1446 йил 6 жумадис сони | 2024 йил 08 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Тур сураси, 42-49

05:00 / 23.01.2017 3976 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

42. Балки ҳийла кўрсатишни хоҳларлар?! Бас, кофирлар ҳийлаларининг жазосини тортарлар.

Мушриклар Пайғамбар алайҳиссаломга, Исломга, мусулмонларга қарши турли ҳийла-найранглар қилишни хоҳлайдилар. Лекин ҳаммасини Аллоҳ кўриб туради ва динсизларнинг, дин душманларининг ҳийла-найрангларини ўзларига қайтаради. Бу ҳақиқатни ҳар бир авлод ўз тажрибасида ҳам кўрмоқда. Ушбу оят Қуръони Каримнинг биринчи оятларидандир. Шу билан бирга, унинг мўъжиза эканини ҳам таъкидламоқ лозим. Пайғамбар алайҳиссаломга ҳийла қилиб, у кишини ўлдирмоқчи бўлганларга қарши туширилган бу оят, ҳаётда тасдиғини топди. Тез орада душманлар бирин-кетин ҳалок бўлдилар, Муҳаммад алайҳиссалом ва у кишининг ишлари ғолиб бўлди. Шу тариқа барча замонларда бу ҳақиқат такрорланиб келмоқда.


43. Балки, уларнинг Аллоҳдан бошқа худолари бордир?! Аллоҳ улар келтираётган ширкдан пок бўлди.

Мушриклар ўзларининг душманлик ишларини нимага суяниб амалга оширишяпти? Ахир, улар енгил ишни қилишаётгани йўқ. Яратган, қудратли Аллоҳга қарши чиқишяпти. Аввалги саволларидан маълум бўлдики, уларнинг суянадиган асослари йўққа ўхшайди. Балки уларнинг Аллоҳдан бошқа худолари бордир? Ўша худога суяниб ҳаракат қилаётгандирлар? Лекин бу шубҳа асоссиз, ягона Аллоҳга шерик бўлиши мумкин эмас, Аллоҳ бу шубҳадан пок, Унинг шериги йўқ. Демак, барча эҳтимоллар пучга чиқди, узрлари ҳам, далиллари ҳам қолмади. Энди уларнинг ҳақиқий башаралари очилади. Уларнинг динга душманлиги ҳужжат, далиллар асосида эмас, балки дилларидаги моғорлик, мутакаббирлик, саркашлик сабабидандир. Шунинг учун улар равшан ҳақиқатга қарши чиқишади. Шунинг учун ҳам бир нарсадан баҳона ва шубҳа топишга уринадилар. Шунинг учун ҳам:


44. Агар улар бошларига тушаётган парчани кўрсалар ҳам, тўпланган булут, дерлар

Яъни, уларнинг адашганликлари шу даражага етганки, бошлари устида азоб, ҳалокат парчаси яқинлашиб турса ҳам, бошларини кўтариб қарайдилар-да, ҳаҳ бу тўпланган булут, ризқ-рўз берувчи ёмғир ёғади, дейишади.

Мушриклар ҳар бир нарсадан динга қарши баҳона топадилар. Қадимда дин душманларининг аждодларидан бир гуруҳи (Од қавми) бошлари устига азоб булути тўпланганда, бу бизга ёмғир келтиряпти, дейишган эди. Лекин ўшанда у булут азоб ёғдириб, қавмни ҳалок этган эди.

Динсизларнинг мутакаббирликлари, саркашликлари, бошлари устига азоб келиб турса ҳам ўз залолатларидан қайтмасликлари аён бўлгандан сўнг Аллоҳ Ўз Пайғамбарига уларни тек қўйиб қўйишни, уларга парво қилмасликни, уларга азоб келиши аниқ эканини таъкидлайди.


45. Уларни ҳалокатга учрайдиган кунларига йўлиққунларигача тек қўй.

Яъни, мушрик ва динсизларни қиёмат кунигача қўйиб бер, нима қилишса қилишаверсин.


46. У кунда ҳийлалари уларга ҳеч қандай фойда бермас ва уларга ёрдам ҳам берилмас.

Бу дунёда ҳийла-найранг ишлатиб мақсадга эришиб юрганлари учун ҳийла билан ҳамма нарсага эришса бўлади, деган фикр онгларига ўрнашиб қолади. Ҳаттоки қиёматда ҳам ҳийла-найранг иш бериб қолар, деб умид қилишади. Лекин қиёматда шароитлар ўзгарган бўлади. У ерда ҳийла-найранг ўтмайди. Ҳамма қилганига яраша жазо ёки мукофот олади. Бу дунёда воситачи топиб, бир-бирига ёрдам бериб, иш битириб юрса бўлар, охиратда ёрдам берилмайди; охират қозиси воситачиликни қабул қилмайди, пора олмайди. Шундан ким тўғри хулоса чиқарса, ҳаётини қанча тез ўнглаб олса, шунча яхши.


