Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (52-дарс). Ҳазрати Абу Бакр даврларида Қуръоннинг жамланиши

14:05 / 24.09.2019 6093 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг мусулмонларга Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошлиқ этиб сайландилар. У кишининг даврларида диндан қайтганлар билан мусулмонлар орасида қаттиқ жанг­лар бўлди. Шу жангларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Шунда ҳазрати Умар Абу Бакрга (Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин): «Қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин, шунинг учун уни китоб шаклига келтириб, жамлаб қў­йиш керак», деган маслаҳатни бердилар.

Аввал бошда ҳазрати Абу Бакр иккиланиб турдилар, чунки бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида қилинмаган эди. Кейинроқ эса Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам Қуръонни китоб шаклига келтириб қўйиш зарур эканини англаб етдилар ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни чақириб, бу ишни амалга оширишни у кишига топширдилар. Чунки Зайд ибн Собит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жуда кўп бирга бўлган, Қуръонни энг яхши ёд олган ва уни Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларида ёзган, Пайғамбаримиз вафот этадиган йиллари Жаброил фариштага Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб ўтказганларида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлган эди.

Зайд ибн Собит, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо ва бошқалар Қуръони Каримни пухта ёд билишларига қарамай, бу улкан ишнинг мустаҳкам, ишончли бўлишига ҳаракат қилиб, масжидда: «Кимнинг қўлида ёзилган Қуръон бўлса ва унинг Пайғамбаримиз ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳи бўлса, бизга олиб келсин, Қуръонни жам қилишга халифанинг буйруғи бўлди!» дея эълон қилдилар. Икковлари масжидда ўтириб, гувоҳларни текшириб, ниҳоятда аниқлик билан бир йилдан ортиқ вақтда Қуръонни жамлаб бердилар. Сўнг кўпчиликка кўрсатдилар, ҳамма рози бўлди. Агар бирор ҳарфи ўрнида бўлмаса, минглаб ёд биладиганлар қарши чиқар эди.

Лекин асосий таянч ёдлаш бўлиб қолаверди. Қуръони Каримни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фариштадан ёдлаганлар, у кишидан саҳобалар, саҳобалардан эса улардан кейинги авлод ва ҳоказо, ҳозиргача етиб келган.

Шундай қилиб, Зайд ибн Собит ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо машаққатли уринишлардан кейин Қуръонни кийик терисидан ишланган саҳифаларга ёзиб бўлдилар ва уни белидан боғлаб, Абу Бакрнинг уйига қўйиб қўйдилар. У киши оламдан ўтганларидан кейин саҳифалар ҳазрати Умарнинг уйларида, у кишидан сўнг эса қизлари – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳафса онамиз ҳузурларида қолди.

Келинг, Ислом уммати тарихидаги энг муҳим ишлардан бўлган бу иш ҳақида Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг ўзларидан эшитайлик.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ямома аҳлининг қатлида Абу Бакр менга одам юборди. (Борсам,) Умар ибн Хаттоб унинг олдида экан. Абу Бакр: «Умар келиб, менга: «Ямома куни Қуръон қорилари ичида қатл кўпайиб кетди. Мен бошқа жойларда ҳам қорилар ичида қатл кўпайиб кетиб, Қуръоннинг кўпи кетиб қолишидан қўрқяпман. Менимча, Қуръонни жамлашга амр қилишинг керак», деди. Мен Умарга: «Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган нарсани қиласан?!» дедим. Умар менга: «Аллоҳга қасамки, бу яхшиликдир!» деди. У менга қайта-қайта мурожаат қилаверди. Охири Аллоҳ менинг қалбимни ўша ишга очди. Умар лозим кўрган ишни лозим кўрдим».

