1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Раддия

Пайғамбарликни даъво қилганлар (тўртинчи мақола)

16:05 / 11.08.2020 2636 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сақийфда каззоб ва озорчи бор

Абу Навфал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни Мадинага кетадиган йўлда осилган ҳолида кўрдим. Қурайшликлар ҳам, одамлар ҳам унинг олдидан ўтар эдилар. Абдуллоҳ ибн Умар унинг олдидан ўтаётиб тўхтади-да:

«Ассалому алайка, эй Абу Хубайб!» деб уч марта такрорлади. Сўнгра «Аллоҳга қасамки, сени бу ишдан қайтарган эдим-ку!» деб уч марта айтди. «Аллоҳга қасамки, менинг билишимча серрўза, серқиём ва силаи раҳмни кўп қиладиган одам эдинг. Аллоҳга қасамки, сен энг ёмони бўлган уммат, энг яхши умматдир», деди-да, сўнгра юриб кетди.

Бас, Абдуллоҳ ибн Умарнинг қилган иши ва гапи Ҳажжожга етди. У  Ибн Зубайрга одам юборди. Уни осилган шохдан туширилди ва яҳудийлар қабрига ташланди. Сўнгра унинг онаси Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумонинг олдига одам юборди. У киши унинг олдига келишдан бош тортди. Бас, у ўша юборган одамини яна қайта юбориб:

«Албатта, келасан! Бўлмаса, сени сочингдан судраб келадиганларни юбораман!» деди.

У яна бош тортди ва:

«Аллоҳга қасамки, токи олдимга сочимдан судраб борадиганларни юбормагунингча бормайман!» деди.

Шунда у кавушларимни беринглар деди-да, икки кавушини олиб тезлаб юриб бориб унинг олдига кирди ва:

«Аллоҳнинг душманини қандоқ қилганимни кўрдингми?» деди.

«Кўрдим. Сен унинг дунёсини буздинг. У эса сенинг охиратингни бузди. Менга етган гапларга кўра сен уни «Эй икки белбоғли аёлнинг ўғли!» деб чақирибсан. Аллоҳга қасамки, икки белбоғли аёл менман. Улардан бири билан Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ва Абу Бакрнинг таомини боғлаб кўтарган эдим. Бошқаси бўлса, аёл кишига лозим бўлган белбоғ эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга Сақийфда каззоб ва озорчи борлигини айтган эдилар. Каззобни кўрдик. Аммо озорчи сендан бошқа биров эмас!» деди.

У индамай туриб, чиқиб кетди».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ривоятда Ислом тарихидаги энг қайғули ҳодисалардан бири ҳақида сўз кетмоқда. Муовия розияллоҳу анҳу ўз ўғли Язидга одамларни байъатини олгандан кейин вафот этдилар. Аммо Маккада бўлган улуғ саҳобийнинг ўғли, улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Зубайр одамларни янги халифага эмас ўзларига байъат қилишга чақирдилар. Ҳижоз аҳли у кишига байъат қилдилар. Вақти соати етиб Язид ибн Муовия Ҳижозни ҳам ўзига бўйсиндириш мақсадида Бани Сақийф қабиласидан бўлган Ҳажжож бошчилигидаги лашкарни Мадина ва Макка томон юборди. Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий умавий халифаларнинг амирларидан бири бўлиб ўзининг золимилиги ила танилган ва Ҳажжожи золим номини олган эди.

Ҳажжож бу муқаддас ерларга келиб мисли кўрилмаган зулмларни қилди. Маккаи Мукарраманинг ҳарамлигини ҳам бузиб Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ва у кишининг одамларининг бирортасини қўймасликка қарор қилиб шафқатсиз уруш олиб борди. Иложи қолмагандан кейин Ибн Зубайр ва у кишининг одамлари масжидул ҳаромга кириб олдилар. Ҳажжож манжаниқ отиб Каъбаи муаззамани ҳам парчалаб ташлади. Ёлғиз ўзи қолган Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу қариб икки кўзи кўрмай қолган оналари Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирди ва:

«Онажон ёлғиз ўзим қолдим, нима қилай?» деди.

«Ишининг ҳақ бўлганидан кейин ёлғизлигинг узр бўлмайди. Чиқиб душман билан курашни давом этдир», она.

