1446 йил 6 рабиъус сони | 2024 йил 09 октябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

ЮСУФ СУРАСИНИНГ ТАФСИРИ

05:00 / 19.01.2017 15503 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЮСУФ СУРАСИНИНГ ТАФСИРИ


Маккада нозил бўлган. 111 оятдан иборат.
Уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу сураи карима Ҳуд сурасидан кейин нозил бўлган.
Ҳуд сураси қандай оғир вазиятда, Ислом ва мусулмонлар учун нақадар нозик, ҳассос ва қийин пайтда нозил бўлганини кўриб ўтдик. Мушрикларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у кишига эргашган оз сонли мусулмонларга тазйиқлари ниҳоятда кучайган бир пайт эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин ва суянчиқ бўлиб турган зотлар Абу Толиб ва Биби Хадича онамиз бирин-кетин вафот этиб, бандалардан келаётган сўнгги кўмаклар ҳам битган, мусибат ортидан мусибат келаверган, ўша йил мусулмонлар учун «хафалик йили»га айланган бир пайт.

Мусулмонларнинг нажот истаб, Аллоҳнинг Ўзига илтижо қилишдан бошқа чораси қолмаган пайт. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, қийноқда сиқилиб қолган мусулмонлар ҳам бир оғиз бўлса-да, далдага муҳтож пайт. Ана шу ҳолатда ҳақиқий ёрдамчи бўлмиш Аллоҳ таолонинг Ўзидан далда келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўмин-мусулмонларга бундан-да қаттиқроқ мусибатларга йўлиққан, синовларнинг ҳар турлисига учраган бир банданинг–Пайғамбар Юсуф алайҳиссаломнинг қиссалари келди. Бу қисса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, мусулмонларга ҳам улкан тасалли ва буюк дарс эди.
Шу билан бирга, бошқа маккий суралар каби бу сура ҳам ақида масалалари, Аллоҳнинг қудрати, Ислом даъвати ҳақида сўз юритади, иймон йўлида тинмай ҳаракат қилиш, бу йўлдаги турли тўсиқларга бардош бериш лозимлиги ва бошқа масалалар қисса давомида муолажа қилинади.
Юсуф сураси битта қиссани аввалидан охиригача, бошқа нарсаларни аралаштирмай ҳикоя қилган ягона сурадир. Юсуф алайҳиссаломнинг исмлари бу сурадан бошқа яна бир жойда зикр қилинади, холос. Бу сураи каримада бошқаларидан фарқли ўлароқ, кўпроқ оилавий муносабатлардаги салбий ўринларга, ҳукмрон доиралар ичидаги ихтилофларга, уларнинг атрофидагиларнинг ҳолатларига эътибор берилган. Диний-маънавий тарбия бўлмагани туфайли бой-зодагон оилаларнинг баъзи аъзолари «тўқликка шўхлик» қилишларидан намуналар келтирилган.
Улуғ Пайғамбарлар–Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб алайҳиссаломларнинг сулоласи бўлмиш ёш ва гўзал йигит Юсуф ўз акаларининг фитнасига учрайди. Акалари уни оталари Яъқуб алайҳиссаломдан қизғаниб, йўқотмоқчи бўладилар, маслаҳатлашиб, Юсуфни қудуққа ташлайдилар ва оталарига келиб: «Биз мусобақа қилиб, ўйнаб кетиб қолибмиз, Юсуфни бўри еб қўйибди», дерлар. Юсуф эса, ночор ҳолда қудуқда ўтирибди. Лекин у келажакда эришадиган олий мартабалари учун синов кунларини ўтамоқда, баъзи тажрибаларни бошидан кечирмоқда, холос. Ҳамма ишни ҳикмат ила қиладиган Аллоҳ уни қутқазиш йўлини ҳам Ўзи яхши билади. Ана, йўловчилар сув олиб келиш учун сувчиларини қудуқ томон йўлладилар. Биттасини челагини сувга ташламоқчи эди, қараса, қудуқ ичида чиройли бир йигит ўтирибди. Уни қудуқдан чиқариб олишди ва қул қилиб сотишди. Ҳа, улкан Пайғамбарларнинг фарзанди аржуманини, бўлажак Пайғамбарни қул қилиб сотишди. Баҳосига унча қизиқишмади ҳам. Ё Аллоҳ, бу нақадар даҳшат! Лекин ҳаким сифатли зот ҳамма ишни ҳикмат ила амалга оширади. Юсуфни ҳозирча қул бўлиб сотилишининг ҳам ҳикмати бор, бу иш келажакда илоҳий ироданинг юзага чиқиши сари бир поғонадир.
Уни сотиб олган одам оддий эмас, Мисрдек катта юртнинг Азиз лақабли бош вазири бўлган бир кишиси. У одам Юсуфдаги одоб, ахлоқ, олийжаноблик, юқори савиядаги тарбия ва бошқа хуш хулқларни кўриб, ёқтириб қолди. Аҳли байтига, бунга яхши қаранглар, эҳтимол ўғил қилиб олармиз, деб тайинлади. Аллоҳ таоло Ўз тадбири ила Юсуфни қудуқдан ва қулликдан қутқариб, Миср Азизининг қасрига, қароргоҳига олиб келди ва уни алоҳида эътиборга сазовор этди. Аммо бу ерда ҳам Юсуфни имтиҳон, ниҳоятда катта имтиҳон–фитна кутар эди. Бойлик, айшу ишрат, ҳою ҳавас ичида яшаб ўрганган Азизнинг хотини ёш ва гўзал Юсуфга ошиқ бўлиб қолди. Ошиқ бўлганда ҳам ашаддий ошиқ бўлди. Бирдан-бир нияти Юсуфга эришиш бўлиб қолди. Тўқликка шўхлик, деб шуни айтадилар-да. Лекин тарбия кўрган комил бир эркак бўлиш билан бирга Роббидан қўрқишни-да ўрнига қўядиган, ҳаромдан ҳазар қиладиган Юсуф бу имтиҳон-синовдан ҳам муваффақиятли ўтди. Азизнинг хотинининг ҳаром хоҳиши амалга ошишига восита бўлмади. Балки ундан, унинг сиймосидаги хиёнатдан, фоҳиша ишдан, ҳаромдан қочди. Лекин бу ҳолда ҳам яна туҳматга учради. Яна синов, яна имтиҳон, яна мусибат ва яна кулфат. Уларнинг бу ҳолатлари устига кириб қолган эрини кўриши биланоқ хотин Юсуфга туҳмат тошларини ота бошлади. «У сенинг аҳлингга тажовуз қилмоқчи бўлди, уни ҳибсга сол ёки аламли азоб бер!», дея даъво қилди. Лекин даъвони исбот қилиш керак эди. Текшириш жараёнида ашёвий далиллар хотиннинг зиддига, Юсуфнинг фойдасига бўлиб чиқди. Эр хотинининг макр қилганини тушунди. Хотинларнинг макри зўр эканини яна бир бор англаб етди.
Бўлиб ўтган воқеа ҳақида шаҳар аёллари ўртасида турли миш-мишлар тарқалди. Улар Азизнинг хотинини маломат қила бошладилар. Бу миш-мишларни эшитган Азизнинг хотини сергап аёллардан қасос олмоқчи бўлди. Уларни зиёфатга чақирди. Ҳаммаларига таом улашиб, қўлларига биттадан пичоқ берди. Юсуфга уларнинг олдига чиқишни буюрди. Юсуф уларнинг ҳузурига чиққанда, меҳмон аёллар унинг ҳуснига маҳлиё бўлиб қолишди, таомни кесаман деб қўлларини кесавердилар ва: «Бу башар эмас, малак экан-ку!», дейишди. Юсуфнинг ошиқлари кўпайди. Энди аввалгидан ҳам каттароқ балога, синовга, имтиҳонга йўлиқди. Охири Аллоҳ ҳаром қилган йўлга юришдан кўра ҳибсда ўтиришни афзал кўрди. Қамоқ ҳам унинг учун синов, имтиҳон ва келажакка тайёргарлик босқичи бўлди. У ерда ҳам Аллоҳнинг динига даъват қилишни давом эттирди. Қамоқдагилар унинг фазли, илми, ахлоқ-одобини кўриб, ундан ҳатто тушларининг таъбирини сўрайдиган бўлдилар. Аллоҳ берган илм асосида тушга таъбир айтар экан, Юсуф даъват ишларини ҳам олиб борди. Ва келажакда бўладиган ишлар эҳтиётини қилиб, нажот топиб, чиқиши умид этилган кишига гап тайинлади. Бир қанча муддат ўтиб, худди кутганидек бўлиб чиқди. Қамоқдан туши ўнгидан келиб чиққан одам подшоҳнинг тушини таъбир қилиш қийинлашиб қолганда Юсуф эсига тушди ва подшоҳга уни эслатди. Қамоқдан чиққан Юсуфнинг таъбири, илми, тадбиркорлиги подшоҳга ёқиб қолди ва уни ўзига вазир қилиб олди.
Асосий имтиҳон ва синов энди бошланди. Ўлдириш учун қудуққа ташланган, қул қилиб сотилган, туҳматга учраб қамалган Юсуф алайҳиссалом Мисрдек катта юртга вазир бўлди. Вазир бўлганда ҳам энг қийин вақтда–бир неча йил очарчилик ҳукм суриб, одамларни озиқ-овқат билан таъминлаш оғирлашган ва бошқа нозик ишларни амалга ошириш зарурати туғилган вақтда бўлди.
Очарчилик фақатгина Мисрга кирмаган эди. Лекин бошқа юртларда, жумладан, Юсуф алайҳиссаломнинг она юртларида ҳам ўз ҳукмини ўтказарди. Шунинг учун ҳам Юсуф алайҳиссаломнинг акалари Мисрдаги муваффақиятли иқтисодий ҳолатдан хабар топиб, нажот излаб келдилар. Вазирга таҳсинлар айтиб, ёрдам сўрашди. Лекин улар бу вазир ўзлари бир пайтлар қудуққа ташлаган укалари Юсуф эканини билмадилар. Юсуф алайҳиссалом эса, уларни дарҳол таниди ва яхши муомалада бўлди. Янаги сафар келишларида уйда қолган укаларини ҳам бирга олиб келсалар, бир туя қўшимча озиқ-овқат олиб кетишлари мумкинлигини айтдир. Акалари қайтиб бориб, оталари Яъқуб алайҳиссаломга бўлган ҳодисаларни гапириб бердилар ва кичик укаларини келгуси сафар қўшиб беришини сўрадилар. Аммо фарзанд доғи ҳамон қалбини ўртаётган ота, Юсуфни сизга ишониб топшириб панд еганман, энди укасини ҳам сўрайсизларми, деди. Узоқ тортишувлардан кейин аҳду паймон олиб, кичик ўғлини ҳам акаларига қўшиб берди. Миср вазири–Юсуф алайҳиссалом тадбир ишлатиб, укасини ўзи билан бирга олиб қолди. Яъқуб алайҳиссаломнинг дардига дард қўшилди. Лекин бу вақтинчалик эди. Олдиндаги катта хурсанчиликка «дебоча» эди.
Ниҳоят Юсуф алайҳиссалом ўзининг ким эканлигини ошкор қилди. Акаларига ота-оналарини ҳам олиб келишни тайинлади. Шундай бўлди ҳам. Ҳаммалари–ота-она ва ўн бир ўғил Миср вазири Юсуф алайҳиссалом ҳузурига кириб, эҳтиромларини билдирдилар. У зотнинг ёшликда кўрган тушлари ўнгидан келди.
Қиссанинг сўнгида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинади.
Юсуф алайҳиссалом қиссасининг мухтасар баёни шундан иборат. Бу қиссада хаёлий гаплар йўқ, лирик чекинишлар ҳам, ўқувчиларни қизиқтириш учун тўқилган ёлғонлар ҳам йўқ. Бу Аллоҳнинг ваҳий қилиб юборган Қуръони. Бу қиссани ўқиш ҳам, эшитиш ҳам ибодат. Бошидан охиригача ибрат, ваъз-насиҳат. Келинг, биргаликда Қуръони Каримда бу қисса қандай ҳикоя қилинганини ўрганиб чиқайлик.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

الر تِلْكَ آيَاتُ الْكِتَابِ الْمُبِينِ

1. Алиф. Лом. Ро. Ушбулар очиқ-ойдин китобнинг оятларидир.
Алиф, лом, ро каби ўзингизга таниш ҳарфлардан таркиб топган оятлар жамланиб, ушбу очиқ-ойдин китобни вужудга келтиргандир. Бу китоб ҳарфларининг инсонга ёт бўлган жойи йўқ. Улар араб тилининг ёзув белгилари. Аллоҳ таоло китобини шу ҳарфлар ила араб тилида нозил қилишни ирода этди.

إِنَّا أَنزَلْنَاهُ قُرْآناً عَرَبِيّاً لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ

2. Биз уни арабий Қуръон этиб нозил қилдик, шоядки ақл ишлатсангиз.
Ҳа, ул китоб, оятлари ўша ўзингиз билган ҳарфлардан ташкил топган китоб арабий–араб тилидаги Қуръондир. Уни Аллоҳ таоло нозил қилди.
«шоядки ақл ишлатсангиз».
Шоядки ақл юритиб, бундай мўъжизакор китобни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина келтира олиши мумкинлигини англаб етсангиз.
Кейинги оятдан гап асосий мавзуга кўчади, ушбу сура гўзал қиссадан иборат экани ҳақида сўз очилади:
Эй Пайғамбари охири замон!

نَحْنُ نَقُصُّ عَلَيْكَ أَحْسَنَ الْقَصَصِ بِمَا أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ هَذَا الْقُرْآنَ وَإِنْ كُنتَ مِنْ قَبْلِهِ لَمِنْ الْغَافِلِينَ

3. Биз сенга ушбу Қуръонда ваҳий қилган нарсамиз ила энг гўзал қиссани ҳикоя қилурмиз. Агарчи ундан олдин сен бундан бехабарлардан бўлсанг ҳам.
Яъни, Қуръон деб номланган илоҳий китобимизни ваҳий ила нозил этиш жараёнида энг гўзал қиссани ҳам сенга айтиб берамиз. Сен қавминг ичида ўқиш-ёзишни ўрганмаган, бунақа қиссалардан хабарсиз кишилардан бири эдинг. Энди эса, Аллоҳнинг инояти ила булардан хабардор бўласан ва уларни халққа етказасан.
Шундан сўнг бевосита Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаси бошланади. Юсуф алайҳиссалом кўрган тушини отаси Яъқуб алайҳиссаломга сўзлаб бераётганини тасвирлаш билан қиссага кирилади:
Эй Пайғамбар!

إِذْ قَالَ يُوسُفُ لأَبِيهِ يَا أَبَتِ إِنِّي رَأَيْتُ أَحَدَ عَشَرَ كَوْكَباً وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ رَأَيْتُهُمْ لِي سَاجِدِينَ

4. Юсуф отасига: «Эй отажоним, мен ўн битта юлдузни ҳам қуёш ва ойни кўрдим, уларнинг менга сажда қилаётганларини кўрдим», деганини эсла.
Бу тушни кўрганда Юсуф алайҳиссалом ёш бола эди. Одатда ёш болалар бунчалар аниқ ва башоратли туш кўрмайдилар. Яъқуб алайҳиссалом кичик ўғли Юсуфдан кўрган тушини эшитиб, шу гаплар хаёлидан ўтди. Бу туш улуғ келажакдан башорат эканини англади.
Аммо бу башоратдан ҳамма ҳам хурсанд бўлавермаслигини, жумладан, Юсуфнинг ўгай акалари рашк қилишлари мумкинлигини ҳисобга олиб, мушфиқ оталарга хос эҳтиёткорлик билан у киши ўғиллари Юсуфга:

قَالَ يَا بُنَيَّ لا تَقْصُصْ رُؤْيَاكَ عَلَى إِخْوَتِكَ فَيَكِيدُوا لَكَ كَيْداً إِنَّ الشَّيْطَانَ لِلإِنسَانِ عَدُوٌّ مُبِينٌ

5. У: «Эй ўғилчам, тушингни акаларингга айтмагин. Яна улар сенга бирор ҳийла қилмасинлар. Албатта, шайтон инсонга очиқ-ойдин душмандир.
Яъни, сенинг тушингни эшитсалар, рашклари келиб, уларни шайтон йўлдан уриб қўймасин ва бирон макр-ҳийла ишлатиб, сенга зарар етказмасинлар.
Сўнгра Яъқуб алайҳиссалом сўзларида давом этиб, яна қуйидагиларни айтди:

وَكَذَلِكَ يَجْتَبِيكَ رَبُّكَ وَيُعَلِّمُكَ مِنْ تَأْوِيلِ الأَحَادِيثِ وَيُتِمُّ نِعْمَتَهُ عَلَيْكَ وَعَلَى آلِ يَعْقُوبَ كَمَا أَتَمَّهَا عَلَى أَبَوَيْكَ مِنْ قَبْلُ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْحَقَ إِنَّ رَبَّكَ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

6. Шундай қилиб, Роббинг сени танлаб олади, сенга тушларнинг таъбирини ўргатади ва сенга ва Яъқуб аҳлига, худди оталаринг Иброҳим ва Исҳоққа батамом қилганидек, Ўз неъматини батамом қилиб беради. Албатта, Роббинг билгувчи ва ҳикматли зотдир», деди.
Аллоҳнинг Пайғамбари бўлмиш Яъқуб алайҳиссалом ўғли Юсуф кўрган тушни ана шундай таъбир қилган эди. Бу туш Юсуфнинг келажакда боболари Иброҳим ва Исҳоқ алайҳимуссаломлар каби Пайғамбар бўлишидан дарак берар эди. Пайғамбар бўлгунча эса, Аллоҳ таоло унга тушларнинг таъбирини ўргатади. Бу неъматлар фақат Юсуфнинг ўзигагина эмас, Яъқуб Пайғамбар алайҳиссаломнинг бошқа фарзандларига ҳам берилишига башорат бор эди.
Аллоҳ таоло бу ишларни Ўз илми ва ҳикмати ила амалга оширади.

لَقَدْ كَانَ فِي يُوسُفَ وَإِخْوَتِهِ آيَاتٌ لِلسَّائِلِينَ

7. Батаҳқиқ, Юсуф ва унинг оға-иниларида сўровчилар учун оят-ибратлар бор эди.
Яъни, Юсуф ва унинг ака-укалари қиссасида ажойиб ибратли аломат-белгилар жуда ҳам кўпдир. Ким сўраса, эътибор берса, диққат билан ўрганса, кераклигича ваъз-насиҳат, ибрат ва ўрнак олади.
Энди қисса воқеалари ривожлана бошлайди.

إِذْ قَالُوا لَيُوسُفُ وَأَخُوهُ أَحَبُّ إِلَى أَبِينَا مِنَّا وَنَحْنُ عُصْبَةٌ إِنَّ أَبَانَا لَفِي ضَلالٍ مُبِينٍ

8. Ўшанда улар: «Албатта, Юсуф ва унинг укаси отамизга биздан кўра маҳбуброқлар, ҳолбуки, биз кўпчиликмиз. Албатта, отамиз очиқ-ойдин адашувдадир.
Яъни, Юсуфнинг акалари (улар ўн киши бўлиб, оналари бошқа эди), отамиз биздан кўра укамиз Юсуф ва унинг ота-она бир, туғишган укаси икковини яхши кўради, аслида улардан кўра бизга кўпроқ эътибор бериши керак эди, отамиз бу ишда адашмоқда, дедилар. Юсуф ва унинг укасига рашк қилиб, Аллоҳнинг Пайғамбари бўлмиш оталари Яъқуб алайҳиссалом туҳмат қилдилар, у зотга залолатни муносиб кўрдилар. Ўзаро шивир-шивир шу даражага бориб етиб, оталарини адашувда, адашув бўлганда ҳам очиқ-ойдин адашувда, деб ҳукм чиқардилар. Сўнгра яна-да каттароқ ишга журъат қилдилар:

اقْتُلُوا يُوسُفَ أَوْ اطْرَحُوهُ أَرْضاً يَخْلُ لَكُمْ وَجْهُ أَبِيكُمْ وَتَكُونُوا مِنْ بَعْدِهِ قَوْماً صَالِحِينَ

9. Юсуфни ўлдиринглар ёки узоқ ерга олиб бориб ташланглар, шунда отангизнинг юзи сизга холи қолади. Бундан кейин солиҳ қавмдан бўлиб оласизлар», дедилар.
Бу уларнинг ўзаро маслаҳатлари эди. Улар нима қилиб бўлса ҳам, Юсуфни йўқотиб, оталари фақат ўзларига эътибор бериши учун ҳаракатга тушиб қолдилар. Шайтон васвасага солганда шундай бўлади. Ҳар қандай гуноҳни ҳам тап тортмай қилаверишга чорлайди. Шу ишни қилмасанг бўлмас, қилавер, ҳеч гап бўлмайди, жуда бўлмаса, тавба-тазарруъ қилиб, яна аҳли солиҳлардан бўлиб олаверасан, деб қизиқтиради. Аслида эса, тавба бунақа бўлмайди. Тавба–билмасдан, жоҳиллик билан содир этган гуноҳига надомат чекиш ва Аллоҳдан кечиришни ўтиниб сўраш ҳамда бу гуноҳдан тўла чекиниб, зинҳор унга бошқа қайтмасликдир. Аммо ўтириб олиб, маслаҳатлашиб, ишнинг гуноҳлигини билиб туриб, сўнг тавба этсам, яна аҳли солиҳлардан бўлиб қолавераман, дейиш, масиҳийларда бўлгани каби, черковга бориб, келажакда бир гуноҳ иш қилмоқчи эканини эътироф этиб, ўша гуноҳни ювиш учун пул тўлаб, «мағфират чиптаси» сотиб олишнинг бир тури, холос. Юсуфнинг акалари ҳам шайтон васвасасига учиб, худди шунга ўхшаш амал қилмоқчи бўлишди.
Лекин ичларидан қайси биринингдир виждони бу қабиҳликни кўтара олмади. Машъум фикр унга оғир кели, шунинг учун гуноҳдан узоқроқ бир таклиф киритиб:

قَالَ قَائِلٌ مِنْهُمْ لا تَقْتُلُوا يُوسُفَ وَأَلْقُوهُ فِي غَيَابَةِ الْجُبِّ يَلْتَقِطْهُ بَعْضُ السَّيَّارَةِ إِنْ كُنتُمْ فَاعِلِينَ

10. Улардан бир сўзловчи: «Юсуфни ўлдирманглар. Агар бирон иш қилмоқчи бўлсангиз, уни қудуқнинг қаърига ташланглар, баъзи йўловчилар олиб кетади», деди.
Ана ўшанда Юсуфдан қутуласизлар, отангизнинг юзи сизга холи қолади. Гапнинг маъносидан, сўзловчи бу ишга қўшилмоқчи эмас-у, лекин кўпчиликнинг райига қарши чиқа олмаётганга ўхшайди. Аввало уларни Юсуфни ўлдиришдан қайтариши, қолаверса, «агар бирон иш қиладиган бўлсак», демасдан,
«бирон иш қиладиган бўлсангиз», дейиши ҳам унинг кимлигини кўрсатиб турибди.
Акалар гапни бир жойга қўйиб, режани амалга ошириш учун ҳаракатга тушдилар. Бориб, оталарини аврай бошладилар.

قَالُوا يَا أَبَانَا مَا لَكَ لا تَأْمَنَّا عَلَى يُوسُفَ وَإِنَّا لَهُ لَنَاصِحُونَ

11. Улар: «Эй отамиз, сен нега Юсуфни бизга ишонмайсан? Ҳолбуки, биз унга ихлос қилувчилармиз.

