Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (83-дарс). Насхнинг ўринлари

13:40 / 28.04.2020 4397 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

чинчи мақола)

 Қуръоннинг мутавотир суннат билан насх қилиниши.

Насхнинг ушбу қисми ҳақида уламолар ўртасида очиқ-ойдин ва катта хилоф мавжуд.

- Имом Шофеъий, у кишининг асҳоблари, зоҳирийлар ва имом Аҳмад бир овоздан «Қуръон мутавотир суннат билан насх қилиниши мутлақо мумкин эмас», деганлар.

Улар ўзларининг бу гапларига ман қилишга далолат қилувчи қуйидаги ояти карималарни далил қилиб келтирганлар.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар» (44-оят).

Яъни «Сени одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун Зикр – Қуръон билан юбордик». Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларининг вазифаси Қуръони Каримни баён қилиш экани, насх қилиш эмаслиги келиб чиқади.

Қуръон мутавотир суннат билан насх қилиниши мутлақо мумкин эмас, деган бу гуруҳ насх ҳақидаги оятларни ҳам ўз гапларининг тўғрилигига далил қиладилар.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Оятлардан биронтасини насх қилсак ёки унуттирсак, ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтирурмиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодир эканини билмадингми?» (106-оят)

Ушбу оятда насх бўлган оят ўрнига ундан яхши оят ёки худди унга ўхшаш оят келтирилиши ҳақида сўз кетмоқда, суннатнинг келтирилиши ҳақида эмас.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«Қачонки бир оятни бошқа бир оят ўрнига алмаштирсак, – ҳолбуки, Аллоҳ нимани нозил қилишни Ўзи яхши билгувчидир – улар: «Албатта, сен уйдирмачисан, холос!» дерлар. Йўқ! Уларнинг кўплари билмаслар» (101-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло «бир оятни бошқа бир оят ўрнига алмаштирсак» демоқда, бир оятни бошқа суннатга дегани йўқ.

Ашъарий ва мўътазилийлардан иборат мутакаллимларнинг жумҳури, фақиҳлардан имом Молик ва имом Абу Ҳанифанинг асҳоблари «Қуръони Каримни мутавотир суннат насх қилиши ақлан жоиздир», дейдилар. Чунки Қуръони Карим ҳам, Суннат ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳийсидир. Бу ҳақиқат Қуръони Каримда айтилган.

Аллоҳ таоло Нажм сурасида марҳамат қилади:

«У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) юбориладиган ваҳийдан ўзга нарса эмас» (3-4-оятлар).

Яъни «Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг номидан гапирганида ҳавои нафсидан олиб гапирмайди».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу шундай деганлар:

«Набий алайҳиссаломдан нимани эшитсам, ёдлайман, деб ёзиб юрардим. Қурайш қабиласидагилар: «Сен Набий алайҳиссаломдан нимани эшитсанг, ёзиб оласан, у киши ҳам одам, аччиқлари чиққанда ҳам гапирадилар», дейишган эди, ёзмай қўйдим. Бир куни бу ишни Расулуллоҳга айтган эдим, у зот: «Ёзавер, Аллоҳга қасамки, мендан ҳақ гапдан бошқа гап чиқмайди», дедилар».

Фақат Қуръони Карим тиловат қилинадиган ваҳий бўлса, Суннат тиловат қилинмайдиган ваҳийдир. Икки ваҳий бир-бирини насх қилиши мумкин. Қуръони Каримда мужмал лафз келса ва уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тафсир қилсалар, ўша гапга амал қилиш худди Қуръони Каримга амал қилишдек вожиб бўлишига ҳамма ижмоъ қилгани бунинг далилидир. Шу билан бирга, «Қуръони Каримни Суннат насх қилиши ақлан мумкин», деганларнинг ўзлари, феълан – амалда бўлганми, деган масалада ихтилоф қилганлар. Улардан «Воқеъликда бундай насх бўлган», деганлар бунга мисол қилиб, Моида сурасидаги «васият» оятини келтирадилар.

«Эй иймон келтирганлар! Бирортангизга ўлим келганда – васият чоғида ўзингиздан бўлган икки адолатли киши, агар ер юзида кезиб юрган бўлсангиз-у, сизга ўлим мусибати етса, ўзгалардан икки киши ўртангизда гувоҳ бўлсин...» (106-оят).

Уларнинг фикрича, ушбу оятни «Меросхўрга васият қилиш йўқ» ҳадиси насх қилган. Аммо аслида ушбу «васият ояти»ни мазкур ҳадис эмас, балки «мерослар ояти» насх қилгандир. Мазкур ҳадис эса ушбу оятни баён қилиб ва қувватлаб келган, холос. Яна шуни таъкидлаш лозимки, бу ҳадис оҳод ҳадислардан бўлиб, у мутавотир бўлган Қуръонни насх қилиши мумкин эмас. Зотан, Қуръони Каримни оҳод ҳадис насх қила олмаслигига ҳамма уламолар бир овоздан иттифоқ қилганлар.

«Қуръони Каримни Суннат насх қилиши ақлан мумкин», дейдиганлар яна «Қуръони Каримда собит бўлган зинокорга дарра уриш ҳақидаги оят Суннат ила собит бўлган оила кўрган зинокорни тошбўрон қилиш ҳақидаги ҳадис билан насх бўлган», дейдилар. Аммо бу ҳадис ҳам худди аввалги мисолдаги каби, оҳод ҳадисдир. У мазкур оятни насх қилмаган, балки хослагандир.

Кўриб ўтилган мисоллардан маълум бўладики, Қуръоннинг Суннат ила насх бўлиши ҳақидаги гап лафзий ва ақлий тортишувдан бошқа нарса эмас.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
13. Луқмон ўғлига ваъзнасиҳат қилиб айтганларини эсла .Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир,.Боласига панднасиҳат қилиш отанинг давоми...

6872 05:00 / 23.01.2017
47. Ўшанда улар дўзахда бирбирлари ила хусумат қилурлар. Бас, заифлар мутакаббирлик қилганларга .Албатта, биз сизга эргашувчи бўлган эдик. Энди сиз бизнинг дўзах давоми...

5308 05:00 / 23.01.2017
Машҳур олим ва фақиҳ, доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий ҳазратлари ўзининг биз ҳозир у ҳақда сўз юритмоқчи бўлган .АтТафсир алМунир, номли китобининг муқаддимасида давоми...

2249 19:41 / 15.06.2021
Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади .Агар сени собит қилмаганимизда, батаҳқиқ, уларга бир оз бўлсада, мойил бўлишингга оз қолар эди. Шундай бўлган тақдирда давоми...

5974 21:40 / 31.12.2018