Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (125-дарс). Уч ҳижрат соҳиби

13:00 / 24.02.2021 2290 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إَنَّ مَثَلِي وَمَثَلَ مَا بَعَثَنِي اللهُ بِهِ كَمَثَلِ رَجُلٍ أَتَى قَوْمَهُ فَقَالَ: يَا قَوْمِ إِنِّي رَأَيتُ الْجَيْشَ بِعَيْنَيَّ وَإِنِّي أَنَا النَّذِيرُ الْعُرْيَانُ فَالنَّجَاءَ. فَأَطَاعَهُ طَائِفَةٌ مِنْ قَوْمِهِ فَأَدْلَجُوا فَانْطَلَقُوا عَلَى مُهْلَتِهِمْ، وَكَذَّبَتْ طَائِفَةٌ مِنْهُمْ فَأَصْبَحُوا مَكَانَهُمْ فَصَبَّحَهُمُ الْجَيْشُ فَأَهْلَكَهُمْ وَاجْتَاحَهُمْ، فَذَلِكَ مَثَلُ مَنْ أَطَاعَنِي وَاتَّبَعَ مَا جِئْتُ بِهِ، وَمَثَلُ مَنْ عَصَانِي وَكَذَّبَ مَا جِئْتُ بِهِ مِنَ الْحَقِّ.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, менинг ва Аллоҳ мени унга юборган нарсанинг мисоли, ўз қавмига келиб: «Эй қавмим, мен келаётган аскарни икки кўзим билан кўрдим. Албатта, мен яланғоч огоҳлантирувчиман. Бас, нажот изланглар», деган одамга ўхшайди. Бас, қавмидан бир тоифаси унга итоат қилдилар. Тезда юриб, ўз муҳлатларида жўнаб қолдилар. Улардан бир тоифаси эса ишонмадилар. Ўз жойларида қолдилар. Бас, аскар уларни тонг чоғида босиб, ҳалок қилди, таг-туглари билан қириб юборди. Ана ўша менга итоат қилган ва мен келтирган нарсага эргашган кимса билан менга осий бўлиб, мен келтирган ҳақни ёлғонга чиқарган кимсанинг мисолидир», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадис Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. У кишининг тўлиқ исмлари Абдуллоҳ ибн Қайс ибн Солим ибн Ҳазор ибн Ҳарбдир. Оналари Тоййиба бинти Ваҳб, кунялари Абу Мусо бўлиб, ўзлари Бани Ашъар қабиласидан.

Бу зот Яманда таваллуд топдилар. Маккада Ислом зоҳир бўлган пайтда, ҳижратдан аввал мусулмон бўлганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан Яман соҳилидаги Зубайд, Адан шаҳарларига бошлиқ этиб тайинланганлар. Яман аҳлига Қуръонни ўргатиш учун юборилганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида бу киши Басрага, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида эса Куфага волий этиб тайинланган эдилар.

Биринчи марта Ямандан Маккага, иккинчи марта Маккадан Ҳабашистонга, учинчи марта Мадинадан Ҳабашистонга ҳижрат қилганликлари учун бу зот уч ҳижрат соҳиби деб аталадилар.

Ҳофиз Сижжистоний айтадилар: «Абу Мусо Ашъарийда Набийнинг саҳобаларида йўқ бўлган фазилат бор эди. У зот пок қалбли, саломат ниятли, кўп рўза тутувчи, кечаларини таҳажжуд намози билан бедор ўтказувчи улуғ саҳобалардан эдилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо Ашъарийни чавандоз паҳлавонларнинг саййиди деб атаганлар.

У зот 355та ҳадис ривоят қилдилар. Ҳижратнинг 44‑йили 63 ёшларида Куфада вафот этдилар.

Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз вазифаларини кишиларга улар тушунадиган жонли мисол билан васф қилиб бермоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Албатта, менинг ва Аллоҳ мени унга юборган нарсанинг мисоли» деганлари «Менинг ва умматимнинг мисоли», деганидир. Бу ерда маъно араб тили балоғат қоидалари тақозоси ила мазкур иборалар билан ифода этилган.

«Ўз қавмига келиб: «Эй қавмим, мен келаётган аскарни икки кўзим билан кўрдим. Албатта, мен яланғоч огоҳлантирувчиман. Бас, нажот изланглар», деган одамга ўхшайди».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу мисол билан ўзларини қавмини бостириб келаётган душмандан огоҳлантириш учун, у келадиган томонга чиқиб, навбатда турган огоҳлантирувчига, умматларини эса ўша огоҳлантирувчининг қавмига ўхшатмоқдалар.

