Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Менинг Хаворижларга алоқам йўқ | Ҳадис дарслари (251-дарс)

19:00 / 11.10.2023 1213 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَبَعَثَ نِسَاءٌ إِلَى عَائِشَةَ بِالدِّرْجَةِ فِيهَا الْكُرْسُفُ فِيهِ الصُّفْرَةُ فَقَالَتْ: لَا تَعْجَلْنَ حَتَّى تَرَيْنَ الْقَصَّةَ الْبَيْضَاءَ، تُرِيدُ بِذَلِكَ تَمَامَ الطُّهْرِ مِنَ الْحَيْضَةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُاْلكٌ.

Аёллар Оишага ичига пахта солинган тувакни юбордилар. Унда сарғиш рангли қон асари бор эди. У (Оиша):

«То оппоқ (нарса)ни кўрмагунингизча шошилманглар», деди. У бу билан ҳайздан тамоман пок бўлишни ирода қилган эди».

Бухорий ва Молик ривоят қилганлар.

Бир гуруҳ муслима аёллар ҳайзнинг қачон шаръан бутунлай тугашини билмоқчи бўлишибди. Бу масалани Оиша онамиздан сўраш мақсадида чиқиндиларга ишлатиладиган тувакка сарғиш рангли қон артилган пахтани солиб, у кишига юборишибди. Бу «Қон шу рангда кела бошлаганида ҳайз тамом бўладими?» деганлари эди. Шунинг учун Оиша онамиз:

«То оппоқ (нарса)ни кўрмагунингизча шошилманглар», дедилар.

Ҳайз кўрган аёлдан охирги вақтда оқ рангли суюқлик келгани ҳайзнинг тугагани аломати экан. Ана шунгача шошилиб, ҳайзим тугади, деб, ғусл қилиш ёки ҳайз ман қилган нарсаларга уриниш лозим эмас.

عَنْ مُعَاذَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سَأَلْتُ عَائِشَةَ فَقُلْتُ: مَا بَالُ الْحَائِضِ تَقْضِي الصَّوْمَ وَلَا تَقْضِي الصَّلَاةَ، فَقَالَتْ: أَحَرُورِيَّةٌ أَنْتِ؟ قُلْتُ: لَسْتُ بِحَرُورِيَّةٍ وَلَكِنِّي أَسْأَلُ، قَالَتْ: كَانَ يُصِيبُنَا ذَلِكَ فَنُؤْمَرُ بِقَضَاءِ الصَّوْمِ وَلَا نُؤْمَرُ بِقَضَاءِ الصَّلَاةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Муоза розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.

«Оишадан:

«Нимага ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутади-ю, намознинг қазосини ўқимайди?» деб сўрадим.

«Нима, сен Ҳаруриямисан?!» деди.

«Мен Ҳарурия эмасман, лекин сўраяпман», дедим.

«Ўша нарса бизда ҳам бўлар эди. Бас, рўзанинг қазосини тутишга амр қилинар эдик, намознинг қазосини ўқишга амр қилинмас эдик», деди».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Муоза розияллоҳу анҳо Оиша онамиздан ҳайз кўрган аёлга жорий қилинган баъзи ҳукмларнинг ҳикмати ҳақида сўрабдилар. Шунда:

«Нимага ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутади-ю, намознинг қазосини ўқимайди?» де­ган эканлар.

Шунинг ўзидан ҳайз кўрган аёл рўза ҳам тутмаслиги, намоз ҳам ўқимаслиги келиб чиқади.

Ҳайз тамом бўлгандан кейин эса ҳайз вақтида тута олмаган рўзасининг қазосини тутади. Аммо ҳайз вақтида ўқий олмаган намозининг қазосини ўқимайди.

Нима учун шундай? Муоза розияллоҳу анҳонинг хаёлларига мана шу савол келган ва Оиша онамиздан сўраганлар. Оиша онамиз эса саволга жавоб беришнинг ўрнига Муозага савол бериб:

«Нима, сен Ҳаруриямисан?!» дедилар.

