Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (228-дарс) Таҳоратни мукаммал қилиш

19:00 / 27.04.2023 1644 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلًا تَوَضَّأَ فَتَرَكَ مَوْضِعَ ظُفُرٍ عَلَى قَدَمِهِ فَأَبْصَرَهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: ارْجِعْ فَأَحْسِنْ وُضُوءَكَ فَرَجَعَ ثُمَّ صَلَّى. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ. وَلَهُ: أَسْبِغِ الْوُضُوءَ وَخَلِّلْ بَيْنَ الْأَصَابِعِ وَبَالِغْ فِي الْاِسْتِنْشَاقِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ صَائِمًا.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам таҳорат қилиб, оёғининг тирноқча жойига сув етказмади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб қолдилар ва:

«Қайт, таҳоратингни яхшилаб (мукаммал) қил», дедилар. У қайтди ва сўнгра намоз ўқиди».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Абу Довуднинг ривоятида:

«Таҳоратни мукаммал қил. Панжалар орасига сув етказ ва рўзадор бўлмасанг, бурунга сув олишда муболаға қил», дейилган.

Бу ҳадиси шарифда таҳоратни яхшилаб қилиш, таҳоратда аъзоларни тирноқча ҳам жойини қолдирмай, яхшилаб ювиш зарурлиги ҳақида сўз бормоқда.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалар шариатга қандай амал қилаётганларини зийраклик билан кузатиб туришлари. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши оёғининг тирноқчалик жойига сув етмай қолганини кўриб ҳам танбеҳ бердилар. Устозлар бундан ўрнак олишлари лозим.

2. Бировнинг қилаётган амалида хато ёки камчилик кўрилса, дарҳол айтиш кераклиги.

3. Аъзоларнинг ҳамма жойига сув етказиб ювиш зарурлиги.

4. Тирноқча жойга ҳам сув етмай қолиши мумкин эмаслиги.

5. Камчилик аён бўлганда қайтиб бориб, уни бартараф қилиш кераклиги.

6. Таҳоратни яхшилаб қилиш зарурлиги.

7. Айниқса оёқни ювишда эҳтиёт бўлиш лозимлиги.

8. Панжаларнинг орасига сув етказишга алоҳида эътибор бериш зарурлиги.

9. Бурунга сув олганда, рўзадор бўлмаса, иложи борича ичкарироққа етказиш, шунингдек, оғизни чайганда ҳам шунга риоя қилиш лозимлиги.

Мана шу икки ҳадисни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиши ва доимо ёдидан чиқармай юриши зарур. Чунки бу ҳадисда зикр қилинган хатолар ҳаётда кўп учрайди. Шунинг учун бу ҳадислардаги таҳдид ва танбеҳлар ҳар бир мусулмоннинг ёдидан зинҳор кўтарилмаслиги лозим.

Айниқса оёқни ювиш ҳақидаги талаблар алоҳида эътиборга лойиқ. Аввало оёқни ювишда кўпчилик нотўғри ўтириб олиб, қийналишади. Ўша ноқулайлик туфайли оёқни яхшилаб ювиш имкони камаяди. Қолаверса, оёққа масҳ тортса бўлади, деганлар бор. Уларнинг бу гаплари турли давр­ларда тез-тез қўзғалиб ҳам туради. Ана шу нарсадан таъсирланиб қолмаслик керак.

Аввал ҳам бир неча бор таъкидланганидек, таҳорат қилиш ибодатдир. Таҳоратни чала қилиш эса ибодатни чала қилиш бўлади. Бунинг устига, таҳоратнинг чала бўлиши бошқа ибодатларни йўққа чиқаради. Шунинг учун таҳоратга муҳим ибодат сифатида жиддий қараш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.

Бунинг учун аввало таҳорат қиладиган жой яхши ва қулай бўлиши керак. У жойда барча қулайликлар, таҳоратни шариатда кўрсатилгандек қилиш имкониятлари бўлмоғи лозим. Ҳатто сувга эътибор бермоқ зарур.

Таҳоратга оддий покловчи сувдан бошқа сув ишлатиш мумкин эмас. Нопок сув, турли омиллар билан таъми, ҳиди, ранги ўзгарган сув ҳам бўлмаслиги керак. Бу Аллоҳ қаршисида ҳамма тенглиги, шариатдаги амаллар халқчиллиги рамзидир. Агар оддий сувдан бошқа сувда таҳорат қилишга ижозат берилса, бойлар тиллонинг суви ила таҳорат қилиб, гердайиши, камбағаллар ўксиши мумкин эди.

Лекин ўша ижозат берилган сув ҳам таҳорат ибодатини яхшилаб амалга ошириш учун омил бўл­моғи керак. Мисол учун, об-ҳавога қараб, мўътадил бўлиши зарур. Сув ўта иссиқ ёки совуқ бўлса, хушуъ ва хузуъ ила таҳорат қилишга халақит беради.

Уламоларимиз таҳорат борасида келган ҳамма ҳадис ва манбаларни ўрганиб, сўнг ишлаб чиққан таҳорат одобларига, бу борадаги қоидаларга назар солсак, ушбу ҳақиқатни яна ҳам тўлароқ тушуниб етамиз.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одамларга фақат амир ёки маъмур ёки риёкоргина гапиради,, давоми...

3196 18:30 / 30.03.2022
. . . Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёққа тушган сичқон ҳақида сўралди. У зот соллаллоҳу давоми...

2234 19:00 / 28.12.2022
1. Қиблага қараб ўтириб, таҳорат қилиш. Таҳорат ndash ибодат. Қиблага қараб ибодат қилиш қандай яхши 2. Баланд жойда ўтириб, таҳорат қилиш. Ишлатилган сувлар бадан ёки давоми...

1674 19:00 / 03.05.2023
Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари Қуръонда келган ҳукмни баён қиладиган бўлса, ўша ҳукмнинг даражаси Расули Акрамнинг амалларига ҳам давоми...

4243 16:59 / 08.04.2016