Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақоиднинг луғавий ва истилоҳий таърифи | Ақийда дарслари (262-дарс)

19:00 / 30 январь 710 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ақийда» сўзи «ақд»дан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Жами (кўплик шакли) «ақоид» бўлади. Ундан мақсад эса мукаллаф – балоғатга етган оқил киши эътиқод қилиши, тўғрилигига иймон келтириши, Ислом динининг заруратлари шаклида тасдиқ қилиши, қалбига маҳкам боғлаб олиб, ундан ҳужжатсиз ажралиши мумкин бўлмаган шаръий эътиқодий ҳукмларга «ақийда» дейилади. Унинг жами «ақоид» бўлади.

Ақоид илмининг истилоҳий таърифи:

Илми калом уламолари бу илмга мавзусига ва баҳсининг кенглигига қараб турли таърифлар келтирганлар. Мавзунинг ва баҳснинг аҳамиятига қараб уни турли исмлар билан атаганлар. Ўқувчига осон бўлиши учун ва ушбу мавзудаги баҳс мукаммал бўлиши учун ана шу таърифлардан баъзиларини келтирамиз.

1. Ақоид илми – у билан тавҳид идрок этиладиган ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зоти ва сифати билинадиган илмдир. («Иҳёу улумиддин». 1-жилд, 14-15-бетлар).

2. Ақоид илми – у билан диний ақийдаларни уларга ҳужжат келтирган ҳолда исбот қилишга ва улардан шубҳаларни даф қилишга қодир бўлинадиган илмдир («Ат-Таволиъ». Байзовий. 4-бет).

3. Журжоний ўзининг «Ал-Мавоқиф»га қилинган шарҳида: «Калом бир илмдирки, унда Ислом қонуни асосида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ва бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида баҳс қилинади», дейди («Ал-Мадхал ила диросати илмил калом». 15-бет).

4. Тарихчи ва файласуф Ибн Халдун ўзининг «Китобул Ибар»га ёзган «Муқаддима»сида «илмул калом»ни қуйидагича таърифлайди:

«У бир илм бўлиб, ақлий далиллар билан иймоний ақийдалар ҳақида тортишишни ва эътиқодий нарсаларда йўлдан озганларга раддия беришни ўз ичига олгандир» (400-бет).

Бу қуруқ ақлий далилларга асосланган мутааххиринларнинг (кейинги авлод уламоларининг) илми каломга берган таърифидир.

5. «Ақоид» бир илмки, унда Аллоҳ таолонинг мавжудлиги, Унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У Зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, пайғамбарлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишлари кераклиги, уларга нима нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш ман қилингани ҳақида бахс юритилади (Шайх Муҳаммад Абдуҳнинг «Рисолатут-тавҳид» китоби, 4-бет).

6. У ишончли далиллар орқали диний ақийдаларни билишдир (Тафтазонийнинг «Шарҳул Мақосид»идан. 1-жилд, 530-бет).

7. У бир илмки, унда илоҳиёт, нубувват ва бошқа самъиётларга[1] тегишли шаръий эътиқодий ҳукмлар ҳақида уларга ҳужжат келтириш учун, улардан шубҳаларни кўтариш учун баҳс қилинади («Ал-Мадхал ила диросати илмул Калом», Доктор Ҳасан Маҳмуд Шофеъий, 16-бет).

8. Таърифларнинг энг жамловчиси, ҳамма эътиқодий масалаларни ўз ичига олувчиси, тушуниш осон ва қисқа услубдагиси Аллома Али Қорининг «Фиқҳул Акбар»га қилинган шарҳининг такмиласида, 146-саҳифада зикр қилинган таърифидир:

«У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс юритилади».

Собиқ таърифларнинг барчаси куллий ва жузъий равишда мутааххиринларнинг илми каломига боғлиқ бўлиб, мутақаддиминлар (дастлабки авлод уламолари) ўзларининг «Фиқҳул Акбар», «Ақийдатут Таҳовия» ва шунга ўхшаш китобларида келтирган барча мавзу ва баҳсларни ўз ичига олмайди. Тафтазоний ўзининг «Ақоидун Насафия»га қилган шарҳида мутааххиринлар ва мутақаддиминлар каломи орасидаги фарқни равшанлаштириб берган. Ким батафсил билишни хоҳласа, унга мурожаат қилсин.

Ақийдатут Таҳовия шарҳининг талхийси» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7619-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

[1] Самъиёт деб фақат ваҳий орқалигина маълум бўладиган билимларга айтилади.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
5. Фаришталарга одамларнинг ишларини кузатиб, амалларини ёзиб бориш вазифаси юкланган.Аллоҳ таоло Қоф сурасида .Икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда давоми...

1588 00:00 / 06.09.2022
Аллоҳ таоло Одам Атони тупроқдан яратиб, унга жон киритганидан сўнг, у кишининг қовурғасидан Момо Ҳаввони яратган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

2831 19:00 / 01.08.2022
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлМуҳайминБу сўз ҳамма нарсани қамраб олувчи деган маънони билдиради. Бу исмнинг маъноси шуки, Аллоҳ бандаларнинг барча ҳолатларига давоми...

6659 08:18 / 20.04.2017
Мўминмусулмонлар .жин, деб аталувчи махлуқотлар борлигига иймон келтирадилар. Уларни оддий ҳолатларда кўриб бўлмайди. Биз улар ҳақидаги маълумотларни энг давоми...

2733 00:00 / 01.11.2022