1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Моида сураси, 14-16

05:00 / 23.01.2017 8501 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

14. Ва, «Биз насоролармиз», деганларнинг ҳам аҳдномасини олдик. Бас, улар ўзларига эслатма бўлган нарсадан кўп насибани унутдилар. Биз улар орасида адоват ва ёмон кўришни қиёмат кунигача қўзғатдик. Аллоҳ, албатта, уларга қилмишлари ҳақида хабар берадир.


«Насоролар» деганда масиҳий динидаги кишиларни, яъни, Ийсо алайҳиссаломга эргашганларни тушунамиз. Баъзи уламоларнинг таъкидлашларича, Ийсо алайҳиссаломга биринчи эргашганлар Носиро номли қишлоқ аҳолиси экан. Шунинг учун ҳам уларга «насоролар», деб ном берилган. Бошқа бир талқинларга кўра, Ийсо алайҳиссалом: «Ким менга нусрат (ёрдам) беради?» деганларида, биз, деб чиққан эканлар. Шунинг учун «насоро» номини олганлар.

Ояти каримада: 

«Ва, «Биз насоролармиз», деганларнинг ҳам аҳдномасини олдик», дейилмоқда. 

Ушбу жумланинг ўзидан бир неча мулоҳаза чиқарса бўлади. Аввало, «Биз насоролармиз, деганлар», дейишдан англашиладики, улар оғизларида насороликни даъво қиладилар-у, ўзлари асли насоро эмаслар. Оғиздаги гап амалда тасдиқланмагунча ундай даъвони ҳеч ким эътироф этмайди. (Оғзида «мусулмонман» дейдиганлар ҳам шу сирага кирадилар.) Қолаверса, Аллоҳ таоло бу диндагилардан аҳднома олганлигини биламиз. Самовий динларнинг асли бир бўлгандан кейин уларга бўлган муносабат ҳам бир хил бўлиши табиий ҳолдир. Оятда насоролардан олинган аҳднома тафсилотлари келтирилмасдан бир йўла натижа зикр этиляпти. Сўзнинг кетиши шу мақомда. Аллоҳ таолога аҳд берган насоролар ҳам яҳудийлар каби аҳдга вафо қилмадилар. Яҳудийларга ўхшаб:

«Бас, улар ўзларига эслатма бўлган нарсадан кўп насибани унутдилар».

Бунинг оқибатида кетма-кет ноқулайликлар келиб чиқаверди. Аҳдномани унутганликлари натижасида:

«Биз улар орасида адоват ва ёмон кўришни қиёмат кунигача қўзғатдик».

Насороларнинг ўзаро адоватлари ҳаммага маълум ва машҳур. Католик протестант билан, православ моруний билан ёки бошқаси яна бири билан ҳамиша душман. Ҳар бир черков ўзини алоҳида динда деб ҳисоблайди ва бошқасини душман билиб, ёмон кўради. Уларнинг ўзаро олиб борган диний-мазҳабий урушлари оқибатида қонлар дарё бўлиб оққани тарихда машҳур. Ҳозиргача бу душманлик ва бир-бирини ёмон кўриш давом этиб келмоқда. Ушбу ояти кариманинг тасдиғи ила, у душманлик қиёмат кунигача давом этишида ҳам шубҳа йўқ. Қиёмат кунида эса:

«Аллоҳ, албатта, уларга қилмишлари ҳақида хабар берадир».

Яҳудий ва насороларнинг Аллоҳга берган аҳдномаларига нисбатан ўзларини қандай тутганлари баён қилиб берилгандан сўнг, энди уларга қўшма хитоб қилинади:


15. Эй аҳли китоблар! Батаҳқиқ, сизларга Пайғамбаримиз келди. У сизга китобдан беркитиб юрган кўпгина нарсаларингизни баён қилиб берур. Кўпгинасини эса авф қилур. Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин Китоб келди.

Яҳудий ва насороларга бу оятда таъкидлаб айтилаётган нарса–Аллоҳнинг охирги Пайғамбарининг соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат араб мушрикларига, балки дунёдаги бошқа барча халқларга, шу жумладан, аҳли китобларга ҳам Аллоҳ томонидан келганликларидир. Муҳаммад алайҳиссаломнинг яҳудийларга ҳам Пайғамбар бўлиб келишлари хабари Тавротда бор бўлиб, улардан аҳд олинганда, у зотга иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. Шунингдек, у зоти бобаракотни соллаллоҳу алайҳи васаллам насороларга ҳам Пайғамбар бўлиб келишлари хабари Инжилда зикр қилинган бўлиб, Аллоҳ таоло насоролардан аҳд олган пайтида, у зот келган вақтларида иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. 

«Эй аҳли китоблар! Батаҳқиқ, сизларга Пайғамбаримиз келди».

Бу оятда уларга ўша аҳдномада айтилган Пайғамбар дарҳақиқат келганлигининг хабарини бериб туриб, у зотнинг аҳли китобларга қиладиган баъзи ишлари ҳам айтилмоқда:

«У сизга китобдан беркитиб юрган кўпгина нарсаларингизни баён қилиб берур».

