1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Халқнинг хилоф илмига берилиб кетиши сабаби (учинчи мақола)

17:30 / 21.05.2019 1621 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Билгилки, бошқани мағлуб этиш, мот қилиш, одамлар олдида фазилат ва шарафни кўрсатиш мақсадида мунозара қилиш Аллоҳнинг ҳузурида мазмум, иблис наздида эса, маҳмуд бўлган барча хулқларнинг манбаидир. Ушбу мунозаралар кибр, манмансираш, ҳасад, нафсни улуғлаш, мансабпарастлик ва шу каби ботиний бузуқликларнинг биридир. Ичкилик ичиш ёки фаҳш иш қилиш орасида ихтиёрли бўлган киши ичкилик ичса, маст бўлиб фаҳш ишларни ҳам бажаришига олиб келади. Шу каби бошқаларни мот қилиш, мунозарада ғолиб келиш, мансабпарастлик ва манмансираш муҳаббати кимгаки ғолиб келса, уни ифлосликлар ичига бошлаб боради, қалбида ёмонликларнинг жамланишига восита бўлади. Бу ёмон ахлоқларнинг барчаси далиллар, оятлар ва ҳадисларга асосланган ҳолда «Рубъул муҳликот» бўлимида зикр этилади. Ушбу ўринда эса, салбий мунозарани келтириб чиқарувчи ярамас хулқларнинг бир қисмини айтиб ўтамиз.

1. Ҳасад.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олов ўтинни егани каби ҳасад ҳам яхшиликларни ейди», деганлар». (Абу Довуд Абу Ҳурайрадан ривоят қилган. Ибн Можа Анасдан розияллоҳу анҳу заиф иснод билан ривоят қилган. Бухорий бу ҳадис саҳиҳ эмас деган.)

Тортишувчи ҳасаддан холи бўлолмайди. Чунки гоҳида ғолиб бўлса, гоҳида мағлуб этилиши муқаррар. Баъзида унинг сўзи мақталиши, баъзида эса, бошқанинг гапи мақтовга сазовор бўлиши мумкин. Модомики, дунёда бирор кишининг илми ва қарашлари бошқаникидан кучли эканини зикр қилиш ёки «фалончи сендан яхшироқ қарашга ва тўғрироқ фикрга эга», дейилиш эҳтимоли бор экан, тортишувчи, албатта, рақибига ҳасад қила бошлайди ва ундаги неъматнинг завол топишини, одамларнинг муҳаббати ва ҳурмат-эҳтиромлари ўзи томонга кўчиб ўтишини чин дилдан хоҳлайди. Ҳасад – олов-оташ. Бас, кимки ҳасадга мубтало бўлса, бу дунёда азобга, изтиробга гирифтордир. Охиратдаги азоби эса, бу дунёдагидан бир неча баробар зиёдадир. Шунинг учун ҳам Ибн Аббос: «Илмни топган жойингизда олаверинглар! Фуқаҳоларнинг бир-бирларига қарши айтган сўзларига қулоқ солманглар! Чунки улар оғилдаги такалар каби уришаверадилар», деганлар.

2. Такаббурлик ва ўзни одамлардан устун қўйиш.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Ким ўзини буюк санаса, Аллоҳ уни кичрайтиради. Ким тавозеъ кўрсатса, Аллоҳ уни юксалтиради», деганлар». Хатиб Умардан розияллоҳу анҳу саҳиҳ иснод билан ривоят қилган).

Аллоҳ таолодан ривоят қилган ҳадисларида эса: «Азамат Менинг изорим, кибриё эса, ридоимдир. Бас, ким бу икки нарсада Мен билан талашса, унинг белини синдираман», дея марҳамат қилганлар. (Имом Муслим, Абу Довуд, Ибн Можа, Ибн Ҳиббонлари Абу Ҳурайрадан ривоят қилган.)