أَرْسِلْهُ مَعَنَا غَداً يَرْتَعْ وَيَلْعَبْ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ

12. Эртага уни биз билан юбор, еб-ичиб, ўйнаб келадир. Албатта, биз уни муҳофаза қилувчилармиз», дедилар.
Жуда усталик билан айтилган гаплар. Аввал оталарига бир оз ҳужум қилиб, у кишини ўзларига ишонмасликда айблаб:
«Эй отамиз, сен нега Юсуфни бизга ишонмайсан?», дейишмоқда.
Аслида, уларга ишонмасликдан эмас, Юсуфнинг кичкиналигини эътиборга олиб эҳтиёт қилаётган бўлишлари мумкин-ку, ахир. Аммо улар оталарининг йўқ деб қолишларидан чўчиб, баланддан келдилар. Шу билан бирга:
«Ҳолбуки, биз унга ихлос қилувчилармиз», бизнинг қалбимиз мусаффо, унга нисбатан ихлосга тўла, ҳеч қандай ёмонликни раво кўрмаймиз, деб ўртадан шубҳани кўтармоқчи бўлдилар. Гапларининг сўнггида Юсуфнинг ўзларига қўшиб беришликни сўраб:
«Эртага уни биз билан юбор, еб-ичиб, ўйнаб келади», дедилар.
Сўнгра, яна шубҳа бўлмасин, деб изидан:
«Албатта, биз уни муҳофаза қилувчилармиз», дея орқасидан қўшиб қўйдилар.
Катта ўғилларидан бу сўзларни эшитган Яъқуб алайҳиссалом уларга узр аралаш, раддия қилиб:

قَالَ إِنِّي لَيَحْزُنُنِي أَنْ تَذْهَبُوا بِهِ وَأَخَافُ أَنْ يَأْكُلَهُ الذِّئْبُ وَأَنْتُمْ عَنْهُ غَافِلُونَ

13. У: «Уни олиб кетишингиз мени хафа қилади. Сиз ундан ғофил қолсангиз, уни бўри еб кетишидан қўрқаман», деди.
Яъқуб алайҳиссалом катта ўғилларига, уни сизларга ишониб, қўшиб юбора олмайман, деган маънодаги сўзни юмшоқроқ қилиб айтдилар.
«Сиз ундан ғофил қолсангиз, уни бўри еб кетишидан қўрқаман», деди».
Юсуфдан ажраб қолиш у киши учун оғир эканини ҳам таъкидладилар. Лекин катта ўғилларини режага айланган мақсадлари тинч қўймас эди. Энди улар оталарини ўзларини камситишда айблаб бўлса-да, мақсадга эришмоқчи бўлдилар.

قَالُوا لَئِنْ أَكَلَهُ الذِّئْبُ وَنَحْنُ عُصْبَةٌ إِنَّا إِذاً لَخَاسِرُونَ

14. Улар: «Агар биз кўпчилик бўлиб туриб, уни бўри еб кетса, унда биз зиёнкорлардан эканмиз-да?!» дедилар.
Бу гап оталарига қаттиқ таъсир кўрсатиш учун айтилган эди. Улар, агар биз кўпчилик бўла туриб, биттаю битта укамизни ҳимоя қила олмай, бўрига егизиб юборсак, нима деган одам бўлдик, унда биз зиёнкор, ҳеч нарсага арзимайдиган, индамай бўрига ем бўлиб кетаверадиган одамлар эканмиз-да, демоқчи бўлдилар. Бунга ўхшаш гаплар одамга, албатта, қаттиқ таъсир қилади. Яъқуб алайҳиссалом ҳам ноилож қолиб, Юсуфни акаларига қўшиб юбордилар.

فَلَمَّا ذَهَبُوا بِهِ وَأَجْمَعُوا أَنْ يَجْعَلُوهُ فِي غَيَابَةِ الْجُبِّ وَأَوْحَيْنَا إِلَيْهِ لَتُنَبِّئَنَّهُمْ بِأَمْرِهِمْ هَذَا وَهُمْ لا يَشْعُرُونَ

15. Уни олиб кетиб, қудуқ қаърига ташлашга қарор қилганларида, Биз унга: «Сен, албатта, уларга бу қилмишларининг хабарини беурсан, ўшанда улар сени сезмаслар ҳам», деб ваҳий қилдик.
Ниҳоят, Юсуфнинг акалари ўзларининг машъум ниятларига етдилар. Уни қудуқ қаърига ташлаш ҳақидаги қарорларини амалга оширдилар. Қудуқ қаърида қалби хавфга тўлиб, ўлимини кутиб ўтирган ёш Юсуфга ваҳий келди:
«Унга: «Сен, албатта, уларга бу қилмишларининг хабарини берурсан, ўшанда улар сени сезмаслар ҳам», деб ваҳий қилдик».
Яъни, сен хафа бўлма, қўрқма ҳам, вақти-соати келиб, акаларингга ўзингга қилган хиёнатларининг хабарини берасан. Ўшанда вазият шу даражада ўзгарган бўладики, акаларинг сени танимайдилар ҳам.
Аллоҳ таоло бу башоратни қудуқ ичида бечора ҳолда ўлимини кутиб ўтирган Юсуфга айтмоқда. Қудуқда ўлим хавфи остида ўтирган одамнинг бирдан-бир фикри қандай қилиб бўлса ҳам, у ердан қутилиб чиқиш бўлади. Аммо ўзини шу ҳолга солганларга қилмишларини айтиб беришини ва ўшанда тажовузкорлар унинг Юсуф эканини хаёлларига ҳам келтирмасликларини фақат Аллоҳ таологина башорат қила олади. Ўзининг суюкли бандаси, бўлажак Пайғамбари Юсуфнинг қудуққа ташланиши ҳам, аслида, беҳикмат эмас. Балки рўй беражак катта ҳодисалар ва мартабалар сари бир поғона бўлган, холос. Юсуф ўша ҳолда қудуқ қаърида қолди.
Акалар эса, қилар ишни қилиб қўйиб, уйга равона бўлдилар ва:

وَجَاءُوا أَبَاهُمْ عِشَاءً يَبْكُونَ

16. Кечқурун йиғлаган ҳолларида оталарига келиб:

قَالُوا يَا أَبَانَا إِنَّا ذَهَبْنَا نَسْتَبِقُ وَتَرَكْنَا يُوسُفَ عِنْدَ مَتَاعِنَا فَأَكَلَهُ الذِّئْبُ وَمَا أَنْتَ بِمُؤْمِنٍ لَنَا وَلَوْ كُنَّا صَادِقِينَ

17. «Эй отамиз, биз Юсуфни нарсаларимиз олдига қолдириб, ўзимиз қувлашиб кетсак, уни бўри еб қўйибди. Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан», дедилар.
Ундай бемаза ишларни қиладиган ҳар бир шахс, ўз қилмишларини яшириш учун дастлаб айюҳаннос солади. Шу одат бўйича улар ҳам оталарига ўзлари тўқиб қўйган ёлғонни ишлатдилар. Ҳийла қилишда оталарининг уларга ҳадиксираб айтган гапидан фойдаландилар. Яъқуб алайҳиссалом: «Сиз ундан ғофил қолсангиз, уни бўри еб кетишидан қўрқаман», деган эдилар. Улар бу ҳоллари билан, биз ёшлик қилибмиз, сенинг гапингга кирсак бўлар экан, худди айтганингдек бўлди, биз ўйинга берилиб, ғофил қолибмиз, Юсуфни бўри еб кетибди, дейишмоқчи бўлишди ва бу гапнинг орқасидан:
«Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан», дедилар».
Бу ҳам қиларини қилиб қўйиб, баҳона ахтарганларнинг услубларидан биридир.

وَجَاءُوا عَلَى قَمِيصِهِ بِدَمٍ كَذِبٍ قَالَ بَلْ سَوَّلَتْ لَكُمْ أَنفُسُكُمْ أَمْراً فَصَبْرٌ جَمِيلٌ وَاللَّهُ الْمُسْتَعَانُ عَلَى مَا تَصِفُونَ

18. Ва унинг ёлғон қонга бўялган кўйлагини келтирдилар. У: «Йўқ! Сизга ҳавои нафсингиз бирор ишни зийнатлаб кўрсатибди. Энди чиройли сабр(дан бошқа чорам йўқ). Сиз васф қилаётган нарсада ёрдам сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи», деди.
Ўғиллар оталарини ишонтириш мақсадида ашёвий далил, деб Юсуфнинг кўйлагини ёлғондан қонга бўяб олиб келишди. Аммо Аллоҳнинг Пайғамбари Яъқуб алайҳиссалом гап нимада эканини тушундилар. Юсуфни бўри емагани ҳам у кишига аён бўлди.
«У: «Йўқ! Сизга ҳавои нафсингиз бирор ишни зийнатлаб кўрсатибди», деди».
Йўқ! Юсуфни бўри еб кетибди, деган гапларингиз ёлғон. Сизлар бошқа иш қилгансизлар. Ўша ишни сизга ҳавои нафсингиз зийнатлаб кўрсатган, дедилар. Сўнгра:
«Энди чиройли сабр(дан бошқа чорам йўқ)».
Яъни, жигаргўшам, кичкинтойим Юсуфдан айрилиш мен учун катта мусибат, бу мусибатга сабр қиламан, холос. Сабр қилганда ҳам чидамсизлик, дод-вой ва турли номуносиб ҳоллар билан эмас, балки чиройли йўсинда сабр қиламан, дедилар.
Сўнгра бундай пайтларда ёрдам сўраладиган манбани ҳам эслатдилар:
«Сиз васф қилаётган нарсада ёрдам сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи».
Яъни, сиз менга сифатлаб бераётган ҳодисада–Юсуфнинг йўқолишида менга ягона Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ёрдам қила олмайди. Шунинг учун Унинг Ўзидангина ёрдам сўрайман.
Улар шундай туриб турсин. Энди қудуқ қаърида қолган Юсуфдан хабар эшитайлик:

وَجَاءَتْ سَيَّارَةٌ فَأَرْسَلُوا وَارِدَهُمْ فَأَدْلَى دَلْوَهُ قَالَ يَا بُشْرَى هَذَا غُلامٌ وَأَسَرُّوهُ بِضَاعَةً وَاللَّهُ عَلِيمٌ بِمَا يَعْمَلُونَ

19. Ва йўловчилар келиб (қудуққа) сувчиларини юбордилар. Бас, у челагини ташлади ва: «Суюнчи беринглар! Бу бола-ку!», деди. Уни тижорат моли сифатида яшириб қўйдилар. Зотан, Аллоҳ уларнинг нима қилаётганларини билгувчи зотдир.
Йўловчи савдо карвони дам олиш учун Юсуф ташланган қудуққа яқин жойга қўнди. Улар сувчиларини қудуқдан сув олиб келиш учун юбордилар. Биттаси қудуққа челак ташлади. Юсуфни кўриб, қувониб кетди:
«Суюнчи беринглар! Бу бола-ку!», деди».
Қарашса, ростданам ҳусн-чиройда тенги йўқ бир ёш бола. Савдогарнинг кўнгли доим тижоратда бўлади. Нимани кўрса, тижоратга қўйишни ўйлайди. Дарҳол Юсуфни ҳам савдога қўйишга, сотиб фойда олишга қарор қилдилар. Ерли аҳоли кўриб, болани таниб, биздан олиб қўймасин, дея уни яшириб қўйдилар. Аммо:
«Зотан, Аллоҳ уларнинг нима қилаётганларини билгувчи зотдир».
Бечоралар ожиз фикрлари билан яширинча иш юритмоқчи бўладилар. Бандадан яшириш мумкиндир. Аммо Аллоҳдан яшириб бўлмайди.

وَشَرَوْهُ بِثَمَنٍ بَخْسٍ دَرَاهِمَ مَعْدُودَةٍ وَكَانُوا فِيهِ مِنْ الزَّاهِدِينَ

20. Ва уни арзон баҳога, саноқли дирҳамларга сотдилар. Улар унга қизиқмаган эдилар.
Чунки қилмишлари фош бўлишидан қўрқдилар. Юсуфнинг ҳур инсон эканлиги, наслининг қанақалиги ошкор бўлиб қолса, бошларига нималар келишини яхши билардилар. Шунинг учун уни нима қилиб бўлса ҳам, тезроқ сотишга ҳаракат қилдилар.

وَقَالَ الَّذِي اشْتَرَاهُ مِنْ مِصْرَ لامْرَأَتِهِ أَكْرِمِي مَثْوَاهُ عَسَى أَنْ يَنفَعَنَا أَوْ نَتَّخِذَهُ وَلَداً وَكَذَلِكَ مَكَّنَّا لِيُوسُفَ فِي الأَرْضِ وَلِنُعَلِّمَهُ مِنْ تَأْوِيلِ الأَحَادِيثِ وَاللَّهُ غَالِبٌ عَلَى أَمْرِهِ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لا يَعْلَمُونَ

21. Ва уни Мисрда сотиб олган (одам) ўз хотинига: «Уни яхшилаб жойлаштир, шояд бизга манфаат берса ёки бола қилиб олсак», деди. Мана шундай қилиб, унга тушларнинг таъбирини ўргатишимиз учун Юсуфни жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар.
Ушбу оятдан тижоратчилар Юсуфни Мисрга олиб келиб сотганлари маълум бўлмоқда.
«Ва уни Мисрда сотиб олган (одам) ўз хотинига: «Уни яхшилаб жойлаштир, шояд бизга манфаат берса ёки бола қилиб олсак», деди».
Бу одам Юсуфни кўриши биланоқ унда яхшилик борлигини, оддий қул эмаслигини англаган кўринади. Бўлмаса, ким ҳам ўзи сотиб олган қулни яхшилаб жойлаштиришни хотинига буюриб, қул болани фарзанд қилиб олишни ният этарди. Аллоҳ таоло ҳар ишга қодир. Акалари томонидан қудуққа ташланган, савдогарлар томонидан қул қилиб сотилган, бир иш қилишга ихтиёри йўқ Юсуф ҳақида Аллоҳ таоло энди:
«Мана шундай қилиб, унга тушларнинг таъбирини ўргатишимиз учун Юсуфни жойлаштириб қўйдик», деб турибди.
Аллоҳнинг тадбири бўлмаса, карвон қаёқдаю қудуқ қаърида ўтирган Юсуф қаёқда? Карвон тўхтамай, ўтиб кетса ҳам бўлаверарди. Аммо тўхтади. Сувчисини юборди. У Юсуфни кўрди. Уни сотиб, фойда қилишмоқчи ҳам бўлдилар. Беркитиб қўйишмаса, бирорта маҳаллий одам уни кўриб, Мисрга бормай қолиб кетиши ҳам мумкин эди. Лекин Аллоҳ уларнинг кўнглига беркитиб қўйишни солди. Уни Мисрда сотиб олган кишининг қалбида эса, меҳр-шафқат уйғотди. Мана шундай қилиб, уни энг яхши жойга жойлаштирди. Бу ҳам келажакда бўладиган улуғ ишлар томон бир қадам силжиш эди.
«Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир».
Ғолиб сифати ила У зот юқорида айтилганларни қилди.
«Лекин одамларнинг кўпи билмаслар».
Жумладан, Юсуфнинг акалари ҳам билмайдилар.

وَلَمَّا بَلَغَ أَشُدَّهُ آتَيْنَاهُ حُكْماً وَعِلْماً وَكَذَلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ

22. Вояга етган вақтида унга ҳукмни ва илмни бердик. Гўзал иш қилгувчиларни шундай мукофотлармиз.
Яъни, Юсуф вояга етганда унга ҳамма нарсада тўғри ҳукм чиқариш ва илм фазлини бердик. Бу фазл унга гўзал амал қилгани учун берилди. Биз:
«Гўзал иш қилгувчиларни шундай мукофотлармиз».
Юсуф вояга етиб, ҳар бир ишда тўғри ҳукм чиқарадиган соҳиби илм бўлган чоғида яна имтиҳонга учради:

وَرَاوَدَتْهُ الَّتِي هُوَ فِي بَيْتِهَا عَنْ نَفْسِهِ وَغَلَّقَتْ الأَبْوَابَ وَقَالَتْ هَيْتَ لَكَ قَالَ مَعَاذَ اللَّهِ إِنَّهُ رَبِّي أَحْسَنَ مَثْوَايَ إِنَّهُ لا يُفْلِحُ الظَّالِمُونَ

23. У уйида бўлган аёл ундан нафсини хоҳлади. Эшикларни беркитиб: «Бу ёққа кел!» деди. У: «Аллоҳ сақласин! Ахир, у жойимни яхшилаб берган хўжам-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар», деди.
Яъни, Юсуф тушган уйдаги аёл–уни карвон эгаларидан сотиб олган кишининг хотини ундан нафсини қондиришини хоҳлади. У билан фаҳш иш қилмоқчи бўлди.
«Эшикларни беркитиб: «Бу ёққа кел!» деди».
Бу тасарруфотлар хотин Юсуфни жуда ҳам қаттиқ севиб, унга етишишга азму қарор қилганини кўрсатади. Бўлмаса, аёл киши ҳеч қачон уйидаги хизматкор йигитга эшикларни беркитиб туриб, бу ёққа кел, деб очиқдан-очиқ айтмайди. Аммо Юсуф хотин ўйлаган енгилтак йигитлардан эмас. У Аллоҳдан қўрқади, Аллоҳ унга ҳар бир нарсада тўғри ҳукм чиқаришни амр қилган ва илм берган. Ҳар қандай шароитда ҳам ҳаром ишга бормайди.
«У: «Аллоҳ сақласин! Ахир у жойимни яхшилаб берган хўжам-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар», деди».
Яъни, бундай ҳаром ишни қилишдан Аллоҳ сақласин, демоқда. Кейин у яхшиликни унутадиган одам ҳам эмас. Шунинг учун ҳам, ахир у, яъни, уй эгаси–хотиннинг эри, жойимни яхшилаб берган хўжам-ку, деди. Менга шунча яхшилик қилган инсонга хиёнат этиб, хотинининг гапига кириб, фаҳш иш қиламанми? Агар шундай қиладиган бўлсам, золимлардан бўламан.
«Албатта, золимлар нажот топмаслар, деди».
Аммо хотиннинг зулм, хиёнат, адолат, риоят, Аллоҳдан қўрқиш, деган нарсалар билан иши йўқ эди.

وَلَقَدْ هَمَّتْ بِهِ وَهَمَّ بِهَا لَوْلا أَنْ رَأَى بُرْهَانَ رَبِّهِ كَذَلِكَ لِنَصْرِفَ عَنْهُ السُّوءَ وَالْفَحْشَاءَ إِنَّهُ مِنْ عِبَادِنَا الْمُخْلَصِينَ

24. Батаҳқиқ, хотин унга интилди. У ҳам, агар Роббининг бурҳон-ҳужжатини кўрмаганида, у(хотин)га интилар эди. Ундан ёмонлик ва фаҳш ишларни узоқлаштириш учун шундай қилдик. Албатта, у Бизнинг мухлис бандаларимиздандир.
Юсуф гапга кирмай, унинг таклифини рад этгандан кейин, хотин ниятига етиш учун унга томон интилиб қолди. Аслида, бунақа пайтларда эркак киши аёлга интилмасмиди? Ҳолбуки, Юсуф эркаклиги комил инсон эди. Унда ҳам бошқа эркакларда бўлгани каби майл бор эди. У ҳам аёлга интилиши мумкин эди. Аммо унинг бошқалардан фарқли жойи–Роббининг бурҳон-ҳужжатини кўрган эди, ўшандай ҳужжатни кўриб туриб ҳам ҳаром ишга юрганида, ҳақиқий мўмин бўлолмас эди. Агар шу ҳужжат бўлмаганида, у ҳам хотинга интилган бўларди.
Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг инояти ила бўлмоқда.
«Ундан ёмонлик ва фаҳш ишларни узоқлаштириш учун шундай қилдик».
Биз қилган тадбир туфайли у ёмонлик ва фаҳш ишлардан, жумладан, у уйида турган аёл хоҳлаган бузуқликдан ҳам узоқ бўлди. Унга бунчалик ишларни раво кўрганимиз беҳуда эмас.
«Албатта, у Бизнинг мухлис бандаларимиздандир».
Хотин Юсуфга интилиб, у хотиндан қочиб:

وَاسْتَبَقَا الْبَابَ وَقَدَّتْ قَمِيصَهُ مِنْ دُبُرٍ وَأَلْفَيَا سَيِّدَهَا لَدَى الْبَابِ قَالَتْ مَا جَزَاءُ مَنْ أَرَادَ بِأَهْلِكَ سُوءاً إِلاَّ أَنْ يُسْجَنَ أَوْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

25. Эшик томон чопишди. Хотин унинг кўйлагини орқасидан юлиб олди. Эшик олдида У(хотин)нинг хожасига дуч келишди. У(хотин): «Сенинг аҳлингга ёмонлик хоҳлаганнинг жазоси фақатгина қамалмоқ ёки аламли азобдир», деди.
Хотиннинг нафси шу даражага етган эдики, Юсуфга интилибгина қолмай, уни қувишга тушди. Юсуф ҳам фоҳиша ишга умуман бормаслигининг таъкиди сифатида эшик томон қочди. Хотин қочаётган Юсуфнинг кўйлагидан ушлаб тортган эди, кўйлакнинг бир парчаси қўлида юлиниб қолди. Шу пайт кутилмаган иш содир бўлди:
«Эшик олдида у(хотин)нинг хожасига дуч келишди».
Хотиннинг эри келиб қолди. Нима қилиш керак?
Маккор хотин ўзини йўқотмай, дарҳол ҳужумга ўтди:
«Сенинг аҳлингга ёмонлик хоҳлаганнинг жазоси фақатгина қамалмоқ ёки аламли азобдир», деди».
Яъни, Юсуф менга–сенинг аҳлингга ёмон ният билан ҳамла этди, бузуқлик қилишни хоҳлади. Энди унинг жазоси ёки қамоқ, ёки аламли азоб бўлиши керак, деди.
Хотиннинг бу бўҳтони қаршисида Юсуф ҳам жим турмади:

قَالَ هِيَ رَاوَدَتْنِي عَنْ نَفْسِي وَشَهِدَ شَاهِدٌ مِنْ أَهْلِهَا إِنْ كَانَ قَمِيصُهُ قُدَّ مِنْ قُبُلٍ فَصَدَقَتْ وَهُوَ مِنْ الْكَاذِبِينَ

26. У: «Унинг ўзи менинг нафсимни хоҳлади», деди. У(хотин)нинг аҳлидан бир гувоҳ гувоҳлик берди ва: «Агар унинг кўйлаги олд томондан йиртилган бўлса, бас, хотин рост айтибдир, у ёлғончилардандир.

وَإِنْ كَانَ قَمِيصُهُ قُدَّ مِنْ دُبُرٍ فَكَذَبَتْ وَهُوَ مِنْ الصَّادِقِينَ

27. Агар унинг кўйлаги орт томондан йиртилган бўлса, бас, хотин ёлғон гапирибдир, у ростгўйлардандир», деди.
Юсуф хотиннинг бўҳтонини рад этиб, очиқчасига:
«Унинг ўзи менинг нафсимни хоҳлади», деганидан сўнг ким ҳақ эканини аниқлаш заруратга айланди. Бундай ҳолларда бир томоннинг фойдасига, иккинчи томоннинг зарарига ҳукм чиқариб, ҳақни изҳор қилиш учун далил керак бўлади. Худди шу ишга хотиннинг аҳлидан бир киши гувоҳлик берди. У гувоҳ ким эканлиги, ёши, қачон келгани, воқеадан қандоқ хабардор бўлгани айтилмайди. Лекин муҳими ва кераги айтилади. Афтидан, гувоҳ ақл-заковатли ва тадбиркор ҳамда одил одам бўлса керак, бу ҳодисадаги бирдан-бир ашёвий далилдан жуда ўринли фойдаланган. У ҳам бўлса, Юсуф кўйлагининг йиртиғидир. Хотин, Юсуф менга ҳамла қилди, демоқда. Юсуф эса, йўқ, унинг ўзи менга ҳамла қилди, деб рад этмоқда. Воқеани ҳеч ким кўрмаган. Фақатгина кўйлак йиртилган. Шунга қараб аниқлаш мумкин.
Мазкур гувоҳ ҳакамликни худди шу бирдан бир нозик нуқтадан чиқарди.
«У(хотин)нинг аҳлидан бир гувоҳ гувоҳлик берди ва: «Агар унинг кўйлаги олд томондан йиртилган бўлса, бас, хотин рост айтибди, у ёлғончилардандир».
Агар кўйлак олд томондан йиртилган бўлса, Юсуф ҳамла қилган, хотин эса, ҳимояланиш чоғида кўйлакнинг олдидан йиртиб олган бўлади. У ҳолда хотиннинг даъвоси тўғри, Юсуф ёлғончи бўлади.
«Агар унинг кўйлаги орт томондан йиртилган бўлса, бас, хотин ёлғон гапирибди, у ростгўйлардандир», деди».
Агар кўйлак орт томондан йиртилган бўлса, хотин ҳамла қилган бўлади. Хотин қочаётган Юсуфни тутиш учун ортидан ташланиб, кўйлакни йиртган бўлади. У ҳолда хотин ёлғон гапирган, Юсуф эса, ростгўй бўлади. Оқилона гап, одилона ҳукм.

