Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (149-дарс). Сабр (иккинчи мақола)

17:00 / 11.08.2021 3033 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Албатта, дунё тўрт нафарникидир».

Яъни, бу дунёда яшайдиган одамлар тўрт хилга бўлинадилар:

1. «Бир бандага Аллоҳ молини ҳам, илмини ҳам ризқ қилиб берган. У бу билан Роббисига тақво қилур. Силаи раҳм қилур. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билур. Бу энг афзал даражадир».

Яъни, мазкур тўрт хил тоифадаги одамлардан биринчи хилига Аллоҳ таоло ҳам мол-дунё, ҳам илм-маърифат берган бўлади. Шу билан бирга, ўша одам ўзи эришган нарсалар ила Роббисига тақво қилиб яшайди. Молу дунёсини Аллоҳ кўрсатганидек сарфлайди. Илмини ҳам тақво йўлида ишлатади. Силаи раҳм, қариндошлик алоқаларини яхши қилиб боради. Ҳам молу дунёдаги, ҳам илмдаги Аллоҳнинг ҳаққини адо қилади. Молининг закотини бериб, ундан садақотлар қилади, Аллоҳнинг дийни йўлида сарфлайди. Илмига амал қилиб, кишиларни тўғри йўлга чақиради ва ҳоказо. Бу мазкур тўрт тоифа ичида энг афзал даражадир.

Демак, Ислом нуқтаи назарида энг яхши одам молу мулкка ҳам, илмга ҳам соҳиб бўлиб, ҳар икки соҳада ҳам Аллоҳнинг ҳаққини адо этгувчи, қариндош-уруғларига яхшилик қилгувчи тақводор кишидир. Бунда «Исломда мол-дунё қораланади» деганларга раддия бор.

Ислом назарида мол-дунёнинг айни ўзи ёмон нарса эмас, балки унга ҳирс қўйиш, уни нотўғри йўлларга сарфлаш ёмон. Мол-дунёси кўп бўлган одам уни тўғри йўл билан шариатда кўрсатилганидек, жойига сарфлаши жуда ҳам яхшидир. Шу боис ҳадиси шарифда энг яхши тоифадаги одамда ҳалиги шартлар билан бирга мол-дунё ҳам бўлиши маъқул кўрилмоқда.

2. «Бир бандага Аллоҳ илмни ризқ қилиб берибди-ю, молни ризқ қилиб бермабди. У содиқ ниятли бўлиб, «Агар менинг молим бўлганида, фалончининг амалини қилар эдим», дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг ажри баробардир».

Ушбу ҳадиснинг мана шу бобда келтирилишига ҳам унинг шу қисми сабаб бўлган. Чунки бу ерда киши ниятига яраша савоб олиши ҳақида сўз кетмоқда.

Бу ерда васфи келган одам Ислом нуқтаи назаридан энг афзал бўлмаса ҳам, яхши одам ҳисобланади. Унинг ўзига яраша илми бор. Илмига амал ҳам, тақво ҳам қилади. Аллоҳнинг ҳаққини адо этади. Молу мулки бўлмаса ҳам, Аллоҳга тақво қилиш, Аллоҳнинг ҳаққини адо этишни орзу қилади. Агар молим бўлганида, олдин зикри келган одамга ўхшаб, яхши амалларни бажарар эдим, деб ният қилади. Аллоҳ таоло унга шу яхши нияти учун ҳеч қандай мол-мулк сарфламаса ҳам, сарфлаганнинг ажру савобини беради. Чунки у ниятига содиқ одам, агар моли, пули бўлганида, Аллоҳнинг йўлида сарфлаши турган гап эди. У худди шу ният билан яшамоқда.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолога сажда қилишнинг фазли 5тавсия Маъдон ибн Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари озод давоми...

5369 05:00 / 11.03.2017
. . Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Биъри Жамал томондан юриб келдилар. Бас, у зотга бир давоми...

1041 19:00 / 21.12.2023
. . Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Зотус Салосил ғазотида совуқ кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Ғусл қилсам, давоми...

1133 19:00 / 29.11.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, сийратлари ва ҳадисларида ҳам ҳаё ҳақида маълумотлар кўп.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

6290 20:58 / 09.05.2017