Тортишувчи тенгларидан ўзини устун қўйиш хасталигидан ҳеч қачон қутулолмайди. Чунки у қадри керагидан ортиқ бўлишини хоҳлайди. Ҳатто мажлисларда ҳам юқорини, давра тўрини талашиб, ғавғо кўтаради. Ўзидан бошқаларни юқори ўринларга муносиб кўрмагани учун, мажлисларда бақир-чақир қилиб юради. Агар бирор тор йўлакдан юриб қолишса, ким биринчи юришини ҳам талашишади. Ушбу қилмишлари билан пасткаш, айёр мунозарачилар «илмнинг иззат-обрўсини сақламоқчи» эканликларини рўкач қилиб, жанжалли хорлик ва тубанликни Аллоҳ ва Унинг пайғамбарлари мақтаган тавозеъ билан адаштириб юборишди. Шунингдек, Аллоҳ наздида ёмон, жирканч бўлган кибрни дин иззати деб номлашди ва натижада Аллоҳ ва Расули кўрсатмаларига зид иш қилишди, «ҳикмат» ва «илм» каби сўзларни ўзгартириб, халқнинг залолатга кетмоғига сабабчи бўлишди.

3. Ҳиқд (гина-кудурат).

Мунозара гиналардан холи бўлиши жуда қийин.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин одам гиначи бўлмайди», деганлар». (Термизий ва Ибн Можалар ривояти.)

Гинанинг жирканч одатлиги ҳақида кўп ҳадислар мавжуд. Мунозарачилар орасида рақибига нисбатан, қалбида кудурати йўқларини топиш мушкул. Уларнинг бирортаси рақиби сўзларини чиройли тарзда қабул этмайди. Балки ичида адоватини яшириб, мунофиқ каби юради. Кўпинча яшириниб ётган гинаси ташқарига чиқиб кетади. Мунозарачи қандай қилиб гинадан халос бўлсин? Унинг келтирган далиллари, ҳукмлари барча томондан мақтовга сазовор бўлмаслиги аниқ. Шунинг учун, мабодо, рақиби унинг сўзини салгина қадрламаса, қалбида гина илдиз отади ва уни умри охиригача узиб ташлай олмайди.

4. Ғийбат.

Аллоҳ таоло уни ўлимтик ейишга ўхшатган. Мунозарачилар «ўлимтик ейиш»дан ҳеч тийила олмайди. Чунки доимо рақибини ёмонлаш, мазаммат қилиш, сўзларини келтиришдан тўхтамайди. Ғийбатдан имкон даражада сақланганида ҳам, рақибининг сўзларини ҳикоя қилаётиб, ёлғон қўшилмаса-да, унинг нуқсонларини, ожиз тарафларини айтиб ўтади. Бу айни ғийбатнинг ўзидир. Ёлғон эса, бўҳтондир. Шунингдек, ундан юз ўгириб, рақибининг сўзига қулоқ тутган кишини жоҳил, ахмоқ, фаросатсиз ва ақли паст деб обрўсини тўкишдан тилини тия олмайди.

5. Ўзни оқлаш.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримда: «Бас, сизлар ўзингизни оқламай қўяқолинглар! У тақводор кишиларни яхши билгувчидир» (Наим сураси, 32-оят), дейди.

Бир донишманддан: «Ўзи тўғри бўла туриб, жирканч кўринган нарса нима?» деб сўрашди. Шунда ҳаким зот: «Киши ўзини ўзи мақташидир», деб жавоб берди. Мунозарачи қувватли, ғолиб ва рақибларидан пешқадам эканини айтиб, ўзини кўкларга кўтаради. Ҳеч бўлмаганда, гап орасида: «Бунақа ишларни билмайдиганлардан эмасман, мен илмда анча пешқадам, ўз услубига эга кишиман, ҳадисларни ҳам ёд олганман», дейди. Бунга ўхшаш сўзлар билан ўзини мақтайди ёки фикрларини ёйиш учун ўзини кўрсатмоқчи бўлади. Маълумки, мақтаниш, ўзни оқлаш шаръан ҳам, ақлан ҳам ёмон ишдир.

