бўлгани ҳақида сўз кетмоқда.

«Биз уларга «дўстлар» тайёрладик».

Бу дунёда Аллоҳ таоло ўша кофирларга яқин бир дўстлар ато этди.

«Бас, ўшалар уларга олдиларидаги ва ортларидаги нарсаларни зийнатлаб кўрсатдилар»

Яъни, ўша яқин дўстлар кофирларга  сен қилган иш жуда яхши иш, қилавериш керак, зўр бўлади, деганга ўхшаш гаплар билан гуноҳларни зийнатлаб кўрсатдилар. Шунингдек,  бопладинг, қоилмақом бўлди, ҳеч бундай ажойиб иш қилинмаган, деб гуноҳларни зийнатлаб кўрсатдилар. Кофир ва осийлар бундан хурсанд бўлиб, яна ҳам кўпроқ гуноҳ қилишга ўтдилар.

Инсонга ёмон иши, гуноҳ амали яхши бўлиб кўриниши энг катта балодир. Одам боласига энг катта мусибат хатолари ва гуноҳларини ҳис этиш туйғусини йўқотиши оқибатида етади. У ўзининг ҳар бир ишини яхши, гўзал деб билади. Унинг атрофидаги дўстлари ҳам буни тасдиқлаб туради. Агар яқин дўстлар унга аввалги гуноҳларини ҳам, бўлажак гуноҳларини ҳам зийнатлаб кўрсатаверсалар, улар уни жаҳаннам томон мақтаб-мақтаб олиб кетаётган бўладилар. Аслида дўстлик эмас, душманлик қилаётган бўладилар. Оқил инсон маслаҳатгўйнинг маслахатидан ким дўст, ким душман эканини билиб олади. Дўст ачитиб гапиради, душман кулдириб. Яқин дўстлари мақтовидан шод бўлиб, ўз амали ўзига зийнатли туюлганлар  бориб-бориб ҳалокатга йўлиқдилар.

«...ва уларга ҳам ўзларидан олдин ўтган жин ва инсдан бўлган умматлар қатори (азоб) сўзи ҳақ бўлди».

Улардан олдин ўтган умматларнинг барчасига, агар Аллоҳга душман бўлса, азоб сўзи ҳақ бўлган эди. Уларга ҳам худди ўша илгари ўтганлар каби азоб сўзи ҳақ бўлди.

«Албатта, улар зиёнкор бўлдилар».

Улар зиёнкор бўлмай, ким зиёнкор бўлсин?

Келаси оятда мазкур «дўстларнинг» берадиган маслаҳатларидан намуна келтирилади:


26. Куфр келтирганлар: «Бу Қуръонга қулоқ солманглар, унга халақит беринг, шоядки ғолиб бўлсангиз», дедилар.

Бу оят кофирларнинг бир-бирларига Қуръони Каримга нисбатан муносабати юзасидан берган маслаҳатлари ҳақида хабар бермоқда. Улар бир-бирларига:

«Бу Қуръонга қулоқ солманглар...» деганлар. 

Чунки қулоқ солса, таъсирланиб иймонга келиб қолади. Кофирлар шундан қўрқади. Шунинг учун Аллоҳнинг душманлари бўлган кофирлар ҳатто араб тилини билмайдиган кишиларга ҳам Қуръонни эшитирмасликка уринадилар.

«...унга халақит беринг...»

Халақит бериш турлича бўлади. Мисол учун, Абу Жаҳл: «Муҳаммад қироат қилган вақтда унинг юзига қараб қичқиринглар, токи нима деяётгани билинмасин», деган.