Яҳудийлар Тавротдан, насоролар эса, Инжилдан кўпгина нарсаларни беркитиб юрган эдилар.

Ҳақиқатда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларга улар беркитган зинонинг ҳукмини баён қилиб берганлар. Шунингдек, рибохўрликнинг ҳаром эканлигини ҳам ва бошқа кўпгина нарсаларни баён қилиб берганлар. Насоролар эса, Аллоҳнинг тавҳидини беркитганлар. Бу икки тоифа қўшилиб, Ҳазрати Муҳаммаднинг соллаллоҳу алайҳи васаллам барчага Пайғамбар бўлиб келишларини беркитганлар. Булар ва бунга ўхшаш кўплаб беркитилган ҳақиқатлар баён қилиб берилган. Шу билан бирга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кўпгинасини авф қилур».

Яъни, ўз шариатларига тегишли бўлмаган, вақти ўтиб кетган, зикр қилишдан фойда йўқ кўпгина нарсаларни авф қиладилар, эслаб ўтирмайдилар.

Агар яҳудийлар ва насоролар ҳамда жумлаи жаҳон англаб етса:

«Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин Китоб келди».

«Нур»дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ислом дини, «ойдин Китоб»дан мурод эса, Қуръони Каримдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга келтирган нарса нурдир. Буни иймон насиб этган кишилар биладилар. Исломга киришлари билан жоҳилият зулматидан иймон нурига чиққанларини ҳис этадилар. Қуръони Каримни иймон ва ихлос билан ўрганганларида, унинг ойдин Китоб эканлигини тушунадилар.

Бу ойдин Китоб нималар қилишини кейинги оят баён қилади:


16. У билан Аллоҳ Ўз розилигини истаганларни салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарар. Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилар.

Ўша ойдин Китоб–Қуръон билан Аллоҳ таоло Ўз розилигини истаб мусулмон бўлган бандаларини салом (тинчлик) йўлларига бошлайди. Ислом–тинчлик дини. Ислом туфайли, Қуръон туфайли инсоннинг кўнгли тинч бўлади, ўзи тинч бўлади, оиласи, шаҳар, қишлоғи, жамияти, давлати ва бутун дунё тинч бўлади. Мусулмон инсоннинг ҳаёти тинч бўлади. У ўзи яшаётган борлиқ билан тинч алоқада бўлади. Атроф-муҳит тинч бўлади. Умуман, шомил ва комил тинчлик бўлади. Тинчликнинг барча йўлларига фақат мусулмон бўлган, унинг розилигини истаган бандаларгина Аллоҳ томонидан ҳидоят қилинадилар. Шунинг учун ҳам, инсоният ҳақиқий тинчликни хоҳлайдиган бўлса, мусулмон бўлиши шарт.

«Уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарар».

Ушбу жумладаги «зулматлар» сўзига алоҳида эътибор бериш керак. Зулматлар кўплик сонида келмоқда, нур эса, бирликда. «Нур»дан мурод–Ислом, «зулматлар»дан мурод эса–Исломдан бошқа тузум ва динлар. Исломдан ўзга ҳар қандай дин ёки тузум, у қайси ном билан аталишидан қатъи назар, зулматдир. Ҳамма жиҳатдан зулматдир. Ким уларни ихтиёр қилса, нурни қўйиб, зулматни ихтиёр этган бўлади. Адашувга, хасоратга юрган бўлади. Кимки Қуръонга иймон келтирса, Исломга кирса, қоронғуликдан нурга чиққан бўлади. Нурга соҳиб бўлганлар эса, адашмайдилар. Чунки Аллоҳнинг Ўзи уларни зулматдан нурга чиқаради:

«ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилар». 

Тўғри йўлга бошлайди. Бинобарин, аҳли китоблар ҳам ўзларининг бузуқ ақида ва шариатларини қўйиб, Аллоҳ уларга юборган Пайғамбарга–Муҳаммад алайҳиссаломга, Қуръонга иймон келтиришлари ва Исломга амал қилиб, куфр ва жоҳилият зулматларидан иймон нурига чиқишлари лозим. Сироти мустақим шудир. Бошқаси куфрдир.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
6. Эй иймон келтирганлар Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар давоми...

6497 05:00 / 23.01.2017
биринчи мақолаЮқорида 91 дарсимизда .муҳкам, ва .муташобиҳ, сўзлари Қуръони Каримнинг бир неча оятларида ўзининг луғатдаги маъноларини ифода қилган ҳолда келгани давоми...

4439 13:00 / 30.06.2020
иккинчи мақола1924 йил август ойида Ислом жамияти раиси Шайх Муҳаммадхўжа, муфтий Заҳириддин Аълам, ҳукумат вакили Саидқосим Хўжаев ва бошқалар Уфа Диний давоми...

4112 17:50 / 17.12.2019
Иорданиялик ҳамаср олимлардан Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи уч қисмдан иборат асарлар силсиласини режалаштирган. Бу силсила қуйидаги асарлардан иборат давоми...

2017 16:10 / 08.06.2021