Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Оятларимизга куфр келтирганларни албатта оловга киритиб, куйдирурмиз | Ақийда дарслари (245-дарс)

19:00 / 18.09.2023 1234 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Воқиъа сурасида қуйидагиларни айтади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ

«Сўнгра сиз, эй адашганлар, ёлғонга чиқарувчилар!» (51-оят).

Ундан кейин сиз, эй иймон, ҳидоят, тўғри йўлдан адашган гумроҳлар, эй пайғамбарни, илоҳий китобни, қиёматни ва қайта тирилишни ёлғонга чиқарувчилар!

ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ

«Албатта, заққум дарахтидан еювчисизлар. Бас, ундан қоринларни тўлдирувчисизлар» (Воқиъа сураси, 52-53-оятлар).

Ўша машъум кунда сиз адашганлар ва ёлғонга чиқарувчилар заққум номли дарахтдан ейсизлар, еганда ҳам қоринларни тўлдириб ейсизлар.

Заққум дарахти қандай эканини ҳеч ким аниқ билмайди. Лекин яхши нарса эмаслиги ҳаммага маълум. Шундан умуман аччиқ, ёқимсиз нарсаларни «заққум» дейиш одат тусига кириб кетган. Бошқа бир оятда заққум дарахтининг меваси шайтоннинг калласига ўхшаши айтилган. Шайтонни ҳам ҳеч ким кўрмаган. Лекин унинг энг хунук, энг ёмон нарса эканини ҳамма билади. Демак, дўзахийларнинг таоми энг аччиқ, энг хунук, энг ёмон нарса экан. Улар шу даражада оч қолар эканки, ёмонлик, хунуклик ва аччиқликда тенги йўқ ушбу нарсадан қоринларини тўлдириб олар эканлар. Азоб устига азоб, қийноқ устига қийноқ.

Албатта, қорин аччиқ нарсага тўйгандан сўнг, киши бирон нарса ичиб, оғиздаги аччиқни, қориндаги оғриқни бостиргиси келади. Шунда бу гумроҳларга нима берилади?

ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ

«Бас, устидан ўта қайноқ сувдан ичувчисизлар» (54-оят).

Яъни заққумнинг устидан бошқа ичадиган нарса йўқлигидан мажбур бўлиб ўта қайноқ сувни ичасизлар. Ичганда ҳам

ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ

«Ташна туянинг ичишидек ичувчисизлар» (55-оят).

Оятдаги «ҳийм» сўзи чанқоқ касалига учраган туя маъносини билдиради. Маълумки, туя одатда кўп сув ичади, чанқоқ касалига учраганда эса ичиб тўймайди. Заққумдан қорнини тўйғазиб олган дўзахийлар ҳам чанқоқларини босиш учун ўта қайноқ сувни тинмай ичаверар эканлар.

ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ

«Уларнинг қиёмат кунидаги зиёфатлари мана шу!!!» (56-оят)

Аллоҳ таоло бунақа «зиёфат»дан Ўзи асрасин!

Аллоҳ таоло Нисо сурасида қуйидагиларни айтади:

ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ

«Оятларимизга куфр келтирганларни албатта оловга киритиб, куйдирурмиз. Қачонки терилари етилиб пишганда, азобни тотишлари учун уларга бошқа тери алмаштирурмиз. Албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир» (56-оят).

Куфрнинг охири яхшиликка олиб бормаслиги аниқ. Куфр келтирганлар бу дунёда турли бало-офатларга дучор бўлиб ўтишлари собит бўлган, инкор этилмас ҳақиқатдир. Куфр келтирганларнинг охиратда нима бўлишларини ушбу ояти карима васф этмоқда.

«Оятларимизга куфр келтирганларни албатта оловга киритиб, куйдирурмиз».

Аллоҳнинг оятига куфр келтирганлар жаҳаннамга кириш билан чегараланиб қолмайдилар.

«Қачонки терилари етилиб пишганда, азобни тотишлари учун уларга бошқа тери алмаштирурмиз».

Улар кўпроқ азоб тортишлари учун терилари ҳар гал етилиб пишганда, бошқа янги терилар алмаштирилади ва азоб янгидан бошланади. Бу ҳолат абадул-абад давом этади.

«Албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир».

Шунинг учун ҳам куфр келтирганларга мазкур азобни раво кўргандир.

Уламолар ушбу даҳшатли ҳолатни тушунтириш учун бир қанча ривоятлар келтирганлар. Ибн Аби Ҳотим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда шундай дейилади:

«Бир одам ҳазрати Умар ҳузурларида мазкур оятни ўқиган эди, у киши:  «Бу оятни менга яна қайтариб ўқиб бер», дедилар.  У одам қайта ўқиди. Шунда Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: «Бу оятнинг тафсирини мен биламан, бир соатда териси етмиш марта алмаштирилади», дедилар. Ҳазрати Умар:  «Худди шуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман», дедилар.

Демак, ўт-олов кучли бўлганидан, бир зумда куйдириб, жизғанак қилиб ташлайди ва яна янгидан азоб чекишлари учун тезда терилари янгиланади. Аммо у терилари бу дунёдаги териларига ўхшаш бўлмайди, Аллоҳ таоло дўзахийларнинг азобини янада кучайтириш учун териларини ҳам бошқача қилиб қўйган бўлади.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 22 июлдаги 03-07/5979-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон одам қиёмат куни дунёдан ўтган ҳамма одамлар ўз жасадларига қайта эга бўлиб, қайта тирилишига жазм билан эътиқод қилмоғи керак. Зинҳор ва зинҳор, одам давоми...

1556 19:00 / 12.06.2023
Банда мазаммат қилинаётган дунёнинг ўзи нималигини, унинг нимасидан четда бўлиши керагу, нимасидан четланмаса ҳам жоизлигини билмагунича, уни ёмон деб билишнинг давоми...

4932 23:38 / 29.04.2017
Ўлим маълум ва машҳур ҳодиса. Уни ҳамма билади ва соат сайин қайтақайта бу ҳақиқатга гувоҳ бўлиб туради. Ўлимни билмаган, эсга олмаган одам боласи йўқ. Аммо ўлимга давоми...

14876 16:06 / 30.10.2018
Шайтон бани Одамнинг ҳаммасига душманлик қилишга сўз берди. Шундан бери одамзотга янги туғилган пайтдаёқ биринчи ҳужумини қиладики, бу билан уни сулҳкелишувсиз, давоми...

4715 05:00 / 07.12.2016