Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (118-дарс). Иноят далили

13:00 / 25.01.2021 3591 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир хонага кирган одам ундаги жиҳозларнинг чиройли тартибда турганини кўрса, дарҳол бу ишнинг ўта дидли киши ёки кишилар томонидан қилинганини сезади. Чунки кичик бир хонада ҳам, биров тадбирини қилмаса, ундаги нарсалар ўз-ўзидан тартибга тушиб қолмаслиги аниқ.

Бас, шундай экан, одам боласи борлиққа назар солсин. Ундаги санаб адоғига етиб бўлмайдиган нарсаларни ақл лол қоладиган даражада тартибга солган ким? Албатта, Аллоҳ!

Аллоҳ таоло Фурқон сурасида қуйидагиларни айтади:

 تَبَارَكَ الَّذِي جَعَلَ فِي السَّمَاء بُرُوجًا وَجَعَلَ فِيهَا سِرَاجًا وَقَمَرًا مُّنِيرًا۝

«Осмонда буржлар қилган ва унда чироқ ва нур сочувчи ой қилган Зот баракотли, улуғ бўлди» (61-оят).

Осмондаги юлдузларнинг буржларини Аллоҳ яратмаса, ким ярата олар эди? Осмондаги чироқ – қуёшни Аллоҳ қилмаса, ким қила олар эди? Осмондаги нур сочиб турувчи ойни Аллоҳ яратмаса, ким ярата олар эди? Ана ўша нарсаларни яратган Зот баракотли ва буюк бўлмаса, ким баракотли ва буюк бўла оларди?

 وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً لِّمَنْ أَرَادَ أَن يَذَّكَّرَ أَوْ أَرَادَ شُكُورًا۝

«У ибрат олмоқни ирода қилган ва шукр қилмоқни ирода қилган киши учун кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир» (Фурқон сураси, 62-оят).

Аллоҳ таоло кеча билан кундузни бири кетиб, бири келадиган қилиб қўймаса, ким буни қила олар эди? Ким ибрат олмоқчи бўлса, шундан ибрат олсин. Ким Аллоҳ берган неъматга шукр қилмоқчи бўлса, шунга шукр қилсин.

Аллоҳ таоло Жосия сурасида қуйидагиларни айтади:

 اللَّهُ الَّذِي سخَّرَ لَكُمُ الْبَحْرَ لِتَجْرِيَ الْفُلْكُ فِيهِ بِأَمْرِهِ وَلِتَبْتَغُوا مِن فَضْلِهِ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ۝

«Аллоҳ сизга денгизни унда Ўз амри билан кемалар юриши учун ва Унинг фазлидан исташингиз учун беминнат хизматкор қилиб қўйди. Шоядки, шукр келтирсангиз» (12-оят).

Аллоҳ таоло бошқа нарсалар қатори денгизни ҳам инсон учун мусаххар қилиб берди. Яъни беминнат хизматкор ўлароқ бўйсундириб қўйди. Умуман, денгизни инсон фойдаси учун яратди. Буни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким қила олмайди.

Инсон уни ўрганиб, ўз фойдасига хизмат қилдиришга уриниши керак. Аниқки, денгиз ўзи келиб хизмат қилмайди. Бу ҳақиқатни ушбу оятда: «... ва Унинг фазлидан исташингиз учун беминнат хизматкор қилиб қўйди» деганидан тушунамиз.

«Аллоҳнинг фазлидан бирор нарса келишини кутиб ўтиришингиз учун» демади, балки «...Унинг фазлидан исташингиз учун», деди.

 وَسَخَّرَ لَكُم مَّا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا مِّنْهُ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لَّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

«Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни – ҳаммасини Ўз томонидан беминнат хизматкор қилиб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят(белги)лар бордир» (13-оят).

Демак, осмонлардаги ҳамма нарса Аллоҳ таоло томонидан инсон фойдаси учун бўйсундириб қўйилган.

Ердаги барча нарсалар Аллоҳ томонидан инсон фойдаси учун бўйсундирилгандир. Ҳақиқатни фақат тафаккур қилганлар тушуниб етадилар. Фақат ақл ишлатиш, тафаккур қилиш орқали борлиқдаги ҳамма нарсанинг инсон учун бўйсундирилгани англаб етилади ва улардан инсон учун фойда олинади. Ўз навбатида, ақл юритиш борлиқдаги барча нарсаларни инсонга бўйсундириб берган Зотга иймон келтириб, ибодат қилишга олиб келади. Бўлмаса, иймонсиз, қуруқ илм фойда эмас, зарар келтиради.

Ҳа, дунёдаги ҳеч бир нарса ўз-ўзидан бўлиб қолмаган. Уларнинг ҳаммасини Аллоҳ таолонинг Ўзи тартибга солган.

 «Сунний ақийдалар» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Роббининг ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор.Қиёмат куни Парвардигори оламнинг ҳузурида саволларга жавоб беришдан, ҳисобкитоб мақомидан қўрқиб, давоми...

3923 20:14 / 26.03.2018
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ўтирган одамлар устига келиб .Сизларга яхшиларингиз ва ёмонларингиз хабарини берайми, давоми...

3953 18:41 / 02.12.2016
Ширкнинг ҳақиқати, инсон Аллоҳ Ўзининг олий зотига хос қилган ҳамда бандаликка шиор қилган сифат ва амалларни бошқа махлуқни рози қилиш учун, унга нисбат давоми...

17324 00:13 / 03.12.2016
Тавҳиднинг асли ва эътиқод тўғри бўлиши учун қуйидагиларни айтмоқ вожибдир .Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига, ўлгандан кейин қайта давоми...

4341 14:00 / 23.07.2019