Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (49-дарс). Ғаззолий ва фалсафа

14:50 / 02.09.2019 5771 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Ғаззолий кейинроқ ҳақиқат қидириб, фалсафани пухта ўрганишга киришдилар. Файласуфлар: «Фақат фалсафа билангина ҳақиқатни топиш, яқин ва саодатга эришиш мумкин», дер эдилар. Имом Ғаззолий эса айнан ўша нарсаларни қидираётган эдилар. У киши фалсафани ихлос ила чуқур ўрганиб, ўша даврнинг энг кучли файласуфларидан бирига айландилар. Лекин Имом Ғаззолий фалсафада ҳам ўзлари излаётган ҳақиқат мавжуд эмаслигига ишонч ҳосил қилдилар. Аммо бу нарса улуғ олимга фалсафа ва файласуфлар ҳақида адолат ила ҳукм чиқаришга ҳалақит бермади. У киши бу борадаги илмий изланишлари натижасини фалсафа ва мантиққа аталган бир қанча китобларида ёзиб қолдирдилар.

1. «Мақосидул фалосифа».

2. «Таҳофутул фалосифа».

3. «Маҳкун-назар фил мантиқ».

4. «Меъёрул илм фил мантиқ».

5. «Ал-Мунқиз миназ-Золал».

Имом Ғаззолий ўз асарларида фалсафа ва файласуфларга холисона баҳо беришга ҳаракат қилдилар. У киши фалсафага оид илмларни олтига бўладилар ва уларнинг ҳар бирига ўзига яраша баҳо берадилар:

1. Аниқ фанлар.

Ҳисоб, ҳандаса, жуғрофия каби илмлар. Бу нарсаларда динга аралашилмайди. Улар аниқ ҳужжатларга асосланган илмлар. Шу боис, уларни инкор қилиб бўлмайди. Аммо мусулмонлар бу нарсаларни кўриб, фалсафага оид ҳамма нарса шу каби бўлади, деб алданиб қолмасликлари керак.

2. Мантиқ.

Бунда ҳам динга тегишли нарса йўқ. Мантиқ илми ақлий ўлчовларга назар солиш, бурҳон муқаддималари шартларини ўрганиш, уларнинг таркибидан хабардор бўлиш каби нарсалардир.

3. Табиий илмлар.

Бу илмларда ҳам динга боғлиқ нарсалар йўқ. Улар ҳаммаси тажрибага суянадиган нарсалар. Шунинг учун буларни ҳам инкор қилиб бўлмайди.

4. Сиёсий илмлар.

Файласуфларнинг бу соҳадаги барча гаплари дунёвий ишларга боғлиқ нарсалардан иборат бўлиб, уларнинг кўпини Аллоҳ таоло набийларга нозил қилган китоблардан ва набийлардан қолган гаплардан олганлар. Шунинг учун буларнинг ҳам диний эътиқодга, хусусан, ақоидга тегишли жойи йўқ.

5. Ахлоқий илмлар.

Файласуфларнинг бу борадаги кўп гаплари сўфийларнинг гапларига тўғри келади. Улардан Ислом таълимотларига тўғри келадиганини олиб, бошқаларини тарк қилиш лозим.

6. Илоҳиётга оид илмлар.

Бу борада файласуфлар ўзлари мантиқда қўйган шартларга вафо қилмадилар, улардан ташқарига чиқдилар ва катта хатоларга йўл қўйдилар.

Имом Ғаззолий асосан файласуфларни худди шу бобда танқид қиладилар. Кўпчилик фалсафа ҳақидаги танқидий гапларни умумийлашган ҳолда тушуниб, хато қиладилар.

Имом Ғаззолий файласуфларни учга тақсим қиладилар:

Даҳрийлар.

Улар Аллоҳ таолонинг борлигини ва холиқлигини инкор қилган ва «Олам ўзини ўзи яратган», дейдиган зиндиқлардир.

Табиатчилар.

Улар Аллоҳ таолонинг борлигини эътироф қилсалар ҳам, қайта тирилиш ва савобни инкор қилганлари учун диндан чиққанлар.

Илоҳиётчилар.

Булар илоҳиёт ҳақида баҳс юритган Суқрот, Афлотун, Арасту, Фаробий ва Ибн Синога ўхшаш файласуфлар. Уларнинг баъзи гапларини эътироф қилишдан бошқа чора йўқ. Мисол учун, Аллоҳ таолонинг борлигини эътироф қилишлари. Аммо баъзи гапларида улар адашиб қолганлар.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Аллоҳ таоло дуоларни ижобат ва ҳожатларни раво қилади,. Жумҳур мусулмонлар ва бошқа дин аҳллари ҳам дуо манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этиш учун энг кучли давоми...

3100 19:30 / 15.11.2021
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида қуйидагиларни айтади .Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У ўта эшитувчидир, ўта давоми...

2779 19:00 / 03.01.2023
1. .Эшитишга қодир бўла олмадилар, кўра олмадилар ҳам, Ҳуд сураси, 20оят. Яъни иш бажариш имконлари йўқ эди. Асбоб ва воситалари бўла туриб, кўриш ва эшитишни амалга давоми...

2417 19:08 / 23.08.2021
Иймон ndash тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқ қилишдир.Шарҳ Бу иймонни изҳор қилиш эътиборидан тасдиқлашдир. Чунки тасдиқлаш ички иш бўлиб, у беркилган бўлади. давоми...

3762 10:48 / 21.10.2019