1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Бу ҳам Қуръонми? (иккинчи мақола)

12:30 / 17.11.2021 4276 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Қуръони Каримни араб ҳарфлардан бошқа алифбода ёзиш ҳақида)

Мазкур мусҳаф Абу Бакр розиллоҳу анҳунинг вафотларидан кейин Халифа Умар розияллоҳу анҳунинг қўлларига ўтди. Лекин бу даврда унга мурожаат қилишга эҳтиёж туғилмади. Мусҳаф Умар розияллоҳу анҳунинг вафотларидан кейин у кишининг васиятларига кўра қизлари Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳонинг уйларида сақланди.

Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифаликларида ҳижрий 24-25 чи йиллари Ҳузайфа ибн Ямоний розияллоҳу анҳу Шом аҳлига бош бўлиб, Ироқ аҳли билан Арманистон ва Озарбайжон ғазотида иштирок қилаётган эдилар. Шомликлар асосан Убай ибн Каъб ва Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳумоларнинг қироатида, Ироқликлар эса Ибн Масъуд ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумоларнинг қироатларида ўқирдилар. Улар бир-бирларидан ўзлари билмаган қироатни эшитгач, ораларида ихтилоф чиқа бошлади. Бундан хабар топган Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ташвишга тушдилар ва Мадинага келганларида тўғри Ҳалифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига кириб: «Умматни Қуръон хусусида яҳудий ва насронийлар каби ихтилофга тушмасларидан бурун сақлаб қол», дедилар ва мавжуд ҳолатдан у кишини хабардор қилдилар.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бир гуруҳ катта саҳобалар билан маслаҳатлашган ҳолда Ҳафса онамизга одам юбориб, нусха кўчириб, қайтиб бериш шарти билан Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида ёзилган мусҳафни олдириб келдилар. Халифа биз юқорида зикр қилган хусусиятлари ва унга қўшимча равишда олиб келинган Мусҳафни бошдан оёқ кўчиргани эътибори билан нусха кўчириш ишига Зайд бин Собит розияллоҳу анҳуни раҳбар қилдилар ва у кишига ёрдамчи сифатида Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн Ос, Абдурраҳмон ибн Ҳорис розияллоҳу анҳумларни ёнладилар. Улар саҳифалардан нусха кўчириб бир неча мусҳаф тайёрладилар. Кўпчилик олимларининг айтишларича, мазкур мусҳафларнинг сони жами бешта бўлган. Халифа кўчирилган нусхалардан ўша вақтда илмий, маданий ва сиёсий жиҳатдан Ислом оламининг марказлари бўлиб турган катта шаҳарларга биттадан мусҳаф юбордилар ва мусҳафдан таълим бериш учун саҳоба ёки катта тобеъинлардан Қуръон қироатида мўътабар бўлган қориларни тайинладилар. Ушбу нусхалардан бошқа барча ёзилган саҳифа ва мусҳафларни куйдиришга, ёзувларни ўчириб ташлашга, бундан кейин мусҳафларни ушбу нусхалар асосида ёзишга буюрдилар.  Бу тадбирни бутун Ислом уммати мамнуният билан қабул қилдилар.  Чунки уни Усмон розияллоҳу анҳу ўн икки минг саҳобанинг иттифоқи билан қилган эдилар.

Шайх Абдулҳай Каттоний Имом Қасталонийдан қуйидагиларни нақл қилади: «Қуръоннинг ёзилиши Пайғамбар алайҳиссаломнинг замоналарида, уни тартибли равишда саҳифаларда жамлаш Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврида, ундан мусҳафларга нусха кўчириш Усмон розияллоҳу анҳу даврида бўлган. Қуръон тўлалигича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замоналарида ёзилганди, аммо тартибли равишда бир жойга жамланмаган эди».

Икки халифанинг Қуръонни жамлашдаги ишларида қуйидаги фарқлар зикр қилинади:

1. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Қуръон оятларини тарқоқ ёзувлардан бир жойга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган тартибда жамлатганлар. Усмон розияллоҳу анҳу ундан нусха кўчиртирганлар.

