Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (109-дарс). Хотима

13:04 / 04.11.2020 3627 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қазои қадарга бағишланган мазкур бобда бир ояти карима ва ўндан ортиқ ҳадиси шарифларни ўргандик. Албатта, бу қазои қадарга тегишли ҳамма оят ва ҳадислар шулардан иборат, дегани эмас. Бош­қа кўпгина оят ва ҳадислар бор бўлиб, улардан баъзилари ушбу китобнинг бошқа жойларида ҳам келади. Аллоҳ хоҳласа, уларни кези келганда батафсил ўрганамиз. Ушбу бобда эса масаланинг моҳияти, асосий йўналишлари атрофлича кўриб чиқилди. Шундан келиб чиқиб, баъзи бир хулосаларни чиқарсак ҳам бўлади.

Ушбу бобдаги баъзи ҳадисларда банданинг ҳеч қандай ихтиёри йўққа ўхшаб кўринса, айримларида аксинчага ўхшаб кўринади. Баъзиларида иш бўлишидан олдин қазои қадарга қандай муносабатда бўлиш баён қилинган. Бошқаларида эса иш бўлиб ўтгандан кейин қазои қадарга қандай муомалада бўлиш лозимлиги баён қилинган.

Қазои қадар масаласини баён қилувчи оят ва ҳадисларда зоҳиран бандани мажбурлаш ва ихтиёрига қўйиб бериш маънолари борлиги баъзи кишиларнинг йўлдан озишига сабаб бўлган. Улардан бир қисмлари: «Банда бу дунёда ҳамма ишни ўз ихтиёри билан эмас, мажбур бўлиб қилади», деганлар.

Ана шундай фикр ва эътиқоддаги кишилар «Жабрия» мазҳабидагилардир. Бу мазҳабнинг кўзга кўринган тоифаларидан бири – Жаҳм ибн Сафвон Самарқандийга мансуб «Жаҳмия» тоифасидир.

Баъзилар Жабрия мазҳабига қарши ўлароқ: «Инсон ўзининг ҳамма ишларида ҳурдир, у ўз ихтиёри билангина иш қилади, ўз амалини ўзи халқ қилади, ўзи яратади», деганлар. Булар «Қадария» (қадарни инкор этувчи) деб аталган бўлиб, уларнинг асосчилари «Мўътазилийлар»дир. Ушбу икки тои­фа ҳам адашган ҳисобланади.

Исломнинг соф ақийдасини тутиб қолган Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби эса ўртача йўл тутган. Улар: «Инсоннинг дунёдаги ўзига ориз бўладиган ишларда ихтиёри борлари ҳам бор, ихтиёри йўқлари ҳам бор», деганлар. Уларнинг таъкидлашича, инсон ўз ихтиёри йўқ ишларда жавобгар эмас, аксинча, ихтиёри бор ишларда жавобгардир. Саҳобалар, тобеъийнлар ва ўтган салафи солиҳинларнинг барчалари шу эътиқодда бўлганлар.

Ривоят қилинишича, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Имом Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ розияллоҳу анҳудан сўраган эканлар:

– Эй Расулуллоҳнинг ўғиллари, Аллоҳ ишни бандаларга тафвиз қилиб (топшириб) қўйганми?»

– Аллоҳ таоло Роббликни бандаларга топшириб қўйишдан юқоридир!

– Бўлмаса уларни мажбур қилурми?

– Аллоҳ таоло аввал уларни бир ишга мажбур қилиб туриб, сўнгра азоблашдан кўра одилроқдир!

– Бу нима дегани?

– Бу ўртача дегани. Мажбур қилиш ҳам йўқ, бутунлай қўйиб бериш ҳам йўқ. Зўрлаш ҳам йўқ, эга қилиб қўйиш ҳам йўқ».

Бу жавобларнинг нақадар тўғри эканлигини сиз билан биз юқоридаги баҳсларимизда англаб етдик.

Гоҳида қадар истилоҳи ва унинг муродифлари дунёни ва ундаги нарсаларни тартибга солиб турувчи қонун-қоидалар, тузумлар ва сабабларга ҳам ишлатилади.

Мисол учун, «Албатта, Биз ҳар бир нарсани қадар билан яратдик» оятидаги охирги жумланинг маъноси «ўлчов билан яратдик» бўлади. Яъни, бу дунёдаги ҳар бир нарсанинг ўзига яраша ўлчови, миқдори бор деганидир. Бу маънодаги оятлар анчагина бор.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин давоми...

4352 18:30 / 02.06.2021
Аллоҳ Кифлни мағфират қилдиАбдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар.Бани Исроилда ҳеч қандай давоми...

6515 11:28 / 03.01.2018
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош давоми...

3069 14:00 / 07.04.2021
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши айтадилар .Бемор бўлиб, ҳушсиз ётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени давоми...

1862 00:00 / 27.10.2022