Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 197-дарс. Денгиз сувида таҳорат қилса бўладими?

19:00 / 31.08.2022 2445 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلَ رَجُلٌ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّا نَرْكَبُ الْبَحْرَ وَنَحْمِلُ مَعَنَا الْقَلِيلَ مِنَ الْمَاءِ، فَإِنْ تَوَضَّأْنَا بِهِ عَطِشْنَا أَفَنَتَوَضَّأُ بِمَاءِ الْبَحْرِ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: هُوَ الطَّهُورُ مَاؤُهُ، الْحِلُّ مَيْتَتُهُ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:

«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, биз денгиз (кемаси)га минамиз. Ўзимиз билан озгина сув оламиз. Агар у билан таҳорат қилсак, чанқаймиз. Денгизнинг сувидан таҳорат қилаверайликми?» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У суви пок, ўлимтиги ҳалол нарсадир», дедилар».

«Сунан» китоблари эгалари ривоят қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саволга жавоб бера туриб, денгиз сувининг ҳукми ва ўзи ўлиб қолган денгиз ҳайвонларининг ҳукмини баён қилмоқдалар.

Саҳобаи киромларнинг иштибоҳли нарсаларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраш одатлари бор эди. Денгиз сафарига тез-тез чиқиб турадиган бир одам денгиз суви ила таҳорат қилса бўладими-йўқми, билгиси келди. Денгиз сувини ичиб бўлмаслигидан, унинг таъми, ранги, ҳиди бошқачароқлигидан кўнглига шубҳа тушган бўлса керак.

У киши ниҳоят:

«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, биз денгиз (кемаси)га минамиз. Ўзимиз билан озгина сув оламиз. Агар у билан таҳорат қилсак, чанқаймиз. Денгизнинг сувидан таҳорат қилаверайликми?» деб сўради.

Савол жуда ўринли эди. Денгизда юрган одам одатда ичимлик сувидан ва таҳорат қилинадиган сувдан узоқда бўлади. Ўзи билан олган суви эса ичишга зўрға етади. Шу билан бирга, у мусулмон, ибодат қилиши фарз. Ибодат учун эса таҳорат шарт. Шунинг учун у киши Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Денгиз сувидан таҳорат қилса бўладими?» деб сўрамоқда.

Бу саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа ва лўнда жавоб бердилар:

«У суви пок, ўлимтиги ҳалол нарсадир», дедилар. Яъни, денгизнинг суви пок, денгиз ҳайвонларининг ўлимтиги эса ҳалолдир.

Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз жавобни икки ҳисса қилиб берганлар. Савол фақат денгиз суви ҳақида эди. Жавоб эса ҳам сув, ҳам ўлимтик ҳақида бўлди. Шундан келиб чиқиб, уламоларимиз саволга керагидан ҳам ортиқ жавоб бериш мумкин, деган хулоса чиқарганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Иштибоҳли масалаларни ҳеч тортинмай, биладиган кишилардан сўраб олиш зарурлиги.

2. Денгиз сувининг пок эканлиги, яъни у билан таҳорат қилиш, ғусл қилиш, нопок нарса теккан жойларни ювиб ташлаш ва уни ичадиган ҳолга келтириб, истеъмол қилиш мумкинлиги.

3. Сув ҳайвонларининг ўлимтиги ҳалоллиги. Чунки уларда қон бўлмайди. Қони бор ҳалол ҳайвонларни шаръий йўл билан сўйиш шарт. Сув ҳайвонларида қон бўлмаганлиги туфайли уларнинг ўлимтиги ҳам ҳалол бўлаверади.

Уламолар «Мазкур ҳайвонларнинг сув ичида, яъни яшаш жойида ўлиб қолганлари ҳалол бўл­майди», деганлар. Чунки бирор зарарли нарса бўлмаса, сув ҳайвони сувда ўз ажалидан олдин ўлмаслиги аниқ.

Лекин тириклай овланган, яъни тутиб олинган сув ҳайвони қуруқлиққа чиққач, ўлади. Ана шу ўлимтик ҳалол экан.

Шунингдек, уламолар баъзи сув ҳайвонлари, айниқса, сув чўчқаси ҳақида ихтилофлар қилишган.

4. Берилган саволга керагидан ортиқ жавоб қайтариш яхшилиги.

Демак, денгиз сувини поклаш учун ишлатишимиз, денгиз ҳайвонлари ўлимтигини тановул қилишимиз мумкин.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намозга таҳорат қилар эдилар,, деди. Мен .Сизлар қандай давоми...

1750 19:00 / 11.05.2023
Модомики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган иш, амалларнинг мусулмонлар диний ҳукм тариқасида эргашиши лозим бўлганлари ва диний ҳукм давоми...

5986 15:10 / 31.01.2019
. . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз зинҳор оқмай турадиган сувга бавл қилмасин. давоми...

1898 00:00 / 06.09.2022
Имом Абу Довуднинг ривоятида келган, иймоннинг мукаммал бўлиши учун лозим бўлган амаллар қуйидагилардан иборат1. Аллоҳ учун муҳаббат қилиш.Кимга ёки нимага давоми...

6669 19:30 / 16.10.2019