فَلَمَّا رَأَى قَمِيصَهُ قُدَّ مِنْ دُبُرٍ قَالَ إِنَّهُ مِنْ كَيْدِكُنَّ إِنَّ كَيْدَكُنَّ عَظِيمٌ

28. Эр унинг кўйлагини орт томонидан йиртилганини кўрган пайтда: «Албатта, бу (иш) сиз хотинларнинг макрингиздир. Албатта, сиз хотинларнинг макри жуда зўрдир», деди.
Эр Юсуфнинг кўйлаги орт томонидан йиртилгани кўргач, ҳамма нарсани тушунди. Лекин бу ишга оддий қаради. Ўзига ўхшаган оқбилакларга ўхшаб, хотинига бир нарса демади. Очиқ-ойдин айбдор бўлиб турган хотинга бир оғиз ҳам гап айтмай, умумий қилиб:
«Албатта, бу (иш) сиз хотинларнинг макрингиздир. Албатта, сиз хотинларнинг макри жуда зўрдир.
Худди айбни ҳамма хотинлар қилгандек эди. Худди бу айбни барча хотинлар қиладигандек эди. Шу билан ўзини ўзи алдаган оқбилак эр ўзига хиёнат қилаётганида устидан чиқиб қолган хотинига ҳам бирор оғиз гап айтишга ярамади.
Бир оз ўтиб, хиёнатчи хотиннинг оқбилак эри Юсуфга қараб:

يُوسُفُ أَعْرِضْ عَنْ هَذَا وَاسْتَغْفِرِي لِذَنْبِكِ إِنَّكِ كُنتِ مِنْ الْخَاطِئِينَ

29. «Эй Юсуф, сен бу ишни унут. Сен, хотин, гуноҳингга истиғфор айт. Албатта, сен хато қилгувчилардан бўлдинг», деди.
Айшу ишратга берилган табақалар орасида бунақа ҳодисалар тез-тез учраб туради. Шунинг учун ҳам эр бу номуссизликка тузукроқ чора кўришнинг ўрнига, ёпиғлиқ қозонни ёпиғлиқ ҳолида қолдиришга ҳаракат қилди. Оиласининг айбини очиши мумкин бўлган бирдан-бир шахсга–Юсуфга қарата:
«Эй Юсуф, сен бу ишни унут», деди.
Яъни, эсингдан чиқариб юбор. Туя кўрдингми, йўқ. Ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолаверсин. Ичкарида нима бўлса, бўлаверсин. Ичкаридаги гап ташқарига чиқмаслиги керак.
Лекин Аллоҳнинг билиши билан ишлари йўқ.
Асосий айбдорга–хотинга нима жазо? Ўз аҳлидан бўлган шоҳиднинг олдида фаҳш ишга урингани ашёвий далил билан собит бўлган хотинга эр нима жазо белгилайди? Бунинг жазоси ҳам ўша зодагон табақанинг ўзига хос:
«Сен, хотин, гуноҳингга истиғфор айт. Албатта, сен хато қилгувчилардан бўлдинг», деди».
Сен хато қилдинг. Сени ҳар қандай жазога тортса бўлади, майли, гуноҳингга истиғфор айтиб, кечирим сўраб қўйсанг, бўлди. Шу билан иш битади.
Лекин ҳар қанча уринмасинлар, барибир шаҳар аёллари ўртасида бу гап тарқаб кетди. Чунки зебу зийнатга, айшу ишрат, кайфу сафога берилган табақага шунақа иш керак, бир гапнинг учини топсалар, бўлди, унга қўшиб-чатиб, оламга достон қилиб юборадилар.

وَقَالَ نِسْوَةٌ فِي الْمَدِينَةِ امْرَأَةُ الْعَزِيزِ تُرَاوِدُ فَتَاهَا عَنْ نَفْسِهِ قَدْ شَغَفَهَا حُبّاً إِنَّا لَنَرَاهَا فِي ضَلالٍ مُبِينٍ

30. Шаҳардаги аёллар: «Азизнинг хотини хизматкорининг нафсини хоҳлабди. Унга жуда ҳам муҳаббат қўйиб қолган экан-да! Биз у(аёл)ни, албатта, очиқ-ойдин адашувда деб биламиз», дейишди.
Ушбу оятда биринчи марта «Азиз» деб эрнинг кимлиги, унинг мансаби зикр этилмоқда. Бундан аввал эса, Юсуфни Мисрда сотиб олган киши, хотиннинг эри, хотиннинг хўжайини каби сифатлар билан васф қилиниб келинаётган эди. «Азиз» ўша вақтдаги бош вазир. Мисрда подшоҳлар «фиръавн», бош вазир эса «азиз» деб аталган.
Демак, юқорида юз берган машмашалар ҳукмдор табақада бўлаётган экан. Бу доираларда доимо шундай бўлади. Аёлнинг ўзини эмас, кимнинг хотини эканлигини айтиб туриб айблаш ҳам хотинларнинг қизиқ бир ҳолати. Бузуқ тоифаларнинг йўсини шу-да ўзи.
«Азизнинг хотини хизматкорининг нафсини хоҳлабди».
Бошқа вақтда зикр қилмасалар ҳам, бунақа ишлардан кейин хотиннинг кимнинг хотини эканини чертиб айтишади. Эҳтимол, шунинг учун ҳам ҳозиргача у одамнинг кимлиги айтилмай келгандир.
«Унга жуда ҳам муҳаббат қўйиб қолган экан-да!»
Юрагидан уриб қолган экан-ку. Уни кўрмаса, туролмас экан.
«Биз у(аёл)ни, албатта, очиқ-ойдин адашувда деб биламиз, дейишди».
Шунчалик улуғ одамнинг хотини ҳам шунақа ишни қиладими! Қаранг-а: қанақа хотин экан! Залолатга кетмаган бўлса, бундай қилмасди. Кўзини ёғ босиб қолган. Тўқликка шўхлик-да. Азизнинг хотини ҳам анойи эмас.

فَلَمَّا سَمِعَتْ بِمَكْرِهِنَّ أَرْسَلَتْ إِلَيْهِنَّ وَأَعْتَدَتْ لَهُنَّ مُتَّكَأً وَآتَتْ كُلَّ وَاحِدَةٍ مِنْهُنَّ سِكِّيناً وَقَالَتْ اخْرُجْ عَلَيْهِنَّ فَلَمَّا رَأَيْنَهُ أَكْبَرْنَهُ وَقَطَّعْنَ أَيْدِيَهُنَّ وَقُلْنَ حَاشَ لِلَّهِ مَا هَذَا بَشَراً إِنْ هَذَا إِلاَّ مَلَكٌ كَرِيمٌ

31. У уларнинг макри ҳақида эшитган вақтда, уларга одам юбориб чақирди. Уларга суяниб ўтирадиган жой тайёрлади. Ва ҳар бирларига пичоқ берди. Сўнгра (Юсуфга): «Уларнинг олдига чиқ!» деди. Уни кўрган чоғларида лол қолдилар, қўлларини кесдилар. Ва: «Ё пок Парвардигоро! Бу башар эмас! Бу карамли фариштанинг ўзи-ку!» дейишди.
Бош вазирнинг уйига меҳмонга чақирилганликларидан миш-миш тарқатган аёллар ҳам юқори табақадан эканлиги маълум бўлади.
«У уларнинг макри ҳақида эшитган вақтда, уларга одам юбориб чақирди. Уларга суяниб ўтирадиган жой тайёрлади».
Шаҳардаги аёлларнинг миш-мишларидан хабардор бўлган Азизнинг хотини уларнинг ҳаммасини ҳаммасини меҳмонга чақирди. Ўша вақтнинг урфига биноан суянчиқли ўринларни ҳам тайёрлаб қўйди. Ўзи олдиндан тузиб қўйган режа бўйича:
«ҳар бирларига пичоқ берди».
Меҳмондорчиликда дастурхондаги ноз-неъматлардан кесиб, еб ўтиришарди.
«Сўнгра (Юсуфга): «Уларнинг олдига чиқ!» деди».
Мени маломат қилган оғзи полвон хотинлар сени бир кўриб қўйсин!
«Уни кўрган чоғларида лол қолдилар».
Юсуф меҳмонларнинг ҳузурига чиқди. Аёллар унинг ҳусну жамолини кўриб, бошлари айланиб, лол қолдилар, ҳайратга тушдилар ва беихтиёр, қўлларидаги пичқлар ила:
«Қўлларини кесдилар».
Бу ҳол уларнинг ҳушлари бошидан учганлигининг таналаридаги тамғаси, ҳужжат-далили бўлиб қолди. Азизнинг хотини беҳудага улардан ҳар бирининг қўлига пичоқ бермаган ва кесиб ейиладиган таомларни тайёрламаган эди. Юсуфнинг ҳусну жамолига маҳлиё бўлиш ўзининг бошидан ўтган, шунинг учун бошқа аёлларнинг ҳоли нима бўлишини ҳам яхши билар эди.
Меҳмон аёллар тамоман ўзларини йўқотдилар. Қўллари кесилганини ҳам сезмасдан, ҳайрат ва ҳаёжонларини яшира олмай, беихтиёр:
«Ё пок Парвардигоро! Бу башар эмас! Бу карамли фариштанинг ўзи-ку!», дейишди».
Ана шунда Азизнинг хотини уларнинг бу ҳолини, Юсуфнинг ҳусну жамоли олдида таажжуб ва ҳайрат ила лол бўлганларини кўриб, ўзини ғолиб сезди. Энди у ўзини маломат қилган аёллар устидан кула бошлади.

قَالَتْ فَذَلِكُنَّ الَّذِي لُمْتُنَّنِي فِيهِ وَلَقَدْ رَاوَدتُّهُ عَنْ نَفْسِهِ فَاسْتَعْصَمَ وَلَئِنْ لَمْ يَفْعَلْ مَا آمُرُهُ لَيُسْجَنَنَّ وَلَيَكُونَ مِنَ الصَّاغِرِينَ

32. У: «Сиз мени маломат қилган эдингиз. Ҳа, мен ундан нафсини хоҳладим, бироқ у ўзини сақлади. Агар у менинг амримни бажармаса, албатта, қамалур ва хор бўлгувчилардан бўлур», деди.
Мазкур масалада бошқани маломат қилиб турган аёллар ундан ҳам баттар аҳволга тушиб, ҳаёжонларини яшира олмай қолганидан кейин Азизнинг хотини сипо гапни йиғиштириб, пардасиз, беҳаё гапга ўтди.
«Сиз мени маломат қилган эдингиз».
Азизнинг хотини хизматкорининг нафсини хоҳлабди, демаганмидингиз? Хизматкорим шу йигит. Ҳа, қани айтинг-чи, ўзингизга нима бўлди? Нимага қўлингизни кесиб олдингиз? Нимага буни башар эмас, малак, демоқдасиз? Қандоқ бўлар экан? Гапириш жуда осон.
«Ҳа, мен ундан нафсини хоҳладим, бироқ у ўзини сақлади».
Энди азизнинг хотин фаҳш ишни хоҳлаганини ҳам яширмай қўйди. Юсуфнинг поклигини ҳам тан олди. Аёл фахрлана бошлади. Мисрнинг казо-казо аёллари ошиқу беқарор бўлиб қолган йигит унинг хизматкори эди. Унинг қўли остида эди. Унинг айтганини қилар эди. Аёллар олдида фахр билан:
«Агар у менинг амримни бажармаса, албатта, қамалур ва хор бўлгувчилардан бўлур, деди».
Яъни, мен айтган фаҳш ишни қилмаса, уни қаматаман ва хору зор қиламан, деди.
Бу гапларни эшитган Юсуф алайҳиссалом дарҳол:

قَالَ رَبِّ السِّجْنُ أَحَبُّ إِلَيَّ مِمَّا يَدْعُونَنِي إِلَيْهِ وَإِلاَّ تَصْرِفْ عَنِّي كَيْدَهُنَّ أَصْبُ إِلَيْهِنَّ وَأَكُنْ مِنْ الْجَاهِلِينَ

33. У: «Эй Роббим, улар мени чорлаётган нарсадан кўра мен учун қамоқ маҳбуброқдир, бу(аёл)ларнинг макрини мендан ўзинг нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қоламан», деди.
Энди Юсуфни фақат Азизнинг хотини эмас, меҳмонга келган аёллар ҳам яхши кўриб қолишган эди. У аёллар ҳам Азизнинг хотинини қўллаб-қувватлашарди. Шунинг учун ҳам Юсуф алайҳиссалом:
«Эй Роббим, улар мени чорлаётган нарсадан кўра, мен учун қамоқ маҳбуброқдир», демоқдалар.
Улар–ана у хотинлар чорлаётган ҳаром ишни қилишдан кўра, менга қамоқ яхшироқдир.
Дарҳақиқат, Юсуф қийин имтиҳонга учраган эди. Шунинг учун ҳам, ўзларига ишончлари етарли бўлса-да, банда эканликларини назарда тутиб, Аллоҳ таолодан ёрдам сўрамоқдалар:
«Бу(аёл)ларнинг макрини мендан ўзинг нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қоламан», деди.

فَاسْتَجَابَ لَهُ رَبُّهُ فَصَرَفَ عَنْهُ كَيْدَهُنَّ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ

34. Бас, Робби унинг (дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрини ундан нари қилди. Албатта, Унинг Ўзи эшитгувчи ва билгувчи зотдир.
Аллоҳ қайси йўл билан бўлса ҳам, Юсуфни бу фитнадан қутқарди. Муҳими шу бўлгани учун қандай қилиб, нима восита билан қутқаргани айтилмади. Асосийси, банда чин қалбдан Аллоҳга илтижо қилиб сўраса, Аллоҳ унинг дуосини ижобат этиб, сўраганини беришидир.
«Бас, Робби унинг (дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрини ундан нари қилди».
Юсуф алайҳиссалом ҳам жуда қийин ҳолатга тушиб қолишларига қарамай, собит турдилар, ўзларини ҳаромдан олиб қочдилар ва Аллоҳдан тинмай ёрдам сўрадилар, оқибати хайрли бўлди. Аллоҳ хотинларнинг макрини у кишидан нари қилди.
«Албатта, Унинг Ўзи эшитгувчи ва билгувчи зотдир».
Бандаси илтижо қилса, сўраса, албатта, эшитади, банданинг ҳолини ва ниятини билади ҳамда шунга қараб, ўзи билиб тасарруф қилади.

ثُمَّ بَدَا لَهُمْ مِنْ بَعْدِ مَا رَأَوْا الآيَاتِ لَيَسْجُنُنَّهُ حَتَّى حِينٍ

35. Сўнгра оят-аломатларни кўрганларидан кейин уларга уни бир муддат қамашлари аён бўлди.
Бўлиб ўтган воқеалардан сўнг, Азиз ва унинг атрофидагиларга, хотиннинг аҳлига Юсуфнинг беайб эканлиги аломатлари зоҳир бўлиб, кўзлари билан кўрганларидан кейин, уни бир муддат қамашлари аён бўлди.
Қизиқ ва мантиқсиз иш, лекин аччиқ ҳақиқат. Одатда, соғлом жамиятда биров туҳматга учраса, текширганларида унинг айбсизлиги аён бўлса, узр айтиб, ҳақиқат тикланади. Буларнинг жамияти бўлса, кўйлакнинг орт томонидан йиртилганини кўрди. Хотин кўпчиликнинг олдида, мен унинг нафсини хоҳладим, аммо у ўзини олиб қочди, деб эътироф қилди. Шунингдек, бошқа аломатлар ҳам бўлгандир. Қисқаси, Юсуф алайҳиссаломнинг покликлари юз фоиз исбот қилингандан кейин «Сенинг поклигинг собит бўлди. Баракалла, кел, энди сени қамаб қўяйлик», дейишмоқда. Бундай ажойиботлар айни ишрат кетидан тушиб, ор-номусни йўқотган ҳукмдор, зодагон табақаларда бўлиши мумкин, холос. Ҳамма фитнани қўзғаган, айбнинг борини қилган ва кўпчилик олдида, «ишни мен қилдим», деб фахрланиб турган хотинга эса, ҳеч гап бўлгани йўқ. Аммо пок бўла туриб, ўзини тутган бечорани бегуноҳлиги аниқ бўлгандан сўнг ўзларининг обрўларини сақлаш учун қамашмоқда. Авом халқ унинг қамалганини эшитса, ҳа, ўзидан бир гап ўтган бўлса керак, бўлмаса, қамашмасди, дейди-да. Шундай қилиб, Юсуфалайҳиссаломнинг бошларига янги синов келди. У киши қамоққа тушди.

وَدَخَلَ مَعَهُ السِّجْنَ فَتَيَانِ قَالَ أَحَدُهُمَا إِنِّي أَرَانِي أَعْصِرُ خَمْراً وَقَالَ الآخَرُ إِنِّي أَرَانِي أَحْمِلُ فَوْقَ رَأْسِي خُبْزاً تَأْكُلُ الطَّيْرُ مِنْهُ نَبِّئْنَا بِتَأْوِيلِهِ إِنَّا نَرَاكَ مِنْ الْمُحْسِنِينَ

36. У билан қамоққа иккита йигит ҳам кирди. Улардан бири: «Мен тушимда, шароб тайёрлаб юрибман», деди. Бошқаси эса: «Мен бошимда нон кўтариб юрибман, қуш ундан емоқда», деди. «Бизга бунинг таъбирини хабар қил. Биз сени, шубҳасиз, яхши амал қилгувчилардан, деб билмоқдамиз». 
Қамоқда турли одамлар бор эди. Жумладан, Юсуф алайҳиссаломга ўхшаб олий табақа истаган ишни қилмай, уларнинг қаҳрига учраганлар ҳам. Юсуфнинг алайҳиссалом ақл-заковати, тақвоси, художўйлиги ошкор кўриниб турганидан қамоқдаги одамлар у зотга кўнгилларини очадиган, маслаҳат сўрайдиган бўлишди.
«У билан қамоққа иккита йигит ҳам кирди».
Яъни, Юсуф алайҳиссалом қамалганда, бошқа икки йигит ҳам банди эди. Бир куни ўша икки йигит у кишининг ҳузурларига келишди:
«Улардан бири: «Мен тушимда, шароб тайёрлаб юрибман», деди».
Яъни, узумни сиқиб, ундан хамр-шароб тайёрлаб юрибман, деди. Бошқаси эса:
«Мен бошимда нон кўтариб юрибман, қуш ундан емоқда», деди».
Иккинчи йигитнинг туши ҳам ўзига хос эди. Икковлари ҳам тушларининг таъбирини билишни хоҳлардилар.
«Бизга бунинг таъбирини хабар қил. Биз сени, шубҳасиз, яхши амал қилгувчилардан, деб билмоқдамиз».
Шунинг учун ҳузурингга келдик. Бўлмаса, келмас эдик, дейишди.
Ҳақиқий даъватчи Аллоҳнинг йўлига даъват қилишда ҳар бир ҳолатдан унумли фойдаланади. Юсуф алайҳиссалом ҳам йигитларнинг эҳтиёж туфайли ҳузурларига келишганини даъват учун қулай фурсат билди. Кўнгилларини тўқ қилиш учун аввал уларни қизиқтираётган масалада гап очиб қўйиб, сўнгра даъватга ўтдилар:

قَالَ لا يَأْتِيكُمَا طَعَامٌ تُرْزَقَانِهِ إِلاَّ نَبَّأْتُكُمَا بِتَأْوِيلِهِ قَبْلَ أَنْ يَأْتِيَكُمَا ذَلِكُمَا مِمَّا عَلَّمَنِي رَبِّي إِنِّي تَرَكْتُ مِلَّةَ قَوْمٍ لا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَهُمْ بِالآخِرَةِ هُمْ كَافِرُونَ

37. У: «Мен сизларга ризқ бўладиган таом келгунига қадар унинг қандай эканининг хабарини берурман. Бу иш менга Роббим таълим берган нарсалардандир. Чунки мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратга кофир бўлган қавмнинг миллати-динини тарк этган одамман.
Юсуф алайҳиссалом ўзларига умид билан қараб турган икки йигитга латофат билан жавоб бердилар. Дастлаб, улар тушунолмай қийналаётган жумбоқни ечиш осон иш эканлигига ишора қилдилар.
«У: «Мен сизларга ризқ бўладиган таом келгунига қадар унинг қандай эканининг хабарини берурман», деди.
Яъни, келажакда етадиган ризқнинг хабарини бериш имкони борлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, бу фазлнинг ҳақиқий масдарига далолат қилиб:
«Бу иш менга Роббим таълим берган нарсалардандир», деб қўшиб қўйдилар.
Шу билан бирга, ўзларига Парвардигори Олам бошқа нарсаларни ҳам таълим берганлигини билдирдилар ва ўша Роббоний таълим асосида иш олиб бораётганлари ҳақида хабар бериб:
«Чунки мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратга кофир бўлган қавмнинг миллати-динини тарк этган одамман», дедилар.
Демак, у кишининг ақидалари ва даъват қилаётган динлари бошқа динлар қатори Аллоҳга ва охират кунига иймон келтиришга асосланган. Бу икки унсур ҳамма Пайғамбарларнинг ақидасидир. Сўнгра Юсуф алайҳиссалом сўзларини давом эттирдилар:

وَاتَّبَعْتُ مِلَّةَ آبَائِي إِبْرَاهِيمَ وَإِسْحَقَ وَيَعْقُوبَ مَا كَانَ لَنَا أَنْ نُشْرِكَ بِاللَّهِ مِنْ شَيْءٍ ذَلِكَ مِنْ فَضْلِ اللَّهِ عَلَيْنَا وَعَلَى النَّاسِ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لا يَشْكُرُونَ

38. Ва оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубнинг миллати-динига эргашдим. Биз учун Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш мумкин эмас эди. Бу бизга ва одамларга Аллоҳ берган фазл эди. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмаслар.
Юсуф алайҳиссалом бу сўзлари билан куфрни тарк этибгина қолмай, ҳидоят, иймон йўлига юриш зарурлигини ҳам қамоқдаги шерикларига англатмоқдалар. Уларни куфр миллатини ташлаб, иймон миллатига эргашишга даъват қилмоқдалар.
«Ва оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубнинг миллати-динига эргашдим».
Бу миллат холис тавҳид миллатидир. Унда куфр ва ширкдан асар ҳам йўқ.
«Биз учун Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш мумкин эмас эди».
Агар шундай бўладиган бўлса, мўмин бўлмасдик.
«Бу бизга ва одамларга Аллоҳ берган фазл эди».
Ҳидоятга эришиб, тавҳид йўлида юриш катта бахт. Бу бахтни эса, фақат Аллоҳнинг Ўзигина бера олади. Ўзини билган одам учун бу улкан фазлдир. Унга шукр этиш, ўша ҳидоятда собитқадам бўлиш зарур.
«Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмаслар».
Оқибатда, бу тенгсиз фазилатдан бебаҳра қоладилар.

