Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1440 йил 18 жумадис сони | 2019 йил 23 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Ақийда

Ақийда дарслари (6-дарс). Ихвонус-сафо

12:07 / 02.11.2018 1008 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳижрий тўртинчи асрда Ироқда массонийликка ўхшаш махфий жамоат юзага келди. Бу жамоа юнон фалсафаси ва ботиний ақийдасини жамлаб, қоришма фалсафага асос солган эди.

«Ихвонус-сафо» жамоаси аъзолари Афлотун, Пифагор, Арасту ва бошқа юнон файласуфларининг фикрлари билан Ислом ибодатлари, исмоилийлар мазҳаби ақийдаси ҳамда барча динларда мавжуд бўлган поклик, мурувват, ахлоқ қадриятларини жамлаб, ўзига хос аралаш тузум тузмоқчи бўлдилар.

«Ихвонус-сафо» жамоаси ўз фикрларини тарқатиш ниятида эллик битта рисола ёздилар. Бу рисолалар фалсафа ва фикр тарихини ўрганувчи мутахассислар томонидан «Ихвонус-сафо рисолалари» деб аталади. Мазкур рисолаларда табиат, математика, илоҳиёт, ақлиётга оид масалалар ҳақида сўз юритилган.

«Ихвонус-сафо» жамоаси ўзларининг ҳақиқий исмларини яшириб, китобларини китобфурушларга ва одамларга бепул тарқатишган. «Ал-Имтоъ вал муонаса» китобининг соҳиби Абу Ҳайён Тавҳидининг ёзишича, бу китоблар «Турли фанлардаги тарқоқ, саёз ва қониқарсиз фикрлардан иборат бўлиб, уларда жасаднинг қайта тирилиши инкор қилинган, охират, жаннат ва дўзах мусулмонлар ичида машҳур бўлган эътиқодга хилоф равишда тафсир қилинган».

Хулоса тариқасида айтиладиган бўлса, «Ихвонус-сафо рисолалари»да янгича ахлоқий, илоҳий ва илмий низом тузишга ҳаракат қилинган. Бу билан Ислом шариатини тарқатиб юборишни қасд қилишган. «Ихвонус-сафо» жамоасининг фикрича, ўша пайтда шариат эскириб қолган эди.

Калом ва фалсафа орасидаги фарқ

1. Илми каломда аввал Ислом таълимотлари ва асосларига иймон келтирилади ва сўнгра уларнинг тўғри эканига ақлий далиллар кўрсатилади.

Фалсафада аввал фикр юритилади ва сўнгра у билан номаълум нарсаларни кашф қилиб, ақлий ечимга эришилади. Агар файласуф мусулмон бўлса, фалсафа билан диний ҳақиқатлар орасини мувофиқлаштиришга ҳаракат қилади.

2. Илми каломда ақлни диний таълимотларни қўллаб-қувватлашга ишлатилади.

Фалсафада ақлни фалсафа динга мухолиф эмаслигини исбот қилишга ишлатилади.

3. Илми каломда: «Олам кейин пайдо бўлган», дейилади.

Фалсафада: «Олам зоти ила бўлмаса ҳам, замон билан қадимдир», дейилади.

Имом Абу Мансур Мотуридий

Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий Самарқанднинг Мотурид номли қишлоғида туғилган. У кишининг ҳаётини ўрганган тарихчилар туғилган йилини аниқлашга имкон топмаганлар.

Баъзи тарихчилар: «Имом Абу Мансур Мотуридийнинг насаби машҳур саҳобий Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳуга бориб тақалади», дейдилар. Шунинг учун ҳам баъзи муҳаққиқлар имом Абу Мансур Мотуридийни зикр қилганларида «Ансорий» нисбатини ҳам берадилар.

Имом Абу Мансур Мотуридий Ислом оламида турли ўзгаришлар авж олиб турган, хусусан, ҳар хил ақийдавий фирқалар ўзаро тортишиб турган бир пайтда яшаб, илм-маърифатли бўлди. Аллоҳ таолонинг инояти ила у киши ўз замонининг Аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги ҳанафий уламоларига шогирд тушди.

Абу Мансур Мотуридийнинг устозлари

Тарихчилар имом Абу Мансур Мотуридийнинг устозлари ичида қуйидаги олимларни алоҳида қайд этадилар.

1. Абу Наср Иёзий имом Абу Мансур Мотуридийнинг дастлабки устозларидан бўлган. Бу кишининг насаблари ҳам ансорийларга бориб тақалади.

Абу Наср Иёзий раҳматуллоҳи алайҳи Яҳё ибн Қайс ибн Саъд ибн Убода Ансорий Хазражий розияллоҳу анҳунинг авлодларидан бўлади.

