Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (21-дарс). Аллоҳнинг сифатлари ва салафлар

12:10 / 18.02.2019 6358 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Асмоул ҳусна – гўзал исмлар тўғрисидаги оят ва ҳадислар мусулмонларнинг катта эҳтимомларига сазовор бўлган.

Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларини уларнинг ичидан биринчилардан бўлиб ақоид илми уламолари чуқур ўрганганлар. Ақоид уламоларининг барчаларининг: эскиларининг ҳам, янгиларининг ҳам, салафларининг ҳам, халафларининг ҳам бу изланишдан мақсадлари битта – Аллоҳ таолони У Зотга нолойиқ сифатлардан поклаш бўлган.

Шу ерга келганда «салаф»лар дейилганда луғатда умуман, ўтганларни, истилоҳда эса биринчи уч асрда ўтган мусулмонларни тушуниш лозимлигини айтиб қўймоғимиз керак.

Салафларнинг араб тилини билиш ва диний эътиқод даражалари олиймақом бўлганини ҳамма жуда яхши билади. Бунинг устига, уларнинг вақтида турли ихтилофлар, фирқалар, фалсафалар бўлмаган, бўлса ҳам, кучсиз ва таъсирсиз бўлган. Шунинг учун ҳам улар бошқа илмлар каби ақоид илмида ҳам турли уринишларга муҳтож бўлмаганлар.

Имом Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Ал-Фиқҳул Акбар» номли китобларида қуйидагиларни айтадилар:

«У Зот махлуқотларидан ҳеч нарсага ўхшамайди. У Зотга Унинг махлуқотларидан ҳеч нарса ўхшамайди. У Зотнинг сифатларининг барчаси махлуқларнинг сифатининг хилофидир. У Зот бизнинг илмимизга ўхшамас илм билан билади. У Зот бизнинг қудратимизга ўхшамас қудрат ила қодир бўлади. У Зот бизнинг кўришимизга ўхшамас кўриш ила кўради. Аллоҳ таоло Қуръонда юз, қўл ва жонни зикр қилган бўлса, улар У Зот учун кайфияти йўқ сифатлардир».

Имом Бухорийнинг шайхи Нуъайм ибн Ҳаммод ал-Хузоъий қуйидагиларни айтган:

«Ким Аллоҳни У Зотнинг махлуқотларига ўхшатса, батаҳқиқ, кофир бўлади. Ким Аллоҳ Ўзини васф қилган нарсани инкор қилса, батаҳқиқ, кофир бўлади. Аллоҳ ва У Зотнинг Расули У Зотни васф қилган нарсада ўхшатиш йўқ. Ким Аллоҳ таоло учун очиқ-ойдин оятлар ва саҳиҳ хабарларда келган нарсаларни Аллоҳнинг жалолига лойиқ равишда собит қилса ва Аллоҳдан нуқсонларни қайтарса, батаҳқиқ, ҳидоят йўлига юрган бўлади».

Аввал таъкидлаб ўтганимиздек, бу маънода салаф – ўтган мусулмон авлодлар ва уламоларнинг тутган йўллари бор нарсани ўзича қабул қилиш, бошқа нарса ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаслик бўлган. Бунинг мисолини «Аршга истиво» номи билан машҳур масалада кўришимиз мумкин.

Бу ҳақдаги ояти карималарда «Алал Арши истава» бирикмаси Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилади. Агар матнни сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, «Аллоҳ Аршга баробарлашди» маъноси келиб чиқади. Ўтган авлодларда «Бу маънони Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қиламиз, бу ҳақда сўз очмаймиз», деб келишилган. Чунки у вақтда ҳамма яхши тушунчага эга бўлган, содда ҳаёт кечиришган ва турли фитналарга дучор бўлишмаган. Шу билан бирга, ушбу масалани кўтариб турадиган баъзи шахслар ҳам топилган. Лекин кўпчилик уларни «фитначи» деб номлаб, ўз фикрларини тарқатишларига йўл қўймаган. Шу билан мусулмонлар оммаси тинч-омон юрган.

Бу масалада имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг тутган мавқифлари ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлган. Ривоятларда келишича, бир киши имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига кириб, истиво ҳақида сўраган экан. Шунда имом Молик:

«Истиво маълум. Унинг қандайлиги номаълум. Унга иймон келтириш вожиб. У ҳақда савол бериш бидъат. Сен бидъатчи экансан! Чиқаринглар буни менинг олдимдан!» деган эканлар.