يَا صَاحِبَيِ السِّجْنِ أَأَرْبَابٌ مُتَفَرِّقُونَ خَيْرٌ أَمْ اللَّهُ الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ

39. Эй ҳамзиндон дўстларим, турли-туман Робблар яхшими ёки ёлғизу Қаҳҳор Аллоҳми?
Юсуф алайҳиссаломнинг ҳибсдаги шерикларига берган ушбу савол ҳар бир инсон ўйлаб кўриши лозим бўлган саволдир. Ҳамма нарсага хукми ўтадиган, бутун борлиқни Ўзига бўйсундира оладиган, Қаҳҳор сифатига соҳиб ёлғиз Аллоҳни Робб–тарбиякунанда деб билган яхшими ёки бу сифатларнинг тариқчасига эга бўлмаган турли-туман худоларни Робб–тарбиякунанда қилиб олган яхшими? Ҳақ жавоб битта: Қаҳҳор зот бўлмиш ёлғиз Аллоҳни Робб–тарбиякунанда қилиб олишдан бошқа яхшилик йўқ. Чунки:

مَا تَعْبُدُونَ مِنْ دُونِهِ إِلاَّ أَسْمَاءً سَمَّيْتُمُوهَا أَنْتُمْ وَآبَاؤُكُمْ مَا أَنزَلَ اللَّهُ بِهَا مِنْ سُلْطَانٍ إِنْ الْحُكْمُ إِلاَّ لِلَّهِ أَمَرَ أَلاَّ تَعْبُدُوا إِلاَّ إِيَّاهُ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لا يَعْلَمُونَ

40. Сизлар ундан ўзга, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган исмларга, Аллоҳ уларга бирон ҳужжат нозил қилмаган нарсаларга ибодат қилмоқдасизлар. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир, У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди. Ана ўша тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар.
Қаҳҳор сифатига эга бўлган ёлғиз Аллоҳни Робб деб билиш тўғри бўлгандан кейин Унга ибодат қилиш, яъни, Унга бўйинсуниш, Унинг айтганини қилиш, Унгагина сиғиниш керак.
«Сизлар Ундан ўзга, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган исмларга, Аллоҳ уларга бирон ҳужжат нозил қилмаган нарсаларга ибодат қилмоқдасизлар».
Яъни, бўйинсунмоқдасиз, уларни рози қилиш учун уринмоқдасиз, сиғинмоқдасиз. Ҳолбуки, сиз ибодат қилаётган нарсалар ўзингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлар, холос. Улар турли-тумандир. Баъзиларини ўзингиз ёки ота-боболарингиз қўл билан тош-ёғочдан йўниб олгансизлар. Баъзилари эса, ҳайвонлар ёки ўзингизга ўхшаган одамлардир. Яна баъзилари турли-туман урф-одат, тузум ёки фирқалардир. Буларнинг ҳеч бири инсонлар учун парвардигор бўлишлик салоҳиятига эга эмаслар. Аллоҳ уларнинг Робб бўлишлари ҳақида бирон ҳужжат ҳам нозил қилган эмас. Аслида:
«Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир».
Демак, ер юзида бандалар устида ҳукми юрадиган биттагина зот бор, у ҳам бўлса, Аллоҳ таолодир. Ҳаммага, ҳамма нарсага фақат Унинг ҳукмигина жорий бўлмоғи лозим. Ҳамма фақат Унинг ҳукми билангина яшамоғи лозим. Ундан ўзганинг ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқ. Ҳукм қилиш хос бўлган зот Аллоҳдир.
«У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди».
Ундан ўзгага ибодат қилманг, бўйинсунманг, ҳукмига юрманг, рози қилишга уринманг ва сиғинманг.
«Ана ўша тўғри диндир».
Фақат Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилишлик, Ундан ўзгага ибодат қилмаслик энг тўғри диндир–бўйинсунишликдир, ибодат қилишликдир, ҳукмига юришликдир.
«Лекин одамларнинг кўпи билмаслар».
Шунинг учун бу одамлар Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб, турли низомларнинг, ўзларига ўхшаган одамларнинг, фирқаларнинг ҳукмига юрадилар. Бу билан ўша тоғутларга ибодат қиладилар.
Шу билан Юсуфнинг алайҳиссалом зиндондаги дўстларини Аллоҳнинг йўлига даъват қилишлари охирига етади. Энди икки йигитнинг фикрларини ишғол қилиб турган масалага, улар кўрган тушларни таъбир қилишга ўтадилар:

يَا صَاحِبَيِ السِّجْنِ أَمَّا أَحَدُكُمَا فَيَسْقِي رَبَّهُ خَمْراً وَأَمَّا الآخَرُ فَيُصْلَبُ فَتَأْكُلُ الطَّيْرُ مِنْ رَأْسِهِ قُضِيَ الأَمْرُ الَّذِي فِيهِ تَسْتَفْتِيَانِ

41. Эй ҳамзиндон дўстларим, сизлардан бирингиз хўжасига хамр соқийлиги қилади. Бошқаси бўлса, осилади ва қушлар унинг бошидан ейди. Сиз билмоқчи бўлган иш битди», деди.
Юсуф алайҳиссалом туш таъбирини айтишда жуда риоя билан, одоб билан иш тутдилар. Ҳалиги йигитларга, сенинг тушингнинг таъбири бу, сеники бу демадилар. Балки тушининг таъбири нохуш бўлган шахсга оғир ботмаслиги учун:
«сизлардан бирингиз хўжасига хамр соқийлиги қилади. Бошқаси бўлса, осилади ва қушлар унинг бошидан ейди», дедилар.
Албатта, шунинг ўзи ҳам очиқ-ойдин кўрсатиб турибдики, тушида шароб сиқаётган йигит яна бориб, хўжаси–подшоҳ саройида соқий бўлиб хизмат қилар экан. Тушида бошида нон кўтариб юрган, ўша нондан қушлар чўқиб еяётганини кўрган шахс эса, осилади ва қушлар келиб, бошини ейди.

وَقَالَ لِلَّذِي ظَنَّ أَنَّهُ نَاجٍ مِنْهُمَا اذْكُرْنِي عِنْدَ رَبِّكَ فَأَنسَاهُ الشَّيْطَانُ ذِكْرَ رَبِّهِ فَلَبِثَ فِي السِّجْنِ بِضْعَ سِنِينَ

42. Ва у ўзи икковларидан нажот топгувчи деб билган шахсга: «Хўжанг ҳузурида мени эсга ол», деди. Шайтон унга хўжасига эслатишни унуттирди. Бас, у қамоқда бир неча йил қолди.
Юсуф алайҳиссалом икки ҳамзиндон дўстларига тушларининг таъбирини айтиб бўлганларидан сўнг, улардан нажот топади, деб билган шахсга, яъни, соқийга:
«Хўжанг ҳузурида мени эсга ол», дедилар.
Чунки туш таъбири бўйича, бу йигит яна саройга кириб, хўжаси подшоҳга соқий бўлиши кутиларди. Худди ўша подшоҳ Юсуфни алайҳиссалом суриштирмай-нетмай, турли иғво-бўҳтонлар асосида қамашга амр қилган эди. Унга яқин бўлган соқий қамоқда ноодил ҳукм ила бир мазлум ётганини эслатса, бирор кушойиш бўлармикан, деган хаёлга бордилар.
Дарҳақиқат, тушнинг таъбири тўғри чиқди. Ҳалиги йигит қамоқдан озод бўлиб, яна подшоҳга соқийлик қила бошлади. Аммо Юсуф алайҳиссаломнинг илтимосини бажо келтирмади.
«Шайтон унга хўжасига эслатишни унуттирди».
Яъни, шайтон соқийга подшоҳ ҳузурида Юсуф алайҳиссаломни эслатишни унуттирди. Оқибатда:
«Бас, у қамоқда бир неча йил қолди».
Бу эса, бандалар воситаси ила эмас, фақат Аллоҳ таолонинг хоҳиши ила ишлар ҳал бўлишидан бир дарс эди. Аллоҳга муқарраб бўлган бандалар доимо унинг ўзидан сўрашлари ва кутишлари лозимлигининг яна бир таъкиди эди.

وَقَالَ الْمَلِكُ إِنِّي أَرَى سَبْعَ بَقَرَاتٍ سِمَانٍ يَأْكُلُهُنَّ سَبْعٌ عِجَافٌ وَسَبْعَ سُنْبُلاتٍ خُضْرٍ وَأُخَرَ يَابِسَاتٍ يَا أَيُّهَا الْمَلأ أَفْتُونِي فِي رُؤْيَاي إِنْ كُنتُمْ لِلرُّؤْيَا تَعْبُرُونَ

43. Подшоҳ: «Мен тушимда еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғини кўрмоқдаман. Эй аъёнлар, агар туш таъбирини қиладиган бўлсангиз, менга тушимнинг фатвосини беринг», деди.
Миср подшоҳининг «кўрмоқдаман» деб айтишидан мазкур тушни бир эмас, бир неча марта кўрганлиги маълум бўлади. У фақат шу тушни кўраверганидан кейин аъёнларини тўплаб, уларга тушини айтган ва таъбир қилишларини сўраган.

قَالُوا أَضْغَاثُ أَحْلامٍ وَمَا نَحْنُ بِتَأْوِيلِ الأَحْلامِ بِعَالِمِينَ

44. Улар: «Бу алғов-далғов тушдир. Биз бундай тушларнинг таъбирини билувчи эмасмиз», дедилар.
Биз «алғов-далғов туш» деб таржима қилган маъно оятда «адғасу аҳломин» деб келган. Араб тилида «адғас» деб ҳўлу қуруқ аралаш ўт боғламига айтилади, «аҳлом» эса, «ҳулм»нинг жами бўлиб, уйқуда кўрилган бўш хаёл маъносида ишлатилади.
Аслида, аъёнлар подшоҳ тушининг яхшиликка далолат қилмаслигини билсалар ҳам, қандайдир кўнгилсизликка ишора эканлигини англасалар ҳам, бу ҳақда ҳеч нарса демадилар.
Ҳукмдорлар атрофидаги аъёнларнинг доимий одати бу. Ҳукмдорга ёқадиган гапларни ташишда бир-бири билан мусобақа қилишади. Аммо унга ёқмайдиган гап бўлса, айтишдан ўзларини тортадилар. Миср подшоҳининг аъёнлари ҳам худди шу ишни қилдилар. Ўзларини четга олиб, бу алғов-далғов туш экан, бунақа тушларнинг таъбирини билмаймиз, деб қутулдилар.
Подшоҳ ҳузурида аъёнлар иштирокида туш ҳақида баҳс қизиганда, ўша ерда хизмат қилиб юрган соқийнинг эсига қамоқда тушининг таъбирини айтиб берган шахс, яъни, Юсуф алайҳиссалом тушди. Унинг туш таъбирини айтишдаги илмини ҳаётида синаб кўрганидан, у ҳақда жамоатга, подшоҳга хабар беришни лозим топди.

وَقَالَ الَّذِي نَجَا مِنْهُمَا وَاِدَّكَرَ بَعْدَ أُمَّةٍ أَنَا أُنَبِّئُكُمْ بِتَأْوِيلِهِ فَأَرْسِلُونِ

45. Ва иккисидан нажот топгани анча муддат ўтгандан сўнг хотирлаб: «Бунинг таъбирининг хабарини сизга мен бераман. Мени юборинг», деди.
Яъни, Юсуф алайҳиссалом билан қамоқда бўлган икки йигитдан қутулиб чиққани бир неча йиллар ўтгандан сўнг Юсуфни ва унинг туш таъбири билимдони эканини хотирлаб, подшоҳ ва аъёнларга:
«Бу тушнинг таъбирининг хабарини сизга мен бераман. Мени юборинг», деди.
Яъни, мени Юсуфнинг ҳузурига юборинг, деди. Уни юбордилар. У қамоққа кириб, Юсуфни топди, унга қараб:

يُوسُفُ أَيُّهَا الصِّدِّيقُ أَفْتِنَا فِي سَبْعِ بَقَرَاتٍ سِمَانٍ يَأْكُلُهُنَّ سَبْعٌ عِجَافٌ وَسَبْعِ سُنْبُلاتٍ خُضْرٍ وَأُخَرَ يَابِسَاتٍ لَعَلِّي أَرْجِعُ إِلَى النَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَعْلَمُونَ

46. У: «Юсуф, эй ростгўй зот, бизга еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғининг таъбирини айт. Шоядки одамларга қайтиб борсам, улар ҳам билсалар», деди.
Соқий йигит Юсуф алайҳиссаломни «сиддиқ»–ростгўй зот, деб атамоқда. Чунки, у Юсуфнинг ростгўйлигини тажрибада синаб кўрган. Сўнгра у подшоҳнинг тушини таъбир қилиб беришни сўради, кейин уларга бориб етказиши зарурлигини ҳам таъкидлади. Юсуф алайҳиссалом унга қуйидагиларни айтдилар:

قَالَ تَزْرَعُونَ سَبْعَ سِنِينَ دَأَباً فَمَا حَصَدْتُمْ فَذَرُوهُ فِي سُنْبُلِهِ إِلاَّ قَلِيلاً مِمَّا تَأْكُلُونَ

47. У: «Кетма-кет етти йил зироат қиласизлар. Йиғиштириб олган ҳосилингизни бошоғида қолдиринг. Магар озгина ейдиганингизни (қолдирмасангиз ҳам бўлур).
Яъни, подшоҳ тушида кўрган еттита семиз сигир ва яшил бошоқнинг таъбири шулки, етти йил жуда серҳосил келади. У йилларда сизлар кетма-кет дон экиб, зироат қиласизлар. Ҳосил тўплайсизлар. Ўшанда тўплаган ҳосилларингизни бошоғида қолдиринг. Яхши сақланади. Чиримайди, қурт-қумурсқалар тешиб кетолмайди. Фақат ўзингиз учун ейишга ярашасини олсангиз, бўлаверади.

ثُمَّ يَأْتِي مِنْ بَعْدِ ذَلِكَ سَبْعٌ شِدَادٌ يَأْكُلْنَ مَا قَدَّمْتُمْ لَهُنَّ إِلاَّ قَلِيلاً مِمَّا تُحْصِنُونَ

48. Сўнгра, ундан кейин еттита шиддатли (йил) келур, улар олдиндан тайёрлаб қўйганингизни ейдилар. Магар озгина асраб қўйганингизгина қолур.
Яъни, серҳосил етти йилдан кейин яна шунча шиддатли, қаҳатчилик йиллари келади. Подшоҳнинг тушидаги етти ориқ сигир ва қуруқ бошоқ шунга ишорат. Ўша етти шиддатли, қаҳатчилик йили ўзидан олдинги етти серобчилик йилини ейди.
Бошқача қилиб айтганда, етти мўл-кўлчилик йилида тўпланган ҳосилни етти қаҳатчилик йилида ейсизлар. Фақат уруғ учун сақлаб қўйган озгина донгина ейилмай қолади.

ثُمَّ يَأْتِي مِنْ بَعْدِ ذَلِكَ عَامٌ فِيهِ يُغَاثُ النَّاسُ وَفِيهِ يَعْصِرُونَ

49. Сўнгра ундан кейин бир йил келадики, унда одамлар сероб қилинурлар ва унда (меваларни) сиқурлар», деди.
Бу оятда келаётган башорат подшоҳнинг тушидан ташқаридадир. Яъни, Миср подшоҳи кўрган тушда бундай йилга таъбир қилинадиган ишора йўқ. Бу кейингиси Юсуф алайҳиссаломнинг Пайғамбарлик мўъжизаларидир. Етти йиллик серобчиликдан кейинги етти қаҳатчилик йили тугаб, ундан сўнг келадиган йилда ниҳоятда серобчилик бўлар экан. Унда одамлар устидан барака ёғиб, фаровонлик, мўл-кўлчилик бўлар, одамлар еганларидан ташқари турли меваларни сиқиб, лаззатли ичимликлар ҳам тайёрлашар экан.
Юсуф алайҳиссалом соқийга ушбу гапларни айтганларидан кейин бу кўриниш тамом бўлади. Келаси оятда эса, қиссанинг навбатдаги бошқа бир кўриниши тасвирга чиқади. Унда соқийдан Юсуф алайҳиссалом айтган таъбирни эшитган Миср подшоҳининг сўзи келтирилади:

وَقَالَ الْمَلِكُ ائْتُونِي بِهِ فَلَمَّا جَاءَهُ الرَّسُولُ قَالَ ارْجِعْ إِلَى رَبِّكَ فَاسْأَلْهُ مَا بَالُ النِّسْوَةِ اللاَّتِي قَطَّعْنَ أَيْدِيَهُنَّ إِنَّ رَبِّي بِكَيْدِهِنَّ عَلِيمٌ

50. Подшоҳ: «Уни менга келтиринглар», деди. Унга элчи келган пайтда: «Хўжанг ҳузурига қайтиб бор ва ундан қўлларини кесган хотинларнинг ҳоли нима бўлганини сўра, албатта, Роббим уларнинг макрини билгувчидир», деди.
Соқийдан хабарни эшитган подшоҳ Юсуфни алайҳиссалом ҳузурига олиб келишни амр этиб:
«Уни менга келтиринглар, деди».
Подшоҳнинг амри билан элчи тезда Юсуф алайҳиссаломнинг олдиларига, қамоқхонага келди ва хушхабарни етказди. Бундай хабар ҳар қандай одамни қувончга солиши табиий. Беайб ҳолда йиллаб қамоқда ётган инсонни қамашга амр қилган одамнинг ўзи яхши ниятда ҳузурига чорлаётир. Бундай пайтда ҳар қандай одам чақириққа зудлик билан лаббай, деб жавоб берар ва подшоҳ ҳузурига учиб борар эди. Аммо Юсуф алайҳиссалом бундай қилмадилар. Туш таъбирини сўраб келишганда, умумхалқ манфаатини кўзлаб, ҳеч қандай шарт қўймай, содиқлик билан уни таъбир қилиб, кўрилиши лозим бўлган чораларни батафсил сўзлаб берган эдилар, лекин шахсларига тегишли хабар келганда, қамоқдан чиқмай туришга қарор қилдилар.
«Унга элчи келган пайтда: «Хўжанг ҳузурига қайтиб бор ва ундан қўлларини кесган хотинларнинг ҳоли нима бўлганини сўра, албатта, Роббим уларнинг макрини билувчидир», деди».
Юсуф алайҳиссалом қамоқдан чиқишдан аввал подшоҳга ҳам, бошқаларга ҳам ўзларининг беайб эканликларини билдириб қўйишни ва орани очиқ қилиб олишни хоҳладилар. Қамалишларига сабаб бўлган ҳодисани қайта текширишни талаб қилдилар. Лекин бу ишда ҳам юксак одоб намунасини кўрсатдилар. Асосий айбдорни–Азизнинг хотинини эмас, кўпчиликни, яъни, қўлларини кесган хотинларни эсга олдилар. Аллоҳ таоло ишнинг ҳақиқатини билиб турибди, лекин бандалар ҳам бу ҳақиқатни билиб қўйишини хоҳладилар. Шу боис ҳам элчидан подшоҳ олдига қайтиб бориб, қўлларини кесган хотинларнинг ҳоллари нима бўлганини сўрашни илтимос қилдилар.

قَالَ مَا خَطْبُكُنَّ إِذْ رَاوَدتُّنَّ يُوسُفَ عَنْ نَفْسِهِ قُلْنَ حَاشَ لِلَّهِ مَا عَلِمْنَا عَلَيْهِ مِنْ سُوءٍ قَالَتْ امْرَأَةُ الْعَزِيزِ الآنَ حَصْحَصَ الْحَقُّ أَنَا رَاوَدتُّهُ عَنْ نَفْسِهِ وَإِنَّهُ لَمِنْ الصَّادِقِينَ

51. У: «Юсуфнинг нафсини хоҳлаган вақтингиздаги ишингиз нима эди?» деди. Улар: «Аллоҳ сақласин! Биз унда бирон ёмонлик сезмадик», дедилар. Азизнинг хотини: «Энди ҳақиқат зоҳир бўлди. Мен унинг нафсини хоҳладим. Албатта, у содиқлардандир», деди.
Ночор ҳолда қолган, тушнинг таъбиридан кейин келажакда Юсуф алайҳиссаломга кўп муҳтож бўлишини сезган подшоҳ у зотнинг талабларини дарҳол амалга оширди. Хотинларни тўплаб:
«Юсуфнинг нафсини хоҳлаган вақтингиздаги ишингиз нима эди?», деди».
Улардан тўқликка шўхлик қилиб, Юсуфнинг чиройига маҳлиё бўлиб, унинг нафсини хоҳлаб, йўлдан уришга ҳаракат қилган пайтларида бўлиб ўтган ишларнинг тафсилотини, хусусан, Юсуф алайҳиссалом ҳақидаги фикрларини сўради. Ҳамма нарса аён бўлганини, инкор қилишдан фойда йўқ эканини англаб етган хотинлар очиғини айтдилар.
«Улар: «Аллоҳ сақласин! Биз унда бирон ёмонлик сезмадик», дедилар».
Шу эътирофлари билан шаҳар аёллари Юсуф алайҳиссаломни оқладилар. У кишининг қамалишига сабаб бўлган шахслар энди келиб, у кишидан ҳеч қандай ёмонлик кўрмаганларини айтмоқдалар. Вақтида эса, қаматишга ҳаракат қилган эдилар. Воқеанинг асосий «қаҳрамони»–Азизнинг хотини ҳам шу ерда. У ўзига алоҳида савол берилишини кутиб турмади. Ҳақиқатни кўпчилик олдида эътироф этиб:
«Энди ҳақиқат зоҳир бўлди. Мен унинг нафсини хоҳладим. Албатта, у содиқлардандир.
Юсуф алайҳиссаломга муҳаббати тушган бу аёл яна жим турмади. Ҳамма нарсани очиқ айтди. Бўлиб ўтган ишга ўзи сабабчи бўлганини, Юсуф алайҳиссаломда айб йўқлигини ва у киши содиқлардан эканликларини кўпчилик олдида эълон қилди. Шу билан бирга, бу қилаётган тасарруфининг сабабини ҳам тушунтириб, қуйидагиларни айтди:

ذَلِكَ لِيَعْلَمَ أَنِّي لَمْ أَخُنْهُ بِالْغَيْبِ وَأَنَّ اللَّهَ لا يَهْدِي كَيْدَ الْخَائِنِينَ

52. Бу мен унга йўғида орқасидан хиёнат қилмаганимни, албатта, Аллоҳ хоинларнинг макрини тўғриликка йўлламаслигини билиши учундир.
Яъни, гуноҳимни эътироф қилиб, унинг пок эканини эълон этишимдан ўша одам билиб қўйсинки, мен унга орқасидан хиёнат қилмадим. Ва яна билсинки, Аллоҳ хиёнаткорларнинг макри-ҳийласини ҳеч қачон ҳидоятга бошламас.