Абу Наср Иёзий имом Абу Мансур Мотуридийнинг устози бўлиши билан бирга, у кишига ҳамдарс бўлиб, Абу Бакр Аҳмад Жузжонийнинг ҳалқаларида дарс олар эди.

Абу Наср Иёзий катта олим бўлиш билан бирга, паҳлавон мужоҳид ҳам эди. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, юртда у кишига тенг келадиган олим йўқ эди. Турк юртларида бўлган урушлардан бирида шаҳид бўлган.

2. Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний имом Абу Мансур Мотуридийнинг устозларидан бири бўлиб, у киши усул ва фуруъ илмларини ўзида жамлаган ва турли илмларда баланд чўққиларни забт этган улкан олим эди.

3. Муҳаммад ибн Муқотил Розий. Райнинг қозиси.

4. Нусайр ибн Яҳё.

Эътибор бериладиган бўлса, имом Абу Мансур Мотуридий устозларининг устози орқали имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадга етиб борадилар.

Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний – Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулаймон Жузжоний – Абу Юсуф ва Муҳаммад.

Абу Наср Иёзий – Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулаймон Жузжоний – Абу Юсуф ва Муҳаммад.

Нусайр ибн Яҳё – Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулаймон Жузжоний – Абу Юсуф ва Муҳаммад.

Муҳаммад ибн Муқотил – Абу Мутиъ Ҳакам ибн Абдуллоҳ Балхий – имом Муҳаммад.

Ушбу машҳур олимлар ўз шогирдларига асосан имом Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳининг китобларидан дарс берар эдилар. «Ал-Фиқҳул Акбар», «Рисола» «Ал-Фиқҳул Абсат», «Китобул олими вал мутааллими» ва бошқа китобларни чуқур ўргатишар эди.

Имом Абу Мансур Мотуридий бу ва бошқа барча дарслик китобларни қунт билан ўрганди. Мазкур китоблардаги билимлар имом Абу Мансур Мотуридий томонидан яна ҳам ривожлантирилди.

У киши ўз замонасидаги мусулмонлар орасида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларга ечим топди. Ўша вақтдаги бузғунчи фирқалар ақийда бобида сочаётган заҳарлардан пайдо бўлган ақийдавий дардларни даволашга ҳаракат қилди. Душманларнинг кирдикорларини фош қилиб, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ҳақиқатини очиқ-ойдин кўрсатиб берди.

У киши ҳанафий мазҳабида бўлиб, аввал айтиб ўтганимиздек, Имоми Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлган. Яъни у кишининг устозлари имом Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи Мовароуннаҳрда Аҳли суннанинг шайхи бўлиш даражасига эришган. Бу ерда Аҳли сунна кўп ва ғолиб бўлгани учун, у киши имом Ашъарийга ўхшаб ҳар хил йўлларда ва турланишларда бўлмаган. Балки аввал бошдан мўътадил йўлдан бориш имконини топган. У киши кези келганда нақлга, кези келганда ақлга ўз ҳаққини берган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи Аҳли сунна вал жамоа фуқаҳолари ва муҳаддисларидан биридир. У киши жуда ҳам машҳур бўлиб, Мовароуннаҳрда барча турдаги илмий масалаларда унга мурожаат қилинган. Улар у кишидан ақоид, фиқҳ, усулул фиқҳ ва бошқа диний илмлардан таълим олганлар.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи усул бўйича «Китобул жадал»ни ва фиқҳда «Маъохизуш-шариъа»ни таълиф қилганидан кейин шуҳрати яна ҳам ошиб кетди. Шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб, Хуросон аҳлининг мазҳаб соҳибига айланди.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ақийдадаги мазҳаби Абулҳасан Ашъарийнинг мазҳабига тенг бўлди.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи асосан ақийдага оид бир қанча китоблар ёзган.

«Китобур радди ала ал-Каъбий ал-Мўътазилий», «Китоб авҳомул Мўътазила», «Китобур-радди ала ал-Мўътазила», «Китобур-радди ала ал-Қаромита», «Китобур-радди ала-ар-Рофиза», «Китобут-тавҳид», «Китобул жадал», «Маъохизуш-шариъа», «Радди ал-Усулил хамса ли Аби Муҳаммад Боҳилий», «Китобул мақулаати», «Таъвилоту аҳлис-сунна» китоблари шулар жумласидандир.

Афсуслар бўлсинким, имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг китобларидан фақат уч донасигина бизгача етиб келган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Таъвилоту аҳлис-сунна» номли тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. У киши Аҳли сунна вал жамоанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаган.

