1447 йил 3 Рамазон | 2026 йил 21 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (65-дарс). Оят ва сураларнинг тартиби

20:11 / 24.12.2019 6694 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим суралардан, суралар эса оятлардан иборатдир. Уларнинг ўзига яраша тартиби бор. Оят ва сураларнинг тартиби ҳақида батафсил сўз юритишдан аввал бу икки иборанинг луғатдаги маъноси ва таърифи билан яхшилаб танишиб олайлик.

«Оят» сўзининг маънолари

«Оят» сўзининг бир неча луғавий маъноси бор:

1. «Мўъжиза».

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Бану Исроилдан уларга қанчадан-қанча очиқ-ойдин оят(мўъжиза)ларни берганимизни сўра» (211-оят).

2. «Белги-аломат».

Аллоҳ таоло яна Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, унинг подшоҳлигининг ояти (белгиси) – сизларга ичида Роббингиздан сакина ва Оли Мусодан ҳамда Оли Ҳорундан қолдиқ бор сандиқ келишидир» (248-оят).

3. «Ибрат».

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, бунда мўминлар учун оят (ибрат) бордир» (77-оят).

4. «Ажойиб иш».

Аллоҳ таоло Муъминун сурасида марҳамат қилади:

«Ибн Марямни ва унинг онасини оят (ажойиб иш) қилдик» (50-оят).

5. «Бурҳон, далил».

Аллоҳ таоло Рум сурасида марҳамат қилади:

«Ва осмонлару ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлиши Унинг оят (бурҳон)ларидандир» (22-оят).

6. «Жамоат».

Арабларда «Қавм ояти – жамоаси билан чиқди» деган гап бор.

7. Қуръон ояти.

Уламолар истилоҳида оят шундай таърифланади:

«Оят Қуръон сурасига кирган, бошланиши ва тугаши белгили бўлган сўзлар мажмуасидир».

Шу билан бирга, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти юқоридаги луғавий маъноларни ўз ичига олган бўлади. Ҳа, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти мўъжиза, ибрат, ажойиб иш, белги-аломат, бурҳон, далил, ҳарф ва сўзлар мажмуаси ҳамда Аллоҳ таолонинг қудрати далилидир.

Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, унинг аввали ва охири ҳақидаги илмни Аллоҳ таолодан Жаброил алайҳиссалом ўрганган. У кишидан Набий алайҳиссалом, у зотдан эса мусулмонлар ўрганганлар.

Оятларни бир-биридан ажрата билиш, уларнинг бошланиш ва тугаш жойларини англаб етиш маъноларни яхши тушуниб етишда ва бошқа бир қанча ишларда ёрдам беради.

Қуръони Каримда «оят» сўзи кўп марта такрорланган. «Оят» сўзи баъзи бир жойларда юқорида зикр қилинган маъноларнинг ҳаммасини, иккинчи бир жойда икки-учтасини, учинчи жойда эса фақат биттасини ифода этиб келган. Ушбу нозик фарқ англаб етилгандагина маъно тўғри тушунилади.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳнинг китобида ўз райи билан гапириб тўғри айтган бўлса ҳам давоми...

4199 05:00 / 19.01.2017
учинчи мақолаУчинчи қисмҚуръон оятларининг ҳукми насх бўлиб, тиловати боқий қолиши.Бунда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бир оятни нозил қилиб, маълум шаръий ҳукмни давоми...

5346 13:30 / 26.05.2020
7. Қуръони Каримни сеҳр, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эса сеҳргар деб қилинган даъво.Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади.Агар сенга қоғозда давоми...

6782 21:00 / 04.03.2019
биринчи мақола.Қуръони Каримни жамлаш, иборасини уни ёдлаш ва қалбнинг лавҳига ўрнашиши маъносида тушунадиган бўлсак, дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бу шарафни ҳаммадан давоми...

6374 14:05 / 27.08.2019
Аудиолар

232195 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150662 14:35 / 11.08.2021