Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 6 жумадис сони | 2024 йил 08 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (98-дарс). Сураларнинг аввалидаги ҳарфлар ва муташобиҳ сифатлар

14:39 / 11.08.2020 5645 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Аввал ўтган дарсларимизда муташобиҳнинг луғатдаги ва истилоҳдаги маънолари, турлари ва бошқа унга боғлиқ нарсаларни қўлдан келганича ўрганиб ўтдик. Энди эса бу борадаги энг нозик, энг қийин ва энг чигал мавзулардан иккитаси – сураларнинг аввалидаги ҳарфлар ҳамда муташобиҳ сифатлар ҳақида алоҳида сўз юритишга ҳаракат қиламиз.

Сураларнинг аввалидаги ҳарфлар

Қуръони Каримнинг суралари бир юз ўн тўртта бўлиб, улардан йигирма тўққизта сура сўзлар билан эмас, ҳарфлар билан бошланган. Бу ҳарфларга турлича номлар берилган: баъзилар «ал-ҳуруфул-муқоттоъат» – «кесик ҳарфлар» десалар, бошқалар «ҳуруфул-ҳижа» – «алифбо ҳарфлари» дейдилар, учинчилари эса «фаватиҳус-сувар» – «сураларни очувчилар» дейдилар. Биз мазкур номлардан машҳур бўлгани «кесик ҳарфлар», яъни «маънодан узилган ҳарфлар» мазмунидаги истилоҳни танлашни маъқул кўрдик.

Кесик ҳарфлар мазкур йигирма тўққиз сурада турлича келган. Биз уларни энг кўп келган шаклларидан бошлаб келтирамиз.

1. Уч ҳарфдан иборат кесик ҳарфлар билан ўн учта сура бошланган:

«Алиф лаам миим» – Бақара сураси.

«Алиф лаам миим» – Оли Имрон сураси.

«Алиф лаам миим» – Анкабут сураси.

«Алиф лаам миим» – Рум сураси.

«Алиф лаам миим» – Луқмон сураси.

«Алиф лаам миим» – Сажда сураси.

«Алиф лаам ро» – Юнус сураси.

«Алиф лаам ро» – Ҳуд сураси.

«Алиф лаам ро» – Юсуф сураси.

«Алиф лаам ро» – Иброҳим сураси.

«Алиф лаам ро» – Ҳижр сураси.

«То сиин миим» – Шуаро сураси.

«То сиин миим» – Қосос сураси.

2. Икки ҳарфдан иборат кесик ҳарфлар билан тўққизта сура бошланган;

«То ҳа» – Тоҳа сураси.

«То сиин» – Намл сураси.

«Йа сиин» – Ёсин сураси.

«Ҳа миим» – Ғофир сураси.

«Ҳа миим» – Фуссилат сураси.

«Ҳа миим» – Зухруф сураси.

«Ҳа миим» – Духон сураси.

«Ҳа миим» – Жосия сураси.

«Ҳа миим» – Аҳқоф сураси.

3. Бир ҳарфдан иборат кесик ҳарфлар билан иккита сура бошланган;

«Сод» – Сод сураси

«Нун» – Қалам сураси.

4. Тўрт ҳарфдан иборат кесик ҳарфлар билан иккита сура бошланган;

«Алиф лаам миим сод» – Аъроф сураси.

«Алиф лаам миим ро» – Раъд сураси.

5. Беш ҳарфдан иборат кесик ҳарфлар билан иккита сура бошланган;

«Кааф ҳаа йаа ъайн соод» – Марям сураси.

«Ҳа миим ъайн сиин қооф» – Шуро сураси.

Ушбу сураларнинг аввалида келган ҳарфлар ҳақидаги маълумотларни зеҳн солиб ўрганиладиган бўлса, уларнинг биринчи мажмуаси – ярмига яқини, яъни ўн учтаси уч ҳарфдан ташкил топган. Мазкур адад араб тилидаги сўзларнинг энг кўпи уч ҳарфдан иборат бўлишига ишорадир, десак муболаға бўлмайди.

Иккинчи ўринда икки ҳарфдан иборат кесик ҳарфлар тўққизта сурада келмоқда. Араб тилида ҳам уч ҳарфли сўзлардан кейин иккинчи ўринда икки ҳарфли сўзлар туради.

Кейинги ўринларда битта, тўртта ва бешта ҳарфдан иборат кесик ҳарфлар келган. Араб тилида ҳам шу ададдаги ҳарфли сўзлар нисбати мулоҳаза қилинади.

Араб алифбосидаги ҳарфлар Абулаббос Мубарраднинг фикрига кўра йигирма саккиз ҳарфдан, Сибавайҳнинг сўзига биноан йигирма тўққиз ҳарфдан иборат. Сураларнинг аввалида келган алифбо ҳарфлари эса жами ўн тўртта бўлиб, улар 29 та сурада келган. Шунга кўра, иштирок этган ҳарфларнинг умумий адади бир қавлга кўра жами араб ҳарфлари ададининг ярмига тўғри келса, иккинчи қавлга кўра, улар билан бошланган суралар сони араб ҳарфларининг ададига тўла мос келади.

Қуръони Карим баъзи сураларнинг аввалида алифбо ҳарфларидан баъзиларини келтириш ила араблар ўз тарихи давомида ҳеч қилмаган ва билмаган ишни юзага чиқарди. Шунинг учун ҳам бу ҳарфлар муташобиҳнинг энг машҳур мисолларидан бирига айланди. Шунинг учун ҳам уламолар қадимдан ўша ҳарфлардан кўзланган мурод нима экани ҳақида кўпгина таъвиллар қилдилар, ихтилофларга тушдилар.

Ихтилофнинг асосий сабаби – улар ҳақида на Набий алайҳиссаломнинг ўзларидан ва на саҳобаи киромлардан бирорта ҳам ривоят йўқлигидир. Шубҳасиз, улар бу ҳарфлардан мурод нималигини яхши билганлар, шунинг учун ҳам бир-бирларидан сўрамаганлар ва ривоят қилмаганлар. Саҳобаи киромларнинг одатлари – билмаган нарсаларинигина сўрар эдилар. Улар улуғ зотлар бўлиб, елкаларида Ислом динини бутун дунёга тарқатишдек улкан масъулият ётганини тўлиқ тушунар эдилар ва асосий эътиборни шунга қаратардилар. Билган нарсалари хусусида тортишувларга тоқатлари ҳам, вақтлари ҳам йўқ эди.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иордания давлатида қозилар раиси бўлиб ишлаган шайх Иброҳим Қаттон раҳматуллоҳи алайҳи .ТайсирутТафсир, деб номланган бир китоб ёзган. Китобнинг номи бизнинг давоми...

2274 17:00 / 22.06.2021
214. Сиздан аввал ўтганларга келганга ўхшаш нарса сизларга келмасдан туриб, жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми Уларни бало ва мусибатлар тутган ва ларзага давоми...

3590 05:00 / 19.01.2017
14. Ва, .Биз насоролармиз,, деганларнинг ҳам аҳдномасини олдик. Бас, улар ўзларига эслатма бўлган нарсадан кўп насибани унутдилар. Биз улар орасида адоват ва ёмон давоми...

8460 05:00 / 23.01.2017
1. Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар. Сен .Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар. Агар мўмин бўлсангиз, давоми...

6764 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

136480 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

56606 14:35 / 11.08.2021