«Ўлганимдан кейин мени қиймалармикан деган хавфим бор», деди ўғил.

«Сўйилган қўйнинг теричини шилгани ила фарқ бўлмас, қўрқма, чиқ!» деди она.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ёлғиз ўзи жангни давом этдириб Ҳажжож одамлари қўлида ҳалок бўлдилар. Золим Ҳажжож у кишининг муборак жасадларини Маккадан Мадинага кетадиган йўлдаги хурмо дарахтига осиб қўйишни амр қилди. Биз ўрганаётган ривоятнинг ровийси абу Навфал гапни худди ўша ердан бошламоқда:

«Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни Мадинага кетадиган йўлда осилган ҳолида кўрдим. Қурайшликлар ҳам, одамлар ҳам унинг олдидан ўтар эдилар. Абдуллоҳ ибн Умар унинг олдидан ўтаётиб тўхтади-да:«Ассалому алайка, эй Абу Хубайб!» деб уч марта такрорлади».

Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дарахтда осилиб турган мурдага салом бердилар. Бундан мурдага салом берса жоизлиги чиқади. Шу билан бирга Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўликка эҳтиром кўрсатиб кунясини айтиб мурожат қилмоқдалар. Бир марта эмас, уч марта салом бермоқдалар.

«Сўнгра «Аллоҳга қасамки, сени бу ишдан қайтарган эдим-ку!» деб уч марта айтди».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга Бани Умайяга қарши чиқмаслик, улар билан тўқнашмаслик ҳақида насиҳат қилган эдилар. Аммо Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бу насиҳатга қулоқ осмаган эдилар.

«Аллоҳга қасамки, менинг билишимча серрўза, серқиём ва силаи раҳмни кўп қиладиган одам эдинг».

Дарҳақиқат, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу кўпгина фазилатлар соҳиби эдилар. У кишининг оталари жаннат башорати берилган ўн кишининг бирлари Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳу, оналари Абу Бакр Сиддиқнинг қизлари Асмаа розияллоҳу анҳо эдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Мадинада муҳожирлардан биринчи бўлиб туғилган ва бунга Расулуллоҳ алайҳиссалом жуда ҳам қувонган ва унинг танглайини ўзларининг муборак туфуклари билан кўтарган эдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўзларининг кўплаб фазилатлари ичида кўп рўза тутишлари, кечалари кўп нафл намоз ўқишлари ва қариндошларга силаи раҳмни кўп қилишлари билан алоҳида ажралиб турар эдилар.

«Аллоҳга қасамки, сен энг ёмони бўлган уммат, энг яхши умматдир», деди-да, сўнгра юриб кетди».

Бани Умайяликлар, ўзларининг лашкарбошилари Ҳажжож орқали Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни ёмон одам деб эълон қилган эди. Аммо Абдуллоҳ ибн Умар уларнинг эълонини ўзларининг бу гаплари билан чиппакка чиқардилар.

«Бас, Абдуллоҳ ибн Умарнинг қилган иши ва гапи Ҳажжожга етди».
Ҳамма ёқда Ҳажжожнинг жосуслари изғиб юрарди. Улар катта кичик ҳар бир гапни унга дарҳол етказиб турардилар. Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудек улкан зотнинг бу иши ва гапи одамларга таъсир қилиб Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг жасади кишилар учун таъсир қилишидан қўрқди.

«У Ибн Зубайрга одам юборди. Уни осилган шохдан туширилди ва яҳудийлар қабрига ташланди».

Маккаи Мукаррамада яҳудийлар қабристони бўлмаганини эътиборга оладиган бўлсак, жасадни узоқ жойга олиб борилгани чиқади. Ҳажжож ўзининг бу номардлиги билан кифояланмади. У ўз рақибининг ўлимидан кейин унинг кексайиб кўзи кўрмай қолган онасини ҳам хорламоқчи бўлди.

«Сўнгра унинг онаси Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумонинг олдига одам юборди».

Ҳамма Ҳажжожнинг номини эшитганда зир титрар эди. Унинг амридан бош тортиш бировнинг хаёлига ҳам келмас эди. Аммо Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо бошқача иш тутди.

«У киши унинг олдига келишдан бош тортди».

Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг бу ишидан Ҳажжожнинг ғазаби ғалаён қилди. У таҳдид қилишга ўтди.