Баъзилари қироат пайтида хуштак ёки қарсак чалган. Баъзилари ўзларича шеър ва балоғатли сўзларни айтиб, кишиларни Қуръондан чалғитишга интилган. Молик ибн Назрга ўхшаганлар Исфандиёр ва Рустамнинг қиссаларини айтганлар. Қадимги кофир ва мушриклар ўз воқеъликларидан келиб чиқиб Қуръонга халақит беришга уринганлар. Кейинги мушрик ва кофирлар ҳам ўз воқеъликлари даражасида Қуръонга халақит беришга уриниб келдилар ва уринмоқдалар. Лекин ҳаммасининг мақсади бир:

«...шоядки ғолиб бўлсангиз», дедилар».

Аммо кофирлар эмас, доимо Қуръон ғолиб бўлиб келмоқда. Чунки Қуръон ҳақ, кофирлик ботилдир. Ҳақ доимо ботил устидан ғолиб бўлади. Қуръонга қарши чиққан кофирларга Аллоҳ таоло тайёрлаб қўйган азоблар бор.


27. Бас, албатта, Биз куфр келтирганларга шиддатли азобни тоттирамиз ва, албатта, уларга қилиб юрган амалларининг энг ёмон жазосини берамиз.

Куфр келтирганлар жуда қаттиқ азобга йўлиқадилар. Уларнинг гуноҳлари, ёмон амаллари  жазосиз қолмайди. Уларга жуда оғир жазо берилади.


28. Мана, Аллоҳ душманларининг жазоси дўзахдир. Уларга унда абадийлик диёри бор. Оятларимизни инкор қилганларининг жазоси шудир.

Гап шу, бошқача бўлиши мумкин эмас. Аллоҳга душман кофирларнинг охиратдаги жазоси дўзах бўлади. Улар дўзахда абадий қоладилар. Бу даҳшатли азоб ва жазо улар оятларимизни инкор этганликлари учун берилади.

Дўзах азобига дучор бўлганларидан сўнггина уларнинг ақллари киради. Шундан кейин ўзларининг дўзахийлигига сабабчи шахсларни ахтара бошлайдилар. Улардан ўч олмоқчи бўладилар.


29. Куфр келтирганлар: «Эй Роббимиз, бизни адаштирган жин ва инсдан бўлган шахсларни бизга кўрсатгин, уларни оёқларимиз остига олайлик, токи улар энг пастлардан бўлсинлар», дедилар.

Ҳаёти дунёда яқин дўст бўлиб, уларнинг чиройли гапларидан қувониб юриб, энди бу гапларни айтмоқдалар. 

«Куфр келтирганлар: «Эй Роббимиз, бизни адаштирган жин ва инсдан бўлган шахсларни бизга кўрсатгин»,

Шу ерда ҳам айбни бошқаларга ағдармоқчи бўладилар. Ўзлари бу дунёда дўст бўлиб юрганларни ўзларининг дўзахга тушишиларига асосий сабаб деб биладилар. Шунинг учун Роббил оламийндан ўша ўз дўстларини, дўстлик қилиб, жаҳаннамга йўллаганларни кўрсатиб қўйишни сўрайдилар. Воажаб, уларни кўриб нима қилар эканлар? Бу саволнинг жавоби дўзахиларнинг гапининг давомидадир.

«уларни оёқларимиз остига олайлик, токи улар энг пастлардан бўлсинлар», дедилар».

  Ҳа, энди маълум бўлди. Улар ўз дўстларидан интиқом олмоқчи эканлар. Улар ўз дўстларини жаҳаннам ичида туриб, оёқлари остига олиб, яхшилаб тепкилаб, хумордан чиқмоқчи, уларни ўзи шундоқ ҳам паст бўлган жаҳаннамийлар ичида энг пастлардан қилсоқчи эканлар.

Лекин энди кеч. Вақт ўтди.

Кофирларнинг аянчли аҳволидан фарқли ўлароқ, мўминларнинг ҳолати тамоман бошқача бўлади:


30. Албатта, «Роббимиз Аллоҳ» деган, сўнгра мустақийм бўлганларнинг устиларидан фаришталар:»Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар, ўзингизга ваъда қилинган жаннат хушхабарини қабул қилинглар.

