Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Мунофиқларга энг оғир намоз | Сийрат дарслари (268-дарс)

19:00 / 10 февраль 1147 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

368. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бомдод намозини ўқидилар ва: «Фалончи борми?» дедилар. «Йўқ», дейишди. «Фалончи борми?» дедилар. «Йўқ», дейишди. «Албатта, мунофиқларга энг оғир намоз ушбу икки намоздир. Агар иккаласидаги нарсани билганларингизда тиззаларда эмаклаб бўлса ҳам келар эдингиз. Батаҳқиқ, биринчи саф худди фаришталарнинг сафи кабидир. Агар унинг фазилатини билганингизда, унга шошилар эдингиз. Албатта, кишининг бошқа киши билан бирга ўқиган намози ёлғиз ўқиганидан афзалдир. Унинг икки киши билан ўқиган намози бир киши билан ўқиган намозидан афзалдир. Қанча кўпайса, Аллоҳ таолога шунча севимлидир», дедилар».

Абу Довуд, Насоий, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

369. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар одамлар азонда ва биринчи сафда нима борлигини билганларида, сўнгра қуръа ташлашдан бошқа илож топа олмаганларида, албатта қуръа ташлаган бўлишар эди. Агар иссиқ вақтда намозга боришда нима борлигини билганларида, кимўзарга боришар эди. Агар хуфтон ва бомдод намозларида нима борлигини билганларида, уларга эмаклаб бўлса ҳам келишар эди», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

370. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имом кафил, муаззин омонатдордир. Аллоҳим, имомларни тўғри йўлга йўлла ва муаззинларни мағфират қил», дедилар».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

371. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кишининг жамоатдаги намози(нинг савоби) унинг уйидаги ва бозоридаги намозидан йигирма беш баробар кўпайтириб берилади. Бунда у таҳорат қилса, таҳоратини гўзал қилиб, сўнг фақат намоз ўқиш нияти билан масжид томон йўлга чиқса, ҳар босган қадами учун мартабаси бир даража кўтарилади ва битта хатоси ўчирилади. Намоз ўқиб бўлганида эса, у намоз ўқиган жойида турар экан, фаришталар: «Аллоҳим, уни ёрлақагин! Аллоҳим, унга раҳм қил!» деб салавот айтиб туришади. Қай бирингиз намозни кутиб турар экан, у намоздадир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шунга ўхшаш бошқа ривоятда: «Масжидга кирганида, модомики, уни намоз тутиб турар экан, намозда бўлади», дейилган. Ва фаришталарнинг дуосида: «Аллоҳим, уни мағфират қил, Аллоҳим тавбасини қабул қил, модомики, унда озор бермаса ва бетаҳорат бўлмаса»ни зиёда қилган.

Муслим ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Жаброил давоми...

2600 16:00 / 03.05.2020
Йигирма тўртинчи суннат Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёққа тушган сичқон ҳақида сўралди. У зот соллаллоҳу давоми...

3558 20:00 / 22.07.2019
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидларидан кўра хушбўйроқ нарсани анбарни ҳам, мискни ҳам ва бошқа нарсани давоми...

3055 20:00 / 28.04.2017
360. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким яхшилаб таҳорат қилсаю, сўнгра жумага бориб тингласа, жим ўтирса, давоми...

1709 19:00 / 26 январь