1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Юнус сураси, 11-14

05:00 / 23.01.2017 3556 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

11. Агар Аллоҳ одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам тезлатса эди, ажаллари битган бўлур эди. Бас, Биз ила мулоқотда бўлишдан умиди йўқларни туғёнларида ташлаб қўямиз, адашиб-улоқиб юраверадилар.


Аввалги сураларда ҳам бир неча бор айтиб ўтилганидек, араб мушриклари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан азобни тезроқ келтиришни талаб қилишар эди. Улар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан келган ваҳийни инкор этишда ўзларининг ҳақликларини исботлаш учун шундай талаб қўйишар эди. Яъни, сенга келган ваҳийда айтилган, кофир ва мушрикларга тушадиган азоб-уқубатдан қўрқмаймиз, чунки сенинг Пайғамбарлигингга ҳам, сенга келган ваҳийга ҳам ишонмаймиз, агар гапинг рост бўлса, ўша ваъда қилаёган азобингни тезроқ келтир, дейишар эди. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг талабларига нима учун шошилинч истижобат бўлмаслигини баён қилмоқда:

«Агар Аллоҳ одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам тезлатганида, ажаллари битган бўлур эди».

Аллоҳ таоло бандаларига яхшиликни доим, тез, сўраса-сўрамаса бериб келади. Бу ҳаётда кўрилаётган ҳақиқат. Аммо ёмонликни сўраган заҳоти бермайди. Чунки ёмонликни ҳам тезда берса, ҳаммалари ҳалок бўлиб кетадилар. Аллоҳ бандаларини бунинг учун яратмаган. Шу боис ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида насиҳат қилиб, кишиларни ўзларига қарши, моллари ва болаларига қарши дуо этишдан қайтарганлар.

Ҳофиз Абу Бакр Баззор Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Ўз зиддингизга дуо қилманг, фарзандларингиз зиддига дуо қилманг, молу мулкингиз зиддига дуо қилманг. Яна Аллоҳдан ижобат бўладиган соатга тўғри келиб, дуоингиз қабул бўлиб қолмасин».

Инсон аччиғи чиққан пайтида саркашлиги қўзиб, оғзига нима келса, гапираверади-ю, аслида, бошига бир оз мушкуллик, мусибат етса, дарҳол ундан қутқазишини сўраб Аллоҳга ёлборишга тушади. Бу пайтда унинг ҳақиқати кашф бўлади. Аммо инсон шу даражада ўзгарувчанки, бошидан бало-офат кўтарилиши билан яна аввалги ҳолига қайтиб олади.

Ҳа, сабрсиз инсоннинг ўзига ёмонлик тилаб қилган ҳар бир дуосини Аллоҳ таоло ижобат қилаверганда, одамларнинг ажаллари битган бўлар эди.

«Бас, Биз ила мулоқотда бўлишдан умиди йўқларни туғёнларида ташлаб қўямиз, адашиб-улоқиб юраверадилар».

Яъни, Аллоҳ таоло охиратда Ўзига рўбарў бўлишга ишонмайдиган кофирларни кофирлик–ҳаддан ошганлик ҳолларида тек қўйиб қўяди. Улар эса, тўғри йўлни топа олмай турли жойларга бошларини уриб юравкрадилар. Ҳеч қачон тўғри йўлни–нажот йўлини топа олмайдилар.

Инсоннинг табиати жуда ҳам қизиқ,


12. Қачонки инсонга зарар етса, Бизга ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида дуо қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек кетаверадир. Ана шундай қилиб, исрофчиларга қилаётган амаллари зийнатланиб кўрсатилди.


Инсон боласининг иши юришиб турганида, ўзи соғ-саломат, тинч-омон ва роҳат-фароғатда бўлганида ҳеч нарса билан иши йўқ, бу дунё ҳаётига мағрур бўлиб юраверади. Албатта, Аллоҳ ҳидоятга бошлаган мўмин-мусулмонлардан бошқалари. 

Аммо мағрурланиб юрган ўша инсоннинг соғлиғигами, тинчлигигами ёки роҳатигами футур етса, бошига мусибат келса, дарҳол Аллоҳ ёдига тушади. Ҳа, 

«Қачонки инсонга зарар етса, Бизга ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида дуо қиладир».

Оғир кунда қолган инсон, ким бўлишидан қатъий назар, ёнбошлаган, ўтирган ёки тик турган ҳолида, яъни, ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга ёлборишни бошлайди. Ҳатто, энг катта кофир, фосиқлар ҳаётида ҳам бундай воқеалар рўй берганига тарихда мисоллар кўп. Турли мусибатлардан кейин дин йўлига кирганларнинг кўплиги ҳам шу ҳолга далил. Аммо, афсуски, кўплар бундан ўзига яраша хулоса чиқариб олмайди. Бошига мусибат тушганида Аллоҳга ёлборади-ю:

«Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек кетаверадир».

Яна аввалгидек, бу дунё ҳаётига ўзини уради. Аллоҳни унутади. Ўзининг бандалигини унутади. Бир куни келиб, бошига яна қайта мусибат тушиши мумкинлигини ҳам унутади. Ҳеч нарсадан тап тортмай, ибрат олмай, олдинги ҳолига тушиб қолади.