«Кашфуз-зунуни ан асомий ал-кутуби вал фунун» китобининг соҳиби Ҳожи Халифа «Таъвилоту аҳлис-сунна» тафсири ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«У – бирор китоб тенг кела олмайдиган китобдир. Балки бу фан бўйича ёзилган китобларнинг бирортаси унга яқин ҳам кела олмайди».

«Китобут-тавҳид» чоп этилган ва ўрганилган.

«Таъвилоту аҳлис-сунна» тафсирининг ярми мисрлик олимлар томонидан чоп этилган ва кўпчилик фақат шуни биладилар. Аммо ушбу сатрларнинг котиби Либиядаги Исломга даъват куллияси кутубхонасида бу китобнинг бангладешлик олим томонидан чоп этилган тўлиқ нусхасини кўрган.

«Китобул мақулаати»нинг қўлёзмаси Истанбулдаги кутубхоналардан бирида сақланмоқда. Қўлёзманинг қаердалиги ва рақамлари ҳам маълум.

Имом Мотуридийнинг шогирдлари

1. Абул Қосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил ал-Ҳаким Самарқандий (ҳ. 340 – м. 951 санада вафот этган).

2. Имом Абул Ҳасан Али ибн Саъийд Растағфаний.

3. Имом Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо Баздавий (ҳ. 390 – м. 999  санада вафот қилган).

4. Имом Абу Лайс Бухорий.

Кейинги асрларда эса Саъдуддин Тафтазоний, имом Тоҳавий, имом Умар Насафий, Фахрул Ислом Баздавий, Ибн Ҳумом, Абу Муъийн Насафий ва бошқалар ақоид илмининг Мотуридия йўналишида кўзга кўринган уламолардан бўлдилар.

Имом Мотуридийнинг аҳли илм ва Ислом оламидаги мартабаси

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг Ислом оламидаги ва аҳли илм ичидаги мартабалари жуда ҳам юқори бўлган. У кишига мусулмонлар жумҳури томонидан олий унвонлар берилган.

1. «Аламул Ҳуда» – ҳидоят байроғи.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи мусулмонларнинг ҳидоятда собитқадам бўлишларига хизмат қилиб, бу борада ҳидоят байроғини баланд кўтариш шарафига муяссар бўлганлари учун шу номни олганлар.

2. «Имомул Ҳуда» – ҳидоят имоми.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи мусулмонларнинг ҳидоят йўлини тутишларида пешво бўлганлари учун ушбу унвонга сазовор бўлганлар.

3. «Мусаҳҳиҳи ақийдати аҳлис-сунна» – Аҳли сунна ақийдасини тўғирловчи. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи турли фирқа ва тоифалар ўзларининг бузғунчилик ҳаракатлари билан Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига таҳдид солганда унинг ҳимоясига турганлари учун ушбу унвонга муносиб кўрилганлар.

4. «Имомул Мутакаллимийн» – Мутакаллимларнинг имоми. Ўша пайтда «илми калом» номи билан танилган ақоид илмида барча уламоларга пешво бўлганлари учун имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳини мусулмонлар жумҳури шу ном билан атаган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳини уламолар жуда ҳам юқори баҳолаганлар ва у киши Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабининг икки имомидан бири эканини доимо таъкидлаб келганлар.

«Мифтоҳус-саодати ва Мисбоҳус-сиёдати» китобининг муаллифи Тошкўпризода у киши ҳақида шундай дейди:

«Сўнгра, билки, илми каломда Аҳли сунна вал жамоанинг раиси икки кишидир. Улардан бири ҳанафий, иккинчиси шофеъий. Ҳанафийси – Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий имомул ҳуда»

Зубайдий ўзининг «Итҳафус-саада ал-муттақийн» номли китобида:

«Аҳли сунна вал жамоа дейилгандан мурод ашъарийлар ва мотуридийлардир», деган.


“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу дунёда тўплаган барча нарсасини инсон ўзидан кейин шу дунёда қолдиради. Ҳеч кимса, хаттоки унинг оила аъзолари, қариндошлари, дўстлари ва бу дунёда унинг давоми...

3854 16:31 / 02.08.2017
Ва Роббларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳгуруҳ қилиб олиб борилдилар. Унга етиб келган чоғларида, унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга .Сизга давоми...

1948 22:29 / 24.02.2018
937. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам«Бирортангиз ўзига етган зарар туфайли ўлимни орзу қилмасин. Агар ўлим тилашдан давоми...

2245 17:45 / 13.07.2017
Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Аммо, шу билан бирга, қиёмат яқин қолганда зоҳир бўладиган баъзи аломатлар ҳақида кўпгина давоми...

1577 15:04 / 01.11.2018
Топ рейтинг www.uz Openstat