Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтиради. Улар мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўлдирлар, Аллоҳ йўлида жиҳод қилишади ва маломатчининг маломатидан қўрқишмайди. Бу, Аллоҳнинг фазли бўлиб, хоҳлаган одамига беради. Аллоҳ фазли-карами кенг ва билувчи Зотдир”.
Аллоҳ таоло динининг ер юзида барқарор бўлишини ирода этган. Бу иродани юзага чиқаришда баъзи бандаларини восита – сабаб қилади. Мана шу шарафли ишга мусулмон уммати танланган. Ким бу шарафни етарли тақдир этса, чин қалбидан ихлос билан бу динга хизмат қилади. Бу дин йўлида жонини ҳам, молини ҳам бахш этади. Аммо ким бу улкан бахтнинг қадрига етмаса, турли баҳоналар билан Исломдан қайтса – муртад бўлса, ёмонлиги ўзигадир. Исломга ҳеч қандай зарар етмайди. Қайтага, унга ўхшаган номаъқул шахслардан холи бўлади. Аллоҳ ундайларга муҳтож эмас.
«Аллоҳ, албатта, Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтиради». Демак, Аллоҳ таоло Ўз динининг ер юзида барқарор бўлишига восита қилган бандалари алоҳида сифатларга эгадирлар. Биринчиси – ўзаро муҳаббат. Яъни, Аллоҳ уларни севади, улар ҳам Аллоҳни севадилар. Бу ўзаро муҳаббат энг катта ва қувватли боғланишдир. Аллоҳнинг динига хизмат қилувчиларга, ўша динда мустаҳкам турувчиларга Аллоҳнинг муҳаббати насиб бўлар экан. Дунёда ўзини билган инсон учун бундан улкан бахт йўқ. Ожиз бир инсоннинг муҳаббатига сазовор бўлган шахс ўзини қанчалар бахтли-саодатли ҳис этади. Биз сўз юритаётган муҳаббат эса, ҳамма бандаларнинг Робби, бутун оламларнинг Холиқи, икки дунёнинг Молики, барча махлуқотлар қатори бандаларнинг ҳам Холиқи, уларга жон ато қилган, нозу неъмат берган, қиёмат куни ҳисоб-китоб қиладиган Зотнинг муҳаббати! Аллоҳнинг маҳбуби бўлишдан юқори бахт йўқ. Шу билан бирга, бу муҳаббатга эришишнинг фақат бир йўли бор – мусулмон бўлиш, ихлосли мусулмон бўлиш. Аввалги оятда зикр қилинганидек, тили билан иймон келтириб, дилда мунофиқлик ё куфрга кетиш ёки қалбида касаллик билан эмас.
Аллоҳнинг муҳаббатини қозонган бандаларнинг ўзлари ҳам Аллоҳни севадилар. Демак, севги-муҳаббат икки тарафламадир. Аллоҳни севиш қандай улкан бахт! Бу севги дунёдаги ҳамма севгилардан устун туради. Бу севги жо бўлган қалбда бошқа севгилар ҳам соғлом бўлади. Аллоҳни севувчи одам доимо ўз Маҳбуби розилиги учун ҳаракат қилади. Ўзида шундай севги пайдо қила олган одам дунёни ҳам бошқача кўради. Дунёдаги ҳамма нарсани ўз қадр-қиммати билан танийди. Фақат мусулмон инсонгина бундай севгига мушарраф бўла олади. Бошқалар бу бахтдан бебаҳрадирлар.
Мазкур бандаларнинг сифатларидан яна бири: «Улар мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўл»дирлар. Яъни, Аллоҳ ўз динини Ер юзида муқаррар қилиш учун танлаган бандалари аввало мўминларга ҳокисор (тавозуъли) бўладилар. Иймон (дин) қардошлари билан ўзаро муомалаларда мулойим, лутфли, ширинсўз бўладилар. Меҳрибон, шафоатлидирлар. Мўмин биродарларига ҳеч озор бермайдилар. Бу ҳоллари улар учун пастлик ёки хорлик эмас, балки Аллоҳнинг дини йўлидаги қардошликлари ҳурмати, диний биродарлик туйғусидир. Бу қардошлик туфайли туғилган мўминлараро муҳаббат тилёғламалик, сунъий муомалалар, ялтоқланишларни ўртадан кўтаради, уларнинг алоқаларини соф иймон ва Ислом алоқасига айлантиради. Шу билан бирга, мазкур кишилар кофирларга қаттиққўлдирлар. Чунки уларнинг кофирлар билан бўладиган алоқалари якка шахс алоқалари эмас, балки бу доирадан юқори турадиган алоқадир. Яъни, бу ерда гап шахсий алоқа ҳақида эмас, дин устида кетмоқда.
