Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (95-дарс). Муташобиҳнинг қисмлари

13:05 / 21.07.2020 4547 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи қисм)

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Куфр келтирганлар(га гапирган одам) худди қичқириқ ва сасдан бошқа нарсани эшитмайдиган(нарса)ларга бақираётганга ўхшайди. (Зеро, улар) кар, соқов ва кўрдирлар. Улар ақл юритмаслар» (171-оят).

Бу оятга сиртдан қаралганда, кофирлар чўпонга ўхшатилаётганга ўхшайди. Аслида эса ундай эмас.

Ушбу оятдаги ўхшатиш ҳақида тафсирчилар ва араб тили олимлари узоқ баҳслар қилганлар, ундан қоидалар ишлаб чиқарганлар. Чунки бу оятда нозик ишоралар кўп бўлиб, уларни таржимада айнан акс эттириш амри маҳолдир. Кўпчиликнинг фикри шундайки, Аллоҳ таоло бу ояти каримада кофирларни чорва ҳайвонларига, пайғамбарларни уларни ҳайдаб юрувчи чўпонга ўхшатади.

Чўпон чорваларни хавф-хатардан сақлаш, уларни фойдали ерларга бошлаш учун овоз чиқариб чақиради, нидо қилади, аммо чорвалар овозни эшитади-ю, саснинг маъносини тушунмайди. Худди шунга ўхшаб, кофирлар ҳам пайғамбарларнинг чақириғини, нидосини эшитадилар, лекин уни англаб етмайдилар, унга амал қилмайдилар. Овозлари чиқса ҳам, улар бу масалада соқовдирлар; кўзлари очиқ бўлса ҳам, ҳақиқат ўлчовида кўрдирлар; қулоқлари эшитса ҳам, ҳақиқатда кардирлар. Чунки уларнинг ақллари йўқ.

Ушбу икки оятга ўхшаш оятлар Қуръони Каримда анчагина бор. Чунки қисқа иборалар билан кўп маънони ифода қилиш балоғатнинг юқори чўққиси ҳисобланади. Араблар маъносига ишора бор сўзларни ишлатмай жумла тузишни сўз усталигининг олий намунаси деб биладилар.

б) Мураккаб каломдаги лафз муташобиҳлиги каломни чўзиш сабабидан келиб чиқади.

Бунга Шуро сурасидаги қуйидаги оят мисол бўла олади:

«У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» (11-оят).

Аслида араб тили қоидаси бўйича, «Лайса мислаҳу шайъун» бўлиши керак. Бунда жумланинг маъноси «Унга ўхшаш нарса йўқдир» дегани бўлади. Бу ерда гапни чўзиб, «ка» ўхшатиш ҳарфи зиёда қилинган. Бу араб тили қоидасига кўра «итноб», яъни «гапни чўзиш» дейилади. Битта ўхшатиш артиклининг ўрнига иккитаси, яъни ҳам «коф» ҳарфи, ҳам «мисл» сўзи ишлатилган. Бунда жумланинг маъноси «Унинг ўхшашининг ўхшаши йўқдир» бўлиб қолган. Шу сабабдан муташобиҳлик юзага келган. Ҳаттоки юзаки қараганда маъно бузуқ, дейдиган даражага етган. Чунки Аллоҳ таолонинг ўхшаши йўқлиги қатъий далиллар билан собит бўлган ҳақиқатдир. Шунинг учун ҳам уламолар бу жумланинг таъвилида ихтилоф қилганлар. Уларнинг кўплари «коф» ҳарфи маънони таъкидлаш учун келган қўшимчадир, деганлар. Шундагина жумланинг маъноси «Аллоҳга ўхшаш нарса йўқдир» бўлади.

Аммо сўз ва жумлаларнинг сирларини чуқур тушунадиган ва сиртқи маънолар билан кифояланиб қолмайдиган катта уламолар мазкур жумлани арабларнинг олий услуби бўйича жорий бўлган, дейдилар. Уларнинг фикрига кўра, бу ерда киноя услуби қўлланган, яъни гап Аллоҳ таоло ҳақида ва У Зотга ўхшаш нарса йўқлиги ҳақида кетар экан, у Зотдан ўхшашликни кетказиш учун «ўхшашнинг ўхшаши» жумласи ишлатилган. Шунда жумланинг маъноси «Унинг ўхшашининг ўхшаши йўқдир» бўлади. Бундан эса агар фаразан, Унинг ўхшаши бўладиган бўлса ва ўша ўхшашга яқин келадиган нарса бўлмаса, Унинг Ўзига ўхшаш нарса топилмаслиги турган гап, деган маъно англанади. Арабларда бунга ўхшаш гаплар кўп. Мисол учун, обрўли одамлардан салбий сифатларни инкор қилиш учун «Сенга ўхшаганлар бахил бўлмайди», дейилади. Аслида бу жумладан кўзланган мақсад «Сен бахил бўлма», деганидир.

Қуръони Каримдаги мазкур жумлада «коф» ҳарфини зиёда қилиш ила гапни чўзиш маънони таъвил билан тушунадиган даражага олиб келган.

в) Мураккаб каломдаги лафз муташобиҳлиги каломнинг тузилиши, услуби ва сўзларининг тартибидан келиб чиқади. Бунда каломни тузишда ишлатилган ўта нозик тасарруфлар оқибатида маънони осонликча тушуниб бўлмай қолади.

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:

«Ўз бандасига Китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Уни тўғри қилган…» (1-2-оятлар).

Ушбу оятда «қоййиман» сўзининг «ъиважан» сўзидан кейин қўйилиши оқибатида муташобиҳлик юзага келган. Худди «ъиважан» сўзи «қоййиман» сўзининг сифатидек бўлиб қолган. Агар шундай бўлса, маъно тамоман бузилади ва «тўппа-тўғри эгрилик» деган маъно чиқиб қолади. Аслида эса «қоййиман» Китобнинг сифатидир.

Дарҳақиқат, Қуръони Карим ҳеч қандай эгрилиги йўқ, фақат тўғриликдан иборат Китобдир. Ушбу ҳолатдаги «ва лам яжъал лаҳу ъиважан»дан кейин бевосита «қоййиман» лафзини келтиришнинг фойдаси Қуръони Каримдан эгриликни манфий қилиш ва унинг тўғрилигини таъкидлашдир. Мазкур жумла аввал Қуръони Каримда эгрилик йўқлигини таъкидлаш билан бирга, бевосита унинг тўғрилигини ҳам таъкидлаб қўйган.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ХулосаАгар эътибор берилган бўлса, ушбу мақолада Қуръонни бошқа алифбода ёзиш мумкин эмаслигига ўттизга яқин нақлий ва ақлий далилар билан бирга яна шунча ададда давоми...

6789 12:00 / 14.12.2021
6. Эй иймон келтирганлар Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар давоми...

6474 05:00 / 23.01.2017
130. Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Роббингга қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин тасбиҳ ва ҳамд айт. Шунингдек, кечанинг бир қисмида ва кундузнинг давоми...

17731 05:00 / 23.01.2017
70. Ўз динларини ўйинкулгу қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб кетганларни тарк эт. У Қуръон ила эслатгинки, ҳеч бир жон қилган касби туфайли ҳалокатга дучор бўлиб, давоми...

10110 05:00 / 23.01.2017