Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
2. «Қуръонни Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзи тўқиб олган», деган даъво.
Мушриклар Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончиликда айблар, «Қуръонни ўзи тўқиб олган, «Аллоҳдан тушяпти», дегани ёлғон», дейишган. «Уйдирмачининг бўҳтонлари» ёки «ёлғончининг териб олган гаплари» каби бундай даъволарни арабларнинг ўзлари Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида берган гувоҳликлари рад қилади. Чунки улар у зотни содиқлик ва омонатдорлик сифатлари билан сифатлашар эди. Уйдирмачи ва ёлғончиларнинг асл башаралари тез кунда очилиб қолади.
Хўш, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси нарсада ёлғон гапирдилар? Ғайб маълумотларидами, ўтган замон хабарларидами ёки келаси замон даракларидами?
Чегараланган араб маданияти ўша даврда ушбу соҳада ким ёлғончи-ю, ким ростгўй эканини ажратиб берадиган даражадаги ҳакамлик имкониятини бера олармиди?!
Дарҳақиқат, Қуръони карим борлиқ ва ундаги мавжудотларнинг дастлабки яратилиши, уларнинг муқаррар бориш жойининг васфини қилган. Охиратнинг неъматлари ва унинг аламли азобларининг тафсилотини айтган. Жаҳаннам эшикларининг ададини ва ҳар бир эшик олдида вакил қилинган фаришталарнинг ададини санаган. Шуларнинг барчасини Китоб берилган илм аҳлларининг кўз ўнгида араблар олдига кўндаланг қўйган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда ушбу кенг ғайбий маърифат қаердан пайдо бўлиб қолди?! Ваҳоланки, у зот бутпараст, саводсиз қавмлар орасида яшар эдилар. Ёки бу маърифат ушбу қавмга осмондаги юлдузлардан тушдими ёхуд Шеърою Миррих юлдузларидан келдими?! У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликдан олдин улар орасида қирқ йил яшамадиларми?! Қирқ ёшга етганда энди адашиб, иғвога тушдиларми?! Уларнинг ўзлари у зотни «Ростгўй», «Ишончли» деб номламаганмидилар?!
Аллоҳ таолонинг ўша ростгўй ва ишончли зотга уларни жим қилиб қўядиган илмни бериши ажабланадиган нарсами?!
Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:
ﭽﭾﭿﮀﮁﮂﮃﮄﮅﮆﮇﮈﮉ ﮊﮋﮌﮍﮎﮏﮐﮑ
«Сен: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, уни сизларга тиловат қилмас эдим ва У уни сизларга ўргатмас эди. Батаҳқиқ, мен орангизда ундан олдин ҳам умр кечирдим. Ақл юритиб кўрмайсизларми?» деб айт» (16-оят).
Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий келгунича ҳам қирқ йил давомида уларнинг ичида яшаган эдилар. Яхши сифатлари билан уларнинг орасида машҳур бўлган эдилар. Хусусан, ўта ростгўй бўлганларидан Амин деган лақабни олган эдилар. Араблар у зотнинг исмларига қўшимча қилиб, «Муҳаммад ал-Амин» – «Ишончли Муҳаммад», деб қўйишар эди. Ана шундай сифатларга эга бўлган одам қирқ ёшга кирганида бирдан ёлғон гапириб қолиши, хусусан, Аллоҳнинг номидан ёлғон гапириши ҳеч бир ақлга сиғадими?! Ўзини билган ҳар бир одам, ҳатто душман, кофир бўлса ҳам, бу ҳақиқатни дарҳол англаб етарди. Рум императори Ҳирақл билан Абу Суфён ва унинг шериклари ўртасида бўлиб ўтган машҳур суҳбатда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ҳам тилга олинган эди.
Ўшанда Ҳирақл Абу Суфёндан: «Гапларини айтишидан олдин уни ёлғонда айблар эдингизми?» деб сўради. Ўша пайтда куфрнинг боши, мушрикларнинг раҳнамоси бўлган Абу Суфён: «Йўқ», деб жавоб берди. Шунда Ҳирақл: «Аниқ биламанки, одамлар шаънига ёлғон гапирмабдими, Аллоҳ шаънида ёлғон тўқиши мумкин эмас», деди.