Имом Нававий: «Усмон розияллоҳу анҳу мусҳафларни Қуръондан бирор нарса камайиши ёки унга қўшилишига сабаб бўладиган ихтилоф чиқиб қолишидан қўрқиб, саҳобалар олдин ижмоъ қилган саҳифалардан кўчиртирган», деганлар.

2. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ёздирган мусҳаф Халифа ҳузурида бош манба сифатида сақланган, омма ундан фойдаланмаган, нусха кўчирмаган, у асосида таълим берилмаган. Усмон розияллоҳу анҳу мусҳафларни марказий шаҳарларга юборганлар, фақат ундан нусха кўчиришга, у асосида ўргатишга ва таълим олишга амр қилганлар.

3. Саҳобаи киромлар Исломнинг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрлари билан у зотдан Қуръондан бошқа нарсани ёзмасдилар. Кейинчалик кишилар Қуръонни яхши ўзлаштириб, уни бошқа нарсалардан ажрата оладиган бўлганларида айрим ҳадис ва дуоларни ёзишга ҳам рухсат берилди. Шунингдек баъзи саҳобалар ўз мусҳафларига айрим калималарнинг қисқача тафсирини ҳам ёзиб борардилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврида мусҳафни ёзишда Қуръони Карим матнини соф ҳолатда, ана шундай қўшимчалардан холи қилиб жамланган бўлса-да, бошқа нусхалар одамларнинг қўлларида қолган эди. Усмон розияллоҳу анҳу Ислом диёрлари кенгайиб, мусулмонлар сони кескин ошгани ва кўплаб араб бўлмаган халқларнинг мусулмон бўлганини эътиборга олиб, вақт ўтиши билан мазкур қўшимчаларни кишилар Қуръондан деб ўйлаб қолишларининг олдини олиш мақсадида ўзи кўчиртирган мусҳафлардан бошқа Қуръон ёзувларини йўқ қилишга амр қилдилар.

Шу боис, Ҳафса розияллоҳу анҳодан олган мусҳафни ёқтирмай, ўзларига қайтардилар.

4. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу фақатгина Қуръоннинг соф матнини жамлаш билан кифояланганлар. Усмон розияллоҳу анҳу эса умматни ўша матнни қироат қилиш кайфиятида ҳам жамлашни мақсад қилган эдилар. Шунинг учун у киши ҳар бир мусҳафга биттадан қори тайинлаганлар.

Юқоридаги сатрлардан аён бўладики, Қуръони Карим тўлалигича икки йўл билан авлоддан авлодга нақл қилинган:

1. Оғизма-оғиз таълим олиб, ёд олиб, қалбларда жамлаш билан. Шунга кўра у «Қуръон» деб номланган.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ила ёзилган ёзувлардан нусха кўчириш билан. Ушбу хусусияти билан у «Китоб» деб аталган.

Яъни, Қуръони Карим нутқнинг ҳар икки шаклида – оғзаки ва ёзма нутқ йўли билан бизгача сон-саноқсиз ишончли кишилар воситасида ҳеч бир ўзгаришсиз етиб келган.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу даврларида ёзилган мусҳафларнинг ҳар бири «Усмон мусҳафи» деб номланади ва унинг ёзуви «Мусҳаф расми» деб юритилади. Саҳобаи киромлардан тортиб бугунги кунгача жумҳур уламолар Қуръони Каримни ёзмоқчи бўлган киши уни Усмон мусҳафи расми асосида ёзиши вожиб эканига иттифоқ қилганлар.

Расм деганда Қуръон ҳарфларининг ёзилиш ҳайъати, яъни Қуръон хатининг ёзилиш қоидаси, услуби тушунилади. Бу ёзув ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, мавжуд имло қоидаларига бўйин сунмайди.  У шундай бир илм асосида битилганки, уни ўрганиш давомида Қуръон илмлари ичида «расм илми» деб номланадиган алоҳида бир илм вужудга келган. Унинг Усмон розияллоҳу анҳуга нисбат берилиши эса, унинг ўша кишининг амрлари билан ёзиб тарқатилгани, ва омманинг нусха кўчириши ўша мусҳафларга қаратилгани учундир.

