Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (91-дарс). Аллоҳнинг илми ва қудрати (бешинчи мақола)

13:09 / 24.06.2020 3757 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган ҳолда қўлларидаги чўп билан чизар эдилар. Бас, у зот бошларини кўтардилар ва:

«Сиздан жаннатдаги ва дўзахдаги манзили билинмаган бирор жон йўқ», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, (у ҳолда) нима учун амал қиламиз? (Ўшанга) суянсак бўлмайдими?» дейишди.

«Амал қилинглар! Ҳаммага ўзи халқ қилинган нарса муяссар қилингандир», дедилар ва «‎Аммо кимки ато этса ва тақво қилса ва гўзални тасдиқ қилса, бас, уни осонга муяссар қиламиз» оятларини қироат қилдилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда қазо ва қадар масаласига мўминларнинг қандай муносабатда бўлишлари лозимлиги ҳақидаги улкан қоида баён қилинмоқда.

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган ҳолда қўлларидаги чўп билан чизар эдилар. Бас, у зот бошларини кўтардилар ва:

«Сиздан жаннатдаги ва дўзахдаги манзили билинмаган бирор жон йўқ», дедилар».

Ўша манзилларни яккаю ягона Зот – Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Агар Аллоҳ таоло буни билмаса, Аллоҳлиги қолмас эди. У Зотга нуқсон сифати нисбат берилган бўларди. Бошқа ҳеч ким мазкур нарсаларни билмайди. Баъзи бир саҳобалар бу гапни ўзларича англадилар ва Пайғамбар алайҳиссаломга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, (у ҳолда) нима учун амал қиламиз? (Ўшанга) суянсак бўлмайдими?» дейишди».

Яъни, ҳар бир жоннинг жаннати ёки дўзахи бўлиши Аллоҳ таоло томонидан билинган бўлса, ўша илмга суяниб, ибодат ва амали солиҳ қилмай юраверса бўлмайдими? Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга энг тўғри жавобни бердилар.

«Амал қилинглар! Ҳаммага ўзи халқ қилинган нарса муяссар ‎қилингандир», дедилар ва «‎Аммо кимки ато этса ва ‎тақво қилса ва гўзални тасдиқ қилса, бас, уни осонга ‎муяссар қиламиз» оятларини қироат қилдилар‎».

Ҳа, айнан шариатга биноан амал қилиш кимнинг кимлигини ажратишга аломат бўлгандир. Ҳар кимни Аллоҳ таоло нима учун халқ қилган бўлса, ўша бандага мазкур нарсага олиб борувчи амаллар осон кўринади ва уларга амал қилишга ўтади. Бу ҳақиқатни Қуръони Карим ҳам таъкидлаган:

«‎Аммо кимки ато этса ва тақво қилса ва гўзални тасдиқ қилса, бас, уни осонга муяссар ‎қиламиз» («Лайл» сураси, 5-7-оятлар).

Ким Аллоҳ таолонинг йўлида мол-дунё сарф қилса, Аллоҳ таолога тақво қилиб яшаса ва «гўзал сўз» – «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни тасдиқ қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатга киришни осон қилади.

«‎Ва аммо, кимки бахиллик ва истиғно қилса ва гўзални ёлғонга чиқарса, ‎бас, уни ‎қийинга муяссар қиламиз» ‎(«Лайл» сураси, 8-10-оятлар).

Ким Аллоҳ таолонинг йўлида мол-мулк сарфламай, бахиллик қилса, тақво қилишдан истиғно қилса ва «гўзал сўз» – «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни ёлғонга чиқарса, Аллоҳ таоло унинг дўзахга киришини осон қилади.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язийд ибн Абдуллоҳ ибн Можа Робаъий алҚазвиний ҳижратнинг 209 йили Ироқ шаҳарларидан бири ndash Қазвинда таваллуд топдилар. Оталари давоми...

4914 13:30 / 08.05.2019
1. Толиби илм аввало, ихлосли, соф ниятли бўлиши керак. Илм талаб қилишда дунёвий ғаразларни, риёсат, мансаб, обрў ва шарафни кўзламаслиги лозим.2. Ўз юртидаги давоми...

4923 21:10 / 20.03.2019
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир куни Бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан давоми...

5721 09:26 / 06.09.2017
КИРИШБИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМАллоҳ таолога битмастуганмас ҳамду санолар бўлсинПайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога саловоту саломлар бўлсинАллоҳга шукрлар давоми...

4193 16:59 / 08.04.2016