Салафи солиҳларимиз шу йўл билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг поклиги, ўхшаши йўқлиги ва бошқа барча камолот сифатларига бўлган тўғри эътиқодни сақлаб туришган.

Вақт ўтиши билан Ислом давлати ҳудудлари кенгайиб, турли халқлар, ҳар хил «дин», фалсафа ва мафкурага эга одамлар ҳам Исломни қабул қилишди ёки мусулмонлар билан аралашиб яшай бошлашди. Табиийки, улар ўзларининг эски фикр ва тасаввурларидан бирдан ва тўла узилиб чиқа олмас эдилар. Шу билан бир вақтда, Ислом душманлари ҳам доимий равишда турли иғволар қилиб туришар эди. Улар мусулмонларнинг ақийдаларига футур етказиш мақсадида турли шубҳали масалаларни ғоят усталик ила ўртага ташлашар эди. Ана шундай масалаларнинг энг катталаридан бири Аллоҳ таолонинг сифатларига оид оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларини мисол қилиб, мусулмонлар ақийдасига зарар етказишга уриниш бўлди. Аллоҳнинг қўли, кўзи ёки У пок Зотга нисбат берилган бошқа сифатлари таърифида фитна қўзғаб, кишиларни кўплаб залолатга кетказиш бошланди. Анчагина тоифалар бу масалада куфрга кетдилар.

Энди салафи солиҳларга ва имом Моликка ўхшаб, «Бу масалада савол бериш бидъатдир», деб фатво чиқариш иш бермайдиган ҳолга келди. Балки бунга ўхшаш масалада савол сўрамайдиган одамнинг ўзи қолмади.

Ана шундай нозик бир пайтда Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий каби буюк алломалар ақийданинг софлигини сақлаб қолиш учун катта хизмат қилдилар. Бошқа нозик масалалар қатори Аллоҳ таолонинг сифатларига оид масалада ҳам ҳал қилувчи ечим топдилар. Бузғунчилар: «Аллоҳнинг Аршга истиво қилиши, унга баробарлашишидир», деган бўлсалар, халафлар, яъни кейинги уламоларимиз: «Йўқ, унда Аллоҳга нуқсон нисбати берилган бўлади, шунинг учун истивони Аллоҳ таолонинг бошқа баркамол сифатларига мос равишда тушунмоқ керак», дедилар.

Шу тариқа «Истиво – қувват ва султон ила эга бўлмоқдир», дея таъвил қилинди. Бунда ҳам, худди салафи солиҳларга ўхшаб, Аллоҳ таолони турли нуқсонлардан поклаш қасд қилингандир. Ҳам салаф, ҳам халаф уламоларимизнинг мақсадлари бир бўлган. Фақат мақсадга етиш учун ўз замонларига ва шароитларига мос йўл тутишган, холос. Сиз билан бизлар ҳам бу масалада жуда эҳтиёт бўлиб, ихтилоф қилмай иш тутмоғимиз лозим.

Бу борада айниқса имом Абул Ҳасан Ашъарийнинг тутган йўлларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ зарур деб биламиз. У киши ўзларининг «Ал-Ибона» ва бошқа дастлабки китобларида салаф уламолари йўлини тутган бўлсалар, «Ал-Ламаъ» каби кейинги китобларида халаф уламолари йўлини тутганлар. Шароит шуни тақозо қилган. Ушбу ҳолатга кўра, Абул Ҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақидаги масалада салаф уламолари йўлидан халаф уламолари йўлига ўтиш ҳалқаси бўлган, дейишимиз мумкин.

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. .Фиқҳул Акбар,. Бу илмнинг энг қадимги номларидан бири .Фиқҳул Акбар, илмидир. Бу номни берган киши имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидирлар ҳижрий 150 давоми...

1675 19:00 / 12 февраль
Одамнинг қиёмат куни қайта тирилтирилиши ҳадиси шарифда ҳам баён қилинган ва бу баённи ҳозирги замон илми тасдиқлади. . . . . . Абу давоми...

1552 19:00 / 26.06.2023
Биринчидан Кофирлик динда билиш зарур бўлган нарсалардан бирини инкор қилиш билан бўлади. Бошқача қилиб айтганда, иймон келтириш вожиб бўлган ҳар бир нарсани давоми...

1067 19:00 / 01 июль
Биз юқорида Аллоҳ таолонинг нақлий ва ақлий далиллар билан собит бўлган бир қанча сифатларини ўрганиб чиқдик. Ана ўша сифатларга иймон келтириш лозим ва давоми...

4219 23:12 / 02.12.2016