Бундай кимсаларни Аллоҳ таоло оятда «исрофчилар» деб атамоқда ва бошларига мусибат тушганида Аллоҳга ёлбориб, мусибат кўтарилганида ҳеч нарса бўлмагандек кетаверишларини исрофгарчилик деб васф қилмоқда ҳамда бу ишлари ўзларига зийнатли-чиройли бўлиб кўринишини таъкидламоқда:

«Ана шундай қилиб, исрофчиларга қилаётган амаллари зийнатланиб кўрсатилди».

Аммо бунинг оқибати яхшиликка олиб бормайди. Бунга олдин ўтган исрофчиларнинг аҳволи ҳам далилдир.


13. Батаҳқиқ, сиздан олдинги асрларни зулм қилган чоғларида ва Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келганларида иймон келтирмайдиган бўлганларида ҳалок қилганмиз. Жиноятчи қавмларни ана шундай жазолаймиз.


Ўша ўтган асрлардаги кофир ва мушриклар ҳам Пайғамбарларга, Аллоҳдан келган ваҳийга нисбатан ҳозирги кофир ва мушриклар каби муносабатда бўлган эдилар. Улар ҳам мусибат етганида Аллоҳга ёлбориб, мусибат кўтарилганида кўрмагандек бўлиб кетавериб, исрофчилик қилган эдилар. Бунинг оқибатида улар ҳалокатга учрадилар. 

«Батаҳқиқ, сиздан олдинги асрларни зулм қилган чоғларида ва Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келганларида иймон келтирмайдиган бўлганларида ҳалок қилганмиз».

Агар сиз, ҳозиргилар ҳалокатга дучор бўлмайлик десангизлар, нажот топмоқчи бўлсангизлар, аввалгиларнинг хатосини такрорламанглар, улардан ибрат олиб, ўзларингизни ўнгланглар. Агар ўзларингизни ўнглаб, Аллоҳнинг айтганига юрмасангизлар, аввалгиларга ўхшаб ҳалокатга учрашларингиз турган гап. Чунки Биз доимо:

«Жиноятчи қавмларни ана шундай жазолаймиз».

Сиз яхши билиб қўйнгки, Биз бошқалар каби сиз ҳозиргиларни ҳам бу дунёга беҳудага келтирганимиз йўқ.


14. Сўнгра қандай амал қилишингизга назар солишимиз учун уларнинг ортидан сизларни ер юзида ўринбосарлар қилдик.


Ушбу ояти каримада инсон бу дунёда ўзини қандай ҳис қилиши лозимлиги баён этилган. Олдингилардан Аллоҳнинг амрига хилоф қилганлари бу дунёда ҳалокатга учрадилар. У дунёда ҳалокатнинг ҳақиқийсига йўлиқадилар. Ҳозиргиларни эса, Аллоҳ таоло қандай амал қилишларига назар солиш учун аввалгилар ўтиб кетганидан кейин ер юзида ўринбосарлар қилди. Ҳар бир инсон ер юзида ўринбосар этиб қўйилгандир. Аллоҳ унинг ишларига назар солиб, ҳисоб-китоб қилиб боради. Шу ҳисоб-китоб бўйича, адолат билан мукофот ёки жазо берилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам ушбу маънони таъкидловчи ҳадиси шарифлар ворид бўлган.

Имом  Муслим Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, дунё ширин ва жозибалидир. Албатта, Аллоҳ сизларни унда халифа қилгувчи ва қандай амал қилишингизга назар солиб тургувчидир. Бас, дунёдан ҳазир бўлинглар. Хотинлардан ҳазир бўлинглар. Шубҳасиз, Бани Исроилнинг биринчи фитнаси хотинлардан бўлган» деганлар.

Дунё ҳақида мана шундай тасаввурда бўлишгина инсонни доимо бу дунёда яхшилик қилишга ва ёмонликдан четланишга ундаб туради. Бошқа ҳар қандай тасаввур, ҳар қандай омил кутилган натижани бера олмаслиги ҳар лаҳзада тасдиқланмоқда.

Аммо ушбу оятлар нозил бўлаётган даврдаги мушрик ва кофирлар ўзларини тамоман бошқача тутдилар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
106. Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса,ndashқалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно,ndashким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб давоми...

3688 05:00 / 23.01.2017
Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми Ким орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар давоми...

5123 05:00 / 23.01.2017
иккинчи мақолаИккинчи қисмТиловат лафз насх бўлиб, ҳукмнинг боқий қолиши.Бошқача қилиб айтилганда, Қуръони Каримдан бир оят нозил бўлади. У тиловат ҳам қилинади. давоми...

4920 13:20 / 19.05.2020
Шайх Аҳмад Мустафо Мароғий ўзининг .ТафсирулМароғий, деб номланган китобини кичик ҳажмда ўттиз жуз қилиб ёзди. Бу тафсир катта ҳажмда ўн жилдда нашр этилган. Шайх давоми...

2877 15:30 / 18.05.2021