وَمَا أُبَرِّئُ نَفْسِي إِنَّ النَّفْسَ لأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلاَّ مَا رَحِمَ رَبِّي إِنَّ رَبِّي غَفُورٌ رَحِيمٌ

53. Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчи зотдир», деди.
Мен бу гапларни нафсимни оқлаш учун айтаётганим йўқ. Аслида, нафс эгасини доимо ёмонликларга ундаб туради. Магар Аллоҳ раҳм қилган зотнигина нафси ёмонликка ундамайди. Энг муҳими:
«Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчи зотдир».
У Ўзининг Ғофир сифати ила бандаларидан ўтган гуноҳларни мағфират қилади.
У Ўзининг Олимлик сифати ила бандалари нима қилаётганини билиб турибди.
Ҳамма томондан–ҳам қўлларини кесган хотинлар, ҳам Азизнинг хотини томонидан Юсуф алайҳиссаломнинг покликлари исбот этилганидан кейин:

وَقَالَ الْمَلِكُ ائْتُونِي بِهِ أَسْتَخْلِصْهُ لِنَفْسِي فَلَمَّا كَلَّمَهُ قَالَ إِنَّكَ الْيَوْمَ لَدَيْنَا مَكِينٌ أَمِينٌ

54. Подшоҳ: «Уни менга келтиринглар, уни ўзимга хос кишилардан қилиб оламан», деди. У билан гаплашганда эса: «Албатта, сен бугунги кунда ҳузуримизда маконатли ва ишончли кишилардансан», деди.
Подшоҳга Юсуф алайҳиссаломнинг пок эканликлари маълум бўлганидан сўнг, уни қамоқдан чиқариб олиб келишни амр қилди ва у зотни ўзига хос кишилардан қилиб олишини айтди.
«Подшоҳ: «Уни менга келтиринглар, уни ўзимга хос кишилардан қилиб оламан», деди».
Юсуф алайҳиссаломни қамоқдан чиқариб олиб келганларидан сўнг, у киши билан гаплашди ва суҳбат сўнгида бу қарорини у кишига ҳам билдириб:
«Албатта, сен бугунги кунда хузуримизда маконатли ва ишончли кишилардансан», деди».
Бу янгилик олдида Юсуф алайҳиссалом бошқалар каби эсанкираб қолмадилар. Подшоҳ «ҳазрати олийларининг» оёқларига йиқилмадилар, унга мақтов сўзларини ҳам айтмадилар, ўзларига кўрсатилган юксак ишончни оқлашга ваъда ҳам бермадилар. Балки обрўларини сақлаган ҳолларида подшоҳга қараб:

قَالَ اجْعَلْنِي عَلَى خَزَائِنِ الأَرْضِ إِنِّي حَفِيظٌ عَلِيمٌ

55. У: «Мени ернинг хазиналари устига қўй. Албатта, мен муҳофаза қилувчи ва билувчиман», деди.
Бу ўзига ишонган, қўлига олган ишни тўла-тўкис адо этишга кўзи етган одамнинг гапи. Оммага, халққа қайси жойда кўпроқ фойда келтириши мумкинлигини билган шахснинг гапи. Юсуф алайҳиссалом подшоҳга ўзларини қайси ишга қўйишини айтишлари билан бирга, бу ишга лаёқатлари борлигини ҳам билдириб:
«Албатта, мен муҳофаза қилувчи ва билувчиман», дедилар.
Яъни, хазинани қандай муҳофаза қилиш–сақлаш ва уни қандай тасарруф қилишни билувчиман, дедилар. Туш таъбирига кўра, Миср ўлкаси келажакда худди шундай сифатларни ўзида мужассам қилган одамга муҳтож эди. Эл-юртни қийинчиликлардан сақлаш учун Юсуф алайҳиссаломга ўхшаш ҳалол-пок, омонатли, жиғилдони ва ҳамёнини эмас, халқни, элу улуснинг ғамини ейдиган, Аллоҳдан қўрқадиган, тақводор одам керак эди. Юсуф алайҳиссалом худди ўша одам ўзлари эканликларини баён қилдилар. Бу ишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг тадбири билан амалга ошаётган эди. Шунинг учун ҳам Юсуфнинг алайҳиссалом подшоҳга айтган:
«Мени ернинг хазиналари устига қўй», деган гапларига подшоҳ нима жавоб қилгани зикр этилмай, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари келмоқда:

وَكَذَلِكَ مَكَّنَّا لِيُوسُفَ فِي الأَرْضِ يَتَبَوَّأُ مِنْهَا حَيْثُ يَشَاءُ نُصِيبُ بِرَحْمَتِنَا مَنْ نَشَاءُ وَلا نُضِيعُ أَجْرَ الْمُحْسِنِينَ

56. Шундай қилиб, Юсуфга ер юзида маконат бердик, уни ўзи хоҳлаган жойга ерлаша оладиган қилдик. Ўз раҳматимизни, кимни хоҳласак, ўшанга муяссар этурмиз ва гўзал амал қилувчиларнинг ажрини зое қилмасмиз.
«Шундай қилиб» яъни, Юсуфнинг беайб эканлигини изҳор қилиб, подшоҳнинг кўнглини унга бурдик.
«Юсуфга ер юзида маконат бердик, уни ўзи хоҳлаган жойга ерлаша оладиган қилдик».
Юсуфнинг кўнглига хазинага омилликни сўраб олишни солдик. Бу билан Юсуфга ер юзида–Миср ўлкасида ёки бутун ер юзида маконат бердик. Уни жойлаштириб, турли имкониятларга эга қилиб қўйдик. У ўша ердан хоҳлаган жойига жойлашадиган, хоҳлаган ишини қиладиган салоҳиятга эга бўлди.
«Ўз раҳматимизни, кимни хоҳласак, ўшанга муяссар этурмиз».
Ўша шахсга қийинчиликдан сўнг осонлик, ночорликдан сўнг имконлик, хавф-хатардан сўнг омонлик, хорликдан сўнг фаровонлик берамиз.
«ва гўзал амал қилувчиларнинг ажрини зое қилмасмиз».
Эҳсон қилувчилар, Аллоҳга иймон келтириб, унга тақво қилиб, ибодатида собитқадам бўлувчилар, эртами-кечми барибир ажрларини олурлар. Уларнинг ажри ҳеч қачон зое бўлмас. Бу дунёнинг ўзида кўражаклар.

وَلأَجْرُ الآخِرَةِ خَيْرٌ لِلَّذِينَ آمَنُوا وَكَانُوا يَتَّقُونَ

57. Иймон келтирган ва тақво қилганлар учун, албатта, охиратдаги ажр яхшироқ бўлур.
Иймонли ва тақводор кишилар қилган гўзал амаллари учун бу дунёнинг ўзидаёқ яхши-яхши ажр-мукофотларга эришадилар, аммо уларга охиратда бериладиган ажр-мукофотлар бундан ҳам яхшироқдир.
Шундай қилиб, Юсуф алайҳиссалом бошига тушган қийинчиликларга, қамоқ ва туҳматларга қарамай, гўзал амалларини қилаверганликларининг мукофоти ўлароқ, улкан мақомга эришиб, у ерда ҳам омонат билан кўпчилик манфаати йўлида хизматларини давом этдириб бордилар. Кунлардан бир кун:

وَجَاءَ إِخْوَةُ يُوسُفَ فَدَخَلُوا عَلَيْهِ فَعَرَفَهُمْ وَهُمْ لَهُ مُنكِرُونَ

58. Юсуфнинг оға-инилари келдилар ва унинг ҳузурига кирдилар. Бас, у уларни таниди. Улар эса, уни танимадилар.
Кейинги оятлардан Юсуф алайҳиссаломнинг акалари таом излаб келишгани маълум бўлади. Етти йиллик қаҳатчилик туфайли уларнинг юрти Канъонга ҳам очарчилик етган эди. Юсуфнинг алайҳиссалом ҳусни тадбирлари ва Аллоҳ берган имконларни ишга солишлари туфайли Миср аҳли бу қаҳатчиликдан катта зарар кўрмади. Ҳатто бошқа ўлкалар улардан озиқ-овқат борасида ёрдам сўраб кела бошлади. Мисрда озиқ-овқат сероблигини эшитиб, Юсуфнинг алайҳиссалом оға-инилари ҳам шу ёққа келишди.
«Юсуфнинг оға-инилари келдилар»
Табиийки, ёрдам сўровчилар дастлаб шу ишнинг бошида турган биринчи шахс Юсуф алайҳиссаломга учрашлари лозим. Шунинг учун:
«Унинг ҳузурига кирдилар. Бас, у уларни таниди».
Чунки доим улар ҳақида сўраб-суриштириб турар эдилар. Хусусан, давлатнинг катта мансабига ўтирганларидан сўнг, бунга имконлари кўпайган бўлиши турган гап. Сўнгра Юсуф алайҳиссаломдек мақом эгаси ҳузурига узоқдан келган меҳмонларни киритишидан олдин сарой хизматчилари уларнинг кимлигини, мақсадларини, қаердан келганликларини сўраб суриштирадилар ва бу ҳақда раҳбарга хабар берадилар. Шу туфайли оға-иниларини таниш Юсуф алайҳиссалом учун қийин бўлмади.
«Улар эса, уни танимадилар».
Чунки уни қудуққа ташлаганларидан сўнг, ўлди, уни бўри еб кетди, деб эълон қилишган эди. Шу сабабли уни нафақат ўзлари, балки бошқалар ҳам унутиб юборишини хоҳлар эдилар ва унутиб юборган эдилар ҳам. Уларнинг бундан кейинги муомалалари ҳам шу ҳолатда кечади. Яъни, Юсуф алайҳиссалом ҳаммани таниб-билиб муомала қиладилар, оға-инилари эса, билмасдан.
Уларни таниб туриб, яхши қабул қилиб, меҳмондўстлик кўрсатиб, улардан ўзларига керакли маълумотларни билиб олган Юсуф алайҳиссалом:

وَلَمَّا جَهَّزَهُمْ بِجَهَازِهِمْ قَالَ ائْتُونِي بِأَخٍ لَكُمْ مِنْ أَبِيكُمْ أَلا تَرَوْنَ أَنِّي أُوفِي الْكَيْلَ وَأَنَا خَيْرُ الْمُنزِلِينَ

59. Уларнинг жиҳозларини юклаган вақтда: «Менинг ҳузуримга ота бир инингизни олиб келинг. Кўраяпсизларми? Мен ўлчовни тўла қилмоқдаман ва мен энг яхши мезбонман.

فَإِنْ لَمْ تَأْتُونِي بِهِ فَلا كَيْلَ لَكُمْ عِندِي وَلا تَقْرَبُونِ

60. Агар уни ҳузуримга олиб келмасангиз, унда сизга менинг даргоҳимда ўлчаб бериш йўқ ва менга яқин ҳам келманглар», деди.
Оға-иниларини яхшилаб меҳмон қилиб, суҳбат давомида улардан керакли гапларни олиб бўлган Юсуф алайҳиссалом уларга сўраган нарсаларини–озиқ-овқатни ҳам бердилар. Жўнаб кетишларидан олдин молларини юклаш, йўлга тайёргарлик кўриш пайтида, янаги сафар ота бир иниларини ҳам олиб келишни тайинладилар. Агар уни олиб келсалар, улар учун яхши бўлишини таъкидлаб, ўлчовни тўла қилаётганлари ва мезбонликни яхшилаб жойига қўяётганларини эслатдилар. Шу билан, ўша ота бир инингизни бирга олиб келсангиз, яна тўла ўлчовда керакли нарса оласиз ва яхши меҳмон бўласиз, демоқчи бўлдилар. Аксинча бўлса, уларга ҳеч нарса ўлчаб берилмаслигини ва ўзларига яқин кела олмасликларни ҳам таъкидлаб қўйдилар.

قَالُواْ سَنُرَاوِدُ عَنْهُ أَبَاهُ وَإِنَّا لَفَاعِلُونَ

61. Улар: «Уни отасидан сўраб олиб келишга уринамиз. Биз бу ишни, албатта, қиламиз», дедилар.
Яъни, улар ўша ота бир иниларини олиб келиш ўзларига боғлиқ эмаслигини англатдилар. Отасидан сўраб кўрамиз, дедилар. Аммо бу ишга алоҳида аҳамият беришларини таъкидлаб:
«Биз бу ишни, албатта, қиламиз», дедилар».
Шунда Юсуф алайҳиссалом:

وَقَالَ لِفِتْيَانِهِ اجْعَلُواْ بِضَاعَتَهُمْ فِي رِحَالِهِمْ لَعَلَّهُمْ يَعْرِفُونَهَا إِذَا انقَلَبُواْ إِلَى أَهْلِهِمْ لَعَلَّهُمْ يَرْجِعُونَ

62. У ўз йигитларига: «Уларнинг сармояларини юклари ичига солиб қўйинглар. Шояд улар аҳлларига борганларида буларни таниб, қайтиб келсалар», деди.
Бу гапдан Юсуф алайҳиссаломнинг оға-инилари матоҳ айирбошлаш учун ўша вақтнинг пулидан ташқари, юртларидаги маҳсулотлардан ҳам олиб келганлари маълум бўлади.
Улар шу сармояларга Мисрдан озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиб кетишни қасд қилган эдилар. Юсуф алайҳиссалом ўша келтирган сармоя маҳсулотларига яраша озиқ-овқатни ўлчаб бердилар. Энди эса, хизматчи йигитларига:
«Уларнинг сармояларини юклари ичига солиб қўйинглар», демоқдалар.
Бу ҳам меҳмонга ҳурмат, сахийлик аломати. Шу билан бирга, бу ишни қилишда Юсуф алайҳиссалом бошқа бир мақсадни ҳам кўзлаган эдилар.
«Шояд улар аҳлларига борганларида буларни таниб, қайтиб келсалар».
Яъни, сармояларини ўзларига қайтариб беришлик уларда Мисрга яна қайтиб келишга рағбат уйғотса.
Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлиб чиқди.

فَلَمَّا رَجِعُوا إِلَى أَبِيهِمْ قَالُواْ يَا أَبَانَا مُنِعَ مِنَّا الْكَيْلُ فَأَرْسِلْ مَعَنَا أَخَانَا نَكْتَلْ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ

63. Оталари ҳузурига қайтиб борганларида: «Эй отамиз, бизга ўлчаб бериш ман этилди. Биз билан инимизни юбор, ўлчаб оламиз ва, албатта, биз уни муҳофаза қилувчилармиз», дедилар.
Кўринишидан, Яъқуб алайҳиссаломнинг юртида озиқ-овқат масаласи ўта муҳим муаммога айланган, ҳамманинг фикри-зикри шу масалани ҳал этишга қаратилганга ўхшайди. Шунинг учун узоқ сафардан қайтган ўғиллар олиб келган юкларини очмай туриб, бошқа масалаларга эътибор ҳам бермасдан, яна орқага қайтиб, озиқ-овқат олиб келиш чораларини изламоқдалар ва гапни шундан бошламоқдалар. Улар, агар энди укаларини бирга олиб бормасалар, озиқ-овқат ўлчаб бериш ман қилинишининг хабарини бермоқдалар. Эҳтимол, шу йўл билан оталарини кўндириш осон деб ўйлашгандир.
Яна бунинг орқасидан:
«албатта, биз уни муҳофаза қилувчилармиз», деб ваъда ҳам бермоқдалар.
Ўғилларидан бу гапни эшитган Яъқуб алайҳиссалом қуйидаги жавобни бердилар.

قَالَ هَلْ آمَنُكُمْ عَلَيْهِ إِلاَّ كَمَا أَمِنتُكُمْ عَلَى أَخِيهِ مِن قَبْلُ فَاللَّهُ خَيْرٌ حَافِظًا وَهُوَ أَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ

64. У: «Уни сизларга худди акасини ишонганимдек ишониб топширайми? Аллоҳнинг Ўзи энг яхши муҳофазачи ва Унинг Ўзи раҳмлиларнинг энг раҳмлигидир», деди.
Сизга ишониб, унинг акаси Юсуфни топширган эдим, нима бўлди. Энди бунисини ҳам сизга топширайми? Сиз яхши муҳофаза қиламиз, сақлаймиз, деб ваъда бермоқдасиз. Менга ваъдангизнинг кераги ҳам йўқ, мен бу ваъдага ишонмайман ҳам. Аввало, боламни Аллоҳнинг Ўзи сақласин, Унинг Ўзи раҳм қилсин.
«Аллоҳнинг Ўзи энг яхши муҳофазачи ва Унинг Ўзи раҳмлиларнинг энг раҳмлигидир».
Оталаридан бу гапни эшитган ўғиллар бориб, юкларини очдилар.

وَلَمَّا فَتَحُوا مَتَاعَهُمْ وَجَدُوا بِضَاعَتَهُمْ رُدَّتْ إِلَيْهِمْ قَالُوا يَا أَبَانَا مَا نَبْغِي هَذِهِ بِضَاعَتُنَا رُدَّتْ إِلَيْنَا وَنَمِيرُ أَهْلَنَا وَنَحْفَظُ أَخَانَا وَنَزْدَادُ كَيْلَ بَعِيرٍ ذَلِكَ كَيْلٌ يَسِيرٌ

65. Юкларини очган пайтда, сармояларининг ўзларига қайтарилганини билдилар. «Эй отамиз, яна нима истаймиз? Мана, сармояларимиз ўзимизга қайтарилибди. Яна аҳлимизга зод келтирурмиз, укамизни муҳофаза қилиб, бир туя зиёда (юк) ўлчови оламиз. Бу озгина ўлчовдир», дедилар.
Улар юкларини очиб, сармояларинининг ўзларига қайтарилганини кўрганларида, Юсуф алайҳиссалом кутган ҳолат юзага келди. Мисрга кичик ўғилни юборишга кўнмай турган оталарини кўндириш учун қайтиб келган сармояларини рўкач қила бошладилар:
«Юкларини очган пайтда, сармояларининг ўзларига қайтарилганини билдилар.Эй отамиз, яна нима истаймиз? Мана, сармояларимиз ўзимизга қайтарилибди».
Бундан бошқа яна нима керак ўзи? Ҳар биримизга озиқ-овқатни тўла ўлчаб берган бўлса, яна сармояларимизни ҳам олмасдан, қайтариб солиб қўйган бўлса. Сен эса, укамизни бизга қўшиб беришга кўнмай ўтирибсан. Агар қўшиб берсанг, биз Мисрга бориб:
«Яна аҳлимизга зод келтирурмиз».
Зоддан мурод, озиқ-овқатдир.
«укамизни муҳофаза қилиб, бир туя зиёда (юк) ўлчови оламиз».
Яъни, қўрқмай укамизни бизга қўшиб юборавер, биз, албатта, укамизни муҳофаза қиламиз ва уни олиб борганимиз учун аввалгидан бир туя зиёда озиқ-овқатга эга бўламиз,
«Бу озгина ўлчовдир», дедилар».
Яъни, яна бир туя озиқ-овқатни ўлчаб бериш Мисрдаги саҳий зот учун ҳеч нарса эмас, озгина ўлчов, холос.
Уларнинг бу гапларидан Юсуф алайҳиссаломнинг озиқ-овқат танқис чоғларида тежамкорлик сиёсати юргазганликлари кўриниб турибди. Ўзга юртлардан келганларга хоҳлаганларича эмас, балки фақат бир туяга юк бўладиган миқдордагина озиқ-овқат сотар эканлар.
Ушбу ҳужжатлар ва ёлворишлар қаршисида Яъқуб алайҳиссалом ҳам юмшадилар. Ўғилларига қараб:

قَالَ لَنْ أُرْسِلَهُ مَعَكُمْ حَتَّى تُؤْتُونِي مَوْثِقاً مِنْ اللَّهِ لَتَأْتُونَنِي بِهِ إِلاَّ أَنْ يُحَاطَ بِكُمْ فَلَمَّا آتَوْهُ مَوْثِقَهُمْ قَالَ اللَّهُ عَلَى مَا نَقُولُ وَكِيلٌ

66. У: «Токи менга, албатта, ҳузуримга қайта келтиришингиз ҳақида Аллоҳдан васийқа бермагунингизча, уни зинҳор сиз ила юбормасман. Магар (ҳалокатга) ўралиб қолсангиз, бошқа гап», деди. Унга васийқаларини берганларида, у: «Айтган гапларимизга Аллоҳ вакилдир», деди.
Юсуф алайҳиссаломни акаларига ишониб топшириб, панд еган Яъқуб алайҳиссалом бу сафар ишни пухтароқ қилдилар. Кичик ўғилни акаларига қўшиб, Мисрга юборишдан олдин уларга оғир шарт қўйдилар.
«У: «Токи менга, албатта, ҳузуримга қайта келтиришингиз ҳақида Аллоҳдан васийқа бермагунингизча, уни зинҳор сиз ила юбормасман».
Уларга Яъқуб алайҳиссалом укаларини қайтариб олиб келишга ваъда бериб, Аллоҳ номига қасам ичмасалар, уни зинҳор қўшиб юбормасликларини таъкидладилар. Шу билан бирга, ҳамма нарсани тушунган, англаб етган инсон сифатида:
«Магар (ҳалокатга) ўралиб қолсангиз, бошқа гап», дедилар.
Яъни, ундай ҳолатда маъзурсизлар.
Демак, ўғиллар, агар ҳалокатга учраб ноилож қолмасак, албатта, укамизни соғ-саломат қайтариб олиб келамиз, деб Аллоҳнинг номи ила қасам ичишлари керак эди. Улар укаларини муҳофаза қилиш учун қўлларидан келадиган барча чорани кўришга қасам ичишлари керак эди. Ўғиллар бу шартни бажардилар. Улар:
«Унга васийқаларини берганларида, у: «Айтган гапларимизга Аллоҳ вакилдир», деди».
Бу билан Яъқуб алайҳиссалом орадаги ваъданинг аҳамиятини яна бир бор таъкидлаб қўйдилар. Сўнгра, ўғилларига баъзи насиҳатлар қилдилар.

