Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ансорийларнинг аёллари қандай ҳам яхши аёллар | Ҳадис дарслари (250-дарс)

19:00 / 05.10.2023 1293 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ أَسْمَاءَ سَأَلَتِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ غُسْلِ الْمَحِيضِ، فَقَالَ: تَأْخُذُ إِحْدَاكُنَّ مَاءَهَا وَسِدْرَتَهَا فَتَطَهَّرُ فَتُحْسِنُ الطُّهُورَ، ثُمَّ تَصُبُّ عَلَى رَأْسِهَا فَتَدْلُكُهُ دَلْكًا شَدِيدًا حَتَّى يَبْلُغَ شُؤُونَ رَأْسِهَا، ثُمَّ تَصُبُّ عَلَيْهَا الْمَاءَ، ثُمَّ تَأْخُذُ فِرْصَةً مُمَسَّكَةً فَتَطَهَّرُ بِهَا. فَقَالَتْ أَسْمَاءُ: وَكَيْفَ تَطَهَّرُ بِهَا؟ فَقَالَ: سُبْحَانَ اللهِ! تَطَهَّرِينَ بِهَا. فَقَالَتْ عَائِشَةُ: تَتَبَّعِينَ أَثَرَ الدَّمِ. وَفِي رِوَايَةٍ قَالَ: خُذِي فِرْصَةً مُمَسَّكَةً فَتَوَضَّئِي بِهَا ثَلَاثًا، وَاسْتَحْيَي النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَعْرَضَ بِوَجْهِهِ، فَقَالَتْ عَائِشَةُ: نِعْمَ النِّسَاءُ نِسَاءُ الْأَنْصَارِ لَمْ يَكُنْ يَمْنَعُهُنَّ الْحَيَاءُ أَنْ يَتَفَقَّهْنَ فِي الدِّين. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Асмо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳайзнинг ғусли ҳақида сўради. У зот:

«Сиздан бирортангиз сув ва сидрни олади. Сўнгра яхшилаб тозаланади. Кейин бошига сув қуяди ва токи, бошининг ҳамма жойига етгунча қаттиқ ишқалайди. Сўнгра устидан сув қуяди. Кейин мискланган бир парча пахтани олади ва у билан покланади», дедилар. Асмо:

«У билан қандай покланади?» деди. У зот:

«Субҳаналлоҳ! У билан покланасан-да!» дедилар.

Бас, Оиша:

«Қоннинг ўрнига қўясан», деди.

Бошқа бир ривоятда:

«У зот:

«Мискланган бир парча пахтани олиб, у билан покланасан», деб уч марта айтдилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уялиб, юзларини ўгириб олдилар. Бас, Оиша:

«Ансорийларнинг аёллари қандай ҳам яхши аёллар. Уларни ҳаё дийнда фақиҳ бўлишларидан ман қилмас эди», дедилар», дейилган.

Бешовларидан фақатгина Термизий ривоят қилмаган.

Ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга савол берган аёл Асмо бинти Шакл ал-Ансориядирлар. У киши ўз динларига тўлиқ ва аниқ амал қилиш мақсадида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳайздан кейин қилинадиган ғусл ҳақида сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни батафсил баён қилиб бердилар:

1. «Сиздан бирортангиз сув ва сидрни олади».

Яъни, сиз, аёллардан ҳайзи тўхтаганингиз ғусл қилиш учун тайёрланиб, бунинг учун ишлатадиган сувни ва совун ўрнига сидр наботини олади (ўша вақтда Арабистонда совун ўрнига сидр ишлатилар эди).

2. «Сўнгра яхшилаб тозаланади».

Яъни, истинжо қилиб, жинсий аъзоларини яхшилаб тозалаб олади.

3. «Кейин бошига сув қуяди ва токи бошининг ҳамма жойига етгунча қаттиқ ишқалайди».

Чунки соч остига сув етмай қолмаслиги керак. Хусусан, ҳайз кўриб, яхшилаб тозаланиш имкони бўлмай юргандан кейин бу иш яна ҳам катта аҳамият касб этади.

4. «Сўнгра устидан сув қуяди».

Яъни, бутун танасига сув қуйиб, яхшилаб ювади.

5. «Кейин мискланган бир парча пахтани олади ва у билан покланади».

Яъни, миск (мушк) суртилган пахта ила покланади. Миск топа олмаса, бошқа хушбўй нарса ҳам бўлаверади. Аммо Асмо бинти Шакл ал-Ансория розияллоҳу анҳо бу гапни тушуна олмадилар ва яхшилаб тушуниб олиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«У билан қандай покланади?» деб сўрадилар.

«У зот: «Субҳаналлоҳ! У билан покланасан-да», дедилар».

Яъни, Асмо розияллоҳу анҳонинг тушунмаганларига ажабландилар ва очиқ айтишдан тортиниб, яна аввалги гапларига ўхшаш гап қилдилар.

Шу ерга келганда гапга Оиша онамиз аралашдилар ва Асмо розияллоҳу анҳога:

«Қоннинг ўрнига қўясан», дедилар.

Бошқа бир ривоятда:

«У зот:

«Мискланган бир парча пахтани олиб, у билан покланасан», деб уч марта айтдилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уялиб, юзларини ўгириб олдилар», дейилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта уятчанликлари маълум ва машҳур.

Шундай бўлса ҳам, Оиша онамиз Асмо бинти Шакл ал-Ансориянинг тутган ишларига таҳсин айтиб:

«Ансорийларнинг аёллари қандай ҳам яхши аёллар. Уларни ҳаё динда фақиҳ бўлишларидан ман қилмас эди», дедилар.

Дарҳақиқат, уларнинг илм йўлида кўрсатган шижоатлари ва фидокорликлари самарасидан мўмин-мусулмонлар ҳозиргача фойдаланиб келмоқдалар ва иншааллоҳ, то қиёматгача фойда оладилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларига кирсалар, ҳузурларида бир аёл бор экан. давоми...

3399 21:00 / 26.05.2021
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради .Эй Аллоҳнинг Расули, давоми...

2445 19:00 / 31.08.2022
Ризқ Дунёдаги барча жонзотларнинг ризқини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Бу жонзотларнинг қайси бирига қачон, қанча ва қандай ризқ тегишини Аллоҳ таолонинг давоми...

3617 14:00 / 10.06.2020
Ҳазрати Умар ўз халифаликлари даврида кўплаб ислоҳотлар, янгиликлар қилдилар. Мусулмонларнинг Байтулмолларини таъсис этдилар. Басра ва Куфа шаҳарларини давоми...

4153 17:00 / 22.07.2019