«Бас, у ўша юборган одамини яна қайта юбориб:

«Албатта, келасан! Бўлмаса, сени сочингдан судраб келадиганларни юбораман!» деди».

Ҳажжожнинг бу таҳдидидан кейин ҳар қандай одам шаштидан тушиши турган гап эди. Аммо Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо бошқача иш тутди.

«У яна бош тортди ва:

«Аллоҳга қасамки, токи олдимга сочимдан судраб олиб борадиганларни юбормагунингча бормайман!» деди».

Ҳажжожи золимнинг шармандаси чиқди. Аммо у ишни шундайлигича қолишини истамади. Нима қилиб бўлса ҳам Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳони хорламоқчи, ўзининг қилган нобокорлиги ила мақтанмоқчи бўлди.

«Шунда у кавушларимни беринглар деди-да, икки кавушини олиб тезлаб юриб бориб унинг олдига кирди ва:

«Аллоҳнинг душманини қандоқ қилганимни кўрдингми?» деди».

Бу золимнинг фикрича Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг душмани эмиш. Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо ўзининг баҳодир ўғли ҳақидаги аҳмақона саволга ажойиб жавоб берди.

«Кўрдим. Сен унинг дунёсини буздинг. У эса сенинг охиратингни бузди».

Сен уни қатл этиб бу дунёсига зарар етказдинг. Аммо у ўзининг ўлими ила сенинг охиратингни бузди. Охиратда сен уни ўлдирганинг учун жавоб берасан, дўзахга тушасан.

«Менга етган гапларга кўра сен уни «Эй икки белбоғли аёлнинг ўғли!» деб чақирибсан».

Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг лақаблари Зотуннитоқайн-икки белбоғли аёл. эди.

«Аллоҳга қасамки, икки белбоғли аёл менман. Улардан бири билан Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ва Абу Бакрнинг таомини боғлаб кўтарган эдим. Бошқаси бўлса, аёл кишига лозим бўлган белбоғ эди».

Расулуллоҳ алайҳиссалом Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга ҳижратга чиққанларида уларга йўл учун таом бериб юборишмоқчи бўлдилар. Шошилишда таомни солгани нарса топа олмай қолдилар. Шунда Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо ўйлаб ўтирмай белидаги белбоғни ечиб иккига бўлди-да бир бўлагига таомни тугди, иккинчи бўлагини яна белига боғлаб олди. Шу ондан бошлаб Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Зотуннитоқайн-икки белбоғли аёл номини олдилар. У киши Ҳажжожга қаратилган гапларда давом этиб:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга Сақийфда каззоб ва озорчи борлигини айтган эдилар. Каззобни кўрдик. Аммо озорчи сендан бошқа биров эмас!» деди».

Каззоб Сақийф қабиласидан чиқиб пайғамбарлик даъвосини қилган Муҳтор ибн Абу Убайд ас-Сақафий деган нобокор эди. Озорчи эса, ҳозир Зотуннитоқайн-икки белбоғли аёлнинг олдиларида хўшшайиб ўтирган Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий бўлди. Бу гаплардан кейин унинг шармандаси чиқди.

«У индамай туриб, чиқиб кетди».

(Тамом)

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирги пайтда бутун дунё бўйлаб кўнгилсиз ҳолатлар, ихтилофлар ва урушжанжаллар бўлиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Мазкур нохушликларда мусулмонларга тегишли давоми...

8030 05:00 / 03.03.2017
Уламолар масалаларни диққат билан ўрганиб, таҳқиқ қилишади. Шунинг учун бир масалада турли ўлкаларда авлоддан авлодга маълум бир фатвога кўра амал қилиб давоми...

571 13:52 / 20 ноябрь
Ушбу боб аввалида бир нарсани эслатиб ўтмоғимиз лозим. Бу меьзон қоидаларининг барчаси ҳам ушбу соҳа уламолари тарафидан бирдек қабул қилинган эмас. Ушбу соҳа давоми...

3204 05:00 / 13.03.2017
Диндан узоқлашар эканмиз, асл мақсаддан, рисолатдан ва инсоний қадриятлардан йироқлашган бўламиз. Натижада жамиятда ёмонлик, зулм ҳукм суради, ёвузликка, маст давоми...

1081 15:05 / 31 октябрь