وَقَالَ يَا بَنِي لا تَدْخُلُوا مِنْ بَابٍ وَاحِدٍ وَادْخُلُوا مِنْ أَبْوَابٍ مُتَفَرِّقَةٍ وَمَا أُغْنِي عَنكُمْ مِنْ اللَّهِ مِنْ شَيْءٍ إِنْ الْحُكْمُ إِلاَّ لِلَّهِ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَعَلَيْهِ فَلْيَتَوَكَّلْ الْمُتَوَكِّلُونَ

67. У: «Эй ўғилларим, битта эшикдан кирманглар, турли эшиклардан киринглар. Мен сизлардан Аллоҳнинг ҳеч нарсасини қайтара олмайман. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир. Унгагина таваккал қилдим. Таваккал қилгувчилар фақат Унгагина таваккал қилсинлар», деди.
Яъқуб алайҳиссалом ўғилларига манзилга етганларида шаҳарга бир эшикдан эмас, бўлиниб, турли эшиклардан киришларини насиҳат қилдилар.
«У: «Эй ўғилларим, битта эшикдан кирманглар, турли эшиклардан киринглар», деди.
У зот Аллоҳнинг белгилаган тақдирини ўзгартириб бўлмаслигини яхши билар эдилар. Шунинг учун ҳам сўзлари давомида:
«Мен сизлардан Аллоҳнинг ҳеч нарсасини қайтара олмайман», дедилар.
Яъни, Аллоҳ сизларга тақдир қилган бирор нарсани ўзгартира олмайман, демоқдалар. Сўнгра умумий қоидани эслатиб:
«Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир», дедилар.
Яъни, бу дунёдаги ҳамма ишлар фақат Аллоҳнинг ҳукми ила бўлади. Бошқанинг ҳукми билан эмас. Шунинг учун ҳам мен фақат:
«Унгагина таваккал қилдим».
Унгагина суяндим, Ундан ўзгага суянмадим.
«Таваккал қилгувчилар фақат Унгагина таваккал қилсинлар».
Яъқуб алайҳиссалом шунча нарсани билиб туриб, яна ўғилларига бир эшикдан эмас, турли эшиклардан киринглар, дейишларининг сабаби келаси оятда баён қилинади:

وَلَمَّا دَخَلُوا مِنْ حَيْثُ أَمَرَهُمْ أَبُوهُمْ مَا كَانَ يُغْنِي عَنْهُمْ مِنْ اللَّهِ مِنْ شَيْءٍ إِلاَّ حَاجَةً فِي نَفْسِ يَعْقُوبَ قَضَاهَا وَإِنَّهُ لَذُو عِلْمٍ لِمَا عَلَّمْنَاهُ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لا يَعْلَمُونَ

68. Оталари амр этган томондан кирдилар. Зотан, бу улардан Аллоҳнинг ҳеч бир нарсасини қайтара олмас эди. Магар Яъқубнинг кўнглидаги эҳтиёж бўлиб, уни қондирди, холос. Албатта, у Биз таълим берганимиз туфайли билим соҳиби эди. Лекин кўпчилик одамлар билмаслар.
Яъни, ўғиллар кўзлаган манзилга етиб борганларида оталари насиҳатига амал қилиб, ҳаммалари бир эшикдан эмас, турли-турли эшиклардан кирдилар.
«Оталари амр этган томондан кирдилар».
Лекин уларнинг бу амали:
«Зотан, бу улардан Аллоҳнинг ҳеч бир нарсасини қайтара олмас эди».
Яъни, Аллоҳ тақдир қилган нарса бир эшикдан кирсалар ҳам, турли эшикдан кирсалар ҳам, албатта, бўларди. Буни Яъқуб алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам яхши билардилар. Аммо шунга қарамай, ўғилларига турли эшиклардан киришни насиҳат қилишлари,
«Яъқубнинг кўнглидаги эҳтиёж бўлиб, уни қондирди, холос».
Яъни, кўнглига бир айтиб қўйиш тушиб, айтиб қўйди, холос. Бу ерда бошқа ҳеч қандай сир-асрор йўқ. Гапни кўпайтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Бу ҳақиқатларни Яъқуб алайҳиссаломнинг ўзи жуда яхши билади.
«Албатта, у Биз таълим берганимиз туфайли билим соҳиби эди».
У Бизнинг Пайғамбаримиз эди. Биз унга шунга ўхшаш нарсаларни яхшилаб ўргатганмиз. У буларни яхши биларди.
«Лекин кўпчилик одамлар билмаслар».
Шунинг учун турли гапларни кўпайтириб юрадилар.
Шаҳарга кирган оға-инилар:

وَلَمَّا دَخَلُوا عَلَى يُوسُفَ آوَى إِلَيْهِ أَخَاهُ قَالَ إِنِّي أَنَا أَخُوكَ فَلا تَبْتَئِسْ بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ

69. Юсуфнинг олдига кирганларида, у инисини ўзига яқин жойлаштирди ва: «Мен акангман, улар қилган нарсалардан хафа бўлма», деди.
Улар Юсуф алайҳиссаломнинг ҳузурларига кирган вақтларида, у зот меҳмонларни яна яхши кутиб олдилар, иззат қилдилар. Кичик укаларини ёнларига олиб, бошқаларига билдирмай,
«Мен акангман», деб ўзларини танитдилар. Акалари олдин қилган ишлардан хафа бўлмаслигини айтиб:
«Улар қилган нарсалардан хафа бўлма», деди».
Сўнгра вақти соати келиб, меҳмонлар ўз юртларига қайтиб кетадиган бўлиб,

فَلَمَّا جَهَّزَهُمْ بِجَهَازِهِمْ جَعَلَ السِّقَايَةَ فِي رَحْلِ أَخِيهِ ثُمَّ أَذَّنَ مُؤَذِّنٌ أَيَّتُهَا الْعِيرُ إِنَّكُمْ لَسَارِقُونَ

70. Уларнинг жиҳозларини ҳозирлаган пайтда, инисининг юкига бир сув идишни солиб қўйди. Сўнгра жарчи: «Эй карвондагилар, сизлар ўғридирсизлар», деб жар солди.
Яъни, Юсуф алайҳиссалом оға-иниларининг жиҳозларини ҳозирлаётган ходимларига айтиб, кичик укасининг юкига бир сув идиш қўштириб қўйдилар. Улар жўнаб кетганларидан сўнг, орқаларидан бир одам юбориб, уларни ўғриликда айблади.
«Сўнгра жарчи: «Эй карвондагилар, сизлар ўғридирсизлар», деб жар солди».
Бўлиб ўтган сирдан бехабар кетаётган карвон ортидан жарчи бақириб жар солди. Уларни ўғриликда айиблади. Кервондагилар бу гапдан таажжубда қолдилар ва:

قَالُوا وَأَقْبَلُوا عَلَيْهِمْ مَاذَا تَفْقِدُونَ

71. Улар (ортларидан келганларга) қараб: «Нима йўқотдингиз?» дедилар.
Демак, карвон ортидан фақат овоз чиқариб жар солган киши эмас, бошқалар ҳам борган экан. Оға-инилар уларга қараб туриб:
«Нима йўқотдингиз?» дедилар».
Уларнинг бу гапи ўғрилик қилмаганларига ишончлари комиллигини билдириб турибди. Ўзларига ўғрилик айби қўйилаётган бўлса ҳам, «Нима йўқотдингиз?» дейишмоқда. Яъни, бир нарсани йўқотиб қўйиб, бизни ўғри қилмоқчимисизлар, демоқчи бўлишди.

قَالُوا نَفْقِدُ صُوَاعَ الْمَلِكِ وَلِمَنْ جَاءَ بِهِ حِمْلُ بَعِيرٍ وَأَنَا بِهِ زَعِيمٌ

72. Улар: «Подшоҳнинг идишини йўқотдик. Уни келтирган кишига бир туя юк. Мен унга кафилман», деди.
Яъни, хизматкорлардан бири ҳамманинг номидан юқоридаги гапларни айтди. Лекин карвондагилар ўзларининг айбсиз эканликларига ишончлари комил эди. Шунинг учун бу гапга жавоб ўлароқ:

قَالُوا تَاللَّهِ لَقَدْ عَلِمْتُمْ مَا جِئْنَا لِنُفْسِدَ فِي الأَرْضِ وَمَا كُنَّا سَارِقِينَ

73. Улар: «Аллоҳга қасамки, ўзингиз биласиз, биз ер юзида фасод учун келган эмасмиз, биз ўғрилар бўлган эмасмиз», дедилар.
Улар қасам ичдилар ва шу билан бирга ходимларга ўзларининг ким эканликларини улар ҳам билишларини эслатдилар.
Яъни, келиб-кетиб, ўзаро муомала давомида ҳукмдорлар ҳам, ходимлар ҳам оға-иниларнинг аслзода, Пайғамбарзода, ҳалол-пок киши эканликларини билган эдилар.
Ака-укалар ўзларига қўйилаётган айбга қарши ўша сифатларни ходимларнинг ёдларига солдилар.
Бу билан гўё:
«Биз ўғрилар бўлган эмасмиз», дедилар».
Яъни, биз ҳеч қачон ўғрилик қилган эмасмиз, бу амал бизга ёт, дедилар.

قَالُوا فَمَا جَزَاؤُهُ إِنْ كُنتُمْ كَاذِبِينَ

74. Улар: «Агар ёлғончи бўлиб чиқсангиз, жазоси нима?» дедилар.
Яъни, агар биз ўғри бўлган эмасмиз, деган гапингиз ёлғон чиқиб, ўғрилигингиз исбот бўлиб қолса, унинг жазоси нима бўлади, дедилар.

قَالُوا جَزَاؤُهُ مَنْ وُجِدَ فِي رَحْلِهِ فَهُوَ جَزَاؤُهُ كَذَلِكَ نَجْزِي الظَّالِمِينَ

75. Улар: «Унинг жазоси, кимнинг юкида топилса, ўшадир. Бас, унинг жазоси ўшадир. Золимни шундай жазолаймиз», дедилар.
Яъни, бизнинг қонун-қоидамиз бўйича, ўғирланган нарса кимнинг юкидан чиқса, ўша одам жазоланади, дедилар. Шу билан икки томон йўқолган сув идиш кимнинг юкидан чиқса, ўшани жазолашга келишиб олдилар. Сўнгра юкларни тафтиш қилиш бошланди. Ушбу ҳодиса ва тортишувлар Юсуф алайҳиссалом ҳузурларида бўлаётган эди.

فَبَدَأَ بِأَوْعِيَتِهِمْ قَبْلَ وِعَاءِ أَخِيهِ ثُمَّ اسْتَخْرَجَهَا مِنْ وِعَاءِ أَخِيهِ كَذَلِكَ كِدْنَا لِيُوسُفَ مَا كَانَ لِيَأْخُذَ أَخَاهُ فِي دِينِ الْمَلِكِ إِلاَّ أَنْ يَشَاءَ اللَّهُ نَرْفَعُ دَرَجَاتٍ مَنْ نَشَاءُ وَفَوْقَ كُلِّ ذِي عِلْمٍ عَلِيمٌ

76. У инисининг юкидан олдин уларнинг юкидан (тафтиш) бошлади. Сўнгра у(сув идиш)ни унинг юкидан чиқариб олди. Шундай қилиб, Юсуф фойдасига ҳийла қилдик. У подшоҳнинг дини бўйича инисини олиб қола олмас эди. Магар Аллоҳ хоҳласагина, бўлиши мумкин эди. Кимни хоҳласак, ўшанинг даражасини кўтарамиз. Ҳар бир илм эгаси устидан билувчи бор.
Яъни, Юсуф алайҳиссалом ходимларига аввал оға-иниларининг юкларини тафтиш қилишни буюрдилар.
«У инисининг юкидан олдин уларнинг юкидан (тафтиш) бошлади».
Чунки биринчи бўлиб, кичик уканинг юклари тафтиш қилинсаю дарҳол йўқолган сув идишни топиб олинса, оға-инилари гумон қилиб қолишлари мумкин.
«Сўнгра у(сув идиш)ни унинг юкидан чиқариб олди».
Навбат келиб, кичик уканинг юклари тафтиш қилинган эди, сув идиш ўша ердан чиқди.
«Шундай қилиб, Юсуф фойдасига ҳийла қилдик».
Яъни, тадбир қилдик. Агар шундай қилмасак:
«У подшоҳнинг дини бўйича, инисини олиб қола олмас эди».
Яъни, Миср подшоҳининг қонуни бўйича, ўғрига бошқа жазо берилар эди, уни олиб қолиш мумкин эмас эди. Шунинг учун оға-иниларнинг ўзларини эътироф қилдириб, Яъқуб алайҳиссалом дини ҳукми бўйича амал қилишга–ўғрини олиб қолишга йўл очилди.
Бу ерда ўғрини жазолаш ҳукмини подшоҳнинг дини дейилмоқда. Демак, дин фақат эътиқод ва баъзи ибодатларни адо этишдангина эмас, балки инсон ҳаётининг ҳамма томонини қамраб олувчи ҳукмлардан ҳам иборат экан.
«Магар Аллоҳ хоҳласагина, бўлиши мумкин эди».
Шунга ўхшаш бирор тадбир билан олиб қолинар эди.
«Кимни хоҳласак, ўшанинг даражасини кўтарамиз».
Хоҳлаган эдик, Юсуфнинг даражасини кўтардик.
«Ҳар бир илм эгаси устидан билгувчи бор».
Ҳамма нарсани биламиз, деб юрганларнинг устидан ҳам билгувчи бор. Бу дунёдаги билгувчилик Аллоҳ таолога бориб тақалади. У ҳамма билгувчилар устидан билгувчидир.
Кичик укаларининг юкидан сув идишнинг чиққанини кўриб, акалар даҳшатга тушдилар.

قَالُوا إِنْ يَسْرِقْ فَقَدْ سَرَقَ أَخٌ لَهُ مِنْ قَبْلُ فَأَسَرَّهَا يُوسُفُ فِي نَفْسِهِ وَلَمْ يُبْدِهَا لَهُمْ قَالَ أَنْتُمْ شَرٌّ مَكَاناً وَاللَّهُ أَعْلَمُ بِمَا تَصِفُونَ

77. Улар: «Агар бу ўғирлаган бўлса, бундан олдин унинг акаси ҳам ўғирлаган эди», дедилар. Юсуф буни кўнглига тугиб қўйди, уларга ошкор қилмади. У: «Ўзингиз ёмонроқ турумдасиз. Аллоҳ сиз васф қилаётган нарсани яхши билгувчи зотдир», деди.
Улар ўзларини оқлаш учун навбатдаги ёлғонни гапирдилар. Аввал Юсуф ҳақида оталарига ёлғон тўқиб келган эдилар. Энди Юсуфалайҳиссаломнинг ўзларига у киши ва укалари ҳақида ёлғон тўқимоқдалар.
«Улар: «Агар бу ўғирлаган бўлса, бундан олдин унинг акаси ҳам ўғирлаган эди», дедилар».
Улар, кичик ўгай ука ўғрилик қилган бўлса, бу ажабланарли эмас, унинг туғишган акаси ҳам олдин ўғрилик қилган эди, бу иш уларниг табиатида бор ўзи, дейишмоқчи. Шу билан ўзларини оқлашмоқчи. Аммо:
«Юсуф буни кўнглига тугиб қўйди, уларга ошкор қилмади».
Уларнинг бу ёлғонларини Юсуф алайҳиссалом кўнгилга тугиб қўйдилар. Уларнинг ёлғон гапираётганларини ошкор қилмадилар. Уларга,
«У, «Ўзингиз ёмонроқ турумдасиз. Аллоҳ сиз васф қилаётган нарсани яхши билгувчи зотдир», деди.
Яъни, сиз буни айбламоқдасиз, аммо аслида ўзингиз бундан кўра ёмонроқ ҳолдасиз. Ёлғон гапириб, бировни ёмонотлиқ қилмоқдасиз. Ҳолбуки, Аллоҳ сиз васф қилаётган ишларни жуда яхши билади. Ким ўғрию ким тўғрилигини, ким яхшию ким ёмонлигини Ўзи яхши билади.
Бу гапдан сўнг улар бир оз ўзларига келдилар. Оталарига Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб, берган ваъдалари ёдларига келди.

قَالُوا يَا أَيُّهَا الْعَزِيزُ إِنَّ لَهُ أَباً شَيْخاً كَبِيراً فَخُذْ أَحَدَنَا مَكَانَهُ إِنَّا نَرَاكَ مِنْ الْمُحْسِنِينَ

78. Улар: «Эй Азиз, бунинг катта ёшли чол отаси бор. Бас, биримизни унинг ўрнига ол. Биз сени яхшилик қилувчилардан эканлигингни кўрмоқдамиз», дедилар.
Боланинг қари отаси борлигини айтиб, Азизнинг раҳмини келтиришмоқчи бўлишди. Унинг ўрнига хоҳлаган бошқа биттасини олиб қолишни таклиф қилишди. Ортидан ундан доимо яхшилик кўриб келаётганларини эслаб, мақтаб ҳам қўйишди.
Уларнинг бу таклифларига жавобан:

قَالَ مَعَاذَ اللَّهِ أَنْ نَأْخُذَ إِلاَّ مَنْ وَجَدْنَا مَتَاعَنَا عِنْدَهُ إِنَّا إِذاً لَظَالِمُونَ

79. У: «Нарсамизни ҳузуридан топган одамдан бошқани олиб қолишимиздан Аллоҳ сақласин. Акс ҳолда, албатта, золимлардан бўлиб қоламиз», деди.
Бошқа ўринларда бўлгани каби, бу сафар ҳам Юсуф алайҳиссалом нозик ибораларни ишлатиб, ҳеч кимнинг ҳаққига ножўя гап айтмадилар. «Ўғрининг» ё «айбдорнинг ўрнига» демасдан,
«нарсамизни ҳузуридан топган одамдан бошқани олиб қолишимиздан Аллоҳ сақласин», дея марҳамат қилдилар. Чунки ҳақиқатда ука ўғри ҳам, айбдор ҳам эмас эди. Юсуф алайҳиссалом шунчалик эътибор билан гапирдиларки, бирорта ҳам ҳақиқатдан узоқ сўз чиқмади.

فَلَمَّا اسْتَيْئَسُوا مِنْهُ خَلَصُوا نَجِيّاً قَالَ كَبِيرُهُمْ أَلَمْ تَعْلَمُوا أَنَّ أَبَاكُمْ قَدْ أَخَذَ عَلَيْكُمْ مَوْثِقاً مِنْ اللَّهِ وَمِنْ قَبْلُ مَا فَرَّطتُمْ فِي يُوسُفَ فَلَنْ أَبْرَحَ الأَرْضَ حَتَّى يَأْذَنَ لِي أَبِي أَوْ يَحْكُمَ اللَّهُ لِي وَهُوَ خَيْرُ الْحَاكِمِينَ

80. Ундан умидни узган чоғларида, четга чиқиб, хуфёна маслаҳат қилдилар. Катталари: «Отангиз сиздан Аллоҳ номи билан васийқа олганини ва бундан олдин Юсуф ҳақида қилган айбингизни билмайсизларми?! Мен токи отам менга изн бермагунча ёки Аллоҳ ҳукм чиқармагунча бу ердан қимирламасман. У ҳукм чиқарувчиларнинг энг яхшисидир.

ارْجِعُوا إِلَى أَبِيكُمْ فَقُولُوا يَا أَبَانَا إِنَّ ابْنَكَ سَرَقَ وَمَا شَهِدْنَا إِلاَّ بِمَا عَلِمْنَا وَمَا كُنَّا لِلْغَيْبِ حافِظِينَ

81. Отангиз олдига қайтинглар, бас, унга:«Эй отамиз, ҳақиқатда ўғлинг ўғрилик қилди. Биз фақат ўзимиз билган нарсага гувоҳлик бердик, холос. Биз ғайбни билувчи эмас эдик.

وَاسْأَلْ الْقَرْيَةَ الَّتِي كُنَّا فِيهَا وَالْعِيرَ الَّتِي أَقْبَلْنَا فِيهَا وَإِنَّا لَصَادِقُونَ

82. Биз бўлган шаҳардан сўра ва у ерда биз учраган карвондан сўра, биз, албатта, ростгўйларданмиз, денглар», деди.
Оға-иниларнинг каттаси бўлиб ўтган воқеадан кейин масъулиятни ҳис этди. Отаси олдига қайтиб боришга журъат қила олмади. Ака-укалар хуфёна маслаҳатлашиб олишгач, у четга чиқиб, иниларига:
«Отангиз сиздан Аллоҳ номи билан васийқа олганини ва бундан олдин Юсуф ҳақида қилган айбингизни билмайсизларми?!», деди.
Яъни, бу иш биринчиси эмас, аввал ҳам Юсуфни олиб чиқиб кетиб, унингсиз қайтган эдигиз. Энди эса, отамизга Аллоҳ номи билан қасам ичиб, ваъда берганимизга қарамай, яна унинг укасини ҳам йўқотдик.
«Мен токи, отам менга изн бермагунча ёки Аллоҳ ҳукм чиқармагунча бу ердан қимирламасман».
Яъни, отам айбимни кечиб, ҳузурига боришимга рухсат бермагунча ёки Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда бирор ҳукм чиқармагунча Мисрдан ҳеч қаерга қимирламайман. Отамга ваъда берган эдик. У рози бўлиб, ўзи рухсат берса ё Аллоҳ бир ҳукм чиқарса, юртимизга қайтишим мумкин. Ахир, Аллоҳнинг ҳукмини бажармай иложим йўқ, Чунки:
«У ҳукм чиқарувчиларнинг энг яхшисидир».
Сизлар, эй укаларим, юртимизга қайтиб боринглар ва отамизга бўлиб ўтган воқеани айтиб беринглар, деб оятда келган гапларни ўргатди. Укалари бориб унинг ўргатганларини оталарига айтдилар. Шунда:

قَالَ بَلْ سَوَّلَتْ لَكُمْ أَنفُسُكُمْ أَمْراً فَصَبْرٌ جَمِيلٌ عَسَى اللَّهُ أَنْ يَأْتِيَنِي بِهِمْ جَمِيعاً إِنَّهُ هُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ

83. У: «Йўқ, сизга ҳавои нафсингиз бир ишни яхши кўрсатмиш. Бас, чиройли сабр (қиламан). Шоядки Аллоҳ уларнинг ҳаммасини ҳузуримга жамлаб келтирса. Албатта, Унинг Ўзи билгувчи ва ҳикматли зотдир», деди.
Яъқуб алайҳиссалом худди шу гапни Юсуф алайҳиссаломни йўқотган кунларида ҳам айтган эдилар. Энди йиллар ўтиб, кичик ўғлини йўқотган куни ҳам шу гапни такрорладилар, кетидан Аллоҳ таолонинг марҳаматидан умид узмаганларини билдириб қўйдилар.
«Шоядки Аллоҳ уларнинг ҳаммасини ҳузуримга жамлаб келтирса».
Ҳам Юсуфни, ҳам укасини ва катта ўғлини, ҳаммасини бирга қайтарса.
«Албатта, Унинг Ўзи билувчи ва ҳикматли зотдир».
Ҳамма ишни билиб ва ҳикмат-ла қилади. Юсуф ва унинг укасининг йўқолишида ҳам Аллоҳнинг бир ҳикмати бордир.

وَتَوَلَّى عَنْهُمْ وَقَالَ يَا أَسَفَى عَلَى يُوسُفَ وَابْيَضَّتْ عَيْنَاهُ مِنَ الْحُزْنِ فَهُوَ كَظِيمٌ

84. Ва улардан юз ўгирди ҳамда: «Оҳ, Юсуф!» деб кўзларига оқ тушди. Бас, у дардини ютувчидир.
Яъқуб алайҳиссалом чиройли сабр қилдилар, мусибат сабабчилари бўлмиш ўғилларига осилмадилар. Улардан юз ўгириб, ғам-қайғуга тушдилар. Дарду аламни ичларига ютдилар. Бу ишлар ўз таъсирини кўрсатди. У кишининг кўзларига оқ тушиб, кўрмайдиган бўлиб қолдилар.
Рашкчи фарзандлар эса, шу ерда ҳам ҳиқду ҳасадларини яшира олмадилар. Оталарининг Юсуф ва кичик укаси учун фироқ дардида ёнаётганларини кўра олмай,

قَالُوا تَاللَّهِ تَفْتَأُ تَذْكُرُ يُوسُفَ حَتَّى تَكُونَ حَرَضاً أَوْ تَكُونَ مِنْ الْهَالِكِينَ

85. Улар: «Аллоҳга қасамки, токи мадордан кетгунингча ёки ҳалок бўлувчилардан бўлгунингча, Юсуфни зикр қилаверасан», дедилар.
Яъни, йўқ бўлиб кетган Юсуфни эслайвериб, ҳолдан тоясан ёки бир йўла ҳалок бўласан, дейишди.
Уларнинг бу ҳасад тўла гапларига жавобан:

قَالَ إِنَّمَا أَشْكُو بَثِّي وَحُزْنِي إِلَى اللَّهِ وَأَعْلَمُ مِنْ اللَّهِ مَا لا تَعْلَمُونَ

86. У: «Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қилмоқдаман ва Аллоҳдан сиз билмаган нарсани билурман.
Яъни, Юсуф учун чекаётган ғам-ғуссамни сизга ҳам, бошқа бировга ҳам айтаётганим йўқ. Мен дарду ҳасратимни фақат Аллоҳнинг Ўзига айтиб йиғламоқдаман. Энг муҳими эса, менга Аллоҳнинг Пайғамбари ўлароқ, ундан сиз билмайдиган нарсаларнинг хабари келиб туради.

يَا بَنِي اذْهَبُوا فَتَحَسَّسُوا مِنْ يُوسُفَ وَأَخِيهِ وَلا تَيْئَسُوا مِنْ رَوْحِ اللَّهِ إِنَّهُ لا يَيْئَسُ مِنْ رَوْحِ اللَّهِ إِلاَّ الْقَوْمُ الكَافِرُونَ

87. Эй ўғилларим, боринглар, Юсуфни ва унинг укасини яхшилаб изланглар, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Ҳақиқатда Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмларгина ноумид бўлурлар», деди.
Чунки кофирлар Аллоҳга ишонмайдилар, шунинг учун улар озгина мусибатдан ҳам дарров умидсиз ҳолга тушиб қоладилар. Мўмин киши эса, ғам-ғуссага кўмилиб қолган пайтида ҳам умидини узмайди. Чунки у ҳамма нарсага қудрати етадиган Аллоҳга ишонади ва ҳар лаҳзада Аллоҳ таоло уни ғам-ғуссадан қутқариб олишидан умид қилиб туради. Уни ҳеч нарса ноумид қила олмайди.
Оталаридан бу гапларни эшитган ўғиллар йўлга чиқдилар. Учинчи бор Мисрга келдилар. Учинчи бор Юсуф алайҳиссаломга учрадилар.