47. Ва, албатта, зулм қилганларга ундан ўзга азоб ҳам бор, лекин кўплари билмаслар.

Яъни, кофир, золимларга охират азобидан ўзга бу дунёнинг азоби ҳам бор ёки қабр азоби бўлиши ҳам мумкин. Демак, динсизлар ва золимлар бу дунёдаги қилмишлари учун фақат охиратдагина жазо олмайдилар, балки, бу дунёнинг ўзида ҳам тегишлича жазоларини оладилар. Тажриба ҳам доимо буни тасдиқлаб турибди.

Кофир ва динсизларнинг оқибати нима бўлиши баён қилиб бўлингандан сўнг, Пайғамбар алайҳиссаломга, у киши орқали мусулмонларга тасалли берилиб, сабрга чақирилади, қўллаб-қувватлашни ваъда қилинади ва кечаю кундуз Аллоҳга боғлиқ бўлишга чақирилади.


48. Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил. Албатта, сен кўз ўнгимиздасан, ўрингдан турганингда Роббингга тасбиҳ айт!

Дунёдаги ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси, қазои қадари билан бўлади. Мушрикларнинг, динсизларнинг қаршиликлари, туҳмат-бўҳтонларига сабр қилиш лозим, чунки булар ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўляпти.

Оятдаги 

«Албатта, сен кўз ўнгимиздасан» деган гап Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабалари нақадар юқори эканини билдиради. Ҳеч бир инсон бу мақомга сазовор бўлган эмас. Ўзга Пайғамбарларга ҳам юқори мартабага далолат қилувчи сўзлар айтилган, лекин ҳеч кишига «кўз ўнгимиздасан» деб айтилмаган. Шунинг учун ҳам, доим тасбиҳ айтилса, оз. Ўрнидан турилганда ҳам...


49. Ва кечаси ҳам. Бас, юлдузлар ботгандан кейин ҳам тасбиҳ айт.

Демак, ҳар доим Аллоҳга боғлиқ бўлмоқ зарур.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ким бир мажлисда ўтириб, ҳар хил гапларни гапирса, ўрнидан туришдан олдин, «Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ашҳаду аллаа илаҳа илла анта астағфурика ва атубу илайка»,  деса, Аллоҳ ушбу мажлисдаги гуноҳларини кечиради», деганлар.

Имом Молик Зуҳрийдан қилган ривоятларида Ибн Матъамнинг отаси айтадики, «Пайғамбар алайҳиссаломни шом намозида «Ват-Тур» сурасини ўқиётганларини эшитдим. У кишидан кўра овози ширинроқ ва қироати яхшироқ одамни кўрмаганман».

Имом Бухорий розияллоҳу анҳу келтирган ривоятда Умму Салама онамиз: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга касаллигимни шикоят қилган эдим, улов миниб, одамлардан четроқда тавоф қилавер, дедилар. Мен тавоф қилдим, Пайғамбар алайҳиссалом Байтуллоҳнинг ёнида туриб, намозда «Ват-Тур» сурасини ўқидилар».


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дарҳақиқат, Қуръони Карим халқлар орасида очиқойдин, барчанинг кўз ўнгида нозил бўлди. Териларга, тошларга, хурмо дарахтининг пўстлоқларига ва шу каби ёзиш мумкин давоми...

6094 19:40 / 17.09.2019
Қуръони каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти ҳақидаги ривоятлар анчагина бор. Лекин уларнинг ҳеч бирида охирги оят ҳақидаги сўз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

7856 20:00 / 06.05.2019
Динимиз Ислом инсонийлик динидир, одобахлоқ динидир, яхшилик ва эзгулик динидир. Исломга кўра, инсон ўлиши билан унут бўлмайди ва шу боис, унинг тириклар зиммасида давоми...

29989 12:01 / 17.04.2023
Қуръони Каримни араб ҳарфлардан бошқа алифбода ёзиш ҳақидаАгар эътибор билан қаралса, бу белгиларнинг ҳеч бири Мусҳаф расмига дахл қилмайди, расм ўша биринчи давоми...

2536 12:30 / 18.11.2021
Аудиолар

136483 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

56609 14:35 / 11.08.2021