Аммо бу мусҳафларда ҳозирги кўплаб араб адабиётларида бўлгани каби қисқа унлилар акс этмаган эди. Шунингдек, уларда шаклдош ҳарфларни фарқловчи нуқталар ҳам йўқ эди. Аммо араблар уларни табиий равишда бемалол ўқишаверарди. Қолаверса, Қуръон таълимида асосан оғзаки таълимга суяниларди.

Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярмига келиб, кўплаб араб бўлмаган халқлар мусулмон бўлдилар. Уларнинг Қуръонни мазкур хатда ўқишда хатога йўл қўйишлари эҳтимоли кучайди. Шунингдек, бу каби ҳолат баъзи арабларда ҳам кўзга ташланиб қолди. Бундан ташвишга тушган Басра волийси Зиёд ибн Сумайя ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг шогирди, қироат ва араб тилининг олими Абул Асвад Дуалийга мавжуд ҳолатнинг муолажасини топишини илтимос қилди. Абул Асвад Дуалий волийнинг илтимосига кўра, у ёнлаб берган котиб ёрдамида Мусҳафнинг бошидан охиригача қисқа унлилар учун бир нуқта, танвинларни ифодалашга иккитадан нуқта қўйиб чиқди. Кейинроқ унинг шогирди Наср ибн Осим Ҳажжож ибн Юсуфнинг таклифига биноан, шаклдош ҳарфларни фарқлаш учун ҳарфларнинг устига ва остига нуқта қўйиб чиқди. Абул Асвад қўйган нуқталар маълум товушларни ифода этгани эътиборидан Мусҳафнинг асл ҳарфларидан ажраб туриши учун алоҳида рангда ёзилган эди. Наср ибн Осим қўйган нуқталар ҳарфнинг бир бўлаги деб қаралиб, Мусҳаф ҳарфлари билан бир рангда ёзиладиган бўлди.

Аввалига баъзи уламолар бу қўшимчаларга рухсат бермаган эдилар. Чунки буни тушунмаган кишилар Мусҳаф расмини ўзгартириш жоиз экан, деб ўйлаб, унга ҳақиқатан ўзгартириш киритишлари ҳам мумкин эди. Аммо кейинроқ бу ўринда унга ҳеч қандай ўзгартириш киритиш йўқ эканини, бу фақатгина хатосиз ўқишга ёрдам беришини, белгилар расм хатига тегмаган ҳолда улардан фарқли равишда ёзилишини ва буларнинг ҳаммаси ҳам Қуръоннинг тўғри ўқилиши учун зарур бўлиб қолганини эътиборга олиб, барча уламолар бунга рухсат берганлар. Шундан сўнг Ислом оламидаги барча мусҳафларда мазкур белгилар ёзиладиган бўлди.

Иккинчи ҳижрий асрга келиб, буюк олим Халил ибн Аҳмад Фароҳидий унли ва танвинларни ифодаловчи нуқталарни ҳозирги шаклга ўгирди ҳамда сукун ва ҳамза аломатларини ҳам жорий қилди. Кейинроқ айрим қироат ва тажвид қоидаларига ишора қилувчи белгилар ҳам ихтиро қилинди ва ниҳоят Мусҳафи шариф ҳозирги суратда нашр қилинадиган бўлди.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид


Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
173. Уларга кишилар .Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар,, деганда, иймонлари зиёда бўлди ва .Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам давоми...

8485 05:00 / 23.01.2017
Аллоҳ таоло .Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз,, деган.Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони Карим тиловат қилинганда давоми...

6833 05:00 / 19.01.2017
3. Эй одамлар Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг Аллоҳдан бошқа сизларга осмон ва ердан ризқ берадиган холиқ борми Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. давоми...

3964 05:00 / 23.01.2017
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларни қўллаш, қалбларини қувватлаш.Маълумки, Набий алайҳиссалом ва мўминлар ўз душманларидан узлуксиз озор, давоми...

5467 21:00 / 01.04.2019