Душманнинг тўсатдан бостириб келишидан чўчиган қабилалар яшаш жойларидан ташқарига нав­батчи огоҳлантирувчилар қўяр эканлар. Огоҳлантирувчи киши душман келиши билан кийимини ечиб, қавмига ишора сифатида силкита бошлар экан. Унинг огоҳлантиришидан сўнг қавм ўз тайёргарлигини кўрар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мен яланғоч огоҳлантирувчиман, деганлари ана шунга ишорат. Демак, ўша огоҳлантирувчи ўз қавмини бостириб келаётган хавф-хатардан огоҳлантирганидек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз умматларини охират ва дўзахнинг бостириб келаётган азобидан огоҳлантирадилар. Ўша огоҳлантирувчи: «Эй қавмим, мен келаётган аскарни икки кўзим билан кўрдим. Албатта, мен яланғоч огоҳлантирувчиман. Бас, нажот изланглар», деса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй қавмим, менга Аллоҳнинг Ўзидан ваҳий келди. Охират ва дўзах азоби оғирдир. Мен ҳақ Пайғамбарман! Иймон келтиринг! Нажот изланг!», демоқдалар.

«Бас, қавмидан бир тоифаси унга итоат қилдилар».

Яъни мазкур огоҳлантирувчининг қавмидан бир тоифаси унинг душман бостириб келаётгани ҳақидаги огоҳлантиришини эшитганларидан ке­йин унга итоат қилдилар. 

«Тезда юриб, ўз муҳлатларида жўнаб қолдилар».

Яъни огоҳлантиришни эшитишлари билан дарҳол душмандан эҳтиёт бўлиб, вақт борида жўнаб кетдилар. Шу билан нажот топдилар.

«Улардан бир тоифаси эса ишонмадилар».

Ҳалиги қавмнинг қолган бир тоифаси огоҳлантирувчини ёлғончи қилиб, унинг хабарига ишонмадилар. Душман бостириб келаётгани йўқ, деб ўйладилар. Шунинг учун жўнаб кетмай,

«Ўз жойларида қолдилар».

Бемалол юриб, кеч кирганда ғафлат уйқусига кетдилар.

«Бас, аскар уларни тонг чоғида босиб, ҳалок қилди, таг-туглари билан қириб юборди».

Огоҳлантирувчига ишонмаганлар битта ҳам қолмай, ҳалокатга учрадилар.

«Ана ўша, менга итоат қилган ва мен келтирган нарсага эргашган кимса билан менга осий бўлиб, мен келтирган ҳақни ёлғонга чиқарган кимсанинг мисолидир».

Яъни, менга иймон келтирган, айтганларимга итоат қилиб, мен олиб келган динга эргашган одам мазкур огоҳлантирувчига итоат қилган тоифага ўхшаб нажот топади. Менга куфр келтириб, осий бўлган, мен келтирган ҳақ дийнни ёлғонга чиқарган кимса эса мазкур огоҳлантирувчига ишонмай ва келаётган аскардан қўрқмай, бепарво бўлган кимсаларга ўхшаб, ҳалокатга учрайди. Яқинлашиб келаётган қиёмат куни хавф-хатаридан огоҳлантирувчи бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш билан бўлади. Бу дунёда ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг огоҳлантирувчи пайғамбар эканликларига ишонса ҳамда Китоб ва Суннатни маҳкам ушлаб, уларга амал қилиш ила у зотга итоат этса, мазкур огоҳлантирувчига итоат этган тоифага ўхшаб нажот топади, охират ва дўзах азобидан қутулиб қолади.

Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига ишонмаса, у зотга итоат қилиб, Қуръон ва Суннатни маҳкам ушламаса, мазкур огоҳлантирувчига ишонмай, ғафлат уйқусида ётган тоифага ўхшаб ҳалок бўлади, битта ҳам қолмай йўқ бўлади.

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бирор нарсани одамларга яхшироқ тушунтириш мақсадида ҳаётдаги ҳолатлардан мисол келтириш.

2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари огоҳлантириш эканлиги.

3. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ишониб, у зотга итоат қилганларнинг албатта нажот топиши.

4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ишонмай, у зотга осий бўлганларнинг албатта ҳалок бўлиши.

5. Қиёматни бостириб келаётган душман аскаридек яқин ва хавфли деб ҳис этиш лозимлиги.

Бугунги кунимизнинг кўпгина мушкулотларига ушбу ҳадиси шариф руҳидан узоқлашиб кетганимиз сабабчи эканлигини тушунмоғимиз лозим. Агар муҳлатимиз борида, ўз тадорикимизни кўриб, ғафлат уйқусидан уйғонмасак, ҳолимиз чатоқ бўлишини англаб олишимиз керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақолаУшбу мавзуга боғлиқ биринчи мақоламизнинг давоми ўлароқ кейинчалик мусулмонлар ичида ҳам бу ҳақда турли фикрларни айтган кишилар чиққан. давоми...

3522 15:30 / 22.04.2020
. . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

2741 18:30 / 09.03.2022
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Донни ёрган ва жонни халқ қилган Зот билан қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга мени фақат мўмингина яхши давоми...

5733 19:35 / 22.08.2019
иккинчи мақолаҲа, мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани бошқа биродарларига ҳам раво кўради. У ўзининг жаннатга киришини яхши кўрса, бошқаларнинг давоми...

4057 13:50 / 14.08.2019