Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (147-дарс). Ниятимизни тўғрилайлик!

17:00 / 28.07.2021 3313 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ سَهْلِ بْنِ حُنَيْفٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ سَأَلَ اللهَ الشَّهَادَةَ بِصِدْقٍ بَلَّغَهُ اللهُ مَنَازِلَ الشُّهَدَاءِ وَإِنْ مَاتَ عَلَى فِرَاشِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввало у киши билан танишиб олайлик:

Саҳл ибн Ҳунайф ибн Ваҳб Авсий ал-Ансорий, кунялари Абу Саъийд.

Исломга биринчилардан бўлиб кирган саҳобалардан. Бадр ғазотида иштирок этганлар. Уҳуд ғазоти куни айтилган вазифада собит туриб, сўнг бошқа ҳамма ғазотларда иштирок этганлар. Муҳожир Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан исломий биродар бўлганлар, Ислом йўлида ҳамма қийинчиликларга чидашга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилганлар.

Ҳазрати Али Мадинадан Басрага кўчганларида Саҳл розияллоҳу анҳу у кишининг ўринларига Мадинада бошлиқ бўлиб қолганлар.

У киши Сиффийн жангида Али розияллоҳу анҳу билан бирга бўлганлар, Форс шаҳарларига волий бўлган саҳобалардан эдилар.

Ҳаммаси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 40та ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан Абу Воил, Абийд ибн Саббоқ, Абдурроҳман ибн Абу Лайло, ўғиллари Абу Умома ва бошқалар ривоят қилдилар.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 38-санасида Куфада вафот этдилар. У кишига Али розияллоҳу анҳу жаноза ўқидилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида сидқидилдан қилинган ниятнинг қанчалар фазилатли эканлигини баён қилмоқдалар. Ушбу ҳадисдан мусулмон одам улуғ мақомларга эришишни сидқидилдан тилаб юриши лозимлигини тушуниб оламиз. Чин дилдан сўралмаса, ҳеч бир нарсага эришиб бўлмайди. Жумладан, Исломда банда учун энг олий мартаба ҳисобланган шаҳидлик мартабасига ҳам ана шундай тилак орқали эришилади. Чунки шундай тилак бўлмаса, ҳеч ким жиҳодга чиқиб, ўлимнинг юзига тик боқа олмайди.

Ушбу ва бошқа ҳадислардаги сидқидилдан ният қилиш маъноси банданинг бировга билдирмай, холис қалб ила ўзи билан Аллоҳ ўртасида аҳд қилишидир. Агар бу нарса бошқа бировга билдирилса, риёга айланиб қолади. Шунинг учун ҳам шундай ният қилган одамга шаҳидлик мартабаси ваъда қилинмоқда. Агар нияти амалга ошиб, жиҳодга чиқиб, шаҳид бўлса, айни муддао. Аммо жиҳодга чиқа олмасаю, уйидаги кўрпа-тўшаги устида ўлиб қолса ҳам, сидқидилдан қилган нияти туфайли шаҳидлик даражасига эришади.

Демак, биз ҳам доимо чин қалбдан, сидқидилдан Аллоҳ йўлида хизмат қилишни, зарурат туғилса, шаҳид бўлишни тилаб яшамоғимиз лозим.

Эҳтимол, бугунги ҳаётимиздаги муваффақиятсизликларимизнинг сабаби ниятларнинг сидқидилдан бўлмаётганлигидандир. Ниятимиз бузилиб, Аллоҳнинг розилигини эмас, бошқа нарсаларни тилашимиздандир. Шунинг учун ниятимизни холис қилайлик!

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Аллоҳ таоло айтади.Ва сизга Исломни дийн деб рози бўлдим, .Моида, сураси, 3оят.Бу жумла Моида сурасидаги оятдан бир бўлакдир. Айни ушбу жумланинг .Диннинг давоми...

4172 15:05 / 11.12.2019
1 . . 1. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ислом беш нарсага бино қилингандир давоми...

4761 15:30 / 27.06.2019
Маълумки, Ислом дини янги келган пайтда дунёни ширк босиб ётар, одамлар Аллоҳ таолога ширк келтирар эдилар. Ҳатто туясини қумга соғиб, лой қилиб, ўзига .худо, ясаб давоми...

4010 17:50 / 25.12.2019
. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам.Жинларнинг кўзи билан одам боласининг аврати ўртасидаги тўсиқ давоми...

2818 19:00 / 25.01.2023