Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (124-дарс). Суннатга амал қилиш мусулмонларнинг бурчидир

13:30 / 17.02.2021 2630 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида шундай марҳамат қилади:

وَقَالَ:  وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا 

«Расул сизга нимани берса, олинг, нимадан қайтарса, қайтинг» (7-оят), деган.

Бу ояти карима эса мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига тўлиқ амал қилишлари лозимлигига далилдир. Чунки Аллоҳ таоло бу оятда мусулмонларга Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам нимага буюрсалар шуни қилиб, нимадан қайтарсалар, шундан қайтишга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амри эса ҳар бир мусулмон учун вожибдир.

Энди Ҳашр сурасидаги бу ояти каримани ўрганиб чиқайлик:

«Набий сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар» (7-оят).

Ушбу оятда динимиздаги улкан ижтимоий қоида зикр қилинган. Ўша ижтимоий қоидага кўра, шариатни фақат битта манбадан олиш лозим. Исломда ўша манба Расулуллоҳдир. Қуръон у Зотга тушган ва Ислом умматига етказилган. Уламоларимиз Расулуллоҳ келтирган, берган нарса, деганда асосан Суннатни назарда тутадилар. Суннат эса у кишининг сўзлари, ишлари ва тақрирларидан иборатдир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир сўзни эшитиб ёки бир ишни кўриб, қайтармасдан, маъқуллашлари тақрир дейилади.

Собит бўлган Суннатга амал қилиш барча мусулмонларнинг бурчидир. Суннат доимо Қуръони Карим оятларини шарҳлаб, баён қилиб беради. Қуръонда намоз ўқишга фармон қилинган, лекин неча вақт ўқилиши, ракатлар сони, қандай қилиб ўқиш лозимлиги айтилмаган. Намозга тааллуқли ҳамма масалаларни Суннат баён қилган.

Қуръон закот бериш фарз эканлигини айтган, холос. Закотнинг миқдорини, уни кимлар бериши, кимлар олиши лозимлиги ва ҳоказо ҳукмларни эса Суннат белгилайди ва баён қилади.

Демак, шариатдаги асл манба – Расулуллоҳнинг сўзлари, у кишига тушган Қуръони Каримдир. Агар баъзи ҳукмлар Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам йўқ бўлса, демак бу икки (Қуръон ва Суннат) таълимот асосида мусулмонларнинг олий даражали уламолари, мужтаҳидлар бир овоздан чиқарган ҳукмларга риоя қилинади. Бу эса ижмоъ дейилади. Унда ҳам бўлмаса, мужтаҳид уламолар аввалги ҳукмларга қиёслаб ҳукм чиқарадилар.

«Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби зўр Зотдир».

Шунинг учун У Зотга тақво қилмасангиз, қаттиқ азобга дучор бўласиз.

وَقَالَ:  قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ

Ва яна У Зот: 

«Агар Аллоҳга муҳаббат қиладиган бўлсангиз, бас, менга эргашинг, Аллоҳ сизга муҳаббат қилур ва гуноҳларингизни мағфират қилур», деган. (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Бу ояти каримада мўмин-мусулмон кишининг Аллоҳ таолога бўлган муҳаббати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, яъни, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига тўлиқ амал қилиш билан зоҳир бўлиши таъкидланмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш эвазига мўмин-мусулмон инсонга Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва мағфирати ваъда қилинмоқда.

Энди «Оли Имрон» сурасидаги мазкур ояти каримани тўлиғича ўрганайлик:

«Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг, Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир», деб айт» (31-оят).

Аллоҳга муҳаббат, иймон қуруқ гаплар эмас. Одамлар орасида ўзининг иймони борлигини, Аллоҳга муҳаббати борлигини айтиш билан собит бўладиган нарса ҳам эмас. Аллоҳга ҳақиқий муҳаббат, ҳақиқий иймон оғизда айтиладиган гап, виждоний ҳис-туйғу ёки баъзи расм-русумларни адо этишдан иборат иш эмас. Аслида у Аллоҳга ва Унинг Расулига тўлиқ бўйсунишдан иборатдир.

«Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг».

Ким Аллоҳга муҳаббати борлигини даъво қилса, бу даъвонинг тўғри ёки нотўғрилигига унинг Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишига қараб ҳукм чиқарилади. Агар у Пайғамбар алайҳиссаломга тўғри эргашса, даъвоси тўғри. Эргашмаса, тўғри эмас. Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга эргашиш ҳар бир бандага битмас-туганмас бахт-саодат келтиради. Бу нарса оятда қуйидагича баён қилинмоқда:

«Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир».

Мўмин банда учун Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам яхшироқ бахт-саодат борми! Бунинг устига, унинг гуноҳларини ҳам мағфират қилиб турса!

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг энг афзал пайғамбари бўлиш билан бирга, оддий инсон ҳам эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

6006 14:00 / 26.12.2018
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зот билан қасамки, давоми...

4755 15:34 / 08.04.2020
. . Баҳз Ибн Ҳакиймдан, у отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади .Мен .Эй Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини давоми...

1558 19:00 / 19.07.2023
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг давоми...

4353 14:05 / 23.10.2019