فَلَمَّا دَخَلُوا عَلَيْهِ قَالُوا يَا أَيُّهَا الْعَزِيزُ مَسَّنَا وَأَهْلَنَا الضُّرُّ وَجِئْنَا بِبِضَاعَةٍ مُزْجَاةٍ فَأَوْفِ لَنَا الْكَيْلَ وَتَصَدَّقْ عَلَيْنَا إِنَّ اللَّهَ يَجْزِي الْمُتَصَدِّقِينَ

88. Унинг ҳузурига кирганларида: «Эй Азиз, бизни ва аҳлимизни зарар тутди ва арзимаган сармоя келтирдик. Бас, бизга ўлчовни тўлиқ қилиб бер ва садақа ҳам бер. Аллоҳ, албатта, садақа қилувчиларни мукофотлайдир», дедилар.
Гапларидан кўриниб турибдики, уларнинг аҳволи оғир. Аввалгидек бор нарсаларини озиқ-овқатга алмаштиришга имконлари ҳам қолмаган. Олиб келган моллари жуда арзимас. У молларга яраша эмас, балки кўпроқ озиқ олсалар ҳам, эҳтиёжлари қонмайди. Садақага муҳтожлар. Аввалги гердайишларидан асар ҳам йўқ. Юсуф алайҳиссалом ўзларини танитиш вақти етганини англадилар ва акаларига қараб:

قَالَ هَلْ عَلِمْتُمْ مَا فَعَلْتُمْ بِيُوسُفَ وَأَخِيهِ إِذْ أَنْتُمْ جَاهِلُونَ

89. У: «Жоҳиллик пайтингизда Юсуфга ва унинг инисига нима қилганларингизни биласизларми?», деди.
Шунда акаларининг кўз-қулоқлари ялт этиб очилди. Кўзлари Азиз сиймосида Юсуфни кўрди, қулоқлари унинг овозини эшитди. Ва:

قَالُوا أَئِنَّكَ لأَنْتَ يُوسُفُ قَالَ أَنَا يُوسُفُ وَهذَا أَخِي قَدْ مَنَّ اللَّهُ عَلَيْنَا إِنَّهُ مَنْ يَتَّقِ وَيَصْبِرْ فَإِنَّ اللَّهَ لا يُضِيعُ أَجْرَ الْمُحْسِنِينَ

90. Улар: «Э-э, ҳали сенн сенн Юсуфмисан?!» дедилар. У: «Мен Юсуфман, мана бу иним. Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди. Ҳақиқатда ким тақво ва сабр қилса, Аллоҳ, албатта, гўзал иш қилувчиларнинг ажрини зое қилмагай», деди.
Юсуфнинг акалари шошиб қолдилар. Чунки улар билан анчадан бери муомала қилаётган Миср бош вазири бир вақтлар ўзлари ҳасад орқасида қудуққа ташлаб юборган укалари Юсуф бўлиб чиқишини ҳеч кутмаган эдилар.
«Улар: «Э-э, ҳали сенн сенн Юсуфмисан?!» дедилар».
Улар кўзларига ҳам, қулоқларига ҳам ишонмай, яна бир бор тасдиқлаб олмоқчи бўлдилар. Шунда Юсуф алайҳиссалом:
«Мен Юсуфман, мана бу иним. Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди», дедилар.
Узоқ айрилиқдан сўнг бизни учраштирди. Ҳолимизга раҳм қилди. Обрў-эътибор берди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Чунки:
«Ҳақиқатда, ким тақво ва сабр қилса, Аллоҳ, албатта, гўзал иш қилувчиларнинг ажрини зое қилмагай».
Биз ҳам қўлимиздан келгунча тақво ва сабр қилдик, оқибатда шу даражага эришдик, дедилар.

قَالُوا تَاللَّهِ لَقَدْ آثَرَكَ اللَّهُ عَلَيْنَا وَإِنْ كُنَّا لَخَاطِئِينَ

91. Улар: «Аллоҳга қасамки, ҳақиқатда Аллоҳ сени биздан устун қилди. Биз эса, хатокорлардан бўлдик», дедилар.
Оғалар бор ҳақиқатни эътироф қилдилар. Ўзларининг хато қилганларини ҳам тан олдилар. Аллоҳ таоло уларнинг қасдларию қилмишларига қарамай, укаларини ҳар нарсада устун қилиб қўйганини ҳам эътироф этдилар.
Ана шу пайтда Юсуф алайҳиссалом яна юксак одоб ва ахлоқ намунасини кўрсатдилар.

قَالَ لا تَثْرِيبَ عَلَيْكُمْ الْيَوْمَ يَغْفِرُ اللَّهُ لَكُمْ وَهُوَ أَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ

92. У: «Бугунги кунда сизларни айблаш йўқ. Сизларни Аллоҳ мағфират қилгай. У раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир», деди.
Ўтган ишга саловот. Бугун сизни биров айбламоқчи эмас, уялтирмоқчи ҳам эмас. Гуноҳларни кечирувчи Аллоҳнинг Ўзи. У энг раҳмли зот.

اذْهَبُوا بِقَمِيصِي هَذَا فَأَلْقُوهُ عَلَى وَجْهِ أَبِي يَأْتِ بَصِيراً وَأْتُونِي بِأَهْلِكُمْ أَجْمَعِينَ

93. «Менинг мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташлангиз, кўзи очилур. Сўнгра аҳлингиз ила жам бўлиб ҳузуримга келинглар».
Юсуф алайҳиссалом акалари ила гаплашиб ҳамма нарсадан, жумладан оталари Яъқуб алайҳиссаломнинг фарзанд фироғида йиғлаб кўзлари ожиз бўлиб қолганини ҳам билган эдилар. Шунинг учун акаларига ўзларининг бир дона кўйлакларини бериб,
«Менинг мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташлангиз, кўзи очилур», дедилар.
Юсуф алайҳисаломнинг бугапларидан ажабланишга ҳеч ҳожат йўқ. Аввало, Яъқуб алайҳиссалом ҳам, Юсуф алайҳиссалом ҳам Аллоҳнинг Пайғамбарлари, ораларида мўъжиза бўлиб, бир кўйлак сабабли дардга шифо етиши ғаройиб иш эмас. Иккинчидан, тажриба кўрсатадики, фарзанд доғида хасталикка чалинган мушфиқ ота-оналар фарзандларини кўрганларида ёки хабарларини эшитганларида Аллоҳ таолодан дарҳол уларга шифо етган.
Учинчидан, илмий баҳслар бу иш ҳақиқат эканини, кийимда қолган ҳид, ҳабиб инсоннинг дардига даво бўлишини тасдиқлади.
«Сўнгра аҳлингиз ила жам бўлиб ҳузуримга келинглар».
Яъни, отамнинг кўзлари очилгандан кейин ҳаммангиз аҳли аёлингиз билан биргалашиб менинг ҳузуримга, Мисрга келинглар, дедилар.
Акалар Юсуф алайҳиссаломнинг илтимосларини бажо қилишга киришдилар.

وَلَمَّا فَصَلَتْ الْعِيرُ قَالَ أَبُوهُمْ إِنِّي لأَجِدُ رِيحَ يُوسُفَ لَوْلا أَنْ تُفَنِّدُونِ

94. Карвон йўлга чиққан вақтда оталари: «Мени ақлдан озган деманглар-у, албатта, мен Юсуфнинг ҳидини сезмоқдаман», деди.
Яъни, Юсуфнинг кўйлагини олган карвон йўлга чиқиб, Мисрдан жўнаб кетган вақтда Яъқуб алайҳиссалом ҳузуридагиларга,
«Мени ақлдан озган деманглар-у, албатта, мен Юсуфнинг ҳидини сезмоқдаман», деди».
Юсуф алайҳиссаломнинг ҳиди Яъқуб алайҳиссаломга қандай етиб борганини Аллоҳнинг Ўзи билади.
Лекин у кишининг гапларига олдиларида турганлар ишонмадилар.

قَالُوا تَاللَّهِ إِنَّكَ لَفِي ضَلالِكَ الْقَدِيمِ

95. Улар: «Аллоҳга қасамки, сен эски адашувингдасан», дедилар.
Яъни, йўқ бўлиб кетган Юсуфдан ҳали ҳам умидворсан-а, дедилар. Лекин иш бошқача бўлиб чиқди.

فَلَمَّا أَنْ جَاءَ الْبَشِيرُ أَلْقَاهُ عَلَى وَجْهِهِ فَارْتَدَّ بَصِيراً قَالَ أَلَمْ أَقُلْ لَكُمْ إِنِّي أَعْلَمُ مِنْ اللَّهِ مَا لا تَعْلَمُونَ

96. Хушхабарчи келган чоғида у(кўйлак)ни унинг юзига ташлаганида, яна кўрадиган бўлди. У: «Сизларга мен Аллоҳдан сизлар билмайдиган нарсани биламан, демаганмидим?!», деди.
Ушбу ояти кариманинг сиёқидан карвондаги ўғиллардан олдин уларнинг хушхабарчиси Яъқуб алайҳиссаломнинг олдиларига етиб келган. Бирор кишини сен олдинроқ бориб отамизга хушхабарни етказ, бу кўйлакни бер, кўзлари очилса ажаб эрмас, деган бўлсалар керак.
«Хушхабарчи келган чоғида у(кўйлак)ни унинг юзига ташлаганида, яна кўрадиган бўлди».
Ўғиллар юборган хушхабарчи келиб, Яъқуб алайҳиссаломнинг юзларига кўйлакни ташлаган эди. Юсуф алайҳиссаломнинг ҳидлари урган кўйлак баҳона Аллоҳнинг иродаси ила Яъқуб алайҳиссаломнинг кўзлари очилиб, қайтадан кўрадиган бўлдилар. Шунда олдиларида тургаларга:
«У: «Сизларга мен Аллоҳдан сизлар билмайдиган нарсани биламан, демаганмидим?!», деди».
Сиз бўлсангиз мени масхара қилиб кулдингиз. Сен эски адашувингдасан, дедингиз.
Шу ерга келганда ўғиллар ўз хатоларини тўла тан олдилар.

قَالُوا يَا أَبَانَا اسْتَغْفِرْ لَنَا ذُنُوبَنَا إِنَّا كُنَّا خَاطِئِينَ

97. Улар: «Эй отамиз, гуноҳларимиз учун истиғфор айт. Албатта, биз хатокорлардан бўлган эканмиз», дедилар.
Яъни, эй отамиз, биз Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлибмиз. Сиз Аллоҳнинг Пайғамбарисиз, дуоси мақбул зотсиз. Энди Аллоҳга истиғфор айтиб, бизнинг гуноҳимизни кечишини тилаб беринг, дедилар.
Ўғилларининг бу сўровига жавобан:

قَالَ سَوْفَ أَسْتَغْفِرُ لَكُمْ رَبِّي إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

98. У: «Сизлар учун Роббимга сўнгра истиғфор айтаман. Албатта, Унинг Ўзи мағфират қилгувчи ва раҳмли Зотдир», деди.
Эътибор берадиган бўлсак, Яъқуб алайҳиссалом ўғилларининг, эй отамиз, гуноҳларимиз учун истиғфор айт, дейишлари ила дарҳол дуога қўл кўтармадилар, балки,
«У: «Сизлар учун Роббимга сўнгра истиғфор айтаман», деди.
Уламоларимиз, бу дуо яхши қабул бўладиган пайтда ҳаққингизга дуо қиламан, деганларидир, деб тушинтирганлар.
Шу билан бирга у киши ўғилларининг умидворлигини ошириш учун,
«Албатта, Унинг Ўзи мағфират қилгувчи ва раҳмли Зотдир», деди».
Аллоҳ таоло Ўзининг мағфират қилувчилик сифати ила бандаларининг гуноҳларини кечиради. Аллоҳ таоло Ўзининг раҳимлилик сифати ила гуноҳкорларга ҳам рахм кўрсатади, дедилар.
Шундан сўнг ҳаммалари Яъқуб алайҳиссалом бошчиликларида юртлари Канъондан Мисрга қараб йўлга тушдилар. Қуръони Карим уларнинг сафарлари ҳақида ҳеч нарса демайди. Балки сўзни улар Юсуф алайҳиссалом ҳузурларига киришлари саҳнасидан улаб кетади.

فَلَمَّا دَخَلُوا عَلَى يُوسُفَ آوَى إِلَيْهِ أَبَوَيْهِ وَقَالَ ادْخُلُوا مِصْرَ إِنْ شَاءَ اللَّهُ آمِنِينَ

99. Юсуф ҳузурига кирган чоғларида у отаси ва онасини ўзига яқинлаштирди ва: «Аллоҳнинг хоҳиши ила Мисрга омонликда киринглар!» деди.
Яъни, Юсуф алайҳиссалом ота-онасини ўзига хос эҳтиром ва иззат ила қаршиладилар. Уларга алоҳида муомалада бўлдилар. Иззат-икромларини жойига қўйдилар. Ҳамда улар Миср ерида, ўзлари бош вазир бўлиб турган юртда омонликда эканликларини эълон қилдилар. Сўнгра:

وَرَفَعَ أَبَوَيْهِ عَلَى الْعَرْشِ وَخَرُّوا لَهُ سُجَّداً وَقَالَ يَا أَبَتِ هَذَا تَأْوِيلُ رُؤْيَاي مِنْ قَبْلُ قَدْ جَعَلَهَا رَبِّي حَقّاً وَقَدْ أَحْسَنَ بِي إِذْ أَخْرَجَنِي مِنْ السِّجْنِ وَجَاءَ بِكُمْ مِنْ الْبَدْوِ مِنْ بَعْدِ أَنْ نَزَغَ الشَّيْطَانُ بَيْنِي وَبَيْنَ إِخْوَتِي إِنَّ رَبِّي لَطِيفٌ لِمَا يَشَاءُ إِنَّهُ هُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ

100. Ота-онасини тахтга кўтарди. Улар унга сажда қилиб йиқилдилар. У: «Эй отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир, Роббим уни ҳаққа айлантирди. Дарҳақиқат, У менга яхшилик қилди. Мени қамоқдан чиқарди. Шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузгандан сўнг, сизларни биёбондан олиб келди. Албатта, Роббим нимани хоҳласа, ўшанга латифдир. Албатта, Унинг Ўзи билгувчи ва ҳикматли зотдир», деди.
Бу ояти каримада узоқ айрилиқдан сўнг дийдор топишиб, сўрашиб бўлганларидан кейинги ҳолатларнинг тасвири келтирилмоқда. Юсуф алайҳиссалом:
«Ота-онасини тахтга кўтарди».
Яъни, баланд ўриндиққа ўтқазди. Ана шундан сўнг:
«Улар унга сажда қилиб йиқилдилар».
Бу ҳол қандай бўлганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо қадимги тафсирчиларимиз бу ҳақда турли фикрлар айтганлар. Баъзилари, салом маъносида бошларини бир оз эгдилар, дерлар. Бошқалари, берилган бу неъмат учун Аллоҳга шукр саждаси қилдилар, дерлар. Яна бирлари, ўша вақтда катталарнинг оёғига йиқилиб сажда қилиш бор эди, лекин Ислом шариатида бекор қилинган, деган фикрни айтганлар.
Нима бўлса ҳам, ояти карима матнидан Юсуфалайҳиссаломга сажда қилганлари аён. Уларнинг ўзига сажда қилганини кўрган Юсуф алайҳиссалом:
«Эй отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир, Роббим уни ҳаққа айлантирди», дедилар.
У кишининг суранинг бошида зикр этилган тушларидаги ўн битта юлдуз–оға-инилари, қуёш билан ой–ота-оналари бўлиб чиқди. Аллоҳ таоло неча йиллардан сўнг бу тушни ҳақиқатга айлантирди.
Сўнгра Юсуф алайҳиссалом ўзларига Аллоҳ томонидан берилган неъматларни эсладилар:
«Даҳақиқат, У менга яхшилик қилди. Мени қамоқдан чиқарди».
Аллоҳ таоло у кишига кўп яхшиликларни қилди. Жумладан, у кишини қамоқдан чиқариши ҳам ўша яхшиликларнинг бири бўлди. Яна энг катта яхшиликлардан бири:
«Шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузгандан сўнг, сизларни биёбондан олиб келди».
Мана энди биргалашиб, хурсанд бўлиб ўтирибмиз.
«Албатта, Роббим нимани хоҳласа, ўшанга латифдир».
Яъни, хоҳлаган нарсасини нозик услублар ила амалга оширгувчидир.
«Албатта, Унинг Ўзи билгувчи ва ҳикматли зотдир».
Ҳамма нарсани билиб ва ҳикмат ила амалга оширади.
Сўнгра Юсуф алайҳиссалом мухлис банда ўлароқ, ўз Роббилари Аллоҳ таолога шукрлар айтиб, илтижо қилдилар.

رَبِّ قَدْ آتَيْتَنِي مِنْ الْمُلْكِ وَعَلَّمْتَنِي مِنْ تَأْوِيلِ الأَحَادِيثِ فَاطِرَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ أَنْتَ وَلِيِّ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ تَوَفَّنِي مُسْلِماً وَأَلْحِقْنِي بِالصَّالِحِينَ

101. «Эй Роббим, ҳақиқатда менга мулк бердинг ва менга тушларнинг таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлару ерни яратган зот! Сен дунёю охиратда менинг валиййимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот этдиргин ва солиҳларга қўшгин».
Ушбу оятда Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолога неъматларини бергани учун шукрлар айтиш билан бирга охиратнинг неъматини ҳам беришини сўрамоқдалар.
«Эй Роббим, ҳақиқатда менга мулк бердинг»
Мисрга бош вазир бўлдим. Ҳукмга, обрў-мартабага, молу мулкка эга қилдинг.
«ва менга тушларнинг таъбирини ўргатдинг».
Буниси илм неъмати эди.
«Эй осмонлару ерни яратган зот! Сен дунёю охиратда менинг валиййимсан».
Эгамсан-дўстимсан. Бу дунёда менга эгалик ва дўстлик қилиб, улкан неъматларингни бердинг, энди охиратда ҳам эгалик ва дўстлик қилиб, менга неъматлар бергин.
«Мени мусулмон ҳолимда вафот этдиргин ва солиҳларга қўшгин».
Менинг асосий мақсадим шу. Чунки молу мулк, ҳукму мансаб ҳаммаси ўткинчи нарсалар. Боқийси эса, мусулмон бўлиб ўлиш ва охиратда аҳли солиҳларга қўшилишдир.
Шу билан Юсуф алайҳиссаломнинг қиссалари тамом бўлди. Энди бу қиссага таълиқотлар келади, Пайғамбаримиз Муҳаммадга соллаллоҳу алайҳи васаллам хитоблар қилинади.

ذَلِكَ مِنْ أَنْبَاءِ الْغَيْبِ نُوحِيهِ إِلَيْكَ وَمَا كُنتَ لَدَيْهِمْ إِذْ أَجْمَعُوا أَمْرَهُمْ وَهُمْ يَمْكُرُونَ

102. Бу ғайб хабарлардан бўлиб, уни сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар макр қилиб, ишлари ҳақида гап бириктирганларида олдиларида бўлмаган эдинг.
Яъни, ушбу сурада келтирилган қисса сен учун ғайбнинг иши эди. Сенинг ундан хабаринг йўқ эди. Биз:
«Уни сенга ваҳий қилмоқдамиз».
Бу қиссани сенга ваҳий орқали билдирмоқдамиз. Йўқса, у ҳақида ҳеч нарса билмас эдинг. Чунки:
«Улар макр қилиб, ишлари ҳақида гап бириктирганларида олдиларида бўлмаган эдинг».
Улар ҳасад қилиб, Юсуфни йўқотиш учун макр-ҳийла ишлатиб, маслаҳатлашиб, гапни бир жойга қўяётганларида бирга эмас эдингки, бу гаплардан хабардор бўлсанг.
Одамлар ибрат олиб, ўзларини ўнгласинлар, тўғри йўлга тушсинлар, деган мақсадда сенга бу қиссани ваҳий қилмоқдамиз. Дарҳақиқат, қадимда кечган ушбу қиссани сир-асрорларигача қолдирмай, сендек бехабар бир одамга билдиришимиздан одамлар таъсир олиб, иймонга чоғланишлари зарур.
Лекин:

وَمَا أَكْثَرُ النَّاسِ وَلَوْ حَرَصْتَ بِمُؤْمِنِينَ

103. Одамларнинг кўплари, гарчи сен жуда қизиқсанг ҳам, мўмин эмаслар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмларига яхшиликни раво кўрганларидан, уларнинг иймонга келишларини жуда қаттиқ истар эдилар. Шунга ҳаракат ҳам қилар эдилар. Аммо Аллоҳ таоло бу уриниш уларнинг иймонга келишларига сабаб бўла олмаслигини билдирмоқда. Аслида, мантиқан олиб қаралса, иймонга келишлари керакдек туюларди.

وَمَا تَسْأَلُهُمْ عَلَيْهِ مِنْ أَجْرٍ إِنْ هُوَ إِلاَّ ذِكْرٌ لِلْعَالَمِينَ

104. Сен улардан бунинг учун ажр ҳам сўрамайсан. У фақат оламлар учун эслатма, холос.
Яъни, сен Қуръон учун, ундаги хабарлар учун, уларни қавмингга етказганинг учун ҳақ сўрамайсанки, сендан юз ўгириб қочсалар.
«У фақат оламлар учун эслатма, холос».
Яъни, Қуръон бутун оламлар учун эслатмадир. Аммо одамларнинг кўплари эсламайдилар. Чунки:

وَكَأَيِّنْ مِنْ آيَةٍ فِي السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ يَمُرُّونَ عَلَيْهَا وَهُمْ عَنْهَا مُعْرِضُونَ

105. Улар осмонлару ердаги қанчадан-қанча оят-белгилар қаршисидан юз ўгирган ҳолларида ўтадилар.
Яъни, уларга эътибор қилмайдилар. Улардан ибратланиб, ваъз-насиҳат олиб, иймонга келмайдилар. Инсон яшаб турган борлиқнинг ҳар бир қаричида Аллоҳнинг борлигига, бирлигига, қудратига, тадбирига, билувчилигига ва бошқа камоли сифатларига далолат қилувчи оят-белгилар, далил-ҳужжатлар мавжуд. Лекин одамлар ўша ҳужжатларга, оят-белгиларга эътибор билан қарамайдилар. Шунинг учун ҳам иймонга келмайдилар.

وَمَا يُؤْمِنُ أَكْثَرُهُمْ بِاللَّهِ إِلاَّ وَهُمْ مُشْرِكُونَ

106. Кўплари эса, Аллоҳга мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар, холос.
Яъни, иймон келтирсалар ҳам, унга ширк келтирган ҳолларида иймон келтирадилар. Холис тавҳид ила иймон келтирмайдилар. Чунки холис тавҳид масаласи нозик масала, ширкнинг турлари эса, жуда ҳам кўп. Шунинг учун ҳам Ҳофиз Абу Яъло Маъқал Ибн Ясар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ширк сиздан чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир», деганлар. Яъни, бу дегани–чумолининг ўрмалаганини сезмай қолганингиздек, ширкка дучор бўлганингизни ҳам сезмай қоласиз, деган маънодаги гап.
Имом Термизий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, ширк келтирган бўлади», дейилади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тумор тақса, батаҳқиқ, ширк келтирибди», дерлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ибн Лубайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг сизлар учун энг хавф қиладиган нарсам махфий ширкдир», дедилар. Шунда саҳобалар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, махфий ширк нимадир?» деб сўрадилар. У киши соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Риёдир. Қиёмат куни одамлар ўз амаллари билан келганларида Аллоҳ таоло: «Дунёда риё қилганларингиз ҳузурига боринглар. Назар солинглар-чи, улар олдида мукофот бормикан?» дейди», дедилар.
Ушбу ва бошқа ҳадиси шарифлар ҳозир биз ўрганаётган оятни тушунишимизга ёрдам беради.
Одамларнинг кўплари оят-белгилар ёнидан юз ўгириб ўтсалар, иймон келтирмасалар ёки ширк аралаш иймон келтирсалар, оқибатлари нима бўлади?