Аллоҳнинг динини Ер юзида барқарор этиш учун танлаб олинган бандаларнинг яна бир сифатлари шуки, улар «Аллоҳ йўлида жиҳод қилишади». Аллоҳнинг динини, шариатини, иродасини Ер юзида барқарор қилиш учун энг зарур нарса – Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишдир. Аллоҳнинг динини Ер юзида барқарор этиш учун танлаб олинган кишилар шахсий мақсадлар йўлида эмас, фирқа, тоифа, қабилалари манфаати учун эмас, қандайдир тузум ёки «доҳийлар» йўлида эмас, балки фақат Аллоҳ йўлида жиҳод қиладилар. Улар Ер юзида Аллоҳнинг дини қарор топиши, шариати жорий бўлиши, ҳукми юритилиши учун кураш олиб борадилар, лекин бу осон иш эмас. Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилмоқчи бўлганларнинг йўлларида тўсиқлар кўп. Энг катта тўсиқлардан бири ўз нафсларидир. Нафсий тўсиқларининг бошида турли мулоҳазалар, баҳоналар туради. Жумладан, “одамлар нима дер экан, маломат қилишмасмикан” деган хаёллар ўтади. Аммо, бу хаёлларга берилмаслик керак. Чунки, Аллоҳ Ўз динини Ер юзида барқарор этишга ихтиёр қилган бандаларини таърифлаётиб: «ва маломатчининг маломатидан қўрқишмайди», демоқда.
Аллоҳ йўлида жиҳод қиладиган одамга маломатчиларнинг маломатидан қўрқишнинг нима кераги бор? Маломатчилик кенг тарқалган дард. Нима иш қилсанг ҳам, одамлар барибир маломат этавериши мумкин. Шунинг учун, Аллоҳнинг айтганидан қолмаслик керак. Агар маломатчилар маломатидан қўрқиб, уларга риоя қилинса, жиҳод Аллоҳ учун эмас, улар учун бўлиб қолади. Қолаверса, маломатчилар ким ўзи? Нима қилиб бера олади улар? Бирор ишни бажаришда, уларни баҳолаш ва тақдирлашда Аллоҳнинг йўл-йўриғи лозим ва тақдири ҳамма нарсадан устундир.
«Бу, Аллоҳнинг фазли бўлиб, хоҳлаган одамига беради. Аллоҳ фазли карами кенг ва билувчи Зотдир». Аллоҳнинг бундай кенг фазли-карамидан баҳраманд бўлган кишилар бу улуғ иноятнинг қадрига етишлари лозим. Бу ояти карима мусулмонларнинг ноумид бўлмасликлари учун катта далилдир. Аллоҳ хоҳлаган пайтида, хоҳлаган одамлар ила Ер юзида Ўз динини барқарор қилиб олади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида диндан қайтганларнинг ва кофирларнинг умидларини пучга чиқариб, ихлосли саҳобалар авлодини олиб келди. Ислом Ер юзида барқарор бўлди. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу даврларида баъзи қабилалар диндан қайтди, фитна чиқди ва Ислом хавф остида қолди. Аммо Аллоҳ таоло яна ихлосли мусулмонларни – ушбу оятда сифатлари зикр қилинган зотларни келтириб, динининг Ер юзидаги барқарорлигини таъминлади.
Бир минг тўрт юз йилдан зиёд тарихи давомида Ислом дини ўзига қарши чиқувчиларни кўп кўрди. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўтиб кетди. Аммо, Ислом боқий қолди. Масалан, мўғуллар яшин тезлигида ҳамма жойларни босиб олишди. Шаҳарларни хароб этиб, одамларни қиришди, китобларни ўтга ёқишди. Улар қаршисига чиқадиган қавм қолмади. Уларнинг енгилмаслиги ҳақида афсонаомуз гаплар тарқалди.
Мусулмон тарихчиларнинг ёзишларича, ҳолат шу даражага етганки, бир мўғул кўчада мусулмонни кўриб қолиб: «Ҳой мусулмон, қиличим уйда қолибди, сен жойингда туриб тур, мен бориб қиличимни олиб келиб сени ўлдираман», деса, мусулмон туриб берган. У қиличини олиб келиб, мусулмонни ўлдирган экан.