Зайд айтади: «Сўнг Абу Бакр менга: «Албатта, сен ёш, оқил одамсан. Сени айблайдиган жойимиз йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ваҳийни ёзар эдинг. Қуръонни излаб топиб, жамлагин», деди. Аллоҳга қасамки, агар менга бир тоғни жойидан кўчиришни буюрганларида, мен учун Қуръонни жам қилишни амр қилганидан кўра оғир бўлмас эди. Мен унга: «Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган нарсани қиласизлар?!» дедим. У (менга): «Аллоҳга қасамки, бу яхшиликдир!» деди. Абу Бакр менга қайта-қайта мурожаат қилаверди. Охири Аллоҳ менинг қалбимни Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг қалбини очган ишга очди. Қуръонни излаб, хурмо дарахти пўстлоқлари, тош парчалари ва одамларнинг қалбларидан жамлай бошладим. Тавба сурасининг охирини Абу Хузайма Ансорийдан топдим. Ундан бошқадан топмадим: «Батаҳқиқ, сизларга ўзларингиздан бўлган… Расул келди…» (икки оят). Саҳифалар Абу Бакр вафот қилгунича унинг олдида турди. Кейин Умар ҳаётлигида унинг олдида турди. Сўнг Ҳафса бинт Умар розияллоҳу анҳонинг олдида турди».

Бухорий ривоят қилган.

Албатта, бу ривоятда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бўлган воқеанинг хулосасини қисқа қилиб, ўзларининг иборалари билан баён қилмоқдалар. Аслида эса анчагина гап-сўзлар ва ишлар бўлиб ўтган.

«Ямома аҳлининг қатлида Абу Бакр менга одам юборди».

Ямома Ҳижоз билан Яман орасида жойлашган диёрнинг номидир. Ривоятда «Ямома аҳли қатлида» дейилаётган бўлса ҳам, бошқа жангларда ҳам Қуръонни ёд олган кўплаб саҳобалар шаҳид бўлаётган эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида диндан қайтган муртадлар билан мусулмонлар ўртасида қаттиқ жанглар бўлиб ўтган. «Ридда урушлари» номи билан тарихга кирган мазкур урушларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Биргина Ямомада Каззоб Мусайлимага қарши олиб борилган жангда етмиш нафар саҳоба вафот этдилар. Шунинг учун ҳам ривоятда ана шу жанг тилга олинмоқда.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳл лашкарини ўша Нажд тарафга, Ямомадаги Каззоб Мусайлимага қарши юборди. Унинг ортидан мадад учун Шураҳбил ибн Ҳасанани яна бир лашкар билан юборди. Икрима Шураҳбил ибн Ҳасанани кутиб турмасдан, ўзи ишни битириш учун шошилиб, Мусайлиманинг аскари билан тўқнашди ва енгилди. Бундан аччиғи чиққан Абу Бакр розияллоҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳлни Мадинага қайтиб келмасдан, Яманга бориб, Ҳузайфа ва Аржафага қўшилишга, улар билан бирга Маҳар аҳлига қарши уруш қилишга амр этди.

«Қуръон илмлари» китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
105. Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганича ҳукм қилишинг учун туширдик. Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлмаБу ва бундан кейинги давоми...

5332 05:00 / 23.01.2017
учинчи мақолаАраблар Қурайш лаҳжасини танлаб олиб, уни ўзларининг адабий тилларига айлантиришди. Айни пайтда, ўзлари бу лаҳжадан таъсирланганларидек, Қурайш давоми...

5733 13:40 / 18.02.2020
44. Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсизку. Ақлни ишлатмайсизмиМаълумки, яҳудийлар ва хусусан уларнинг диний давоми...

5119 05:00 / 19.01.2017
тўртинчи мақолаСуннатнинг Қуръон билан насх қилиниши.Насхнинг бу қисми бўйича бир оз хилоф бўлиб, мазкур хилоф имом Шофеъийга нисбат берилади. Аммо кўпчилик давоми...

4406 14:45 / 05.05.2020
Аудиолар

135088 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55366 14:35 / 11.08.2021