Яъни бу, сен ҳарурия мазҳабидаги аёлмисан, деганлари. Ҳарурия Куфа шаҳрига яқин жойдаги Ҳаруро қишлоғига берилган нисбат бўлиб, Хавориж мазҳабининг таъсис мажлиси шу қишлоқда бўлганлиги учун Хаворижлар Ҳарурийлар ҳам дейилади.

Маълумки, Хаворижлар «Аёл киши ҳайз пайтида ўқий олмаган намозини ҳам ўқийди», дейдилар. Муоза розияллоҳу анҳонинг «Нима учун ҳайз кўрган аёл намознинг қазосини ўқимайди?» деган саволи Оиша онамизга оғир ботиб, нима учун бузуқи мазҳабнинг гапини айтмоқдасан, дегандек гап қилдилар. Лекин Муоза розияллоҳу анҳо бузуқ ният билан эмас, соф ният билан сўраган эдилар. Шунинг учун:

«Мен Ҳарурия эмасман, лекин сўраяпман», дедилар.

Яъни, менинг Хаворижларга алоқам йўқ, лекин билмоқчиман, дедилар. Ана шундан кейин Оиша онамиз саволга жавоб бериб:

«Ўша нарса бизда ҳам бўлар эди».

Яъни, биз ҳам ҳайз кўрар эдик.

«Бас, рўзанинг қазосини тутишга амр қилинар эдик».

Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам биз аёлларни ҳайз вақтидаги қазо қилган рўзамизни тутишга амр қилар эдилар.

«Намознинг қазосини ўқишга амр қилинмас эдик».

Яъни, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам биз, аёлларни ҳайз вақтидаги қазо қилинган намозни ўқишга амр қилмас эдилар, дедилар.

Аввалги мусулмонлар Аллоҳдан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан амр бўлса, наҳий бўлса, дарҳол итоат билан амал қилишга ўтар эдилар. Амр ва наҳийни муҳокама қилмас, нима учун, деб сўрамас эдилар.

Зотан, мўмин-мусулмонликнинг бош фазилати ҳам шудир. Амр ёки наҳийни муҳокама қилиб, ёқса, амал қилиб, ёқмаса, амал қилмаслик куфр ва мунофиқликдан бошқа нарса эмас. Чунки мусулмон киши шариат амр қилган нарса ҳақида «Нима учун?» деган саволни бермайди. Унга оғишмай амал қилади. Бунга Оиша онамизнинг жавоблари очиқ-ойдин далолат қилиб турибди.

Кейинчалик бошқа диндагилар, турли-туман одамлар ҳадеб сўрайверганидан уламоларимиз Муоза розияллоҳу анҳонинг мазкур саволига ўхшаш саволларга жавоб беришга ўтишган.

Жумладан, шу саволга ҳам жавоб берганлар. Рўза йилда бир марта фарз бўлади. Ҳайз кўрган аёл маълум кунларнинггина рўзасини қазо қилади. Шунинг учун рўза савобидан маҳрум бўлмаслиги юзасидан унинг қазосини тутади.

Ҳайз кунларида ҳар куни беш маҳал қолдирилган фарз намознинг эса сони кўпайиб кетади. Бунинг устига, аёл киши ҳар ойда ҳайз кўради. Бу – ҳар ойда такрор машаққат дегани. Шунинг учун ҳайз кўрган аёлдан намозни қазо қилиш талаб қилинмайди.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намозда алангламаслик ҳақида 21тавсия Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Болам, намозда у ёқбу ёққа аланглашдан давоми...

4323 17:04 / 08.01.2017
Иккинчи қисм тил амалларидан иборат бўлиб, етти шуъбага бўлинади1. Тавҳидни талаффуз қилиш.2. Қуръон тиловати.3. Илм ўрганиш.4. Илм ўргатиш.5. Дуо қилиш.6. Зикр қилиш. давоми...

4540 19:05 / 25.09.2019
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язийд ибн Абдуллоҳ ибн Можа Робаъий алҚазвиний ҳижратнинг 209 йили Ироқ шаҳарларидан бири ndash Қазвинда таваллуд топдилар. Оталари давоми...

4904 13:30 / 08.05.2019
Жобир розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, ҳаммомга иштонсиз кирмасин. Ким давоми...

4303 05:00 / 03.03.2017