Бошқа гувоҳларнинг айтишларича, бир мўғул аёл бир гузар мусулмон эркакни ўлдирган. Ҳатто мусулмонлар орасида, Қуръонда зикр қилинган яъжуж-маъжуж шулар бўлса керак, деган фикр ҳам тарқалган. Аммо, ўзини билган мусулмонлар ушбу оят ва бошқа ояту ҳадисларга таяниб, умидни узишмаган. Аллоҳ Ўз динини Ер юзида барқарор этиш учун ихтиёр қилган қавмдан бўлиш орзуси ила ўзларида ўша қавмнинг сифатларини мужассамлаштириш йўлида тинмай ҳаракат қилишган, Аллоҳ йўлида жиҳод этиб, маломатчиларнинг маломатидан қўрқишмаган. Айни Жолут номли жойда мўғуллар биринчи бор тор-мор этилган. Сўнгра, аста-секин ҳамма Ислом диёрлари озод қилинган. Ўзига хос мўъжиза ҳисобланган бу ғалабада бошқа омиллар қатори руҳий-маънавий омил алоҳида аҳамият касб этган. Мусулмонлар мўғуллардан ҳарбий жиҳатдан енгилсалар ҳам, юртлари босиб олинса ҳам, руҳий-маънавий жиҳатдан енгилмаганлар, қалбларини мўғуллар босиб ололмаган. Улар: «Мўғуллар мушрик-кофирлардир, аслида, улар ҳеч нарсага арзимайдилар, биз мусулмонлармиз, ҳақ биз билан, биз ғолиб бўлишимиз керак, аммо бизнинг айбимиз – динга амал қилишдаги камчиликларимиз туфайли мўғуллар вақтинчалик устун келиб турибди. Агар ғолиб келмоқчи бўлсак, ўзимизни тузатайлик, айбларимизни йўқотайлик ва динимизга тўлиқ амал қилайлик», деб тўғри мулоҳаза юритишди, шу йўлда ҳаракат қилишди. Оқибатда, Аллоҳ улардан баъзиларини Ўз динини Ер юзида қайтадан қарор топтиришига ихтиёр қилди. Мўғуллар салтанати парча-парча этилди. Аллоҳнинг дини Ер юзида барқарор бўлди.
Кейин Оврупадан Исломга қарши салибчи насоролар чиқди. Рим папаси чақириғи ила Оврупа подшоҳлари жамланиб, куч йиғдилар ва мусулмонларга қарши қатлиом эълон қилдилар. Жаҳон тарихи бунга ўхшаш ваҳшиёна ҳаракатни кам кўрган. Салибчилар номи мусулмон бўлган жон борки, аямай ўлдираверди. Қонлар дарё каби оқди. Мовий Ўрта Ер денгизи мусулмон қони ила қизил тусга кирди. Салибчилар Шомни, Фаластинни ва бошқа жойларни босиб олиб, юз йиллар давомида ҳукмларини юритишди. Аммо мусулмонлар салибчиларга нисбатан ҳам худди мўғулларга бўлган муносабатда бўлдилар: “Булар ҳам кофирдир, улар ноҳақдир, ҳарбий ғалабалари вақтинчалик. Биз мусулмонлармиз, биз ҳақмиз. Салибчилардан мағлубиятга учраганимиз уларнинг кучли эканларидан эмас, бизнинг заифлигимиздандир. Динимизга амал қилишда сусткашлик қилишимиздандир”, деган фикрда бўлдилар. Шу билан бирга, ўзларидаги нуқсонларни тузатиб, Аллоҳ Ўз динини Ер юзида барқарор қилиш учун ихтиёр қилган қавмлардан бўлишга ҳаракат қилдилар. Оқибатда Аллоҳ таоло асли курд миллатига мансуб мухлис мусулмон Салоҳиддин Айюбий бошчилигида ўзининг йўлида жиҳод қиладиган ва маломатчиларнинг маломатидан қўрқмайдиган бир қавмни юбориб, Ер юзида ўз динини барқарор қилди.
Ҳозирги пайтда мусулмонлар яна бир тушкунликни бошларидан кечирмоқдалар. Дунё кофирлари бирлашиб, уларни эзиб турибди. Муртадлар ҳаддан зиёд кўпайган пайти. Ҳар қадамда мунофиқлар. Энг ёмони, руҳий-маънавий ҳолат ҳам бузилган. Ҳозир кофирларга, муртадларга ва мунофиқларга нафрат билан эмас, ҳавас билан қараш одат тусига кирди. Уларга тақлид қиладиганлар ва эргашадиганлар урчиди. Айни чоқда, руҳий-маънавий устунлигини ҳис этадиган мусулмонлар сони ҳам кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Улар ҳозирги мағлубиятнинг негизини тушунадилар. Маломатчиларнинг маломатидан қўрқмай, ҳар қандай шароитда Аллоҳ йўлида ҳаракат қиладилар.
Ҳозирги ноқулай ҳолатдан қутулиш учун мусулмонлар ушбу оятда зикр қилинган сифатларни ўзларида мужассам этишлари лозим. Бунинг учун эса, тинмай жидду жаҳд, ҳаракат қилиш керак. Ана шундагина Аллоҳнинг динини ер юзида барқарор этишга ихтиёр қилинган қавм пайдо бўлади. Аллоҳнинг ваъдаси яна бир бор зуҳур этади.
“Тафсири Ҳилол”, 2-жилд, 77-81-бетлар