1446 йил 30 рабиъус сони | 2024 йил 02 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Жосия сураси, 23-26

05:00 / 23.01.2017 4010 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

23. Айтинг-чи, ҳавои нафсини илоҳ қилиб олган, Аллоҳ уни билиб туриб залолатга солган ва қулоғига ҳамда қалбига муҳр босиб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани Аллоҳдан бошқа ким ҳидоят қила оладир?! Эсламайсизларми?!



Демак, залолатга кетганларнинг йўлдан адашиш сабабларидан бири ҳавои нафсларини ўзларига илоҳ қилиб олишларидир. Улар Аллоҳга эмас, ҳавои нафсларига ибодат этадилар. Улар Аллоҳнинг айтганини эмас, ҳавои нафсларининг айтганини қиладилар.

Шундан кейин:

«Аллоҳ уни билиб туриб залолатга солган...» бўлади. 

Яъни, Аллоҳ ўша одам ҳавои нафсини ўзига илоҳ қилиб олганини била туриб адаштиради.

«...ва қулоғига ҳамда қалбига муҳр босиб...» қўяди. 

Унинг қулоғи даъват гапларини эшитмайди. Қалбига иймон, инсоф кирмайдиган бўлиб қолади.

«...кўзига парда тортиб қўйган...» бўлади. 

У ибратни кўра олмайди.

Қани, айтинг-чи, ана ўшандай 

«кимсани Аллоҳдан бошқа ким ҳидоят қила оладир?!»

Албатта, ҳеч ким ҳидоят қила олмайди.

«Эсламайсизларми?!»

Буни эслаб, ибрат олиб, ўзларингизни ўнгламайсизларми? Уларнинг залолатга кетиб адашишлари сабабларидан яна бири шуки,


24. Улар: «У (ҳаёт) фақат бу дунёдаги ҳаётимиздир. Ўламиз, тириламиз, бизни фақат замон ҳалок қилади», дерлар. Уларнинг бу ҳақда илмлари йўқ. Улар фақат гумон қиладилар, холос.

Бу ояти каримада кофирларнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчалари танқид этилмоқда.

«Улар: «У (ҳаёт) фақат бу дунёдаги ҳаётимиздир...», дерлар 

Уларнинг фикрича, инсон ҳаёти жуда ҳам қисқа. Мана шу беш кунлик дунёдаги саноқли йиллар ёки кунлару соатлардан бошқа ҳаёт йўқ.

«Ўламиз, тириламиз...»

Бир авлод ўлади, иккинчиси туғилади. Ҳаёт шундай давом этаверади.

«...бизни фақат замон ҳалок қилади», дерлар».

Яъни, замон ўтиши билан ёки улғайиб одам вафот этади. Бошқа нарса йўқ, дерлар 

Унда ёш болаларни ким ўлдиради? Умуман, улар жуда ҳам аҳамиятли масалада осонгина ҳукм чиқариб қўйдилар. Хўш, бу гапни улар нима асосида айтдилар. Уларнинг бу гапни айтишга ҳужжат-далиллари, илмий асослари борми?

«Уларнинг бу ҳақда илмлари йўқ».

Ҳужжат ва далиллари ҳам йўқ.

«Улар фақат гумон қиладилар, холос».

Айни дамда, гумонларини ҳақиқат деб ўйлайдилар. Булар даҳрийлардир. Улар, бизни фақат даҳр(замон) ўлдиради, деганлари учун шу номни олганлар. Улар ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор этадилар. 


25. Уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинган чоғда, уларнинг: «Агар ростгўй бўлсангиз, ота-боболаримизни келтиринг-чи?!» дейишдан бошқа ҳужжатлари бўлмас.

