Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (168-дарс). Пайғамбар башардир

19:00 / 31.01.2022 3118 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Аҳзоб сурасида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:

«Бас, азиймат соҳиби бўлган расуллар сабр қилгандек сабр қил», деган (35-оят).

«Улул азм», яъни азму матонат соҳиби бўлган пайғамбарлар қуйидагилардир:

1. Нуҳ алайҳиссалом.

2. Иброҳим алайҳиссалом.

3. Мусо алайҳиссалом.

4. Ийсо алайҳиссалом.

Бу буюк пайғамбарларнинг ҳар бирларининг бошларига иймон йўлида, дину диёнат йўлида қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Лекин улар сабр-матонатда зарбулмасал бўлганлар. Бу ҳақиқатни кўпчилик, жумладан, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари ҳам яхши биладилар. Шунинг учун у зот ўз даврларида Макка мушрикларининг қаршиликларига учраб қийин ҳолга тушганларида, «Улул азм» номини олган буюк пайғамбарлардан ўрнак олишга чақириляптилар.

«Бас, азиймат соҳиби бўлган расуллар сабр қилгандек сабр қил!»

У зоти бобаракот бу илоҳий амрга амал қилдилар ва ўзлари ҳам улул азм пайғамбарлар сафидан ўрин олишга муяссар бўлдилар. Демак, мазкур рўйхатга у зотнинг ҳам исмларини қўшиб қўямиз:

5. Муҳаммад алайҳиссалом.

Пайғамбар алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг танланган, сараланган элчилари бўлиш билан бирга оддий башар фарзанди ҳамдирлар. Бу ҳақиқат гарчи баъзи бир нобакорларда турли фикрлар туғдирган бўлса ҳам, улкан илоҳий ҳикматга молик нарсадир.

Аллоҳ таоло Исро сурасида бу масалани қуйидагича муолажа қилади:

«Одамларга ҳидоят келган пайтда иймон келтиришларидан ман қилган нарса фақат «Аллоҳ башардан Расул юборадими?» дейишлари бўлди» (94-оят).

Одамлардаги бу нотўғри тасаввур Одам боласи Аллоҳ таоло ҳузурида нақадар олий мартабада эканини тушуниб етмасликларидан келиб чиққандир.

Аллоҳ фаришта ва бошқа махлуқотлардан кўра  одамни азизу мукаррам қилиб қўйганини баъзи одамларнинг ўзлари англаб етмас эдилар. Агар одам Аллоҳнинг йўлида юриб, буюрган ишларини қилиб, қайтарганларидан қайтса, фариштадан афзал бўлишини улар идрок этмас эдилар.

Улар одам боласи ичидан энг пок ва содиқлари танлаб олиниб, пайғамбар қилиниши барча инсоният учун шон-шараф эканини тушунмас эдилар.

Улар одам боласи билан фаришталарнинг хусусиятларини фарқ эта олмасдан, «Аллоҳ башардан пайғамбар юборадими?» деб ажабланишарди. Ҳамда ўзларига ўхшаган башарга эргашишдан бош тортиб, иймондан юз ўгирардилар.

Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга уларнинг бу гапларига жавоб беришни ўргатиб дейдики:

«(Менинг номимдан) айт: «Агар ер юзида хотиржам юрган фаришталар бўлганида, уларга осмондан фаришта расул туширган бўлар эдик» (Исро сураси, 95-оят).

Аллоҳ барча махлуқотларни яратган Зот сифатида уларга қандай нарса мос келишини Ўзи яхши билади. Аллоҳ одамларни яратган Зот сифатида уларга кимни пайғамбар қилиб юборишни яхши билади. Ер юзида хотиржам яшаб юрганлар одамлар бўлгани учун, уларга одамларни пайғамбар қилди. Агар ер юзида хотиржам яшаб юрганлар фаришталар бўлганида, уларга осмондан фаришта пайғамбар туширган бўлар эди.

Пайғамбар Аллоҳнинг элчиси бўлиши билан бирга, Унинг амр ва наҳйиларини ўз тимсолида акслантириб, шариат ҳукмларига амал қилишда ўрнак бўладиган биринчи шахс ҳамдир. Агар одамларга фаришта пайғамбар қилиб юборилса ва у шариат ҳукмларига амал қилиб кўрсатса, «Пайғамбар оддий одамдан бўлмаслиги керак-да», деган нобакорлар биринчи бўлиб:

«Бу пайғамбар – фаришта, шунинг учун шариат ҳукмларига осон амал қилади, биз оддий башармиз, унинг қилганини қила олмаймиз», деган бўлар эдилар. Пайғамбар оддий башардан чиқарилса, улар бундай даъвони қила олмайдилар.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлҚаҳҳорАлҚаҳҳор ndash барча махлуқотларни қабзасида тутиб, уларни ўз ҳукмига юритувчи, қудрати ила бўйсундириб турувчи Зотдир.Аллоҳ таоло давоми...

9123 08:27 / 20.04.2017
Аллоҳ таоло Воқиъа сурасида қуйидагиларни айтади .Сўнгра сиз, эй адашганлар, ёлғонга чиқарувчилар, 51оят. Ундан кейин сиз, эй иймон, ҳидоят, тўғри йўлдан давоми...

1237 19:00 / 18.09.2023
У Зот Ўз фазли ила хоҳлаган кимсани ҳидоят қилади, муҳофаза қилади ва афв қилади. Ҳамда Ўз адолати ила хоҳлаган кимсани залолатга кетказади, ёрдамсиз ташлаб қўяди давоми...

4447 17:05 / 16.12.2019
islom.uz middot 007 Aқоид илмининг тарихи Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури ила мунаввар қилишидан олдин одамлар турлитуман ақийдаларда эдилар. Ҳар ким ўз ақийдасини давоми...

4053 13:30 / 31.08.2020