Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (87-дарс). Аллоҳнинг илми ва қудрати (биринчи мақола)

13:00 / 27.05.2020 4427 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. У зот содиқу масдуқдирлар:

«Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш (моддаси) онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади. Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади. Сўнгра ана шу мислича музға (чайналган гўшт) бўлади. Сўнгра ичига руҳ пуфланади. Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади. Ундан бошқа илоҳий маъбуд йўқ Зот билан қасамки, албатта, бирингиз жаннат аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннат орасида бир аршин қолганида ўша китоб ундан ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, унга киради. Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганида ўша ундан китоб ўзиб кетиб, жаннат аҳлининг амалини қилади-да, унга киради», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Абдуллоҳдан ривоят қилинди, дейилса, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу кўзда тутилган бўладилар. Ушбу ҳадиснинг муқаддимасида ровий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари рост, тасдиқланган зот эканликларини таъкидлаб қўймоқдалар. У кишининг: 

«У зот содиқу масдуқдирлар», деган гапи шу маънони ифода қилади. Содиқлик сифати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур, энг кўп тарқалган сифатларидан бири эканлиги яхши маълум. Масдуқликлари эса яъни, ростгўйликлари тасдиқланган зот эканликлари ҳам худди шундай маълум ва машҳурдир. Ровийнинг аввал бу сўзларни айтиб олиб, кейин ўзлари эшитган ҳадисни ривоят қилишга киришишларидан мақсадлари – бу ҳадисда келадиган маъноларга шак-шубҳа бўлмаслиги керак, деганларидир.

Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг илми нақадар чексиз эканлиги, нақадар шомил эканлиги, нақадар аниқ эканлиги баён қилинмоқда. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани аниқ ўлчов билан қилиши, бу ўлчовнинг ўзгармаслиги ҳамда ўша нарсаларни Аллоҳ таоло азалдан қиёматгача аниқ ва равшан билиб туриши баён қилинмоқда. Келинг, ҳадиси шарифда баён этилган фикрлар билан бирин-кетин танишиб чиқайлик:

«Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш (моддаси) онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади».

Ким жам қилади? Албатта, Аллоҳ таоло жам қилади. Демак, ҳар бир инсоннинг ота сулбидан маний ҳолида она қорнига – бачадонига ўтиши фақат Аллоҳнинг илми ва тадбири ила бўлади. Дунёдаги неча миллиардлаб одам ўтган бўлса, ҳаммаси шундай бунёд бўлган. Ҳозирги лаҳзада дунё бўйича неча сулбдан қанча маний неча раҳмга ўтаётган бўлса ҳам барчасини Аллоҳ билиб турибди. Лекин манийнинг бачадонга ўтиши бола пайдо бўлди, дегани эмас. Ўша манийдаги уруғлик аёлнинг тухумига урчиши керак. Бу эса Аллоҳнинг иродасисиз, тадбирисиз бўлмайди. Ота-она жинсий алоқа лаззатини ҳис қилишлари мумкин, лекин маний нима бўляпти? Уруғлик урчияптими, йўқми, била олмайдилар. Ҳомила бўлган-бўлмаганини била олмай, аломатларидан биладиганларга мурожаат қиладилар. Уруғликнинг урчиши ҳақида уларнинг ҳеч қандай илми йўқ. Буни фақат чексиз илм соҳиби – Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Аллоҳ таоло отанинг сулбидан ўтган манийнинг онанинг қорнида қирқ кун жамланиб туришини ирода қилган экан. Ана ўша муддатда маний урчиса, ҳомила бўлади. Ундан олдин тушиб кетса, ҳомила бўлмайди. Албатта, бунинг ҳаммаси Аллоҳнинг илми ва қудрати билан бўлади.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Модомики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган иш, амалларнинг мусулмонлар диний ҳукм тариқасида эргашиши лозим бўлганлари ва диний ҳукм давоми...

5985 15:10 / 31.01.2019
. . .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки, бирортангиз Исломини чиройли қилса, унинг қилган давоми...

4017 13:30 / 05.02.2020
Бомдод намозидаги икки ракъат суннатнинг фазли 20тавсия Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Бир киши .Эй Аллоҳнинг Расули, мени менга манфаат берадиган давоми...

5932 05:00 / 11.03.2017
. . .Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат аҳли ва дўзах аҳли маълумми, дейилди..Ҳа,, дедилар..Унда амал давоми...

3677 13:06 / 23.09.2020