Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (95-дарс). Қиёматнинг аломатлари

16:02 / 20.07.2020 5549 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дажжолнинг чиқиши, Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушиши каби қиёматнинг аломатларига иймон келтирамиз. Қуёшнинг ўз мағриби(ботиш тарафи)дан чиқишига ва ер ҳайвонининг ўз жойидан чиқишига иймон келтирамиз.

Шарҳ: Яъни Қуръон ва Суннатда зикр қилинган қиёматнинг аломатларига иймон келтирамиз. Хусусан, Дажжолнинг чиқишига, саййидимиз Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушишларига, қуёшнинг мағрибдан чиқишига ва ер ҳайвонининг Аллоҳ амр қилган жойидан чиқишига иймон келтирамиз.

Далил:

1. Дажжолнинг чиқишига далолат қилувчи ҳадисларнинг мажмуаси мутавотир даражасига етган. Уларнинг ҳаммаси ҳадис китобларида зикр этилган. Бу мухтасарда уларни зикр этишга имкон йўқ. Шунинг учун уларнинг ичидан биргина ҳадисни келтирамиз:

Имом Бухорий Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида Дажжол зикр қилинди. Шунда у зот: «Аллоҳ сизга махфий эмас. Аллоҳ ғилай ҳам эмас. (Кўзларига ишора қилдилар). Масийҳ Дажжолнинг ўнг кўзи ғилайдир. Унинг кўзи худди бўртиб чиққан узум донасига ўхшайди», дедилар», дейилган.

2. Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг тушишларига Қуръондан далил:

«Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, Унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса уларга гувоҳ бўлур» (Нисо сураси, 159-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Ийсо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари ҳақидаги ҳадисни ривоят қилиб бўлиб: «Агар хоҳласангиз, «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки»,  оятини ўқинг», дер эдилар.

Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари ҳақидаги ҳадислар ҳам Дажжол ҳақидаги ҳадисларга ўхшаб инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўп ривоят қилинган. Баъзи одамларнинг «Бу ҳақдаги ҳадислар оҳод – якка кишилар ривоят қилган ҳадислар», дейиши сизни алдаб қўймасин. Ундай кишилар бу илмдан жоҳил кишилардир. Уларнинг бирортаси ҳам ҳадисларни яхшилаб текшира олмайдилар. Агар ушбу ишни қилганларида, бу ҳақдаги ҳадислар инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўп эканини билган бўлар эдилар. Ҳофиз ибн Ҳажарга ўхшаган ҳадис илми имомлари шундай қилганлар. 

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, ичингизга Ибн Марям одил ҳакам бўлиб тушади, хочни синдиради, чўчқани ўлдиради, жизяни қўяди ва молни кўпайтиради. Ҳаттоки ҳеч ким уни қабул қилмайди. Ҳаттоки бир сажда дунёдан ва ундаги нарсалардан яхши бўлиб қолади», деганлар».

3. Қуёшнинг мағрибдан чиқишига далил:

«Ўзларига фаришталар келишига, ёки Роббингнинг келишига, ёки Роббингнинг баъзи оятлари келишига мунтазир бўлиб турибдилар, холос. Роббингнинг баъзи оятлари келган кунда ҳеч бир жонга, олдин иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса, иймони наф бермас. «Мунтазир бўлинглар, биз ҳам мунтазирмиз», деб айт» (Анъом сураси, 158-оят).

Имом Бухорий ушбу оятнинг тафсирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Токи қуёш мағрибидан чиқмагунча, қиёмат қоим бўлмас. Уни кўрган чоғда одамлар иймон келтирурлар. Бу олдин иймон келтирмаган жонга иймони наф бермайдиган вақтдир», деганлар».

Шунингдек, ҳадис китобларидаги қиёмат аломатлари бобида бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган.

4. Ер ҳайвонининг чиқишига далил:

«Уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида, Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарамиз. У уларга, албатта, одамлар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонмайдиган бўлганларини айтиб берадир» (Намл сураси, 82-оят).

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида қуйидагиларни айтади .Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У ўта эшитувчидир, ўта давоми...

2779 19:00 / 03.01.2023
Таховий акидасидан...сўфилар ва файласуфлар, руҳ қадимийдир, деганлар. Аммо барча пайғамбарлар, руҳ кейин пайдо бўлган, халқ қилинган, ясалган, тарбияланган нарса давоми...

8467 19:05 / 02.12.2016
Араб тилидаги .калом, лафзи .сўз,, .гап,, .жумла, каби маъноларни англатади..Илми калом, ақоид илмининг энг машҳур номидир. Бу ном, аввал ҳам айтилганидек, ҳижрий давоми...

8346 10:20 / 08.10.2018
Бу ҳақда .Шарҳи .Ақийдатут Таҳовийя,да қуйидагилар келган .Ва албатта, у киши соллаллоҳу алайҳи васаллам анбиёларнинг охиргисидирлар,. Шарҳ Муҳаммад соллаллоҳу давоми...

2616 19:00 / 06.06.2022