6. Жосуслик қилиш ва одамлардан айб қидириш.

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ўзгалар айбини қидириб, жосуслик қилманглар...» (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Мунозарачи рақиблари айбини қидиришдан, хасимлари нуқсонини излашдан ҳеч чарчамайди. Ҳатто унга: «Сенинг шаҳрингга бир мунозара қилувчи келди», деган хабар етса, дарҳол унинг ботиний ҳолатини, қабиҳ жиҳатларини билиб олиш учун жосуслар ёллайди, токи эҳтиёж бўлганида уни хижолатга қўйсин. Ҳолат шу даражага етадики, у рақибининг ёшлигини, ўша пайтдаги ҳолатларини ёки танасидаги камчилик ва касалликларни, масалан, каллигини аниқлайди. Агар рақибининг ўзидан устун жиҳатлари кўриниб қолса, айбларини юзига солади.

7. Одамларнинг ночор ҳолга тушиб қолганидан севиниб, шодлигига ғамгин бўлиш.

Ким мусулмон биродарига ўзи учун яхши кўрган нарсани раво кўрмаса, мўминлар ахлоқидан йироқдир. Фазилатда баробар бўлган яқинлари ва танишларини кўролмаслик, даражалари баробар мунозирлар орасидаги адоват худди кундошлар орасидаги адоватга ўхшаб кетади. Кундошлар бир-бирини узоқдан кўрган заҳоти титраб, ранглари ўзгара бошлайди. Шунинг каби мунозарачи ҳам рақибини кўрганида фикри изтиробга тушади. Шайтон ёки йиртқич ҳайвонга дуч келган кишидай довдираб қолади. Дин олимлари бир-бирларига йўлиққан пайтларида кўрсатилиши лозим илтифот шуми? Машаққат ва енгиллик вақтларида ўртада бўладиган ўзаро ҳамкорлик, ёрдам ва биродарлик қаёққа кетди?

 Имом Шофеъий роҳиматуллоҳи алайҳ: «Илм фазилат ва ақл соҳибларини боғлаб турувчи риштадир», деганлар. Энди илм туфайли орасида адоват уйғонган бир жамоа қандай қилиб, у зотнинг мазҳабларига иқтидо даъвосини қилишяпти, билмайман? Фахр ва улуғворлик талашадиганлар орасида улфатлик ва хотиржамлик бўлиши мумкинми? Асло мумкин эмас. Бу сифатнинг ёмонлигига мўминга мунофиқлар ахлоқини сингдириб, муттақийлар ахлоқидан узоқлаштириши етарли далилдир.

8. Нифоқ (иккиюзламачилик).

Мунофиқликнинг мазмум хулқ эканига далил келтириш шарт эмас. Мунозарачи эса, нифоққа дучор бўлмай иложи йўқ. Улар рақиблари ёки уларнинг тарафдорлари, дўстлари билан юз кўришиб туришади, шу пайтда уларга нисбатан тилида зоҳиран муҳаббат, ҳурмат-эҳтиром изҳор қилишга ва рақибларининг даража ва ҳолатларини эътиборга олишга мажбурдирлар. Ушбу ҳолнинг ёлғон, нифоқ, фожирлик ва ёлғон гувоҳликдан ўзга эмаслигини барча яхши билади. Тортишувчилар фақат тилларидагина самимият изҳор қилишади, қалблари эса, бир-бирига қарши адоват ўчоғига айланган. Биз бундай нифоқдан буюк Аллоҳнинг паноҳига қочамиз!

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонлар илм ўрганиб амални тарк қилганларида, тиллари ила севишиб, қалблари ила адоватда бўлсалар ва силаи раҳмни узсалар, Аллоҳ уларни лаънатлаб, қулоқларини кар ва кўзларини кўр қилиб қўяди», деганлар». (Табароний заиф иснод билан ривоят қилган.) Бу гапни Ҳасан Басрий ривоят қилганлар. Ушбу сўзларнинг ҳақлигини биз шоҳид бўлаётган ҳолатлар исботлаб турибди.