أَفَأَمِنُوا أَنْ تَأْتِيَهُمْ غَاشِيَةٌ مِنْ عَذَابِ اللَّهِ أَوْ تَأْتِيَهُمْ السَّاعَةُ بَغْتَةً وَهُمْ لا يَشْعُرُونَ

107. Улар ўзларига Аллоҳдан қамраб олувчи азоб келишидан ёки сезмай турганларида қиёмат ногаҳон келиб қолишидан омондамилар?!
Ўша кофир ва мушриклар шунинг учун бемалол юрибдиларми?! Ахир, ҳар дақиқада Аллоҳ томонидан уларни қамраб олиб, ҳалок қилиб юборувчи азоб келиб қолиши мумкин-ку?! Авваллари ҳам шундай бўлган. Ҳозирда ҳам ўрнак учун тез-тез, у ер-бу ерда бундай ҳалокатлар бўлиб турибди-ку?! Ёки бўлмаса, хоҳлаган пайтда қиёмат қойим бўлиши, бутун борлиқ ҳалок бўлиши мумкин-ку?! Бу ҳақда ўйлаб кўришмайдими?!
Аммо улар нима қилсалар, қилаверсинлар:

قُلْ هَذِهِ سَبِيلِي أَدْعُو إِلَى اللَّهِ عَلَى بَصِيرَةٍ أَنَا وَمَنْ اتَّبَعَنِي وَسُبْحَانَ اللَّهِ وَمَا أَنَا مِنْ الْمُشْرِكِينَ

108. Сен: «Бу–менинг йўлимдир. Мен Аллоҳга билиб–ишонч ила чақираман ва менга эргашганлар ҳам. Аллоҳ покдир. Ва мен мушриклардан эмасман», деб айт.
Яъни, эй Пайғамбарим, сен халойиққа шундай деб айт:
«Бу–менинг йўлимдир».
Бу Ислом–менинг йўлимдир. Ягона тўғри йўлдир. Унда қинғирлик йўқдир. Унда шак-шубҳа ҳам йўқдир.
«Мен Аллоҳга билиб–ишонч ила чақираман ва менга эргашганлар ҳам».
Яъни, биз йўлимизнинг тўғри эканини аниқ билиб, ишониб туриб чақирамиз. Бизга Аллоҳ таоло ҳидоят ва нур бергандир. Биз бу йўлдан ишонч ва билим ила юрамиз, унга бошқаларни ҳам чақирамиз.
«Аллоҳ покдир».
Биз доимо Аллоҳ таолони поклаб ёд этамиз, уни турли камчилик ва нуқсонлардан пок деб эътиқод қиламиз.
«Ва мен мушриклардан эмасман».
Яъни, менда ширкнинг ҳеч бир кўриниши йўқдир. Бу ҳақиқатни ҳамма билиб қўйсин, таниб қўйсин.
Кейинги оятда хитоб яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилади ва Пайғамбарлик, Аллоҳнинг ер юзидаги оят-белгилари ҳамда улардан ибрат олиш ҳақида сўз кетади:

وَمَا أَرْسَلْنَا مِنْ قَبْلِكَ إِلاَّ رِجَالاً نُوحِي إِلَيْهِمْ مِنْ أَهْلِ الْقُرَى أَفَلَمْ يَسِيرُوا فِي الأَرْضِ فَيَنْظُرُوا كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ وَلَدَارُ الآخِرَةِ خَيْرٌ لِلَّذِينَ اتَّقَوْا أَفَلا تَعْقِلُونَ

109. Биз сендан илгари ҳам фақат шаҳар аҳлидан эр кишиларга ваҳий юбориб, Пайғамбар этганмиз. Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати нима бўлганига назар солмайдиларми? Албатта, охират диёри тақво қиладиганлар учун яхшироқдир. Ақл юритмайдиларми?!
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериб, кофир ва мушрикларнинг у кишини инкор этишларига эътибор қилмасликка, аввалги Пайғамбарлар ҳам у зотга ўхшаган инсонлар бўлганига ишора этмоқда.
«Биз сендан илгари ҳам фақат шаҳар аҳлидан эр кишиларга ваҳий юбориб, Пайғамбар этганмиз».
Яъни, аввалги Пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам шаҳар аҳолисидан бўлган, саҳровийлардан эмас. Чунки шаҳар аҳли тарбияли, муомалани яхши биладилар, даъват ишларини олиб боришда сабр-матонатли бўладилар, яна шунга ўхшаш зарурий сифатларга эгалар. Шунингдек, аввал ўтган Пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам эркак кишилар бўлганлар. Хотин киши ёки фаришталар эмас. Чунки аёл кишиларнинг табиий, жисмоний тузилишлари Пайғамбарликдек оғир вазифага мос эмас. Ва фаришталар ҳам одамларга Пайғамбар бўлишлари мақсадга мувофиқ эмас.
Бу ҳақда бошқа жойларда батафсил сўз юритилган.
Ўша мазкур кофир ва мушриклар:
«Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати нима бўлганига назар солмайдиларми?!»
Чунки ўтганларнинг изига назар солиш, уларнинг ким бўлганликларию нима ҳолга тушганликлари ҳақида тафаккур қилиш ҳар қандай шаккокнинг ҳам қалбини ларзага келтиради. Дунёдан дабдаба ила ўтган не-не жаҳонгирлар, паҳлавонлар, олимлар, донишмандлар, бойлар ва устамонларнинг ҳеч нарсага етишмай, тупроққа қоришиб ётиши, қолдирган асарлари ҳаробага айланиб кетгани ҳар қандай тош қалбни ҳам эритиб юборади. Улар ибрат назари билан мазкур оят-белгиларни мулоҳаза қилиб кўрсалар:
«Албатта, охират диёри тақво қиладиганлар учун яхшироқдир», деган гапга ишонч ҳосил қилган бўладилар. Ахир:
«Ақл юритмайдиларми?!»
Ақл юритмасалар, бу ҳақиқатни тушуниб етмайдилар ва ҳалокатга учрайдилар. Ақл юритсалар, ўзларига яхши. Одатда, кофирлар ақл юритмайдилар. Мўминлар, ҳатто Пайғамбарлар ҳам кофирларнинг тазйиқларига учрайди. Қийин аҳволларда қоладилар.

حَتَّى إِذَا اسْتَيْئَسَ الرُّسُلُ وَظَنُّوا أَنَّهُمْ قَدْ كُذِبُوا جَاءَهُمْ نَصْرُنَا فَنُجِّيَ مَنْ نَشَاءُ وَلا يُرَدُّ بَأْسُنَا عَنْ الْقَوْمِ الْمُجْرِمِينَ

110. Ҳаттоки Пайғамбарлар ноумид бўлиб, ўзларини ёлғончига чиқарилганлар, деб гумон қилиб қолганларида, уларга Бизнинг нусратимиз келади. Бас, Биз хоҳлаганларга нажот берилур. Жиноятчи қавмлардан Бизнинг азобимиз қайтарилмас.
Ажиб ҳолат. Аллоҳ томонидан юборилган Пайғамбарларнинг иши даров юришиб кетмайди. Улар турли қийинчиликлар, машаққатлар, тўсиқларга дуч келадилар. Уларнинг йўлида куфр, жаҳолат, мунофиқлик, зулм тўсиқ бўлади. Пайғамбарлар ҳар қанча уринмасинлар, иш олға силжимайди. Кундан-кунга ёмонлашиб бораверади. Зулм ва туғён янада кучаяди. Пайғамбарлар бошлиқ оз сонли мўминларнинг ҳаётлари хавф остида қолади. Шу пайт:
«Ҳаттоки Пайғамбарлар ноумид бўлиб, ўзларини ёлғончига чиқарилганлар, деб гумон қилиб қолганларида, уларга Бизнинг нусратимиз келади».
Ҳа, Аллоҳнинг нусрати охирги лаҳзада, ҳеч умид қолмаганда келади. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбарлар ва мўмин бандалар иймон йўлида барча имкониятларни, ҳаракатларни ишга солишларини, Унинг розилигини топиш учун сидқидилдан динига хизмат қилишларини истайди. Ҳа, ишламай топилган неъматнинг, машаққатсиз эришган мақомнинг қадри бўлмайди. Гулга етиш учун тикан заҳрини тотиб кўриш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат тиканлар билан ўралгандир», дерлар. Жаннатга кириш учун ўша тиканларнинг орасидан уларнинг заҳрини тотиб, баданлардан қонлар оқизиб ўтиш керак. Аллоҳнинг динига даъват қилиш шунинг учун ҳам осон эмас. Агар у осон бўлганида, ҳар куни янгидан-янги даъвогарлар чиқар эди. Лекин ҳаммага ҳам бу насиб қилавермайди.
«Бас, Биз хоҳлаганларга нажот берилур».
Яъни, даъватнинг, иймон-Исломнинг машаққатли таклифларини адо этганларга, Аллоҳнинг Ўзи хоҳлаганларига нажот берилади.
«Жиноятчи қавмлардан Бизнинг азобимиз қайтарилмас».
Кофирлар, мушриклар, мунофиқлар ва гуноҳкорлар, албатта, Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлурлар. Доимо шундай бўлган.

لَقَدْ كَانَ فِي قَصَصِهِمْ عِبْرَةٌ لأُوْلِي الأَلْبَابِ مَا كَانَ حَدِيثاً يُفْتَرَى وَلَكِنْ تَصْدِيقَ الَّذِي بَيْنَ يَدَيْهِ وَتَفْصِيلَ كُلِّ شَيْءٍ وَهُدًى وَرَحْمَةً لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ

111. Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди. Бу (Қуръон) тўқима гап эмас, лекин ўзидан олдин келганни тасдиқлаш ва ҳар бир нарсани батафсил қилиш, ҳидоят ҳамда иймон келтирганлар учун раҳматдир.
Ҳа, ўтган умматларнинг, жумладан Юсуф алайҳиссалом ва замондошларининг қиссаларида ҳам ақл ишлатган ҳар бир киши учун ибрат бор.
Ҳа, бу Қуръон ва унинг қиссалари тўқима-уйдирма эмас, балки олдинги илоҳий китобларда келган нарсаларнинг тасдиғидир. Одатда ёлғон, тўқима гап бир-бирини тасдиқлай олмайди. Бирпасда ўртада хилоф чиқиб, сири фош бўлиб қолади.
Шунингдек, Қуръон ҳар бир нарсани муфассал баён қилувчидир. Агар тўқилган ва уйдирма бўлганида бундай бўла олмас эди.
Яна, Қуръон ва унинг қиссалари ҳидоятдан иборатдир, ёлғон ва уйдирма ҳеч қачон ҳидоят бўлган эмас, бўла олмайди ҳам.
Қуръон иймон келтирганларга раҳматдир. Ёлғон ва уйдирма ҳеч кимга раҳмат бўлган эмас, бўлмайди ҳам.
Шундай қилиб, аввалидан охиригача битта қиссадан иборат бўлган Юсуф сураси Қуръон қиссалари ақл эгалари учун ибрат эканлиги ҳақидаги оят билан тамом бўлди.
Шу билан ушбу сураи кариманинг тафсири ҳам тугади. Аммо бу сурани ўрганиш жараёнида ҳосил бўлган фикрлар тугамайди. Хусусан, қиссаларни ичига олган сураи шарифларни ўрганиш жараёнида улардан келадиган фойдалар, кўзланган мақсадлар ва бошқалар ҳақида мақомига қараб сўз юритилган эди.
Ушбу Юсуф сурасини ўрганиш жараёнида яна янги фикрлар пайдо бўлди. Жумладан, Қуръон қиссаларини тафсир қилишда асл мақсаддан узоқлашиш, кераксиз нарсаларга эътиборни тортиш, турли тафсилотларга киришиб кетиш Қуръон қиссалари равнақини бузиши аён бўлди. Шунинг учун ҳам бошидан-охиригача бир қисса–Юсуф алайҳиссалом қиссасидан иборат бўлган бу сура тафсирида мазкур тафсилотларни келтирмай, охирида алоҳида баҳс сифатида келтирмоқдамиз.
Аввало, қиссалардаги турли кераксиз тафсилотларга берилиб кетишга сабаб Қуръондаги қиссалардан кўзланган мақсадни англамаслик, улардан узоқлашиш бўлса керак, деган фикрдамиз.
Ҳолбуки, уламоларимиз Қуръони Каримдаги қиссалардан кўзланган мақсадларни очиқ-ойдин баён қилганлар. Улар, жумладан, қуйидагилардан иборат:

1. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Пайғамбари ва Қуръони Карим илоҳий китоб эканлигини исбот қилиш.
Ўқимаган, ёзмаган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтмишдаги қиссаларни ўзича бундай аниқлик билан келтира олишлари мумкин эмас. Фақат Аллоҳ ваҳий орқали айтиб бериши мумкин, холос.
2. Ўтган Пайғамбарлар ва уларнинг умматлари ҳақида ҳикоя қилиш ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг умматлари қалбига собитлик солиш ва уларга тасалли бериш.
3. Кишиларни иймон-Ислом йўлига тарғиб қилиш, қизиқтириш.
4. Охир-оқибатда Аллоҳ Пайғамбарларга ва мўминларга нусрат бериб, кофир ва золимларни ҳалок қилишини баён этиш.
5. Турли уммат ва халқларнинг муваффақияти ёки ҳалокати сабабларини ўргатиш.
6. Пайғамбарлар кишиларни яхшиликка даъват қилиб келганларини баён қилиш.
7. Иймон-Ислом йўли бахт-саодат йўли эканини, куфр ва зулм йўли ҳалокат йўли эканини англатиш.

Демак, Қуръони Каримни ўқиган, ўрганган ёки уни бировга ўргатишга уринган одам қиссалардаги мазкур маъноларга алоҳида эътибор бермоғи лозим. Ундан бошқа маъноларни топишга уриниш эса, асл мақсаддан узоқлашишдир.
Минг афсуски, эски тафсирларимизнинг кўпида худди шу асл мақсаддан узоқлашишга ҳаракат қилинганини кўрамиз. Бунга Юсуф сураси тафсирида ҳам дуч келдик.
Одатда, Қуръони Карим шахс, макон ва вақтларни тайин қилмайди. Яъни, қиссаларда бу нарсалар муҳим эмас. Юсуф сурасида ҳам шахс исмларидан Яъқуб, Юсуф, маконотларидан Миср зикр этилган, холос. Бошқа шахслар эса, укаси, Азиз, Азизининг хотини, подшоҳ каби сўзлар билан ифода этилган. Лекин эски тафсирларимизда буларнинг ҳаммасига ном қўйиб чиқилган. Мисол учун Азиз–бош вазир, Юсуфни Мисрда сотиб олган кишининг исми «Китфир ибн Руҳайб» ёки «Литфир» дейилган. Унинг хотинининг исмини «Роъил» ёки «Зулайҳо», Миср подшоҳининг исмини эса «Раёён ибн ал-Валид» дейишган. Табиийки, исмнинг икки хил айтилиши ҳам маълумот аниқ эмаслигига далолат қилади. Бунинг устига ҳар бир исмни келтирган одам ўз фикрини қувватлаб, ўзгани танқид ҳам қилади. Лекин ҳеч ким Мисрда Юсуфнинг алайҳиссалом даврида арабча исмлар бўлганми, деб ўйлаб кўрмайди? Эҳтимол, қадимги уламоларимиз ўз замонлари воқелигидан келиб чиқиб, Қуръонда зикр қилинган ҳар бир нарсани аниқлаб қўйишга ҳаракат қилгандирлар. Аммо агар у ном ва исмларнинг аниқ бўлиши дин учун бирон фойда келтирадиган бўлса, Аллоҳнинг Ўзи зикр қилган бўлар эди.
Бошқа мулоҳазалардан бири, Қуръони Каримда зикр қилинган воқеаларни исроилиёт (Бани Исроил тўқиган қиссалар) билан тўлдиришга уринишдир. Биргина мисол келтирамиз. Қуръони Каримда Азизнинг хотини ва Юсуф алайҳиссалом ўртасидаги можаро кераклигича баён қилиниб, у зот алайҳиссаломнинг поклигини айтиб, аёл ўз айбини бўйнига олиши билан ниҳоясига етади. Аммо эски тафсирларимизда айтилишича, исми Зулайҳо деб даъво қилинган бу аёлга Юсуфни алайҳиссалом уйлантирадилар. Аёл шунча йил эри билан яшаса ҳам, бокира ҳолида турганлиги зикр қилинади. Баъзиларида эса, Аллоҳ унга ёшлиги ва бакоратини қайтариб бергани ҳам айтилади. Агар бунақа қўшимча тафсилотларда бирор фойда бўлса, Аллоҳнинг Ўзи айтмасмиди?!
Яна бир мулоҳаза–қиссадаги маъноларни атрофлича тушуниш учун Қуръони Каримнинг ўзига ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ривоятларга эмас, бошқа масдарларга суянилган.
Бу борада Юсуф алайҳиссаломнинг ҳусни жамоллари ҳақидаги васф-баёнларни келтириш мумкин. Ҳолбуки, Қуръони Каримдаги васф ҳаммасидан ўтади. Мисрнинг менман деган зодагон аёллари Юсуф алайҳиссаломни бир кўришларидаёқ ўзларини йўқотиб, ҳушлари бошидан учиб, беихтиёр қўлларини кесишлари ва «Бу башар эмас, карамли фариштадир!» дейишлари кифоя эмасми? Ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган Юсуфалайҳиссаломга борлиқ ҳуснининг ярми берилгани ҳақидаги саҳиҳ ҳадис кифоя эмасми?
Яна бир мисол. Юсуф алайҳиссаломнинг инисининг юки ичидан сув идиши чиққанда акаларининг: «Бу ўғрилик қилган бўлса, бундан олдин акаси ҳам ўғрилик қилган эди», деган гапларини исботлаш мақсадида турли ривоятлар келтирилади. Уларнинг баъзиларида Юсуф алайҳиссалом кичкиналик вақтида бир бутни бобосидан (онасининг отасидан) ўғирлаб синдирган эди, дейилади. Бошқалари эса, бошқача ривоятни келтирадилар. Ҳаммалари ҳам Юсуф алайҳиссаломдек одам ўғрилик қилиши мумкин эмаслигини яхши билганларидан ривоятларда у кишини, ҳақиқий ўғри эмас, дея таърифлайдилар. Аммо Юсуфни қудуққа ташлаб, оталарига, уни бўри еб кетди, деб ёлғон гапирган акалар яна бир бор ёлғон гапиришлари мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Бунга ўхшаш узундан-узоқ тортишув ва ривоят суришлар, Юсуф алайҳиссаломга ота-оналари ва биродарларининг сажда қилишлари; Юсуф алайҳиссалом агар Роббининг бурҳонини кўрмаганида аёлга мойил бўлиб қолишлари мумкинлиги тўғрисида ва бошқа мавзуларда ҳам анчагина бор. Буларнинг ҳаммаси, аввалда айтганимиздек, фикрни асосий мақсаддан бошқа томонга буради, холос.
Энди Юсуф сурасининг бош мавзуларидан бири бўлган туш масаласига тўхтайлик. Кўриб ўтганимиздек, Юсуф сурасида воқеалар ривожи, асосан, уйқуда кўрилган тушлар билан боғлиқдир. Қисса Юсуф алайҳиссалом тушларида ўзиларга ўн битта юлдуз, қуёш ва ой сажда қилаётганини кўрганларини баён қилиш билан бошланиб, ўша туш ўнгда ҳақиқатга айланиши билан тугайди. Шунингдек, қиссадаги бурилиш нуқталари ҳам тушларга боғлиқ. Аввал Юсуф алайҳиссалом билан бирга қамалган икки йигитнинг кўрган тушлари, кейин эса Миср подшоҳининг кўрган туши.
Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломга туш таъбири илмини берганлигини неъмат деб ҳисобламоқда. Юсуф алайҳиссаломнинг тушларни тўғри таъбир қилишлари Пайғамбарлик мўъжизаси ўрнида келмоқда. Эҳтимол, ўша пайтда туш таъбири халқ ўртасида ривожланган бўлиши мумкин.
Ҳаётга назар соладиган бўлсак, баъзилар тушни тамоман тан олмайди. Баъзилар эса, ҳамма нарсани тушга боғлаб қўяди. Исломда эса, ҳақиқий мавқиф тутилади. Исломда тушга бўлган муносабат, айниқса, ушбу сурадан очиқ-ойдин билинади.

Мусулмон уламолар тушни уч турга бўладилар:

1. Аллоҳдан бўлган илҳомий тушлар. Уларга ушбу сурадаги тушлар мисол бўлади. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрган тушлари ҳам шу хилдаги тушлардан. Маълумки, у киши Пайғамбарликларининг дастлабки олти ойида кўрган тушлари худди тонг ёғдусидек, аниқлик билан воқеликда ҳам такрорланиб турган. Бу ҳақда саҳиҳ ривоятлар кўп. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Тўғри туш Пайғамбарликнинг қирқ олти жузъидан биридир», деган ҳадисларини ҳам уламолар ўша олти ойга ишорат, дерлар. Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбарликлари йигирма уч йил бўлган. Йигирма уч йил қирқ олтита олти ойликдан иборат. Демак, ўша туш ўнгидан келиб юрган дастлабки олти ой муддат йигирма уч йиллик Пайғамбарлик муддатининг қирқ олтидан биридир.
2. Ҳаётда бўлиб ўтган нарсаларни хотирлаб, эсга олиб, сўнгра ухлагандан кейин ўша нарсаларнинг тушга кириши. Бу тушнинг эътибори йўқ. Моддапарастлар шуни ҳам туш деб биладилар.
3. Шайтон таъсири остида кўриладиган алғов-далғов тушлар. Бунинг ҳам ҳеч қандай эътибори йўқ. Шунинг учун ҳам ҳар бир кўрган тушни эътиборга олиб, таъбирини ахтаришга тарғиб қилиш ҳам йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида: «Агар бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини тушида кўрса, бошқаларга айтсин. Ёмон кўрадиган нарсасини тушида кўрса, чап томонига уч марта туфласин-да, бошқа томонга ёнбошлаб олсин. Аллоҳдан унинг шарридан сақлашини сўрасин. Бировга бу тушини айтмасин. Шунда туш унга зарар қилмайди», деганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Муовия ибн Ҳайдатул Қушайрийдан ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Туш таъбир қилинмагунча киши учун фолга ўхшаб тураверади, таъбир қилинса, воқеъликда зоҳир бўлади», деганлар.
Тобеинларнинг орасида тушларни оят ва ҳадислар асосида таъбир қилувчи машҳур кишилар ҳам бўлганлар.
Уламоларнинг фикрича, туну куннинг узунлиги бир-бирига яқин бўлган мавсумда таҳорат билан ётган одамнинг саҳар чоғи кўрган туши ҳақиқатга яқин туш бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Алиф. Лом. Ро. Бу китобни сенга одамларни Роббиларининг изни ила зулматлардан нурга, азиз ва мақталган зотнинг йўлига чиқаришинг учун нозил қилдик.Эй Пайғамбар, давоми...

3158 05:00 / 23.01.2017
Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, молмулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар бер.Бақара Улар ўзларига мусибат давоми...

6782 20:03 / 02.04.2018
Эй иймон келтирганлар Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи давоми...

3870 05:00 / 23.01.2017
Сендан илгари ҳеч бир расул ва набий юбормадикки, у бир нарсани таманний қилганида, шайтон унинг таманнийсига шубҳа ташламаган бўлса. Бас, Аллоҳ шайтон давоми...

4582 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

131377 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51869 14:35 / 11.08.2021