31. Биз ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизга у(жаннат)да кўнглингиз иштаҳа қилган нарса бордир ва сизга унда орзу қилинган нарсангиз бордир.
32. Бу ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдан зиёфатдир», деб тушарлар.

Ушбу уч оятдаги васф мўминларнинг қанчалик саодатли инсонлар эканини кўрсатади.

Мўминлар аввало: 

«Роббимиз Аллоҳ», деб Аллоҳ таолонинг ўзларига Робб эканини, холиқ, розиқ, мудаббир ва тарбиячи эканини тан олган зотлардир. Аллоҳга иймон келтирганларидан кейин эса, ўша, «Роббимиз Аллоҳ» деган сўзларида мустақийм турган зотлардир. 

Уларнинг қалблари «Роббимиз Аллоҳ»да мустақиймдир. 

Уларнинг ишлари «Роббимиз Аллоҳ»да мустақимдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларга алоҳида муносабатда бўлади.

Кейин мўминларга кофирларга ўхшаб инсу жиндан иборат ёмон дўстлар эмас, фаришталар яқин бўлади. Сўнгра эса, уларга икки дунёда ҳам хотиржам қилувчи қуйидаги хабарлар айтилади:

«Албатта, «Роббимиз Аллоҳ» деган, сўнгра мустақийм бўлганларнинг устиларидан фаришталар:Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар...»

Келажакда, охиратда ҳолимиз не кечар экан, деб қўрқманглар, кўнглингизга ҳеч қандай хавф келмасин. Қилиб ўтган ишларимиз натижаси қандай бўлар экан, деб ҳам маҳзун бўлманглар. Сизлар учун келажакда ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Қилган ишларингизнинг натижаси ҳам яхши. Чунки сиз, «Роббимиз Аллоҳ», дедингиз ва ўша сўз тақозосига кўра мустақийм туриб умр кечирдингиз.

«...ўзингизга ваъда қилинган жаннат хушхабарини қабул қилинглар».

«Роббимиз Аллоҳ», деб мустақийм турганларга жаннат ваъда қилинган эди. Сиз ўша шартни амалга оширдингиз, яъни, «Роббимиз Аллоҳ», дедингиз ва мустақийм турдингиз. Энди ўша ваъда қилинган жаннат сизга, албатта, берилади, бу хушхабарни қабул қилинг.

«Биз ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз».

Кўнглингиз тўқ бўлсин.

«Сизга у(жаннат)да кўнглингиз иштаҳа қилган нарса бордир...»

Нимани кўнглингиз тусаса, сиз учун дарҳол муҳайё қилинади.

«...ва сизга унда орзу қилинган нарсангиз бордир».

Жаннатда сиз нимани орзу қилсангиз, ўша нарса бўлади.

«Бу ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдан зиёфатдир».

Мазкур васф қилинган жаннат ва унинг неъматлари мағфиратли ва ўта раҳмли бўлган Аллоҳ таолонинг зиёфатидир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одатда, бирор китобни қўлга олганда, унинг исмини ўқиш билан ичида нима ҳақда гап кетиши аниқ бўлади. Бирор маълум нарса ҳақида маълумот олмоқчи бўлган шахс ўша давоми...

7614 09:18 / 04.11.2017
61. Осмонда буржлар қилган ва унда чироқ ва нур сочгувчи ой қилган Зот баракотлибуюк бўлди.Осмондаги юлдузларнинг буржларини Аллоҳ яратмаса, ким ярата олар эди давоми...

7167 05:00 / 23.01.2017
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳнинг китобида ўз райи билан гапириб тўғри айтган бўлса ҳам давоми...

3501 05:00 / 19.01.2017
7. Исломга даъват қилиниб турганида Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ киши борми Ҳолбуки, Аллоҳ золимларни ҳидоятга солмас.Яъни, инсон Исломга давоми...

4862 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

131588 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52065 14:35 / 11.08.2021