Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 182-дарс. Илмга яқин бўлишга интилайлик

19:00 / 05.05.2022 3442 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир ҳидоятга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича ажр бўлади. Бу эса уларнинг ажрларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди. Ким бир залолатга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади. Бу эса уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят ривоят қилганлар.

Дарҳақиқат, Исломда бардавом савоб етказиб турадиган ишлардан бири илм ҳисобланади. Илм йўлида қилинган амал ҳеч қачон зое кетмайди. Балки бундан ўз эгасига унинг ўлимидан кейин ҳам савоблар етиб туради.

Ушбу ҳадисда илм эгаллаб, кишиларни ҳидоятга чақирувчи бўлишга тарғиб қилинмоқда. Шу билан бирга, жоҳилликдан, кишиларни залолатга чақирувчи бўлишдан қайтарилмоқда.

«Ким бир ҳидоятга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича ажр бўлади. Бу эса уларнинг ажрларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди».

Илмли киши инсонларни бир тўғри, савобли ишга чақирса, у туфайли қанча одам ўша савобли ишни қилса, шунча одамнинг ажрича ажр олар экан. Бу билан амал қилувчиларнинг савоблари камайиб ҳам қолмас экан. Илмнинг фойдасини қаранг. Илмли кишига кишиларни ҳидоятга чақирганлиги учун берилган улкан савобга қўшимча равишда, ўша чақириққа биноан қилинган амалларнинг барчасига берилган савобчалик савоб ёзилар экан. Модомики, у киши тарқатган илм бор экан, одамлар унга амал қилиб турар эканлар, илм эгаси вафот этиб кетса ҳам, орқасидан савоби бориб турар экан. Шу билан бир вақтда бунинг акси ҳам бўлиши мумкин.

«Ким бир залолатга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади. Бу эса уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди».

Бир жоҳил одам кишиларни залолатга чақирса, улар жоҳилнинг ёмон чақириғи боис адашиб, залолатга кетишлари, гуноҳ қилишлари мумкин. Ана ўшанда залолат даъватчисига одамларни залолатга даъват қилганлиги учун оладиган гуноҳи устига унинг даъвати ила залолатга кетганларнинг амалларига берилган гуноҳларнинг барчаси юкланар экан. Шу билан бирга, ёмон амал қилганларнинг гуноҳи камайиб ҳам қолмас экан.

Демак, ҳар бир мусулмон илмга эга бўлиб, кишиларни ҳидоятга даъват қилувчи бўлиш учун уринмоғи лозим. Мусулмон киши одамларни залолатга, гуноҳ ишларга чақирмайди. Агар яхшиликка даъват қила олмаса, яхшиликка даъват қилаётганларга эргашсин, уларга қўлидан келган ёрдамини берсин. Залолатга, ёмонликка даъват қилаётганлардан узоқда бўлсин, уларга хайрихоҳлик кўрсатмасин, одамларни ҳам улардан эҳтиёт бўлишга чақирсин.

Илмнинг асари боқий қолишини унутмайлик. Доимо илмга яқин бўлишга интилайлик, кишиларни ҳам шунга даъват қилувчилардан бўлайлик!

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши мусулмон бўлганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ва сидр ила ғусл қилишга амр давоми...

2192 19:00 / 21.06.2023
ҲАДИС ЎРГАНУВЧИЛАР ОДОБЛАРИ...Ислом ҳидоятидан маҳрум бўлганлар, охирги Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликдан маҳрум бўлганлар ана шу давоми...

5355 16:51 / 08.04.2016
Қуръони Каримнинг исмларидан бири .Китоб,дир. Шаръий манбаларда, мисол учун фиқҳ, ҳадис ва бошқа илмлардаги баҳсларда .Китоб, дейилса, Қуръони Карим давоми...

4336 16:40 / 03.02.2021
Муаллиф иймон бобидаги энг муҳим бир масала ҳақида алоҳида фасл очди. Бу масала иймоннинг зиёда ва кам бўлиши ҳақидаги масала бўлиб, уламоларимиз ўртасида кўпгина давоми...

5396 13:05 / 06.11.2019