Ҳа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга етгунларича Қуръон ва Ислом ҳақида бир оғиз ҳам гапирмаган эдилар. Чунки у киши бундай ишлар бўлиб кетишини ўйламаган ҳам эдилар. Қирқ ёшга кирганларида, Аллоҳдан ваҳий келди ва у киши амри илоҳийга итоат этиб, ўша ваҳийни одамларга етказа бошладилар. У зот Аллоҳ ҳақида ёлғон гапиришлари мумкин эмас эди. Агар шундай қиладиган бўлсалар, Аллоҳ у зотни ўз ҳолларига ташлаб қўймасди, балки жазолар эди. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғайбий илмларга оид айтган сўзларини аввалги илоҳий китоблардан хабардор инсофли шахслар ҳам тан олишар эди.
Энди Қуръонда келган тарихий маълумотлар, келажакка оид хабарлар ҳақида бир ўйлаб кўрайлик. Қуръони карим ўтган замон хабарларидан қай бирини келтирган бўлса, энг ибратлисини, ўтган умматлар қиссаларидан энг гўзалларини ҳақиқат асосида келтирди ва олдинги китоблардаги хатоларни тўғрилади. Улардаги анбиёларнинг маъсумлигига футур етказадиган янглиш тушунчаларни ислоҳ қилди. Баъзи тарихий адашишларни рад этди. У тарихий қиссаларни баён қилар экан, тингловчи ўша воқеаларнинг шоҳиди ва кузатувчиси сифатида ўзини гўё ўша воқеъликнинг эгалари орасида, уларнинг асрида яшагандек ҳис этадиган қилиб тасвирлади.
Масалан, Нуҳ алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари аллақачон ўтиб кетган. Уларнинг хабарини Муҳаммад алайҳиссалом ҳам, у кишининг қавмлари – Арабистон аҳолиси ҳам билмас эдилар. Ана шу одамларга улар учун номаълум бўлган илм – Нуҳ алайҳиссалом ва қавмларининг хабари ваҳий йўли билан келди.
Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида Ўз Набийсига Нуҳ қиссасини айтиб бериб, сўнгра қуйидагиларни айтади:
ﮕﮖﮗﮘﮙﮚﮛﮜﮝﮞﮟﮠﮡﮢﮣﮤﮥ ﮦﮧﮨﮩ ﮪﮫ
«Булар ғайб хабарларидан бўлиб, уларни сенга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сен ҳам билмас эдинг ва сенинг қавминг ҳам. Бас, сабр қил, албатта, оқибат тақводорларникидир» (49-оят).
Аллоҳ таоло Қосос сурасида Мусо алайҳиссаломнинг Мадян ва Мисрда ўтказган кунлари, у ердаги ҳодисаларнинг узун тафсилотларини келтирар экан, сўнгида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай дейди:
ﭑﭒﭓﭔﭕﭖﭗﭘﭙﭚﭛﭜﭝﭞ
«Биз Мусога ишни ҳукм қилган пайтимизда, сен ғарбий томонда эмас эдинг ва гувоҳлардан ҳам бўлмагансан» (44-оят).
Яъни «Биз Мусога пайғамбарликни, Таврот ва унинг ҳукмини берган пайтимизда, сен Тур тоғининг ғарбий томонида эмасдинг. Бу ишга гувоҳ ҳам бўлмагансан».
Қуръон нозил бўлгунига қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳиссалом ва қавмлари ҳақида ҳеч нарса билмаганларидан, бу тўғрида бир оғиз ҳам сўз гапирмаган эдилар. Акс ҳолда душманлар дарҳол юзларига солар эди. Шундай бўлишига қарамай, Қуръонда Мусо алайҳиссаломнинг қиссаси батафсил келиши, ҳатто яҳудий ва насронийларнинг бу борадаги хатоларини тўғрилаши Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий Китоб эканига ёрқин далилдир.
ﭟﭠﭡﭢﭣﭤﭥﭦﭧﭨﭩﭪ ﭫﭬﭭﭮﭯﭰﭱﭲ
«Лекин Биз бир неча авлодларни пайдо қилдик, бас, уларнинг умри чўзилди. Сен Мадянда туриб, уларга оятларимизни тиловат қилиб берганинг йўқ. Аммо Биз Расул юборувчи бўлдик» (45-оят).
(давоми бор)
«Қуръон илмлари» китобидан
ОЛЛОҲ РОЗИ БЎЛСИН. МАШААЛЛОҲ .