Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Фарз намозининг фазилати | Ҳадис дарслари (269-дарс)

19:00 / 15 февраль 1057 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَمْرِو بْنِ سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ عِنْدَ عُثْمَانَ فَدَعَا بِطَهُورٍ فَقَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَا مِنِ امْرِئٍ مُسْلِمٍ تَحْضُرُهُ صَلَاةٌ مَكْتُوبَةٌ فَيُحْسِنُ وُضُوءَهَا وَخُشُوعَهَا وَرُكُوعَهَا إِلَّا كَانَتْ كَفَّارَةً لِمَا قَبْلَهَا مِنَ الذُّنُوبِ مَا لَمْ يَأَتِ كَبِيرَةً وَذَلِكَ الدَّهْرَ كُلَّهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Амр ибн Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Усмоннинг ҳузурида эдим. Таҳорат суви опкелтирди ва:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қайси бир мусулмон одамга фарз намоз (вақти) келса-ю, унинг таҳоратини, хушуъсини ва рукуъсини яхшилаб адо этса, албатта у ўзидан олдинги гуноҳларга каффорот бўлур. Модомики катта гуноҳ қилмаган бўлса. Бу ҳамма вақт учундир», деганларини эшитганман», деди».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадис гуноҳлар кечирилиши учун намозни яхшилаб қилинган таҳорат билан, хушуъ ва рукуъсини жойига қўйиб ўқишни шарт қилиб қўймоқда.

Намознинг хушуъси дейилганида уни сергаклик билан, Аллоҳдан қўрқувни тўла ҳис қилган ҳолда ўқиш тушунилади.

Намознинг рукуъси дейилганида эса қиёмда туриш, рукуъ қилиш, сажда қилиш, ўтириш каби амаллар тушунилади.

Ўтган ҳадисга қўшимча тарзда бу ҳадисда ушбу фарз намозларнинг ўзидан олдинги гуноҳларга каффорот бўлиши доимий эканлиги айтилмоқда.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Баъзи ибодат ва амалларнинг вақти келганида ўша ибодат ёки амалнинг фазлини билган одам бошқаларга билдириб қўйиши яхши эканлиги.

2. Таҳорат сувини бошқа одамга опкелтириш мумкинлиги.

3. Фарз намознинг фазли улуғ эканлиги.

4. Фарз намознинг ўзидан олдин ўтган кичик гуноҳларга каффорот бўлиши.

5. Таҳоратни яхшилаб қилиш зарурлиги.

6. Намозни хушуъ билан ўқиш кераклиги.

7. Намознинг арконларини жойига қўйиб ўқиш лозимлиги.

8. Катта гуноҳлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги.

9. Катта гуноҳларнинг намоз билан ювилмаслиги.

Кишининг зино, ароқ ичиш каби катта гуноҳлари фақат ихлос билан қилинган тавба билангина ювилади. Аммо етимнинг молини ейиш, рибо, бировнинг обрўсини тўкиш каби бандалар ҳаққига боғлиқ катта гуноҳлар бўлса, ўша ҳаққлар ўз эгасига қайтарилмагунича ва уларнинг розилиги, кечириши олинмагунича ювилмайди.

Мана шулардан келиб чиқиб, фарз намозларимизни ўз вақтида, пухта таҳорат билан, хушуъ ва рукуъларини жойига қўйиб ўқиб юрмоғимиз керак. Катта гуноҳларга эса умуман яқин келмаслигимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ризқ Дунёдаги барча жонзотларнинг ризқини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Бу жонзотларнинг қайси бирига қачон, қанча ва қандай ризқ тегишини Аллоҳ таолонинг давоми...

3618 14:00 / 10.06.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали .Лаа давоми...

3889 15:05 / 11.09.2019
1 . . 1. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ислом беш нарсага бино қилингандир давоми...

4761 15:30 / 27.06.2019
. . Имрон ибн Ҳусайн алХузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан намоз ўқимай, давоми...

897 19:00 / 22.11.2023