9. Ҳақдан юз ўгириш, уни ёқтирмаслик ҳамда ноҳақ нарсада бардавом бўлишга ҳарислик.

Тортишувчи ҳамиша душманлик иштиёқи ила яшайди. Мунозарачининг энг ёмон кўрган, ёқтирмаган нарсаси – ҳақиқатнинг рақиби тилидан зоҳир бўлишидир. Тортишувчи бор кучи, ҳаракатини рақибига қарши сафарбар қилади. Бунда уни ҳақ ёки ноҳақ экани мутлақо қизиқтирмайди. Унинг учун тортишувнинг бардавом бўлиши муҳимроқдир. Бирор сўзни эшитиши биланоқ, унга эътироз билдириш унинг машғулотига айланиб қолган. Ҳолат шу даражага бориб етадики, қалбидаги эътироз Қуръон далилларидан ёки шаръий лафзлардан ҳам устун бўлиб қолади, Қуръон далилларини бир-бирига зид қўя бошлайди. Ваҳоланки, ботилни ҳимоя қилиш учун тортишиш жуда қаттиқ манъ этилгандир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақ ила бўлса-да, ботилга қарши мунозарани тарк қилишга буюриб: «Ўз хатосини англаб, тортишувни тарк қилган кишига Аллоҳ жаннат ўртасида бир қаср бино қилади. Ҳақ бўлатуриб, тортишувдан ўзини тийганга эса, жаннатнинг энг юқорисидан қаср қуради», деганлар. (Термизий ва Ибн Можалар Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилишган.)

Аллоҳ таоло ўзига нисбатан уйдирма тўқувчилар билан ҳақни ёлғонга чиқарувчиларни баробар қўйган: «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки ҳақ (Қуръон) келган чоғда, уни ёлғонга йўйган кимсадан ким ҳам золимроқдир?!» (Анкабут сураси, 68-оят). Шунингдек, бошқа ояти каримада: «Ахир Аллоҳ шаънига (шерик ва фарзандни нисбат бериб) ёлғон сўзлаган ва рост (Қуръон) ўзига келган пайтидаёқ ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ бирор кимса борми?!» дейди. (Зумар сураси, 32-оят).

10. Риё, халқнинг мулоҳазасини қилиш, уларнинг қалбини ўзига мойил этиш ва ўзи тарафга қаратиш учун ҳаракат қилиш.

Риё инсонни катта гуноҳларга олиб борувчи қўрқинчли хасталикдир. «Риё китоби»да бу ҳақда муфассал тушунтирилади. Мунозара қилувчи халқ олдида ўзини кўрсатишни, уларнинг мақтов-олқишларига сазовор бўлишни тортишувнинг асосий сабаби қилиб олади.

Юқорида биз айтиб ўтган ўнта ҳолат ботиний бузуқликларнинг асосидир.

(Давоми бор)

«Иҳёу улумуд-дин» асаридан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Набий солаллоҳу алайҳи васаллам Ким жума куни ғусл қилиб, иложи борича покланиб, ўз мойидан, уйидаги давоми...

2745 09:02 / 23.11.2018
.Меърож, луғатда .юқорига кўтарилиш, деган маънони англатади. Шариатда эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Байтул Мақдисдан Сидратул Мунтаҳога ndash давоми...

3320 18:30 / 07 февраль
Намозни ўз вақтидан кечга суришга фақат икки нарсагина ndash ухлаб қолиш ва эсдан чиқариш узр бўлиши мумкин. Унда ҳам ухлаб қолган уйғониши билан, эсидан чиқарган давоми...

3214 20:00 / 18.08.2019
Ибн Жарирининг шогирди ва дўсти қози Абу Бакр ибн Комил Аҳмад ибн Комил Шажарий Ибн Жарир роҳматуллоҳи алайҳнинг ўз вақтлари ва амаллари тартибини қуйидагича давоми...

1625 14:00 / 19.07.2019