Яъни, охиратни инкор қилувчи ўша кимсаларга ўлгандан кейин қайта тирилиш борлиги ҳақидаги очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинса, улар, агар ўлгандан кейин тирилиш бор, деган ушбу гапингиз рост бўлса, бизнинг ўлиб кетган ота-боболармизни тирилтириб олиб келинг-чи, дерлар 

Уларнинг ўлгандан кейин қайта тирилмаслик учун бундан бошқа ҳужжатлари бўлмайди. Уларнинг бу гапи ҳам, ўтган оятдаги гапларига ўхшаб, ҳужжат ва далил асосидаги гап эмас, юзаки, тушунмасдан айтилган гапдир.

Аллоҳ таоло одам боласига бу дунёда охирати учун захира тўплаб олишга имкон яратиб ҳаёт беради. Ўша фурсат тамом бўлгандан сўнг одам ўлади. Ўлгандан кейин эса, ҳисоб-китоб учун тайинланган вақт келгунча кутилади. У вақт келгандагина одам қайта тирилтирилади. Ҳисоб-китоб қилинади, мукофот ёки жазо берилади. Тайин қилинган ўша вақт келгунча одамни қайта тирилтиришга ҳожат ҳам йўқ, мумкин ҳам эмас. Чунки мантиқнинг тақозоси ҳам, умумий қоида ҳам шу. Ўзидан кетган бир қанча кофирнинг гапига қараб, ўлган одамнинг қайта тирилишига далил-исбот сўрашаётган бўлсалар:

Эй Пайғамбар!


26. Сен: «Аллоҳ сизларни тирилтирур, сўнгра ўлдирур, сўнгра сизларни (бўлишида) шубҳа йўқ қиёмат кунида жамлар. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар», деб айт.

Улар талаб қилаётган нарса ўзлари билан-ку, кўз олдиларида турибди-ку!

«Аллоҳ сизларни тирилтирур...»

Сиз ўзингиз ҳам ўлик эдингиз. Дунёда ҳеч бир асарингиз йўқ эди. Аллоҳ сизга ҳаёт бериб тирилтирди ва сизга ўхшаганлардан қанчадан-қанчасини ҳар лаҳзада тирилтирмоқда. Умуман йўқ нарсани бор қилиб, унга ҳаёт бермоқда. Шу ишни қилган зот, бор нарсани қайта тирилтира олмасми?!

«...сўнгра ўлдирур...»

Сизни йўқдан бор қилиб, тирилтириб, ҳаёт берган зотнинг Ўзи сўнгра сизни ўлдиради ҳам. Ҳар куни, ҳар лаҳзада қанчадан-қанчангизни ўлдирмоқда. Демак, ҳаёт ҳам, ўлим ҳам Аллоҳ таолонинг ихтиёри ила бўлади. Мазкур ишларни қилган зот:

«...сўнгра сизларни (бўлишида) шубҳа йўқ қиёмат кунида жамлар».

Ана ўша қайта тирилишингиздир. Бу ишлар Аллоҳ таоло учун жуда ҳам осон.

«Лекин одамларнинг кўплари билмаслар», деб айт».

Аммо улар билмагани учун иш ўзгариб қолмайди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримни араб ҳарфлардан бошқа алифбода ёзиш ҳақидаАгар эътибор билан қаралса, бу белгиларнинг ҳеч бири Мусҳаф расмига дахл қилмайди, расм ўша биринчи давоми...

2489 12:30 / 18.11.2021
8. Қуръоний ваҳийни илҳом ва кашф деган даъво.Қуръони карим ваҳийсини тушуниб етмаслик фақат қадимги мушриклар ва ҳозирги душманларгагина хос эмас. Балки Исломдан давоми...

5933 15:09 / 11.03.2019
Аллоҳ таолонинг инсонга берган улкан неъматларидан бири уни яратиб, ўз ҳолига қўйиб қўймаганидир. Балки яратиш билан бирга, уни икки дунёда саодатманд қилишни ҳам давоми...

5146 16:00 / 12.07.2019
Эй Одам болалари Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси ndash ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг давоми...

5035 17:44 / 03.05.2018
Аудиолар

133137 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53483 14:35 / 11.08.2021